Малика Салимова——–: “Битта сен қолгандинг ақл ўргатмаган” деманг…
Азизлар!
Биродарлар!
Бу сўзларимни ўқиётиб, “битта сен қолгандинг ақл ўргатмаган” дегучилар топилади орангизда, шубҳасиз! Майли, нима десангиз, денг. Аммо мен ичимга сиғдира олмай, ёзишга қарор қилдим бугун. Орамизда дунёда содир бўлаётган балои офатдан ҳабари йўқ одам қолмади. Бутун дунёни ёвдек бостириб олди у! Биз одамлар ўша микроскоп остида минг баробар катталаштирсакгина кўриш мумкин бўлган дарддан ҳам майда эканимизни, ўша заррадан ҳам ожизроқ эканимизни наҳотки англаб етмадик ?! Кеча, бугун эмас, неча ойлардан бери кузатиб келаяпмизку шу Аллоҳ юборган дарднинг қилмишларини! Киприк қоқмай, битта-битталаб одамларни ютиб тўймаяпди у, тўймас бало. Ақилли одамлар жон талвасасида бор зеҳн-идрокларини сафарбар қилиб, бир тану-бир жон бўлиб, унга қарши курашмоқдалар. Аммо уни енгиш осон бўлмаяпди! Минг-минглаб бой беришлар, улкан талофотлар! Тобут ясаб, қабр қазиб улгурмаётганларини кўриб турибмиз!
Бизчи?
Биз нима қилаяпмиз?! Хўп, аввалига бизга кирмайди, кирса ҳам тарқамайди, бизни ҳавомиз бошқа, бизни иқлимимиз бошқа, биз ҳалол еймиз, биз таҳоратда юрамиз, биз ибодатдамиз деб ҳотиржам юрдик, парвои фалак! Аммо, не ажабки, айнан ўша тақводор, тинмай Аллоҳ дегучи, Умра сафарларидан қайтганлар ҳам сабабчи бўлиб қолдилар, ёвга қалъа эшикларини очиб бериб!
Ҳой, барака топгурлар! Биламиз, давлатмансиз, зеро оддий одамлар Умра, Ҳаж сафарларини адо этишни фақат орзу қилишлари мумкин, ( алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг карами кенг!) Лекин, вабо ҳаф солиб турган пайтди тумонот одамни бошингизга йиғиб, имкониятларингизни кўз-кўз қилишдан тийилиб турсангиз бўлмайдими? Ошиб-тошиб кетса, ана, бечора етим-есирлар қанча, улашинг! Тинчлик даври бўлса лом-мим демаган бўлардим! Сайру-саёҳатни суювчилар! Ҳасад қилаяпди деманг! Омадингизни қўш қўллаб берсин, бир кун ҳисоб – китоб қилинажак давлатингиз бунданда ортиб, дунёда сизнинг қадамингиз етмаган беш юлдузли меҳмонхона қолмасин! Аммо, аҳволни кўриб турибсизку! Бир оз сабр қилса бўладими?! Ё вабо тарқаганидан бир сиз беҳабар қолдингизми?!
МУСОФИРЛАРИМ!
Бола-чақа боқаман деб тентираган озорижонларим! Ўзи захматда қолган жонингизга яна бир синов, юртга қайтиш азоби, қайтгач эса, тўрт девор орасидаги мажбур заҳматлар! Ичим ачийди, аммо ўтинчим, биз учун, бутун Ўзбекистон халқи учун озгина бардошли бўлинг, яна озгина. Сиз ёш, бақувватдирсиз, сизга бу касалликнинг тиши ўтмас, аммо сиз жон ҳолатда талпинаётган хонадонингизда кекса онангиз, мўйсафид отангиз борлар, норасида гўдакларингиз, узоқ муддат соғинчингизда юрган, истиқболингизга қучоқ очадиган таниш-билиш, ошна-оғайни, қўни-қўшниларингиз бор! Уларнинг раҳмларини енглар!
Бир неча “гуручнинг курмаклари” деб, беш қўлини баробар оғзига тиққан ҳамкасблари деб балога қолган, оғзи-бурни қонаган ШИФОКОРЛАРИМ!
Бизни кечиринг! Мана сиз жангдасиз! Бутун бир миллат, бутун бир юрт, керак бўлса бутун одамзот аввало Аллоҳдан, сўнг эса сиздан умидвор бўлиб турибди! Ўз ширин жонингизни ўйламай, ором билмай, жимгина ёвга кўксингизни қалқон қилиб турибсиз! Сизга Аллоҳнинг мукофотлари бўлсин, ИНШААЛЛАҲ!
ВАТАНДОШЛАРИМ!
Қадимда вабо келган юрт ёки қишлоқ аскарлар билан қамал қилиниб, у ерга кирган ҳам, чиққан ҳам ўлдирилар экан. Бу ваҳшийлик эмас, аксинча, бу минглаб жонларни асраб қолиш учун инсонпарварлик!
Биз ҳам шу синовдамиз. Хукуматимиз имкони борича ҳар биримизнинг жонимиз омонлиги учун курашмоқда! Саломатлигимиз хукуматга керагу, ўзимизга керак эмасми? Шунчалар бепарво бўлмайлик, аҳвол ўта ёмонлашиб боришига ўз ҳиссамизни қўшмайлик. Касалланганлар сони ошса – ошаяпди, камаймаяпди! Биздан сўралаётгани мушкул иш эмаску! Уйда ўтиринг! Ахир ишхонамиздан бериладиган меҳнат таътилини интизорлик билан кутмасмидик! Дам олинг, яқинларингизни бағрида яйранг.
Югур-югур, чоп-чоплардан бир оз тининг! Ҳали бу бекорчиликларни соғиниб ҳам қоларсиз, ИНШААЛЛАҲ!
Биламан, тушунаман, биз уйда еб-ичиб ўтиришимиз учун кимдир ишлаши керак! Ишга бораётган эркакларимиз, ўғлонларимиз, илтимос, бизни саломатлигимиз учун, ўзингизни соғлиғингиз учун, ниқобингизни ечманг! Қучоқ очиб, қўл бериб кўришманг, қўлларингизни совунлаб ювишдан эринманг! Худо асрасин, сиз оғриб қолсангиз, бизни ҳолимиз нима кечади?!
Вабо пайтида уйдан чиқмаганларга ёзилажак савобларга сазовор бўлайлик, ИНШААЛЛАҲ!
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан