"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Дилмурод Бозоров: Аёллар байрами қачон урфга кирган?

Бош мақола, Муҳокама учун мавзу, Хотин-қизлар олами | 07/03/2020 09:54-     11009 марта ўқилди

8 март

 

8 март аслида қандай байрам?

Халқаро хотин-қизлар куни деб аталадиган 8 март байрами ҳозирги пайтда ҳаётимизга мустаҳкам ўрнашиб қолган. Ҳар йили 8 март куни аёлларга, оналарга, опа-сингилларимизга турли туман совғалар олинади. Бу кун аёлларўзларига оро беришади, совғалар олишади, қисқаси, байрамни ҳақиқий байрамдек ўтказишади. Йилда бир маротаба гўзал опа-сингилларимиз уй ишларидан бироз чекинишади, айнан шу куни эркаклар рўзғорнинг енгилдек кўринган ва охири йўқ юмушларини ҳис қилишади…

Хўш, бу қанақа байрам ўзи, нега айнан 8 март куни нишонланади? Аслида, 8 март баҳор байрами, гўзаллик байрами, соҳибжамол хонимлар жаноби олияларини улуғлаш, уларга совға-саломлар улашиш, ширин-ширин гаплар айтиш мақсадида байрам деб эълон қилинмаган.

Маълумотларга кўра, 1910 йилда Социалист аёлларнинг Копенгагенда бўлиб ўтган иккинчи халқаро конференциясида Клара Цеткин исмли герма­ния­лик инқилобчи аёл “аёлларнинг ҳуқуқлари учун курашиш куни”ни таъсис этиш таклифини ўртага ташлаган. Ҳар йили маълум бир кун шундай ишларга бағишланиши таклиф этилган.

Маълумки, ўша вақт­да аёлларнинг ҳуқуқлари чеклаб қўйилган эди. Улар фабрикаларда эркаклар билан 16 соатлаб ишлашса-да, эркакларга бериладиган маошнинг тенг ярмини олишган. Сайлов ҳу­қуқи эса уларда умуман бўлмаган. Клара Цеткиннинг бу таклифи бутун дунё аёлларига тенгҳуқуқлилик учун курашга чақириқ бўлиб янграган. Социал-демократик партия Марказий қўмитасининг аъзоси Елена Гринбергнинг таклифига кўра 19 март Халқаро хотин-қизлар куни деб эълон қилинган.

Биринчи бор халқаро хотин-қизлар куни 1911 йил 19 мартда Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда сиёсий байрам сифатида нишонланган. 1912 йилда эса бу байрам худди шу мамлакатларда, аммо 12 май куни нишонланган. 1913 йилда эса ташкилий қийинчиликлар туфайли ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Хотин-қизлар куни Германияда 12 март куни, Австрия, Чехия, Венгрия, Швейцария ва Голландияда 9 март куни, Франция ва Россияда 2 март куни нишонланган. 1914 йилда эса Халқаро хотин-қизлар куни 8 мартда байрам қилинган, чунки 8 март якшанба, дам олиш кунига тўғри келган.

Шундан кейин ҳар йили бу байрам 8 март куни нишонланадиган бўлган. Кўриб ўтганимиздек, аввалбошда бу байрам эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиш, сайлов ҳуқуқини қўлга киритиш йўлида курашган аёлларнинг бирдамлик куни бўлган. Ҳозирги кунда у ўзининг тарихий мазмун-моҳиятини бутунлай йўқотган бўлса-да, аммо баъзи мамлакатларда турли шиорлар кўтариб олган феминист аёлларнинг оммавий йиғинлари ўтказилиб туради.

Интернет саҳифаларида хабар берилишича, собиқ Иттифоқ парчаланиб кетган бўлса-да 8 март Россия Федерациясининг давлат байрамлари қаторида қолган. МДҲ давлатларидан Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украинада бу кун халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонланади. Ўзбекистонда ҳам умумбашарий байрамлардан бўлган 8 март — Хотин-қизлар куни кенг нишонланади. Арманистонда Оналик ва гўзаллик куни 7 апрелда байрам қилинади.

1977 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 32-142 рақамли резолюциясида 8 март­ни аёллар ҳуқуқлари учун курашиш куни — Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонлашни қайтадан таклиф қилди. Ҳозирги кунда 8 март Ангола, Буркино-Фасо, Гвинея Биссау, Камбоджа, Хитой, Конго, Лаос, Македония, Монголия, Непал, Шимолий Корея ва Угандада Хал­қаро хотин-қизлар куни сифатида байрам қилинади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу байрам ўзининг илк даврларидаги сиёсий мазмун-моҳиятини йўқотиб бўлган. Буни ушбу байрамнинг юртимизда нишонланишидан ҳам билса бўлади. У бизда соф ўзбекона баҳор байрамига, оналар, опа-сингиллар, хотин-қизлар кунига айланиб бўлган.

Байрамингиз билан, азиз аёллар!

 

http://www.fikr.uz/posts/_sen_baribir_muqqaddassan/5327.html

 

Dilmurod Bozarov

Аёллар байрами қачон урфга кирган?

Дунё дунё бўлиб яралибдики, аёллар ҳурмат ва эъзозда, эътибор марказида бўлиб келишган. Чунки бу жинс вакиллари нафақат бугунги кунимизнинг мазмуни, балки эртанги кунимиз давомчилари, келажак авлоднинг яратувчиларидир.

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни ҳам аёлларга бўлган ғамхўрлик, эътиборнинг бир ифодаси десак, янглишмаймиз. Мазкур байрамнинг ширин ташвишлари эркакларнинг бошига кеча ёки бугун тушган эмас. Ушбу айём тарихи қадимги Римга бориб тақалади. Римликларда «Аёллар куни» деб номланган байрам мавжуд бўлган.

Рим аёллари бу кунда чиройли либосларини кийиб, тақинчоқлар билан безаниб, бошларига гулчамбарлар тақиб, Веста маъбудаси ибодатхонасига боришган. Ўта эътиборли римлик эркаклар шу куни аёлларини уй юмушларидан озод этишган ва уларга истаган нарсаларини совға қилишган. Рим империясининг варварлар томонидан парчаланиши натижасида бу байрам унутилади.

Озодлик ва меҳр-эътиборга ўрганган Рим аёллари ўзларини одам ўрнида кўрмаётган варварлар билан кураш бошлайдилар, аммо ғалабага эришолмайдилар… 1857 йилнинг 8-март санасида Американинг Нью-Йорк шаҳри тикувчилик корхоналарида ишловчи аёллар маош камлиги, шарт-шароитнинг ноқулайлиги сабаб намойиш ўтказишади.

Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишади, бироқ уларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам натижасиз тугайди. 1908 йилга келибгина сиёсатчилар аёлларнинг эркаклар билан тенгҳуқуқлилигини, аёлларга ҳам сайловларда овоз бериш ҳуқуқини беришни талаб этиб, митинг ташкил қиладилар. Орадан бир йил ўтиб, яъни 1909 йилда Америка социал партияси феврал ойининг сўнгги якшанбасини «Аёллар миллий куни» деб эълон қилади.

1910 йилда Клара Цеткин Копенгагендаги аёллар конференциясида аёллар ўз ҳуқуқларига эга бўлган кунни байрам сифатида ҳар йили нишонлашни таклиф қилади. 8-март Халқаро хотин-қизлар куни сифатида илк бор 1911 йили Швеция, Австрия, Дания ва Германияда байрам қилинади, бироқ Германияда 8-март дам олиш куни ҳисобланмайди. Шарқий Германияда бу байрамни нишонлаш русум бўлгани ҳолда, Fарбий Германиядагилар бу байрам ҳақида ҳатто эшитишмаган эди.

Иккала Германия бирлашгач, байрам кенг тарқалади. Аммо олмон хонимлари негадир 8-мартда эмас, балки май ойида нишонланадиган «Оналар куни»да совға-салом олар эканлар. 1975 йилда эса БМТ 8-мартни Халқаро хотин қизлар куни деб эълон қилди. Тарихдан кўриниб турибдики, бу йил 8-март байрамининг расмий нишонлана бошланганига роппа-роса 100 йил тўлди.

Бу байрам бошқа давлатларда қай тарзда нишонланади? Хитойда эркаклар аёл қалбига йўлни ошқозони орқали топамиз деб ўйлаганлари боис, муҳаббатларини исботлаш мақсадида 8-март куни ошхонадан чиқишмас экан. Энг мазали таом ва энг ширин пишириқ — байрамнинг яхши совғаси ҳисобланаркан. Қонуний дам олиш кунида хитойлик аёллар дам олиш жойларига бориб, байрамни ўзлари истаганча нишонлашади.

Хитойда шу куни «Пекин гўзали» танлови ҳам ўтказилади. Италияда ҳам бу байрам ўзгача кайфият билан нишонланади. Бу кунда аёллар эъзозланади, совға-саломлар олишади. Аммо 8-март расман дам олиш куни деб эълон қилинмаган. Шу боис италиялик хонимлар куннинг маълум бир вақтини белгилаб, ўз байрамларини кафе ёки ресторанларда нишонлашар экан. Литва давлатида эса ушбу байрамни мамлакатнинг барча қисмида бирдек нишонлашмайди.

Гап шундаки, байрам Литванинг русийзабонлар истиқомат қиладиган шаҳарларидагина нишонланади. Литвада Халқаро хотин-қизлар куни расмий байрам сифатида эълон қилинмаган. Россияда бу байрам мамлакат миқёсида кенг нишонланади. Бу куни рус эркаклари гул дўконлари, супермаркетларда турнақатор бўлиб нав¬батда туришади. Улар гул ва пардоз ашёларини аёллар учун энг яхши совға деб ҳисоблайдилар. Вьетнамда ҳам аёллар ниҳоятда улуғланади.

Бу юртда ушбу анъана икки минг йилдан буён давом этмоқда. Лекин аёллар байрами сал бош¬қача тарзда, яъни «Опа-сингил Чьенглар хотираси куни» деб аталади. Тарихда ўз халқини Хитой қарамлигидан озод қилиш учун курашган опа-сингил Чьенглар Хитой аскарлари томонидан ўраб олинганда асир тушишни истамай, ўзларини дарёга отиб қурбон бўлишган эди. 8-март куни ватанпарвар опа-сингил Чьенглар хотирасига байрам уюштирилади.

Данияда ҳам аёллар байрами кенг миқёсда нишонланади, алоҳида анжуманлар, концерт дастурлари, турли томошаларда фақат аёллар учун жон куйдирилади. Дўконлар аёллар кийимлари, тақинчоқларига тўлиб кетади. Клара Цеткин хотирасига бағишлаб махсус кечалар уюштирилади. Ахир, бу байрамни жорий этиш учун жон куйдирган инсонни унутиб бўладими? Бизнинг мамлакатимизда ҳам 8-март жуда чиройли тарзда ўтказилишига гувоҳсиз. Олийҳиммат бекларимиз бу кун учун алоҳида меҳр билан тайёрланишади.

Оиланинг жамики мушфиқалари учун совғалар олишади, концертларга, томошаларга олиб боришади. Кечқурун эса ўз қўллари билан палов дамлаб, табриклашни ўринлатиб қўйишади. Бу кун бизнинг аёлларимиз учун ўзгача шукуҳли, тароватлидир. Демак, бизнинг эркаклар бошқа мамлакатлар жанобларидан анча илдамроқ экан. Чунки Хитой эркаклари фақат ошпазлик билан аёлларини хурсанд қилишса, поляклар совға улашишдан нарига ўтишмас экан.

Ўзбеклар эса, кўриб турганингиздек, байрам байрамдек ўтиши учун имконлари борича ҳаракат қилишади. Аслида, бизнинг юртимизда аёллар фақатгина 8-март ёки бошқа бир белгиланган кунда эмас, ҳар куни эъзоздалар. Суюкли адибимиз Ўткир Ҳошимов айтганидек: «Ой қуёшдан нур олади. Қуёш қанча ёрқин порласа, ой шунча тиниқлашади. Эркак қанча меҳр берса, аёлнинг ҳусни шунча очилади…»

Муаллиф: Муроджон КАМОЛИДДИНОВ Шу ўринда муаллиф сифатида барча мунис онахонларимиз, садоқатли опажонларимиз, паричеҳра сингилжонларни аёллар байрами билан табриклайман. Тилагим, фақат йилда бир марта — 8 мартда эмас, йил бўйи — ҳар куни, ҳар соатда ардоғимизда, эътиборимизда, борлиғимизу борлигимизда бўлсинлар.

Биз — эркакларнинг барча меҳримиз, ҳаракатларимиз, ҳаётда энг керакли инсонларимиз Сиз азиз Аёллар эканликларинг айни ҳақиқат. Ахир аёллар ҳаётимизнинг мазмуни, қоронғу уйимизу кўнглимизнинг ёритгичлари-шамлари-ку, шундай эмасми?
http://fikr.uz/posts/marifat_gulshani/5275.html

Ўхшаш мақолалар:

  1. Элмира Боситхонова: «Ижтимоий тармоқлар кучини охирги ойларда кўрдим»
  2. Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири — Карим Баҳриев
  3. Ҳамроқул Асқар: МУШУК ҚАНИ ЁКИ ЧИМИЛДИҚ КЎРМАГАН НАШРЛАР…
  4. Хасанбой боксни Ислом акадан, Руслан штангани Мирзиёевдан ўрганган демайлик
  5. Муллажонов оиласининг кирдикорлари (Ички Ишлар вазири А.Аҳмадбоев диққатига)
  6. Малоҳат Эшонқулова: Тошкент ошхоналаридаги даҳшатли фожеалар ҳақида -2
  7. Бахтиёр ШОҲНАЗАРОВ: «Озодлик ороли»- Кубанинг ҳозирги аҳволи…
  8. Исмат Хушев билан 20 минут Хайриддин Султонов ва «Олтин медал»ли хоинлар (1)
  9. Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев диққатига…
  10. Бош прокурор диққатига — Сафо қорига ким суиқасд уюштирди?
  11. Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зомин ва Зарбдор туман аҳолиси билан учрашди
  12. «Туркистон-Пресс»ни кўмиб, «Моҳият»ни ўлдирган ҳам Миродил Абдураҳмонов эди
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.