Жунбушга келмоқда замин бетўхтов, Гўё бошлангандек мудҳиш бир ўйин — А.Орипов

Абдулла Орипов
АПОКАЛИПСИС
Жунбушга келмоқда замин бетўхтов,
Гўё бошлангандек мудҳиш бир ўйин.
Ёниб кетаётир ўрмонлар лов-лов,
Қитъаларни босар аждардек қуюн.
Зилзилалар тинмас, ўкирар вулқон,
Отилар жаҳаннам ўти — лавалар.
Бу ҳолнинг қошида аҳли Ер ҳайрон,
Ҳайрондир муфтийлар, раввин,ламалар.
Чексиз коинотнинг тирик вужуди
Балки тўлғонмоқда замонлар ўтиб.
Балки уммон бўлгай тоғлар ҳудуди,
Вақт инсон хоҳишин турмайди кутиб.
Балки милярд йиллар остонасида
Бундан баттарроғин кўргандир замин.
Балки Яратган ҳам кошонасида
Ортиғин йўқотиб, бутлайди камин.
Лекин не бўлса ҳам инсон зотини
Сўнгсиз саволларга кўмгай ушбу ҳол.
У фақат билгайдир ўз ҳаётини,
Чорасиз қолгайдир келганда завол.
Дафъатан айқашиб ер билан осмон
Дўзахнинг бешафқат шамоли елса,
Дейсан, о кибрга берилган инсон
Сен уни тўхтатгин қўлингдан келса.
Керак бўлармикан бизнинг бу ашъор,
Кимдир турса агар кўзларин ёшлаб.
Иншооллоҳ, раҳм этгай Қодири Ғаффор,
Бандасин кулфатга қўймагай ташлаб.
Шунчалар поёнсиз экан бу очун,
Унинг на боши бор ва на адоғи.
Самода бир юлдуз топса ҳам якун,
Камайиб қолмайди унинг саноғи.
Интиҳо йўқ эрур боқий қудратда,
Мутлақ, абадийдир “Бўл!” деган калом.
Ким кетса, ўша чоғ, шаксиз, албатта,
Янги бир зурёдга қўйилгайдир ном.
Аммо юракларда бордир бир алам,
У боис тугамас ташвишлар, ғамлар.
Замин талвасаси босилганда ҳам
Бир-бирин тинч қўймас, афсус, одамлар.
2011 йил 17 май
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorif
Hakikatdan buyuk kobiliyat va hikmat sohibi bolgan hamurtimiz — Abdullo Oripovni tanimagan ekanmiz . Bugun bu sherini okib oylarga chomdim . Hozirgi dunyodagi bolayotgan holatlarni javoblari bor — bu sherda .