"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Салом бериб бобо Қуёшга, зиёрат этамиз Қашқадарёни!

Бош мақола, Ватандан хабарлар, Хотин-қизлар олами | 21/03/2020 10:31-     10978 марта ўқилди

Салом бериб бобо Қуёшга, зиёрат этамиз Қашқадарёни

 

Asadulla J. Juraev
Китоб йўли
Китобга кетяпмиз…
Бир нозик қиёс бор наздимда, ҳали айтилмаган насру назмда. Аё биродар, мен билан юр, кел, қўлингни бер. Салом бериб бобо Қуёшга, зиёрат этамиз Қашқадарёни.Учиб келганимиз бу баланд тоғлар Ҳазрати Султон, бўйлашгани осмон, сўйлашгани осмон. Ялтираб эрийди чўққиларда қор, пойида минг кўзли чашмалари бор. Булоқдан бошланар Қашқадарё ҳам, сира ўхшамайди бошқа дарёга. Туташади бунда Ҳисор, Зарафшон. Офтоб йўли бўйлаб чўзилган тоғ – Чақиликалон. Тахтиқорачордан токи Жом қадар, тавофга талабгор. Қиблага қўл чўзиб ётар сарбасар. Ажиб бир тоғ, қўйнида боғ. Мавж уриб ўсади, турфа гиёҳ. Бари шифобахш. Гўё теккан Луқмон нафаси. Минг дардингга беражак дармон. Тоғчойи, мухаллас, сумбул, заъфарон. Ҳар икки томондан тегади офтоб. Бир ёғи Самарқанд, бир ёғи Китоб. Ўртада довон бор, пурвиқор, тахти Қорачор. Ким у Қорачор? Ҳафизи Абрўда жавоб бор: бешинчи аждоди Соҳибқироннинг, лашкарин бошчиси Чиғатойхоннинг. Фарзандлари келмиш қадим Кеш томон. Бари ҳукмдору амирул аркон. Муаррихлар ёзмиш ўшандан буён. Ийжилдан туғилган Илангиз нўён. Амир Тарағайнинг падари Буркул, Амир Илангизнинг фарзандидур ул. Мирлигу шоҳликка кўнгил қўймаган. Тангрининг ишқига сира тўймаган. Яздийни синчиклаб ўқисанг асли, Буюк Жаҳонгирнинг тозадир насли… Бургутлари бордир, соҳиби чангал, офтобга тик боқиб, учарлар дангал. Довондан юрсангиз то Ургут томон, қадим боғлар изи бўлар намоён. О, Темур боғлари оромижондир, беҳишт боғларидан балки нишондир. Пурвиқор чўққилар бунда намоён. Қўрғонли тоғ, арконли тоғ. “Қоплон тушди”, “Ғажир учди”, “Етим чўққи”, Оёқчи шарбат тўла коса тутган қадаҳчи. Шовуз чўққисига текканда Қуёш, туш кўриб ухлайди шаҳарлик фаррош. Тахти Исо бунда, бунда Қизқўрғон, Ҳазрат Довуд ғори тилларда достон. Сийпантош, Тешиктош, Бешиктош унгур, ғорини, келиб кўрсанг бўлар йўғу борини. Демишлар, шу офтоб йўлида, тоғлаб белида, боболари ўтган Буюк Темурнинг. Эшитганим бот-бот, турфа ривоят, кўрганим, ҳайрат-ла боқиб турганим бул тоғ, адоғида қишлоқ – Тарағай.
ургут чашмаБу юрт туғиб берган Амир Темурни, ҳаммаям англамас илоҳий сирни. Бежизга эмас-да, Хўжа Илғорда Темур бешигининг излари бор-да. Шаҳри Кешни билгил, назарга илгил, бежиз йўқлаб келмас, етти иқлимдан. Соҳибқирон бобом, оламгир бобом, Сизни эсламоқлик жоиз дамодам. Улуғликка мойил, муаззам қойил. Мана Оқсарой. Низомиддин Шомий ёзмиш у ҳақда: унинг пештоқи ва ровоқларини айюк юлдузига етказдилар. Чунончи бирор кимса жаҳонда унга тенг келадиган иморатни кўрмаган ва эшитмаган! Ана пештоқда ёзув, ўлмас, етмас: “Куч-қудратимизга шубҳанг бўлса, биз қурдирган иморатни келиб кўр”. Ҳаммаси рўй-рости, бўй-басти билан айтилган. Темур салобати, маҳобати, сеҳру синоати битилган. Адлу инсоф, мисли офтоб каби балққан Темур. Ундан адолат мерос, жасорат мерос. Бугунги озод юрт мерос. Шундай улуғ зотдан юртдошлик мерос. Миллат мерос, шиддат мерос, ўзлик мерос, ўзбек мерос…Яна бир гап, эмас бесабаб. Ҳисор қўйнидаги икки буюк ғор – Жаҳонгир номини айлар устувор. Нур-зиё қадрини билмоқ истасанг, сирли маҳобатни кўрмоқ истасанг, тиз чўккин, бош суққин ғорлар қаърига. Зулумот энтикар, замин бағрига. Ҳисор бошдан-адоғ минг қўрғонли тоғ, салобати бисёр, шарофати бисёр. Тетис уммонидан қолган тош қотган тарих. Қадим эралардан сўйлар “муаррих”. Ана динозавр излари – ҳайрат. Туганмас ибрат…
атлас куйлак кийган аёллар

Ғелон пари қишлоқ, қизларин бермас, бошқа бировга, бироқ ўша қизлар юз чайган жилға, етиб келар Оқсувга, бир қултум ютса Кешнинг қизлари, айланиб кетади ойдек сулувга.

Қашқадарё – мўъжиза диёр. Биргина Китобни кўргину лол қолиб тургин. Агар жоиз бўлса, бармоқлар ила, етти мўъжизани санамоқ мумкин. Биринчи сабоқ: Узунқир, Подаётоқ. Бобо чинор илдизига қараб табаррук ёшини санаган каби, тупроққа қоришган илк шаҳар, милоддан аввал, қадим кешнинг ёшини ўқимоқ мумкин. Иккинчи мўъжиза: айни Китобдан дунё соатларини тўғрилаб олар. 39-меридиан. Мирзо Улуғбек номин олган Халқаро кенглик станцияси “Жаҳон тинглаётган ҳадди ҳисоб бу, шаҳри Китоб бу” (Абдулла Ориф). Учинчиси: Матмон. Геологик қўриқхона. Энг биринчи жонзотлар тош қотган. Кўҳиқоф бағрига ботган. Олти қитъа ҳижжалаб ўқир. Тўртинчи мўъжиза: Ҳазрати Султон. Муқаддас имон. Еттинчи осмонга қўйилган нарвон. Агар насиб этса дийдор, покланиб қайтар гуноҳкор. Бешинчиси: Қорабулоқ қўшиғига сол қулоқ! Заминга ярашиқ мангулик ошиқ. Бундайин муаззам чашмайи зилол, топилмас алҳол… Олтинчи мўъжиза: Ҳазрати Башир. Она сутин эммай турган оёққа. Ҳар битта қадами муносиб Ҳаққа. Сабр отлиғ, фаришта қанотлиғ. Тавофидан топарлар савоб. Еттинчи мўъжиза: Етти қиз ғори, жисмингни қўйвору Қайнарга бор. Ғор оғзида бир тўп туғдона. Байроқ дарахти, сабр дарахти. Қизлар рўмолин ёйган. Етти қиздан, етимча қиздан нидо айтиб турар, садо қайтиб турар. Ҳур қизлар, ҳуркак қизлар. Улар кўкрагидан ғам ёши сизар, кафтингни тут, юзингга сурт, ёшармоқчи бўлсанг ногаҳон. Бир лаҳза бўлиб покдомон, Оёқчидан ошсанг Қалқама томон, етти қизлар каби бўлар намоён. Улардан йўл сўра, Тангридан нажот, ахир бу тириклик омонат…

ургут отаЧироқчи – ери катта, эли катта, дўлвор бир макон. Катта ярми дашт, вазни сарбаст. Лалми ғаллага кон, нонли, дастурхонли юрт, кутарлар меҳмон. Оқ шўрва. Оҳ-воҳ шўрва. Қўзи гўшт. Яхнаси бол, пешонанг терлар ҳалол, Умакайда тўхта, юзингни бур, “жиз” таъмин кўр. Ўзингни тут, қайтиб келарсан, албат. Йигитлари танти, тўпори, кўнглида йўқ ғубори. “Ж”лаб достон айтса Шомурод тўрғай тўхтаб қолар булбулсифат зот. Манов Мавлон полвон. Хушвақт оловхон, Исоқ, Маҳмадўстга ҳайратда жаҳон. Полвони кўп, имкони кўп, армони кўп юрт. Изн бермай туриб андак хатога, зиёратга отлан Лангар отага. Аввало Қадамжо, Мачит, Хонақоҳ, ишқиё шайхлари бўлар қиблагоҳ.Ёндош Яккабоғни дема яккабоғ, боғу бўстон яна тоғистон. Келиб кўрсанг бўлар Хўжа Илғорни, бир кафт тупроғида юз минг дийдорни. Қучоқлаб кўтарсанг полвон тошини, беш-ўн қадам юрсанг, юролсанг, Яратган азмига шукрона, дейсан.Калтақул, авғодан ўтсангиз Вори, ялтираб кўринар чўққилар қори, нарёғида Темурнинг ғори. Ҳадемай Самоқда қирмизи олмалар пишганда, тап-туп тагига тушганда, карсиллатиб есанг, шукур боғбонига дейсан. Бу юрт таърифини куйлагай беҳад, Нормурод Норқобил ва ёки Носир Муҳаммад.Қамашига борсанг тоғлар томон юр, Зиёрат этгали Лангар отани. Шайхлар даҳмасида нур тўлқини бор. Шайх Муҳаммад Содиқ, Абул Ҳасан бу, каромати қутлуғ, рангин расан бу. Кўзга суртсанг бўлар Лангар Қуръонин, англаб етсанг бўлар, “Ҳирқа”нинг шонин. Чиму Чимқўрғонда пойу пиёда, юрсанг бўлар умринг зиёда, эшитгил ривоят, турфа ҳикоят. Устозу мударрис Поён Равшан бу, тотли сабоғидан аён бу.
китоб перевалиҒузор Қовчинида қоратикан бор. Илоҳий ошиқлар ётган макон бор. Манов Тоҳир-Зуҳра, бу Қоработир. Оқу қизил гулнинг кўксига ботур. Бундай ошиқ-маъшуқ ишққа ярошиқ ҳеч жойда бўлмас. Англамоқчи бўлсанг Қашқадарёни, келиб тавоф қилгил, Тоҳир-Зуҳрони. Билиб қўйгин полвон Баҳром Авазни ёки “қараб тепар” Нурхон Нафасни. Сўз полвони бўлди Луқмон Бўрихон, иқтидор имконли яна неча жон. Ғузорий бошпуртда топди шараф-шон. Кўринг бунда Убайдулла Уватни, исломий илмдан топди қувватни. Ҳорғин йўлчи, тўхтама бир пас, бўлса агар юртингга ҳавас. Газ кони, шукуҳ майдони – Шўртанни кўр. Бамисоли аллома кимёгар, ҳайбатли сеҳргар – Шўртан, саховатли заминга боқ. Нуру нурафшонга тўлган ҳаммаёқ. Шўртан садо берар ошиқлик саси.
китоб пеЯна гуллаётган Насафни кўр. Шукуҳ карвонидан тушган ойнача мисол, офтобда аксланиб, нурланиб, инжуланиб, ёғдуланиб ётмиш. Сўз ва ақл уммони. Ошиқ бўлсанг, бир қултум ют, қаддингни тут. Насафийлар ҳар бири юлдуз, учиб-қўниб ётур илм каҳкашонида. Одамзод шуурин қаймоқлаб, салмоқлаб сўз айтур Насаф. Айтиш бор, қайтиш йўқ. Ерқўрғонин асраган Қарши, ҳаммадан яхши. Искандар, Чингизга панд берган, Соҳибқирон Темурга қанд берган. Бугун Истиқлолнинг имкони Қарши. Ҳеч бўлмаса таомини тот. Офтобой олов тандирда ёпган қаймоқли патирин садаф тишларингда чайнаб кўр. Қаршиликдан чиқар яхшилик, фақат дилинг ойна, покиза бўлса имонинг. Юртбошим мудом соғиниб, сўраб турадиган меҳржон Қаршим. Меҳригиё шаҳрим, қадрдон Қаршим. Тозаликда, расоликда, дилкушоликда ҳаммадан аъло, бебаҳо шаҳрим. Қадду камолингдан, насаф, жамолингдан айланай, шуҳрат шукуҳинга бойланай, сарвар шаҳрим, отахон Қаршим. Шундоқ қўшиқ қолган қадимдан: додлама, додлама, дод саси галди, Қаршининг чўлидан ёр саси галди. Бугунгиси эса бошқача: Хидир Илёс кезган дашт гўзал, бир-бир айтаверсак баланд-паст гўзал. Косонда тут пишди, тагига тушди, шошиб уйига қайтар, омонлик айтар Абдулла Ориф. Саксонни қоралаб, кўпни оралаб, Косонга жўнар шоир Жуманиёз Жаббор, оқсоқол шоирда ғиж-ғиж ҳикмат бор. “Кангул” йўқлаб турар Хўжа Касбини. Кўнгилнинг ушшоғи Мирҳайдарий зот Икром Отамурод. Бундан қўшиқ топиб кетган пинхоний, Нормурод Нарзулла Хўжаҳайроний, Жейнов, Пўлатида кўрганим шаҳар, узук кўзидаги дурдона гавҳар. Хўжамуборакда ёнган машъала, мағрибу машриқнинг йўлин ёритгай, Миришкорда пишган олуни, мойлама зардолуни, ютсанг ютоқиб, бир дардингга ўн мингта дармон. “Оқ олтин” конидир Касби-ю, Косон. Чўли ота кезган дашт эмас Нишон. Аму сувин ичиб, янтоғу қуврайдан кечиб, яшнаб кетгани, камолга етгани рост. Хўжа пир-пироқда эримайди қор, Муборак даштида саксовул бисёр. Авлиёлар ўтган тоғу тошингда, Ҳазрат Хизр кезар чўл қуёшинда. Бунда икки ошиқ қўлларин берган, икки пир алқаган табаррук маъво, боболарим юрти эй Қашқадарё.
китоб йўлиАср мўъжизаси – Ғузор-Қумқўрғон. Кийик изи тушган қояда, ялтирар пўлат из, уҳ тортмай ўрмалаб ўтар поездлар, Бойсунтоғ ҳавосин ютар поездлар. Бойчибордек кишнаб кетар поездлар. Улар кишнаганин эшитар дунё. Ўзбек деган номга беш кетар дунё. Хўжа Маҳмуд асли бахшининг кони, Қодир бахши эса миллат имкони, Қаҳҳор, Абдимурод – халқ бахшилари, элда эъзоз топган юрт яхшилари. Тинглаб ўтсанг бўлар қўшиқ достонни, Алпомиш, Гўрўғли ё Авазхонни. Анов кўмир, манов туз кони. Улкан тоғ – калий кони, новвотсимон тузлар макони. “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”, ҳаммадан суюк давлат. Жиндай шубҳанг бўлса, шундай шиорга, Хўжаипок конин кўр, барака дастурхонин кўр. Қолмас армонинг, қувонар жонинг. Бир чимдим хаёлот, бир чимдим таъриф, сўз уммони етмас, мадҳингга бир-бир, ожиз мўйқаламу юз минг мусаввир.
Ғози РАҲМОН

Ўхшаш мақолалар:

  1. Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зомин ва Зарбдор туман аҳолиси билан учрашди
  2. Ижодкор ўзбек қизи “Очиқ Евроосиё” халқаро танлови ғолиблари сафидан жой олди
  3. Табриклаймиз! — ​Ўзбекистонда йил одами – Танзила Норбоева! ​
  4. Ортиқова ҳаммани кулдирди. Ҳатто Бош прокурорни ҳам — Хабар.ўз
  5. “Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвонини олган ўн олти нафар Қаҳрамон аёл — ЎзА
  6. gulistonjurnali.uz — КЎЗИМНИ ЯШНАТИБ КИЙИБСИЗ АТЛАС
  7. Дурдона Раҳимова: Чекловлардан ваҳимага тушмаслик керак — ЎзА
  8. Чиройли табассум кишининг гўзал ва кўнгли тозалигидан далолат — ЎзА
  9. Гулзамон: Қариндошларим ичида тўртта ҳарбий, битта милиция ходими бор…
  10. Ватан қўшиғига айланган Севара Назархон — ЎзА
  11. Блог Гульнары Каримовой: Служебную машину миссии Узбекистана в ООН «разбили вдребезги»
  12. ЎзА: Депутат сўровига мутасаддиларнинг ёлғони
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.