"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Сирожиддин Саййид———: Ўлмас Умарбеков кўчаси…

Адабиёт, Бош мақола, Маданият ва Санъат | 04/04/2020 20:14-     10674 марта ўқилди

 ЎЛМАС УМАРБЕКОВ КЎЧАСИ

 умарбеков

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

2010 йилда Ўзбекистон Республикасидаги топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясининг қарори билан Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги сўлим кўчалардан бирига Ўлмас Умарбеков номи берилиши – устоз адибга ҳурмат, унинг номи ва хотираси олдидаги эҳтиром белгиси, бурч ифодаси бўлган эди.

Истибдод даврида, қийин мафкуравий замонларда бир қатор истеъдодли тенгдошлари сафида Абдулла Қаҳҳордек сўз қўрғонларининг дуосини олган, ул зотнинг “Ўлмас Умарбековнинг биринчи йирик асари қўшиқдай қалбидан отилиб чиққан” деган юксак баҳосига сазовор бўлган адиб номига мангуликнинг яна бир муҳри босилди.

Шукур Холмирзаевнинг “Ўлмас Умарбеков ҳақида” деб тагсарлавҳа қўйилган, лекин аслида ўтган асрнинг 60-йиллари адабий муҳити, адабиёт, санъат аҳлининг ўша тузум қолипларидан ташқарида кечган ички ўй-кечинмалари, қалб изтиробларию руҳият жараёнлари кенг ёритилган “Бинафша ҳидланг, амаки!” эссесида жумладан, шундай сўзларни ўқиймиз: «Дўстимиз (“марҳум” дейишга тил бормайди), ажойиб ёзувчи, дилкаш-дилрабо инсон, 60-йилларда адабиётимизга кириб келган бир гуруҳ истеъдодларнинг жўрабошиси бўлган, меҳрибон Ўлмас Умрбеков ҳақида (ўзим кўрган-кечирган-билган воқеалар, учрашувлар, гурунглар асосида) бир каттагина эссе ёзган эдим. Табиий, Умарбеков баҳонасида ўша истеъдодлар ҳақида ҳам, умуман, 60-йиллар авлоди тўғрисида, аниқроғи, уларнинг шаклланиш жараёнига доир билдигимни-да эссега сингдирганимни билмай қолдим.”

Шукур ака ёдномасида Ўлмас Умарбековнинг аждодий шажараси ва феълига адиб дўсти тилидан берилган нозиккина ишора ҳам қистириб ўтилган:

“Ўлмас билан авайлаб гаплашиш керак. Ўлмас жуда орли, кўнгли нозик адиб. Таги беклардан чиққан-да.Тошкент бекларидан. Аристократлигиям шундан. Қўли очиқлигиям. Мардлигиям. Қонида бор-да…”

Бизнинг талабалик давримизнинг илк паллалари адабиётимизда анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлган “Ёшлар билан суҳбат”, “Замон. Қалб. Поэзия”, “Руҳим”, “Ёшлик девони”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, “Баҳор қайтмайди”, “Севгим-севгилим”, “Одам бўлиш қийин”, “Турналар учади” сингари кўплаб китобларнинг ёшлар томонидан зўр орзиқиш, ҳаяжон ва ташналик билан севиб ўқиладиган пайтларга тўғри келган эди. Бу китоблар гарчи анча илгари чоп этилган бўлса-да, лекин довруғи, беш-ўн йиллар аввалги машҳурлиги, акс-садоларию тебранишлари ўқишга чанқоқ дилларимизни жунбушга келтирган ва биз астойдил мутолаага шўнғиган эдик. Қўлма-қўл ўтказиб ўқилган шу асарларнинг иккитаси – “Севгим-севгилим” ва “Одам бўлиш қийин” Ўлмас ака қаламига мансуб эди.

Энди орадан йиллар ўтиб, неча дарё­лар оқиб, тафсилотларга берилмай айтадиган бўлсак, ҳаётда йўл топишимизда, инсон қалби-ю оқ-қорасини танишда, яхши-ёмонни билиб, бу нотекис ва нотўкис дунёнинг паст-баландини англашимизда ушбу китоблар биз учун беминнат мактаб, чин мураббийлар вазифасини ўтаган экан.

Адибнинг кўркам қиёфаси, ҳамиша пўрим-озода кийиниши, саранжом-саришта юришларию ўзини тутишларига биз – ўша даврнинг ёш ижодкорлари доим ҳавас билан қарардик. Чехов домланинг инсон гўзаллиги ҳақидаги машҳур гаплари ҳам худди Ўлмас акага айтилгандек – бу хушрўй, хушрафтор ва хушгуфтор инсон ҳар жиҳатдан шунга муносиб эди. Адабиёт дарсларида муаллимимиз “Ёзувчи тоза, озода бўлиши керак” дея таъкидлаганида ҳам кўз олдимизга Ўлмас аканинг қиёфаси пайдо бўларди.

Илк китобчаларимиз чиқиб, катта-катта устозлар ҳайъатида имтиҳондан ўтиб бўлгач, ниҳоят Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндик. Бир гуруҳ ёш ижодкорлар қатори менга ҳам аъзолик ҳужжатини ўша пайтдаги уюшма раҳбари Ўлмас Умарбеков топширган. Ҳужжатни қўлимга тутқизаётиб айтган гаплари ҳозир ҳам рўпарагинамда янграб тургандай: “Бу жуда ҳам жиддий ҳужжат. Бунга доғ туширмаслик, иснод келтирмаслик керак. Улуғ устозларнинг кўзлари қараб турибди. Катта масъулиятни елкангизга олаётганингиз билан табриклайман. Доимо омад ёр бўлсин!”

Шу ўринда адибнинг дардли-изтиробли, меҳру муҳаббат ва соғинчларга тўлуғ “Қизимга мактублар” асаридан бир парчани эсламоқ жоиз:

“Севгим-севгилим” қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида босилиб чиққанда (асар 1961-62 йилларда ёзилган) анча шов-шув бўлди. Бир куни кечаси уйимизга Саид Аҳмад ака билан Саида опа келиб қолишди.

— Хавотир олма, — деди Саид Аҳмад ака жилмайиб. Бизни Абдулла Қаҳҳор юборди. Эртага уюшмада қиссангни муҳокама қилишармиш. Тош отадиганлар тайёрланиб юришганмиш. Лекин ташвиш чекма. Жиддий гап бўладиган бўлса, Абдулла аканинг ўзи аралашмоқчи.

— Эзилиб ўтирган бўлса керак, тинчитинглар, дедилар, — қўшимча қилди Саида опа.”

Мазкур мўъжазгина лавҳа ўша тузум ва муҳитнинг кичик, лекин қаттол қиёфасини кўрсатиб турибди. У давр ҳақида давлатимиз раҳбарининг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласидаги ғоят ўринли гапларни мисол келтирсак, манзара янада ойдинлашади:

“Табиийки, давр тақозосига кўра, ёзувчилар яшаш учун, ўз истеъдодини рўёбга чиқариш учун коммунистик тузум билан муроса қилишга мажбур бўлган. Шу маънода, мустабид тузум даврида виждон азобини ким кўпроқ тортган, деса, мен, доимо бу ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг қадр-қиммати, эл-юрт тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган одамлар ва уларнинг олдинги қаторида бўлган ижод аҳли, деб айт­ган бўлардим”.

Ўлмас ака шундай тузумда яшаб ижод қилган ва табиийки, ўша муҳит исканжасида унинг бор руҳий ранжу изтиробларини чеккан адиб. Ўтган устозлардан бири: “Улуғ зотлар ўлмайдилар, улар жисмонан ўтгандан кейин кемалар, кўприклар, шеърий сатрлару бошқа ўлмас эзгу ишларга айланиб борадилар” деган экан.

Ўлмас Умарбеков кўчаси.

Бу хушхабарни Зуҳра опага, адиб билан бир умр ҳамдаму ҳамнафас, қувончу ташвишларига ҳамиша ҳамроҳ бўлган умр йўлдоши Зуҳра опа Умарбековага етказганимизда, у киши аввал бир зум хомуш тортди, товуши озроқ титради, кейин, “Умида қизимиз хурсанд бўлади” дея миннатдорчилик изҳор қилди.

Сўнгра:

— Ўзлари юрган кўчалар, ўзларини эслатадиган кўчалар, — деб қўйди.

Ҳадемай баҳор келади.

Бу кўчадаги дарахтлар гулга бурканади. Фарзандларимиз бор – ҳаётимизнинг гул-ғунчалари. Энди улар мактабга Ўлмас Умарбеков кўчасидан ўтиб борадилар. Бу кўчадан муаллимлар, ишчи-хизматчилар ўтадилар. Тириклик зиёсидай кечаси чироқлар, кундузи бобо қуёш бу кўчага нур элайди. Адиблар номи бирон бир жойга шунчаки қўйилмайди. Ибрат бўлсин, фахр бағишласин, ўтаётган, келаётган авлод ҳаётда тўғри йўлини топсин дея кўчаларга, биноларга улуғ инсонларнинг номлари қўйилади. Бу номлар – китоб ўқишга, севинчларию изтироблари ҳам сероб чигал дунёда инсон бўлишга, умр­ни олижаноб, хайрли ишларга сарф­лашга, эзгулик ва эзгу амалларга даъват ҳамдир.

(“… хатларимнинг сўнгида устоз Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб сенга, қизим, берадиган иккита маслаҳатим бор. Биринчиси:

— Бу дунёда опангчалик сенга меҳрибон, яқин, азиз, сендан жонини ҳам аямайдиган одам йўқ. Бирга бўл. Ёлғизлатиб қўйма. Асра.

Иккинчи маслаҳатим:

— Ҳамма даврда ҳалол меҳнат, пок­лик, одамийлик қадрланган. Шу ёдингда бўлсин.

Ёлғизим, суюклигим, хайр, омон бўл, бахтли бўл.” (“Қизимга мактублар”дан. 1994 йил.)

 

* * *

Ҳар кимнинг ҳам тўлар паймона,

жоми,

Умр қуёши ҳам кетар ботиблар.

Жисми ўтар, аммо ўчмас каломи,

Дилларда яшайди ўлмас адиблар.

 

Турфадир ҳаётнинг субҳу шомлари,

Чиндан одам бўлиш дунёда қийин.

Ўлмас адибларнинг Ўлмас номлари

Обод кўчаларга айланар кейин.

 

http://kitobdunyosi.uz/

Сирож Саид

http://dunyouzbeklari.com/

Ўхшаш мақолалар:

  1. Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам, Менинг Ўзбекистон — дилбар Ватаним!
  2. 25 март — таниқли шоир Саъдулла Ҳакимни 65 ёши билан чин дилдан қутлаймиз!
  3. Эврил ТУРОН: ДУНЁ ЦВИЛИЗАЦИЯСИ БЕШИГИ (Мақоланинг тўла қисми)))
  4. Абдусаид Кўчимов: МЕН ШОИРМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ! (Янги китобнинг 1-қисми)
  5. Муҳаммад Исмоил: Шляпа кийинг, устоз! Абдусаид Кўчимов ҳақида (Бадиа)
  6. Абдусаид Кўчимов: МЕН ШОИРМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ! (Янги китобнинг 2-қисми)
  7. Абдусаид Кўчимов: МЕН ШОИРМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ! (Янги китобнинг 5-қисми)
  8. ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА: Адабиёт соҳасига ҳам эътибор беришингизни сўрайман
  9. Ҳалима Худойбердиева «Икки эшик ораси»да… (Хуршид Даврон» кутубхонаси)
  10. Ikki eshik orasi — Erkin A`zam Икки эшик ораси — Эркин Аъзам — Дилшода Матчонова
  11. Бердиёр Жумаев: Олти аср ёди — кўҳна кечмиш фарёди (Одил Ёқубов хотирасига)
  12. Ўлмас Умарбеков ёди: “Қизимга мактублар” номли васиятнома…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.