Раҳимжон Ирисов: ПУБЛИЦИСТИКА (Ғалабанинг 75 йиллигига)
Ғалабанинг 75 йиллигига: ПУБЛИЦИСТИКА
Ҳужжатлар гувоҳлик беради
1941-1945 йиллардаги уруш давомида Наманган вилоятидан фронтга 80 мингга яқин киши сафарбар қилинди. Булардан 24 минги жанг майдонидан қайтмади. 23 минг наманганликлар жангавор орден ва медаллар билан мукофотландилар.
Соли Адашев, Набижон Мингбоев, Абусаттор Раҳимов, Борис Андреевич Ивановский, Михаил Фаёзов, Файзулла Йўлдошевлар Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлдилар.
Ғани Валиев, Холмат Жалолов, Сеитнеби Абдурамановлар жангоҳдан “Шуҳрат” орденининг тўла нишондори бўлиб қайтдилар.
Ўша пайтларда “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” деган шиор бутун уруш мобайнида халқни руҳлантириб турди. Вилоятимизда ҳам урушнинг биринчи кунларидан бошлаб саноатни фронт манфаатларига қарата қайта қурилиш бошлаб юборилди. Муҳаллий хом ашёдан маҳсулот ишлаб чиқариш кўпайтирилди. Туманларда 12 та артель ва 3 та саноат комбинати ташкил қилинди.
Ўша кун яқин!
Ўтаётган хар бир кун бизни Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалаба кунига, унинг 75 йиллигига яқинлаштирмоқда. Шундай экан бу айёмга тайёрмизми? Ҳеч йўқ ўз хизмат вазифамизга собит ва содиқмизми? Шу саволлар ҳақида ўйлар эканман, бундан бир ой муқаддам Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонлашга бағишлаб ўтказилган видеоселектордаги руҳ ҳаёлимни чулғайди.
Панипатдаги Бобур ғалабаси
Ҳаммамиз ва ҳар биримиз 14-январь – Ватан ҳимоячилари кунини кенг нишонладик. Осмонимиз мусаффо. Сархадларимиз ишончли қўлларда. Кейинги йилларда Темурбеклар мактаблари ташкил этилди. Ватанга қасамёд матни янгиланди. Аҳоли, айниқса ёшлар ва ҳарбийлар қалбида ватанпарварлик ҳисси мустаҳкамланмоқда. Бу бежиз эмас. Юртбошимиз ҳақли таъкидлаганларидек, “Армияда ватанпарварлик тарбияси, миллий рухни юксалтириш ҳамон долзарб бўлиб турибди!”
Биз қайси авлод вакилларимиз? Шох ва шоир Бобур Хиндистон учун ўзининг 12 минг аскари билан Панипатда 100 минг қўшинли ғанимни тор-мор этган эди. Шунданми халқ қаҳрамони бўлган халқ шоиримиз Абдулла Орипов “Балки Панипатда Бобур урхоси!” деб ёзган эди. Бугун жаҳон харбийларининг “Ура” деган олқиши Темур ва Бобурларнинг душманга қарши “Ур!”, “Урхо!”, “Ура!” деган жидду жахдлари, шиддату шахтларидан пайдо бўлгани ҳақиқат!
Эр йигитга эр йигит айта олади!
Халқимизда “ Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил” деган хикмат бор. Бу бошқаларнинг, борингки, душманингни ҳам куч ва имкониятини эътибордан чиқармасликни англатади. Аммо селектордаги “Эр йигитга эр йигит айтади!” деган хикмат Сизу бизнинг, ўзини виждони олдида ватанпарвар дея эътироф этадиганлар учун яна бир синов, яна бир имконият бўлди.
Келинглар азизлар, эл-юрт ғамида бир-биримизнинг ғайрату шижоат, матонату мурувватимизни уйғотайлик! Ҳақиқий эр бўлайлик!
Уйғонайлик! Ёнайлик! Ёндирайлик!
“Ватанпарвар” сўзи бир қарашда қизил гапдай, минбарбоп иборадай, туюлади. Аслида бугун ватан ишқи билан яшашнинг янги даври бошланди. Шунинг учун “Ватанпарвар” ибораси ҳар қачонгидан чуқур маъно касб этмоқда. Видеоселкторда Мақсуд Шайҳзода қаламига мансуб Озодбек Назарбеков куйлаган “Мендирман ўша!” радифли қўшиғи эслатилди. Ҳурсандчиликдан ва ҳаяжондан бўғзимга бир нидо келди. Ўз даврида сийланмаган, ўлимидан сўнг – фақат мустақиллик йилларида тақдирланган хассос шоир Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб бу мисралар бугун асқотяпти: “Ким юртидан ёвни қувса мендирман ўша!”
Авлодларимиз жасоратининг хаққи ҳурмати уйғонайлик, ёниб яшайлик!
Тинчлик …омонат бўлиб қолди…
Ер юзининг гоҳ у, гоҳ бу гўшасида ханжар ярасидай яллиғланиб турган уруш оловлари ҳамон сўнмаяпти. Бу эса бизни ҳар қачонгидан сергак, огоҳ, хушёр ва ватанпарвар бўлишимизни тақазо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳақли таъкидладилар: “Тинчлик деган сўз, осойишталик деган тушунча ғоят омонат бўлиб қолди!” Бу чақириқ ватан ҳимоячилари, эл-юрт қалбида акс-садо бергандай: “Ҳеч нарсага алишмаймиз, сени тинчлик! Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!”
Президентимизнинг икки йил аввалги қарори!
Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси Москва учун жанг қилиш арафасида турган фашист аскарларининг руҳини кўтариш учун қилинаётган эди. Аммо фашист аскарлари мафкуравий ёрдамдан маҳрум бўлди. Улар бу жангни нафақат бой берган, балки бир миллионга яқин аскар ва офицерларини йўқотган. Фашистлар Германияси ғалаба қозонган тақдирда дунё халқларини оммавий қуллик ва халқларнинг йўқ қилиниши кутар эди. Астағфируллоҳ!
1942-йилнинг 9-апрелида “101” отряднинг ўзбек жангчилари конслагер яқинидаги ўрмонзорда отиб ташланган. Отув ҳукми “мутлақо махфий” грифи остида ўтказилган. Унда фақатгина конслагер офицерлари иштирок этган. Ўққа тутилишини билган қаҳрамонлар олий жазо амалга оширилиши белгиланган жойга бошларини баланд кўтарган ҳолда, синмаган руҳ билан Ватан ҳақидаги қўшиқни баралла куйлаб боришган.
Руҳлари сўнмаган оталарима… сиз чинакам шаҳидсиз! Дийдор қиёматга қолди, жойларингиз жаннатда бўлсин!
Голландияликлар – меҳрибонларим,
голландияликлар – шарафим-шоним!
Бундан салкам 79 йил аввал содир бўлган хунрезликка гувоҳ – голландиялик Ҳени Брукҳаузен деган отахон бор. У эсини таниган, олий жазога олиб кетилаётган ўзбекистонликларни кўрган.
Уларга сув ёки нон бериш учун узатилган қўллар гитлар офицерлари томонидан аёвсиз калтакланганини эслайди. Гарчи очлик, юпунлик, ноябрнинг изғиринли иқлимида ялангоёқ, аммо бири-бирини суяб, мағрур кетишсада, 24 нафари силласи қуриб йўл-йўлакай тўкилиб қолишади. Ўрмон ичидаги ўққа тутишда 77 чоғли юртдошларимиз бўлган. Голландлар уларнинг ҳам, йўлда тутдай тўкилиб қолганларини ҳам дафн этишади. Ҳозиргача 101 та қабр устига чироқ ёқишади…
Инсон хотираси қандай азиза?!
Тарихчилар маълумотига кўра концлагерга ўзбеклар 1941 йил сентябрь ойида келтирилганлар. Бошқа махбусларга қараганда озиқ-овқат, кийим-бош таъминоти мутлақо қониқарсиз бўлган. Уларга махбуслардан қолган ювиндини ичишга мажбурлашарди. Картошка, пиёз, сабзи пўчоқлари билан овқатлантиришарди. Аксариятининг оёқ кийими йўқ эди. Оддий яшаш шароити бўлмагандан кейин одам озиб, тўзиб, қариб, касалланиб кетиши турган гап. Шунда канцлагер маъмурияти “Мана қаранглар, Сизларнинг иттифоқчиларингиз кимлар?!” дея икки миллат ўртасида ирқчиликни келтириб чиқаришга уринарди. Аммо голландлар ўзбекларга нисбатан ҳамиша эҳтиромда бўлиб келдилар.
Голландияликлар – меҳрибонларим,
голландияликлар – шарафим-шоним!
Фильмни кўринг, юртга садоқатни ўрганинг!
Голландларда шундай гап бор: “Ерни худо яратган, Голландияни эса голландлар!”. Ҳа, Сизлар денгиз лабига ўз елкангизда тупроқ ташиб, ўз юртингизни яратгансиз. Бу жихатдан ўзбек ва голландлар каби меҳнаткаш ер юзида йўқ!
Нацистлар ўз қора қилмишларини яшириш учун 1945 йилда конслагерга ўт қўйдилар. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Бу ҳақдаги бор ҳақиқат “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ишланган “101” бадиий фильмида рўйи рост акс этган. Фильм яқин кунларда зукко халқимизга тортиқ этилади. У ҳақиқат ва адолатни тиклаш ишига катта ҳисса қўшган “101” номли роман асосида суратга олинган.
Кинони кўринг! Юрт озодлиги нақадар улуғ эканлиги, бунга осонлик билан эришилмаганлигининг гувоҳи бўлинг!
Раҳимжон Ирисов,
Наманган вилоят ахборот ва оммавий
коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ