Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга прокурор Фарҳод Шаймановдан
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.М.Мирзиёевга
Тошкент шаҳар Шайхонтохур
тумани Бешёғоч массив 13-уй
27-хонадонда яшовчи
Ф.С.Шайманов томонидан
Мен Шайманов Фарход Самадович Ўзбекистон Республикаси Прокуратура тизимида турли вазифаларда 2 та туманда туман прокурори, 5 та вилоятда Қашқадарё, Жиззах, Тошкент вилояти, яна Қашқадарё вилояти ва Сурхандарё вилояти прокурорининг 1-ўринбосарлиги ҳамда ўринбосар вазифаларида ҳалол хизмат қилиб келдим.
Тошкент вилоят прокурори вазифасини бажариб турганимдан менга қасдланган собиқ бош прокурор Р.Қодиров мени прокуратура тизимидан четлаштириш мақсадида Президент аппаратига Қашқадарё вилояти, Чироқчи туман хокимлиги вазифасига номзодимни бериб юборди.
2006 йил Бош Вазир вазифасида ишлаб турган Ш.М.Мирзиёевнинг суҳбатига олиб киришди. Бош Вазир менинг асосли фикрларимни тўғри тушуниб, ҳал бўлган иш бўйича қайтадан 1-Президент Ислом Каримовга кириб, вазиятни тушунтириб, менга прокуратура тизимида ишни давом эттиришим учун руҳсат олиб берди.
Орадан 15-20 кун ўтиши билан мени Президент аппаратига чақиришиб, менинг номзодим 1-Президент Ислом Каримов ва Бош Вазир Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан Тошкент вилоят прокурори вазифасига маъқулланганлиги ва 3-4 кун ичида 1-Президент Ислом Каримовнинг суҳбатига олиб кирилишим ҳақида огохлантирилдим.
Бироқ, бундан норози бўлган собиқ бош прокурор Р.Қодиров юқоридаги раҳбарларнинг ҳулосаларини эътиборга олмасдан, хеч бир сабабсиз марказдан четлаштириш мақсадида Қашқадарё вилоят прокурорининг 1-ўринбосари вазифасига тайинлаб юборди.
2006 йил Қашқадарё вилоятида хизматни давом эттираётганимда Бош Вазир Ш.М.Мирзиёев томонидан ўша қалтис йилларида давлат ва халқ манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида жасорат билан Қашқадарё вилоят ДХХ идорасига прокуратура билан ҳамкорликда тадбир ўтказиб, кўрилган чоралар ҳақида 1 ой ичида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилиши сўралган маҳфий топшириғи келиб тушди.
Вилоят ДХХ раиси А.А.Морозов ва менинг раҳбарлигимда топшириқни бажаришга киришдик. Орадан 5-10 кун ўтмасдан тадбир юзасидан Дехқонобод туман прокурори томонидан тонгда тадбир иштирокчилари томонидан 4 та камаз автомашинасида 40 тонна, кейинроқ эса, 20 та камазда 200 тонна кондинсат маҳсулотлари қонунга зид равишда Сурхондарё – Афғонистон йўналишида олиб чиқишаётган жиноий гуруҳларнинг қўлга олинганлиги ҳақида ва ўта пухта тайёргарлик кўришган қонунбузарлар ИИБ ҳодимларига бўйсунмасдан уларга қаршилик кўрсатиб, 4 тала ИИБ ҳодимларини қўл-оёқларини пресс билан қаттиқ боғлашганлиги туфайли, сим этларини кесиб, суякларга қадалган ҳолда бу етмагандай, оғизларига латта тиқишиб, 10 метр чуқурликдаги жарликка отиб юборишлик ҳолати ҳақида ахборот берди. Мен дархол ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғаттириб, тергов ҳаракатларини вилоят прокуратураси жиноят ишларини тергов қилиш бўлими бошлиғи Шавкат Файзиев зиммасига юкладим.
Орадан 3-4 кун менга ва терговчига нисбатан хужум бошланди. Мен Президент давлат маслаҳатчиси Анвар Набиев томонидан чақирилиб, менга Қашқадарёда уюштирилган тухмат маълумотлар тасдиқланмаганлиги сабабли, менга миннатдорчилик билдирилди. Собиқ бош прокурор Р.Қодиров мени хеч бир сабабсиз Қашқадарё вилоят прокурорининг 1-ўринбосарлигидан Сурхондарё вилоят прокурори ўринбосари вазифасига тушуриб қўйди.
Сурхондарё вилоятида ишлаб юрганимда мен Қашқадарёда конденсат бўйича қамоққа олган жиноий гурухларнинг шериклари Сурхондарёдан менга нисбатан провакация уюштиришмоқчи бўлишди. Аммо Сурхондарё вилоят ДХХ раҳбари Абдумажид Сатторов Қашқадарё вилоят ДХХ раҳбари Александр Аҳмедович Марозов билан гаплашиб, ҳолатга ойдинлик киритиб, уюштирилиши мумкин бўлган провакацияга йўл қўйишмади.
Р.Қодиров мени ўз хизмат хонасига чақириб, Қашқадарёда нимага кондинсат ишига тегиндинг деб, ишдан бўшаш ҳақида ариза талаб қилди. Мен бунга эътироз билдириб, унинг айтганларига мутлақо тескари, яъни, Сурхондарё вилоятининг иқлим шароити менинг соғлигимга салбий таъсир кўрсатаётганлиги сабабли, мени Тошкент вилоят ёки Тошкент шаҳар прокурорининг 1-ўринбосарлиги вазифасига ўтказишингизни сўрайман деб, хизмат хонасидан чиқиб кетдим. Ушбу аризам бугунги кунда Республика Прокуратураси кадрлар бошқармасида сақланмоқда. Ушбу жиноят иши бўйича манфаатдор бўлганлар томонидан менга асоссиз ўтказилган тайзиқ ва қийноқларга бардош бердим. Қилмаган ишимга мутлақо иқрорлик билдирмадим. Мен билар эдим, хукуматимиз раҳбарининг давлат манфаатини кўзлаб юборган топшириғини ижобий бажариш жараёнида асоссиз жабр кўрганларни қачондир қонунларимиз ўз ҳимоясига олишига, мамлакатимизга янги халқпарвар, адолатли Президент келишига ишонардим. Адолатни юзага чиқариб, халқим, ҳамкасбларим ва қариндошларим олдида юзини ёриқ қилиш учун тўхтамасдан 10 йил курашиб келдим.
Мана Парвардигоримиздан сўраган кунлар келди. Мамлакатимизга халқ кутган адолатли Президент келди. Президентимиз суд хуқуқ тизими ислохатларидан эсилган адолат шамоли мени ҳам четлаб ўтмади. Менинг халқ қабулхонаси мудири Т.А.Худойбергеновга берган мурожаатларим оқибатсиз қолдирилмади. Менга нисбатан бўлган жиноят иши бош прокурор томонидан ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Судига назорат тартибида Протест киритилди. Суд томонидан мен мутлоқ айбсиз деб топилиб оқландим. Бироқ оқлов қоғози билан 5-6 ой собиқ бош прокурор О.Муродов қабулига киролмасдан хуқуқларим тикланмасдан сарсон бўлиб юрдим.
Ўзбекистон Республикаси ДХХ раисига мурожаат қилганимдан сўнгина мени прокуратура тизимидан бўшатиш ҳақидаги асоссиз буйруқлар тўлиқ бекор қилинди. Полковник унвоним тикланди. Бироқ, асоссиз бўшатилган вилоят прокурорининг 1-ўринбосарлиги вазифасига тикланмасдан сарсон бўлиб юрибман.
Республика Бош прокуратура раҳбарияти менинг 49 ёшда хукумат раҳбари топшириғи бўйича давлатимиз иқтисодиётини талон-тарож қилишаётган жиноий гуруҳларга қарши ҳаётимни хавф остида қолдириб, матонат билан курашиб, давлатимиз иқтисодиётининг ривожланишига ўз хиссамизни қўшиб, прокуратура обрўйига янада обрў келтирган ҳолатига объектив баҳо бермасдан келмоқда. Менинг асосли мурожаатларим тегишли идоралар томонидан ўз вақтида ўрганилганда эди, мен 10 йил сарсон бўлмасдан шу йиллар давлатимиз ривожланишига ўзимнинг улкан хиссаларимни қўшган бўлар эдим.
Шу фурсатдан фойдаланиб, мен муҳтарам Президент Ш.М.Мирзиёевга мурожаат қилмоқчиман. Муҳтарам Шавкат Миромонович мамлакатимизда Сиз томонингиздан олиб борилаётган одил сиёсат ва исоҳатларингиз туфайли ижобий ўзгаришлар бўлаётганлигини кузатиб туришган бутун дунё мамлакатлари лол қолишмоқда.
Сизнинг ислоҳотларингиз туфайли судларимиз томонидан 2000 га яқин фуқароларимизга нисбатан оқлов хукми чиқарилди.
Инсон ҳаётда 1 марта яшайди. Лекин бу адолатсизлик инсон ҳаётида ўчмас из қолдирди. Маълум муддатда асоссиз судланган қора доғни кўтариб юришга мажбур бўлишди. Ҳамон айрим фуқароларимиз суднинг оқлов хукмига кўра ўз хуқуқларини тиклай олмасдан келишмоқда.
Айниқса, хизматни ўташ жараёнида ўз касбига содиқ қолиб, 2006 йил давлатимиз раҳбари томонидан давлат манфаати йўлида берилган адолатли топшириғини ижобий бажариб, давлатимиз иқтисодиётига ўз хиссасини қўшиб, ўзлари хизмат қилиб келаётган Вазирлик идораларининг обрўсига обрў қўшиб, кейинчалик айнан шу жасорати учун ўзи қонунларимиз томонидан ҳимоясиз қолиб, жиноий гуруҳлар томонидан уюштирилган тухмат учун асоссиз ишдан бўшаттирилиб, жавобгар қилиниб, адолатсизлик қурбони бўлиб, бугунги кунда суд томонидан оқланган фуқаролар мамлакатимизда олиб борилаётган ҳайрли ишларингизда Сизнинг ёнингизда туриб, ўз тажриба, билимларини хатто ҳаётини бағишлашга тайёр турган кадрларингизнинг хуқуқларини тўлиқ тиклашда амалий ёрдам беришингизни хизмат жараёнида адолатсизлик қурбони бўлиб қолганлар номидан илтимос қиламан.
Ф.С.Шайманов
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ