Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповга тадбиркор Рустам Икромовдан шикоят
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири
ҳурматли Абдулла АРИПОВга
Наманган шаҳар, Чортоқ кўчаси,
46-уйда яшовчи тадбиркор Рустам ИКРАМОВдан
+99891 3570052
АРИЗА
Мен Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳолини полиз ва боғдорчилик маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ жойларида бу борадаги ишларни ривожлантириш, паст рентабелли экин майдонларидан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳамда ишчи ўринлари яратиш мақсадида 2019 йилнинг апрель ойида Наманган туман ҳокимига ер ажратиб беришни сўраб мурожаат қилган эдим.
Менинг аризам Наманган вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Наманган тумани ҳудудий бўлими ер ўлчовчиси Баҳодир Набиевга йўналтирилди. У тумандаги ғаллачиликка ихтисослашган “Наманган замини” фермер хўжалиги ҳудудидаги паст рентабелли ер майдонини ҳукумат қарорига асосан полиз ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш учун тадбиркорларга ажратилиши режалаштирилаётганини билдирди.
Шундан кейин мен “Наманган замини” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Жўраевдан паст рентабелли ер майдонини Наманган туман ҳокимлиги заҳирасига топшириш тўғрисида розилик хати ҳамда ариза билан қайтадан туман ҳокимлигига мурожаат қилдим.
“Наманган замини” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Жўраевнинг 2019 йил 23 апрелдаги туман ҳокими Шуҳрат Давроновга берган аризасида “Фермер хўжалигидаги 8 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига олишингизни сўрайман”, деб ёзилган. Маълум бўлишича, ана шу захирага олинган ер майдонининг 4 гектари ҳоким қарори билан боғдорчилик ташкил этиш учун “Одил раис”га ажратилган. У эса бу ерда боғ яратиш ўрнига одамларга уй жой қуриш учун сотиб юборган.
Наманган туман ҳокими томонидан 2019 йил 29 майда “Ижодкор” ММТП ҳудудидаги “Наманган замини” фермер хўжалиги жойлашган, ер тузиш ички картасининг 69-контуридан ўша 8 гектар ернинг қолган 4 гектаридан 2 гектарини Рустам Икромовга ажратиш ҳақида 2019 йилнинг 29 майида 2078-қарор ҳамда 2019 йил 4 июнда ўша контурдан тадбиркор Анисхон Ибрагимов номига 2 гектар ер ажратиб бериш тўғрисидаги 2219-сонли қарор қабул қилинди.
Ушбу қарорлар қонуний ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб, туман сессиясида тасдиқланди. Лекин собиқ туман ер ўлчовчиси Аваз Тожимирзаев фермерга Анисхон Ибрагимов ҳамда Рустам Икромовга ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори бекор қилинганини, бу жойни Одил раис олса, уни ҳам қуруқ қўймаслигини билдиради. Фазлиддин Жўраев “Наманган замини” фермер хўжалигини тугатиш ҳақида ариза бермасдан, 2019 йил 1 июнда қайтадан ўша 8 гектар ерни туман заҳирасига топшириш ҳақида ариза берган. Ҳолбуки, белгиланган тартибга кўра, ер захирага топширилганидан кейин 10 кун муддат ичида фермер хўжалиги тугатилиб, Фазлиддин Жўраевнинг қўлидаги муҳр ва штамп Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Наманган тумани ҳудудий бўлимига топширилиши керак эди.
2019 йилнинг август-сентябрь ойларида мен ва Анасхон Ибрагимов ерни келгуси йил баҳорда экспортбоп олма ҳамда нок кўчатларини экишга тайёрлашга киришганимизда ўша пайтда Наманган вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Наманган тумани ҳудудий бўлими ер ўлчовчиси Баҳодир Набиев ўрнига ишга келган Аваз Тожимирзаев ва ўзини “Одилҳожи” деб таништирган киши “Сизларга ер ажратиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган, бу ер майдони Толиб Нуриддиновга берилган, катталарнинг топшириғи шундай”, деди.
Мен бу пайтда мазкур ер майдонига ариқ ковлатиш учун 4-5 миллион сўм миқдорида маблағ харажат қилиб, чет элдан мева кўчатлари олиб келиш учун хорижий ҳамкорлар билан 150 миллион сўмлик шартонома тузиб қўйган эдим. Шундан кейин биз туман ҳокимига кириб, олдинги ҳоким томонидан чиқарилган қарорни кўрсатдик. Садриддин Мўминов: “Бу ерда англашилмовчилик бўлган, Толиб Нуриддиновга нотўғри қарор чиқарилган”, деб хотиржам бўлишимизни, бу масалани ҳал қилиб беришини айтди. Ўша куни ишнинг натижасини билиш учун яна ҳоким қабулхонасига кирдим. У ерда туман ер ўлчовчиси Аваз Тожимирзаев ўтирган экан. У бу масалада туман ҳокими Садриддин Мўминовга киришим бефойда эканини, бу масала “юқоридан” ҳал қилинганини айтиб, хоҳлаган жойимга шикоят қилишим мумкинлигини билдирди.
Мен бу масалага ойдинлик киритиш учун Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Наманган тумани ҳудудий бўлимига бордим. Бўлим бошлиғи Собитхон: “Сизга ҳоким қарори асосида ер ажратиш учун тайёрланаётган кадастр ҳужжатларини тасдиқлатиш тўхтатиб қўйилган, шунинг учун бу ишни қилиш қўлимдан келмайди”, деди.
Асабим бузилиб, яна ҳокимиятга бордим. Кечқурун ҳоким келди, у билан қабулхонада учрашдим. Садриддин Мўминов: “Бу қарор вилоят ҳокими тасдиғидан ўтмаган экан, мен бу ерда янгиман, шунинг учун ҳеч нарса қилолмайман. Яхшиси, бошқа ердан жой ажратишни сўраб мурожаат қилинг”, деди.
Кейинчалик билсам, 2019 йил июнь ойида Наманган тумани ҳокими Шуҳрат Давронов ўрнига Садриддин Мўминов келганидан кейин “Наманган замини” фермер хўжалиги жойлашган, ер тузиш ички картасининг 69-контуридан менга ва Анасхон Ибрагимовга берилган, аслида 4 гектарлик ер майдони 2019 йил 26 июль санаси билан 5 гектар ҳисобида Толиб Нуриддиновга ажратилиб, янги ҳоким томонидан 2592-сонли қарор чиқарилган экан…
Маълум бўлишича, Наманганда “Одил раис, ерфуруш” номи билан танилган 60-65 ёшлардаги бу кимса илгари ҳам ер олди-сотди ишлари билан ноқонуний шуғуллангани учун қамалиб чиққан. “Наманган замини” фермер хўжалиги жойлашган, ер тузиш ички картасининг 69-контуридан менга ва Анасхон Ибрагимовга ажратилган ер майдонини қинғир йўллар билан ўзининг таниши бўлган Толиб Нуриддиновга ҳоким қарорини чиқартирган. Мен булардан бехабар эдим.
2019 йил ноябрь ойида Одил раис менга тегишли ер майдони четига бетондан пойдевор қуйдирган экан. Мен у киши билан учрашиб, ер менга тегишли эканини, ҳоким қарори борлигини билдирдим. “Сизга чиқарилган қарор вилоят ҳокими томонидан тасдиқланмаган”, деди Одил раис. Шундан кейин эртаси куни трактор олиб келиб, ерни ҳайдата бошладим. Ярмини ҳайдаганидан кейин мен ўз ишим бўйича кетдим. Ўша пайтда Одил раис, Толиб Нуриддинов ва яна 3-4 киши келиб, тракторчини қўрқитиб, ҳайдаб юборишган. Шундан кейин менн Одил раисга қўнғироқ қилиб, нима гаплигини суриштирдим. У: “Ер меники, “ашуласини” (яъни, уларнинг шевасида пул бериш) бериб қўйганман. Бу ишга аралашма, қилган харажатингга куйиб қоласан”, деди.
Мен 2020 йилнинг 7 ноябрида мавжуд икки гектар ер майдонида хориждан олиб келинадиган экспортбоп олма ва нок кўчатлари ўтқазиб боғ яратиш учун “Мурувват барака сервис” МЧЖ билан 150 миллион сўмга шартнома тузганман. Ушбу маблағнинг 50 фоизи 15 ноябрда “Мурувват барака сервис” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган. Қолган 50 фози МЧЖнинг махсус ҳисоб рақамида турибди. 2020 йилнинг 31 мартигача кўчатлар келтирилиб, экилиши керак. Лекин бу борада бизга тўсқинликлар бўлаяпти. Биз шу масала бўйича 2019 йилнинг декабрида Наманган туман прокуратурасига мурожаат қилдик. Прокурор ўринбосари гапларимизни диққат билан тинглаб, бу низоли жойни бориб кўрганини, ажратилган ер майдони ҳақидаги туман ҳокимининг қарори вилоят ҳокими томонидан тасдиқланмагани учун протест киритиб, бекор қилишини билдирди. Шундан кейин биз бу ҳақда юқори ташкилотларга мурожаат қилдик. Лекин ёзган аризаларимиз қайта кўриб чиқиш учун Наманган туман ҳокимлиги ва прокуратурасига юборилди. Ана шундан буён сарсон-саргардон юрибмиз. Шунинг учун Сизга мурожат қилишга мажбур бўлдик. Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабулига киришимизга амалий ёрдам беришингизни ва ушбу аризамизни кўриб чиқиб, ишни адолатли ҳал этишингиздан умидвормиз.
Ҳурмат билан,
тадбиркор Рустам Икромов.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ