Амир Худойбердиев: Сен томонга элтадиган йўллар беркдир – карантин…
ҚАРАНТИН
Боғимдаги гуллар билан суҳбат қуриб ётибмен,
Воқиф улар бағримдаги соғинч изи — ярамдин.
Узун тунлар аччиқ ҳижрон шаробини тотибмен,
Сен томонга элтадиган йўллар беркдир — карантин.
Қушлар менга чийиллашиб сабоқ берар сабрдан,
Тоқатимни синаш учун тўзон сочар шамоллар.
Бир ҳаловат излайдирман найсон сочган абрдан,
Хаёлимни ўз ҳолига қўймас ҳар хил саволлар…
Яна қанча давом этар, бу ҳол тугар қачонлар,
Дўрмон гарчи сокин гўша, бу кун яна сокинроқ.
Қари тутнинг танасида баҳорий ҳис, туғёнлар,
Бадбинликка қўймас мени, дилда неклик ҳокимроқ.
Ташқарида вабо кезар, кийиб ажал қабосин,
Ҳувиллайди шаҳар, сокин бўшаб қолган кўчалар.
Ки олисдан бўлса ҳамки юрагимнинг садосин
Эшит, қандай экан ҳоли бизсиз, холи гўшалар?
Вабо ваҳми сабаб бўлди, танҳоликнинг азобин
Билмас эдик, Тангрим бизга кўрсатди-ку амалда.
Ўт-ўланлар дилдош бугун, қушлар сирдош асҳобим,
Неча кунки фироқ чекиб ётибдурман қамалда.
Хуррам дамлар ёдга тушар, дарё каби издиҳом
Канорида топишгандик, сирлашгандик нечалар.
Бахш этганди чексиз сурур, ҳадсиз қувонч ва илҳом
Қалбимизни кашф айлаган ўшал ойдин кечалар.
Сенинг билан кечган кунлар эди қандай фараҳли,
Ҳар бир шеърим юрагимнинг ҳасратидан баёндир.
Гўё танам чуқур чоҳда, атрофим мўр-малахли,
Бир зиндонбанд маҳбус ҳоли аҳволимда аёндир.
Ёлғизликнинг азобини оқ қоғозга тўкаман,
Қораяди қоғоз, озиб-тўзиб борар қаламим.
Тун сукунат бонгин чалиб чўкар, мен ҳам чўкаман,
Тушларимда сен томонга олиб борар қадамим.
30.03.2020
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ