Улуғбек Ҳамдам: Анвар Обиджон хотирасига…
АНВАР ОБИДЖОН ХОТИРАСИГА

Тирик эканки, ўлди.
Бўлмаса қандай ўларди? Ўлик яна бир марта ўла оладими?.. Лекин биз ўйламай-нетмай: “ҳозир тирик шоир йўқ, ҳаммаси маддоҳ, ҳаммаси ундоқ ва бундоқ…” деб келдик. Ёки йўқми?.. Кўзимиз маддоҳни кўрдию анвар обиджонларни кўрмади…
Ваҳоланки, Анвар Обиджон асл шоир эди!
Ваҳоланки, Анвар Обиджон асл инсон эди!
Одамлиги ҳам, ижодкорлиги ҳам бирдек баланд эди!..
Буни у ўлган кун халқнинг муносабатидан ҳам билиш мумкин эди: “Анвар Обиджоннинг шеърларини ёд олиб, унинг қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилиб улғайдик!” деган юзлаб эътирофларни ўқидик. Бир шоирнинг, бир қаламкашнинг элига бўлган таъсири шунча бўлар. Сиз яна нимани кутгандингиз қўлида на зари ва на зўри бўлган қалам аҳлидан?..
Бундай ижодкорларимиз ҳар доим бўлган, бор ва бўлади. Лекин биз, жойи келганда, умумий кайфиятга асир тушамиз-да, ҳаммасини инкор қиламиз: “ҳозир Қодирийлар йўқ, деймиз, ҳозир Чўлпонлар қани?”, дея ёзғирамиз. Одатда шундаймиз… Ёки йўқми?.. Сўзимизнинг анвар обиджонларга оғир ботишини эса ўйламаймиз…
Тинч замонларнинг шоири, нари борса, Анвар Обиджондек бўлади. Буни тушунишимиз керак…
Нотинч замонларда Чўлпонлар бўлади! Қодирийлар, Фитратлар, Беҳбудийлар, Ҳамзалар бўлади. Буни ҳам тушунишимиз керак…
Демоқчиманки, адабиётнинг катта миқёсларда янгиланадиган даврлари бўлади. Улар 100 йилда, 500 йилда бир келади. Тарихнинг, сиёсатнинг, инсон ва жамият психологиянинг азмий эврилишлари билан келади. Навоий замонида келган ана шундай янгиланиш имкони жадидлар замонида яна бир келган. Мана энди, дунёни ўз тўрига туширган жаҳон пандемияси ҳам инсоният тафаккур тарзини яна бир бор янгилаши мумкин бўлиб турибди. Бу эҳтимол ҳозирча. Аниқ натижага ҳали бироз эрта. Демак, янгиланишни биргина истак ёки икки-учта даҳонинг саъй-ҳаракати билан амалга ошириб бўлмайди. Умумий вазият пайдо қилади бундай янгориш имконларини… Бу – қонуният! Буни тушуниш керак…
Демак, ҳар замоннинг ўз улуғлари бўлади. Тинч замонларнинг ёзувчиси Одил Ёқуб, Пиримқул Қодир, Тоғай Муродлар…дек бўлади, шоирлари эса Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмонлар…дек бўлади.
Лекин негадир биз тинч замонларнинг ижодкорини унчалик қадрламаймиз. Иллоки, улар албатта бизнинг назаримиздаги қандайдир бир ҳақиқат учун курашиб, бошидан жудо бўлиши керакдек, тутамиз ўзимизни. Ҳолбуки, ўлишдан аввал инсон бўлиб яшаш лозимлигини ўйламаймиз, зеро, ўлимга,ўлишга ҳаммамиз улгурамиз. Унгача-чи? Унгача ҳаётни севиш, ҳаётни ҳис қилиш, алқаш керак. Шунга қарамай:
Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,
Умрнинг ҳар дами ғанимат,
деб ёзса шоир, биз унинг олдидан бепарво ўтиб кетаверамиз. Гўё у асл ҳақиқатдан сўз очмаётгандек. Ҳаётдан каттароқ ҳақиқат йўқлиги ҳақида эса ўйламаймиз. Не ёзиқки, у куйлаётган ҳаёт чиндан-да жуда гўзал, бу гўзалликни ҳис қилиш, қадрига етиш учун бизга берилган умр нақадар ғанимат эканлигини сезмаймиз, уқмаймиз.
Ваҳоланки, у ана шу гўзаллик олдидан бутун дунёси шовқину суронга, ҳисобу китобга тўлиб ўтиб кетаётган шўрлик замондош инсонга тўхтаб, Яратган унга инъом қилган энг олий неъмат – ҳаёт гўзаллигини тушуниб, умрнинг қадрига етиши кераклигини уқтирмоқчи бўлади. Катта ижодкорларнинг ҳаммаси шундай йўл тутади, аслида. Агар чўлпонлар ҳам тинч замонларда туғилиб яшаганда, аминманки, худди мана шу гўзал ҳаётни ва уни ҳис қилиш учун инсонга ажратилган умрнинг ғаниматлигини Эркни, Озодликни, Юртни куйлагандек оташин қалб билан ёниб куйлаган бўларди.
Демак, ҳар даврнинг ўз долзарб мавзулари бўлади. Буни тушуниш керак…
Шоир кетди.
Ҳаёт эса қолди.
Чунки шоирга ажратилган умр ғанимат эди, у битди.
Сиз билан бизники эса, ҳали бироз бордек: кимники кўпроқ, кимники камроқ…
Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,
Умрнинг ҳар дами ғанимат…
“Шоир йўқ!” деманг. “Мен борманми? Унинг чинакам ўқувчиси борми?”, денг. “Баланд савияли ўқувчи баланд савияли адабиётни пайдо қилади!” дейишади. Зеро, сиз бўлсангиз, шоир ҳам ҳамиша бор бўлади. Чунки кеча сиз билан биз уни йўқ санаганимизда ҳам шоир бор эди. Ахир, бугун унинг ўлими билан бирга катта шоирлигини ҳам тан олиб турибмиз! Демак, ўқимай қўйган биз, ёзмай қўйган у эмас!.. У тинч замонда ўз зиммасига тушган вазифани шараф билан адо этди. Бас, биз ундан уруш вақтидаги қаҳрамонликни талаб қилмайлик!
Биз улуғларимизни улар ўлгандагина кўз ёши тўкиб эслаб қоладиган халқ вакили бўлмайлик! Тиригида ҳам асрайлик, авайлайлик! Ўлганларида эса, унутмайлик, ёд этайлик! Зеро:
Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,
Умрнинг ҳар дами ғанимат…
Улуғбек ҲАМДАМ.
2020 йил 12-апрел.
2020 йил 12-апрел.
