Ҳамроқул Асқар: САЙЛОВДАН КЕЙИНГИ САЙЛОВ…
Ўзбекистон Республикаси Сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғ Элчиевич Абдусаломов,
Тошкент шаҳар Сайлов комиссияси раиси Равшан Рашидович Ҳакимовлар диққатига!
САЙЛОВДАН КЕЙИНГИ САЙЛОВ…
Ортиқов Маҳмуджон Турғунович 1964 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1986 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгилсаноат институтини тамомлаган. Тўрт нафар фарзанди бор. Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси.
Маҳмуджон Тошкент шаҳар Учтепа туман 6-Чўпонота сайлов округидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига ўз номзодини қўйганди.
Дастлабки сайловдан сўнг, такрорий сайлов ўтказилган 6 – Чўпонота округининг 1 0та участкасининг 2020 йил 05 январь кунги дастлабки маълумотига асосан: — Маҳмуджон Ортиқов 849 та овоз, яъни рақибидан 164 та кўп овоз билан ғолиб бўлганлиги эълон этилган.
Сайлов комиссияси 6 – Чўпонота сайлов округи 62- сайлов участкаси овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисида 2020 йил 05 январь кунги баённомасида ҳам:
Маҳмуджон Ортиқов 213 та, Адолат партияси номзоди Обид Латипов 185 та овоз олганлиги қайд этилиб, ушбу сайлов ҳужжати ўша куни Комиссия раиси, раис ўринбосари, комиссия котиби ва комиссия аъзолари томонидан имзоланиб муҳр босилган.
Лекин, эртаси куни вазият ўзгариб, аниқроғи 62 – сайлов участкаси баённомасининг биринчи варағи алмаштирилиб 213 рақами 113, 185 рақами 285 деб, олдинги ёзувдан кескин фарқ қиладиган бошқа шахс томонидан ўзгартирилгани натижасида Обид Латиповга берилган овозлар сони 100 тага кўпайган ва у ғолиб деб эълон этилган. Яъни, М.Ортиқов ҳисобидан 100 та овоз камайтирилиб, О.Латиповга 100 та овоз қўшилиши эвазига жами 200 та овоз қалабкилаштирилиб, О.Латипов раъқибидан 36 овоз кўп овозга эга бўлиб қолган.
Ушбу ошкора ғирромликдан норози бўлган Маҳмуджон Ортиқов ва унинг вакили академик Ғуломжон Ҳамидов Учтепа туман, Тошкент шаҳар прокурорлари, Марказий сайлов комиссиясига шикоят қилсаларда натижа бўлмагач, барча ҳужжатларни илова этиб судга ариза топширганлар.
Мазкур ишни муҳокама қилган Юнусобод туман Маъмурий суди 2020 йил 17 январь куни: — 6 – Чўпонота сайлов округ сайлов комиссиясининг 05 янарь кунги баённомаси асосида чиқарилган 62 – айлов участкасига оид қисми ҳақиқий эмас., Мазкур қарор ижроси дарҳол ижро этилсин., деган мазмунда Ҳал қилув қарори чиқарган.
Ушбу суд қароридан норози бўлган депутатликга номзод О.Латиповнинг аппеляция шикоятини Тошкент шаҳар Маъмурий суди судьяси Н.Б.Усмонова раислигида муҳокама қилган апелляция судлов ҳайъати 2020 йил 17 февраль куни: — Юнусобод туман маъмурий судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, О.Латиповнинг аппеляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш., тўғрисида қарор қабул қилди.
Ажабланарли жойи шундаки, суд мажлиси жойи ва вақти ҳақида огоҳлантирилган бўлишларига қарамасдан жавобгар Тошкент шаҳар сайлов комиссияси ҳам, 6-Чўпонота сайлов округи вакиллари ҳам, даъвогар Обид Латипов ҳам келмаганликлари боис суд маҳкамаси уларнинг иштирокисиз ўтказилди.
Яъни, қалбаки ҳужжатлар фош бўлди, одил судлов адолатни тиклади!
Яъни, қонун талабидан келиб чиққан ҳолда сайловдан кейинги сайловларнинг ҳакамлари сайлов комиссияси эмас, одил судлов бўлди!
Биз ана шу жараёнларни кузатиб бораётган холис кузатувчи сифатида Маҳмуджонни қутлаганимизда у: — ўзини ҳимоя этаолмайдиган депутат сайловчиларнинг ҳуқуқини қандай ҳиМоя қилади, асли бу менинг ғалабам эмас, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ҳуқуқий демократик ислоҳатларнинг самарасидир., деди.
Одил суд Маҳкамаси қарор берди., Энди, Адолат ижроси Сайлов комисиясидан…
Ҳамроқул Асқар
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти мухбири.
23.02.2020 йил.
hamrokulas@gmail.com
Илова: Ҳақийқий ва сохта баённомалар ваТошкент шаҳар Маъмурий судининг 17.02.2020 йилдаги қароридан нусхалар. Жами 6 варақда.
- ҲУЖЖАТЛАР СОХТАЛАШТИРИЛГАНЛИГИНИ ТАСДИҚЛОВЧИ ДАСТЛАБКИ ВА КЕЙИНГИ МАЪЛУМОТЛАР
- ҲАҚИЙҚИЙ БАЁННОМА.
- ҚАЛБАКИЛАШТИРИЛГАН БАЁННОМА.
- БАЁННОМАНИНГ 2-ВАРАҒИ ЎЗГАРИШСИЗ ҚОЛГАН.
- ТОШКЕНТ ШАҲАР МАЪМУРИЙ СУДИНИНГ ҚАРОРИ:
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ