Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари 2-китоб (3)
Кўнгил кўнгилдан сув ичади. Худбинликнинг даъвоси ҳам меҳр. Меҳрнинг ўзгача сеҳри бор. Ердан бош кўтарган гиёҳнинг заминга меҳри бор. Чунки у она замин муҳаббатидан, тафтидан кўкарди, ёруғ дунё юзини кўрди. Бизнинг ҳам муҳаббатга шукронамиз бор. У бизни меҳр ила бунёд этди…
Довучча
Дарахтлар довучча тугди. Кўчаларни бошига кўтарган болалар дарахтлардан тушмай қолишди. Мен ҳам ҳовлимиздаги катта ўрик дарахтига чиқволиб, битта ўзим довуччаларни паққос туширишга киришдим. Бунинг устига, елим идишга тўлдириб териб ҳам олдим. Укаларимга менинг дастимдан кун йўқ: эрталаб бир чиқиб тушаман, кечга яна қарғага ўхшаб шохга қўниб оламан. Охири бўлмади, укаларим онамга чақиб беришди: шу бечора ўрик мазаси кирмасдан тугаб тамом бўлади, шекилли, тўнғиллайди онам.
Кечқурун ишларимни саранжом-саришта қилиб, анча пайтгача китоб ўқиб ўтирдим. Кўзим илинибди, кимдир енгимдан тортарди. Укамлар бўлса керак дея, қимир этмай ўтирган жойимда мудрайвердим. Бир пайт сочимдан кимдир торта бошлади. Жаҳлим чиқиб кетди, кўзларимни очсам, митти қанотли одамчалар, иккови биргалашиб сочимнинг бир тутам толасидан тортиб турибди! Улар менинг йирик-йирик кўзларимдан қўрқиб тушишди шекилли, бирдан сочимни қўйиб юбориб тепага кўтарилишди. Кейин қиқирлаб кулганча, кўздан ғойиб бўлишди. Вой, шумтакаларей! Мен ҳаволарканман, хонтахта устида турган катта елим идишдаги довуччаларни ҳам кўтариб учдим.
Мактабга қадам қўйганимизга анча йиллар бўлибди, шу йиллар давомида суви қуриб ётган ҳовузга сув келди, қари, чириб ётган буталарга яшиллик инди. Илк кўрганимизда занглаб ётган дарвоза бугун кумуш тусда, ҳувиллаб, вайрона бўлиб ётган қасримизга ҳам жон киргандек. Биз, дунёнинг турли бурчагидан йиғилган жами 3 минг нафар ўғил-қиз байрамларимизда, муҳим саналарда қасрни турли безаклар билан безатардик. Мен боргунимча беш-олти киши тўпланибди. Биз ҳол-аҳвол сўраб, суҳбатлашиб тургунимизча, бошқалар ҳам келиб қолишди. Мен довуччаларимни ҳаммага улашдим. Миллнинг довуччадан шошиб оғзига солиб, бир тишларкан, башараси бужмайиб кетганини кўриб, бутун ҳовлини тўлдириб, кулиб юбордик. Идиш тагида озгина довучча қолди.
Дарслар бошланди. Устознинг либоси бинафша рангда эди. Қизлар жилмайиб қўйишди: устозга бу ранг ярашар экан. Уларнинг гапига мен ҳам кулиб қўйдим. Сабоқлар аввалида устоз бизни сўроққа тутиб, ўтилганларни бир такрорлаб олди. Ҳазил аралаш баъзи камчиликларимизни тўғрилади. Ўқувчиларнинг чанқоқлик ва қизиқиш билан берган саволларига мароқ билан жавоб берди. Ҳамма нимадир иш билан машғул бўлган, ўз билими ва малакасини оширган. Албатта, ўз иқтидорини ҳам намойиш этишган эди. Ҳаммамиз бир-бир туриб ўтказган тажрибаларимиздан сабоқдошларимиз билан баҳам кўра бошладик. Шу пайт Нарма менинг бўйнимдаги туморни қизиқиб томоша қила бошлади. Учқур қирраларини бармоқлари билан силаб кўрарди. Тўсатдан устоз мени чақириб қолди. Туморимга кўзи тушиб, беришимни сўради. Мен унга буни бир Жодугар билан тасодифан дуч келиб қолганим ва унинг тумори бўлса керак, тушиб қолганини айтдим. Устозни бу номаълум битик ва белгили тумор ниҳоятда қизиқтириб қўйди.
-
Бу тумор, қора чоршафлилар тумори, — деди баралла. – Улар ўз кучларининг чоракдан бир қисмини шу каби туморларда сақлашади. Ҳар бир қора чоршафлининг ўз тумори бўлади, бошқа бировиникини биров ишлата олмайди.
Бу номаълум қотишма, металлни энг биринчи қора чоршафлилар тайёрлашган. Улар жуда кучли иқтидор эгаси бўлишган. Бу туморда ҳозир Жодугарнинг бир қисм кучи бор, холос. Лекин тумор унга қайтса, у яна кучга эга бўлади. Бироқ гап бунда эмас. Тумордан унинг ўзига қарши фойдаланиш мумкин, шу сабабли, улар ўз туморини йўқотиб қўйишдан қўрқишади. Ундаги битиклар ва белгиларни фақат ўзлари ўқий олишади. Бу куч берадиган ва уни йўналтира оладиган, шунингдек, кучдан ҳимоя қилиш воситаси саналади.
Сўнг менга қараб гапида давом этди:
-
Бу туморни излаб ҳали Жодугар сизни топади. Эҳтиёт бўлиш лозим. Уни ташлаб ҳам юборолмайсиз, келгусида сизга асқотади.
Устоз туморни қайтиб берди. Ҳамма қизиқиб уни кўра бошлади. Дарс тугагач, ҳамма бирин-кетин тарқала бошлади. Мен ҳам елим идишимни довуччаси билан кўтариб, жўнаб қолдим. Мактабдан кўтарилиб озгина масофа босган ҳам эдимки, пастда бир дарахтнинг қаттиқ силкинаётганини кўрдим. Ҳайрон бўлиб, пастладим. Қўшни дарахт шохига тушдим. Дарахтда тўқ қизил қандайдир жонивор у ёқдан бу ёққа ўтарди. Секин битта шохига яқинладим. Тўсатдан шохларнинг чайқалиши тўхтаб қолди. Мен ҳам нафасимни ютиб турибман. Секин шохни кўтариб қарайман деганимда қўйнимдаги идишим ерга тушиб, довуччаларим ерга тўкилиб кетди. Шунда тепадан кимнингдир жаранглаб кулган овози эшитилди. Бу овоз менга жуда таниш эди.
-
Ҳа, довуччахўр!
Бу мовий сеҳргарлар Аккони ёки Акко деб чақирадиган, ўша менинг қадрдоним эди! Мен қувониб кетдим, у ҳам мен билан пастга тушиб, довучча тера бошлади.
-
Доим оёғим тагида ўралашиб юраркансан-да! – деди у ярим ҳазил, ярим чин оҳангида.
-
Ҳеч-да! – дедим юзимни буриштириб норози оҳангда. — Ўзинг нима қилиб юрибсан бу ерда? – дедим ҳайратимни яширмай.
-
Мен ҳеч бир мавсумни бекорга ўтказиб юбормайман, сенга ўхшаб, — у яна бор овози билан кулди. Сўнг қўлидаги йирик-йирик довуччаларни менга тутқазди.
-
Шундай қилиб, ота-онанг қўйган ва носеҳрий исминг нима?
-
Нима?
-
Одамий исминг нима демоқчиман?
У кулиб юборди.
-
Мен сени Аккони паккони деб ўтирмайман, билиб қўй!
-
Эссиз, ўзимга ёқарди-да, бу исм! – у енгил кулди. – Ота-онам қўйган исмим Акмал.
Энди мен кулиб юбордим. У бўлса, қошларини чимириб, менга ўқрайиб қаради.
-
Билардим, сиз қизларга ҳеч нарса ёқмаслигини!
-
Йўўўқ, нега ундай дейсан? Қаёқдаги Акко пакколардан ўз исминг ёқди, оддий ва дилга яқин! — дедим кулишдан тўхтамай.
У жилмайди. Жилмайганда кўзларидан нур ёғиларкан… Иккимиз суҳбатлашиб довучча тердик.
-
Мен сени Довуччахон дейман энди, — ҳазиломуз деди менга тикилиб.
Росмана жаҳлим чиқди, унга лабимни буриб:
-
Исмим бор, гўзал, — дедим керилиб, — Зебо!
-
Войвууу, бунча қадимий ва ноўзбекча! — Энди у мени масхара қиларди.
Шу алфозда анча пайт довучча териб гаплашдик. У билан яқин бўлиб қолдик. Айтишича, унинг оиласида ҳам, аждодларида ҳам сеҳргарлар ўтмаган. Болалигида мактаб кутубхонасидаги китоблар орасидан кичкина бир китобча топиб олган. Унда тушунарсиз ёзувлар бўлган экан. У эртаю кеч бу китобчани қўлдан қўймай ўзи билан олиб юрар, аммо сира тиши ўтмас экан. Бир куни 12 ёшга кирганида тоққа чиқиб ўтирса, қандайдир ғалати овозларни эшитибди. Пастроққа, овоз келаётган томонга тушибди. Қараса, осмонда бир улкан бургут пастлаб учар, чангалида одам боласи бор экан. У дарҳол катта таёқни ердан олиб айюҳаннос солибди, ёш бургут пастлай-пастлай чўққига кўтарилишга ҳоли етмай болани ташлаб юборибди.
Югуриб тушиб, бориб қарасаки, кўк либосли беш ёшлар атрофидаги бир болакай тош ёнида ярадор ҳолда беҳуш ётибди. Акмал нима қилишини билмай, шошиб ҳам қўрқиб қолибди. Болани кўтариб, булоқ бўйига олиб тушибди, юзига сув сепиб, ўзига келтирмоқчи бўлибди. У бир нималар деб иҳраркану Акмал уни тушунмас экан. Шунда оғзига озгина сув тутиб, кафтида болага ичирибди. Боланинг бўйнида қанақадир кристалл осиғлиқ турган экан, ундан милтиллаб ёруғлик тараларкан. Шунда Акмал уни таваккал боланинг қўлига тутибди. Ёруғлик катталашиб, унда бир кишининг тасвири кўринибди. Болакай секин ҳушига келиб, нималардир деб пичирлабди. Тўсатдан болани кўтариб турган ҳолича кўкка уча бошлабди.
-
Ўша пайтда қанчалик қўрқиб кетганимни тасаввур ҳам қилолмайсан! – кулди у. – Ҳаволаб бир улкан тоғ қўйнига тушиб қолдим. Бола бармоғи билан кўрсатган тарафга чопа бошладим. У яна ҳушидан кетиб қолди. Мен боланинг қўлига кристаллни тутқазиб қўйдим. Кристаллда киши тасвири пайдо бўлиб, у ташвиш билан нималардир деб қичқирарди. Биз дарага яқинлашганимизда… ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Ҳар томондан мовий либосдаги кишилар чопиб келарди! Мен болани кўтариб чопишдан тўхтамасдим. Кристаллда кўринган киши биринчи бўлиб югуриб келарди. У қўлимдан кела солиб болани олди, бола бу пайтда ўзига келган, нималардир деб пичирларди. Киши қўлларини болага йўналтирди, бирдан унинг кристалли ёришиб кетди. Болани олиб тепаликдаги ғорга кириб кетишди. Улар бор воқеани мендан билишгач, миннатдорлик тариқасида менга совға–саломлар беришди.
Мен ўша болакайни кейин ҳам учратиб қолдим. Унинг мен тенги акаси бўлиб, биз у билан яқиндан танишиб, дўстлашиб қолдик. Кейин мен унга китобчамни кўрсатдим. У ҳижжалаб китобни ўқиб чиқди. Менда ғалати ҳодисалар юз берарди, лекин эътибор бермас эканман. У менга сен ҳам иқтидорлилардансан, бежиз бу китоб сенга учрамаган, деди. Биз ҳар куни китобни ўқир, ундан кўп ғаройиботларни ўргана бошладик. Шундай қилиб, мен сеҳр оламига кириб келдим. Ҳа, айтганча, менда бироз экстрасенслик қобилияти бор. Мен руҳий кучим орқали нарсаларни жойидан қўзғата оламан. Сал кейинроқ уларга менинг яна ёрдамим тегди, кейин яна… ва охири улар мени Мовий сеҳргарларнинг фахрий аъзоси қилиб олишмагунларича мендан қутулишмади, — У сўзларини ҳазил аралаш тугалларкан, яна кулиб юборди.
-
Кейинги воқеликларни ҳам айтиб бер, илтимос. Улар сенга дарров ишониб қолишмагандир? Ахир улар жуда мустақил халқ.
-
Ҳа, иккинчи воқеа бундай бўлди…
Бир куни сайр қилиб юрганида бир боғда ҳил-ҳил пишиб ётган меваларни кўради. Унда майда, лекин ниҳоятда ширин оқ олмалар бор экан.
Эндигина боққа яқинлашса, одамларнинг пичир-пичирини эшитиб қолибди. Секин яқинлашиб қарасаки, қора либосга бурканган иккитаси ерга нималарнидир кўмяпти. Қизиқиб уларни кузатибди, улар нималарнидир ўқибдию бекинганча кетишибди. Бу ҳайрон бўлиб турса, олмаларни тергани кўк либосли ўсмир болалар келаётганмиш. Улар орасида дўстини ҳам кўрибдию унга пешвоз чиқиб, бор воқеани айтиб берибди.
-
Ўшанда дўстимдан жуда хавотирланган эдим. Улар нималардир ўқишиб, боғ атрофига майда кукунлар сепишди. Ҳаммаси ўтириб, бирга нималарнидир пичирлай бошлашди. Шунда…ҳалиги чоршафлилар қўнган жойдан осмонга қоп-қора тутун отилди. Мен кўз ўнгимда содир бўлаётган мўъжизалардан борган сари ҳайрат ва хавотирга тушардим. Йигитлар билан боққа кирдик. Атроф қора тутунга тўлиб кетганди. Мен дўстимдан бунинг нималигини сўрадим. У қора жоду ўқилганини, унинг мовий сеҳргарлар учун қилинганини, олмалардан тановвул қилган кишиларнинг узоқ вақт давомида хасталикка чалиниши ва оқибатда оммавий қирилиб кетиш хавфи борлигини тушунтирди.
-
Бизни қандай хатардан асраганингни тушуниб етяпсанми? – деди дўстим кўзлари чақнаб. – Мен буни албатта, сардорларга етказаман.
Шу каби бир неча ишлардан сўнг улар мени мовий сеҳргарларнинг фахрий аъзоси қилиб тайинлашди. Бошимга бирор кулфат тушса, улар мен учун доим ёрдамга шай. Дўстимдан кўп билим ўрганиб, ўз иқтидоримни ривожлантирдим.
Тонгга яқинлаб қолганди. Акмал билан хайрлашишим керак.
-
Мен уйга қайтишим керак. Умид қиламанки, биз яна кўришамиз.
-
Ҳа, албатта. Сени кузатиб қўйсам майлими?
Мен рози бўлдим. Ҳовлимизга қўнарканман, у ҳаволаб туриб қўлларини силкди. Одатича, битта кўзини хиёл қисиб қўйиб, кулиб учиб кетди. Мен эса тонггача ширин тушлар кўриб чиқдим…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ