Сирожиддин Саййид: Сурхон боғларида гул тўкди ўрик…
Сурхон боғларида гул тўкди ўрик
…Етмишинчи йилларнинг бошлари, май ойимиди, июлмиди, эсимда йўқ, лекин иссиқ, эсимдагиси – тупроқ стадион, чанг-тупроққа беланиб “мактаб шарафини ҳимоя қилаётган” синфдош, тенгдош жўралар, мени барча ўйинлардан маҳрум этган физкультура муаллими, эсимдагиси – у мени дабдурустдан стадионга йўллатмайди, “бор – дейди, – сенинг жойинг бу ерда эмас, бор, кутубхонага бор, дарсингни қил, китобингни ўқи!..
”Менга бўлса алам қилади. Бутун стадион, синфдошларим, тенгдош жўралариму майдон чеккасида турган мактабдошларим устимдан кулаётгандек қийқириб-олқишлаб копток суради, мен эса…
Аниқ-тиниқ эсимда: 1974 йилнинг 28 август санаси, Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетига ўқишга кириб борганимдан кейин “физрук” Эшназаров ҳаммасини айтиб беради. Яъни, футболга берилиб кетмаслигим учун мени ўйинга қўймасликни унга отам тайинлаган экан. Гап нимадалигини билиб, сал-пал оғрингандай бўлсам ҳам, юзим ёруғ, кўкрагим тоғдай баланд эди. Боиси: мен шу мактабнинг ўқувчиси эдим, ўз кучим-билимим билан ўқишга (яна қаерга денг, ТошДУга, университетга, журналистика факультетига!) кириб келишимнинг ўзи мактабимнинг шарафини аъло даражада ҳимоя қилиш билан баробар эди. “Ничево, – дейди физрук, – маладес! Мана энди қанча ўйнасанг арзийди. Отанг жуда хурсанд сендан. Қандингни ур, маладес!” – дейди-да, мени оқшом стадионга футболга таклиф қилади…
Стадион! Мактаб стадиони…
Синфдошларим йўқ, тенгдошларим йўқ, у шодон қийқириқ-олқишлардан асар ҳам қолмаган. Командамизнинг ягона ашаддий ишқибози – гўё ҳамма фақат унинг учунгина гол уриб, ғолиб чиқишга интилгандай – шўху шаддод Раҳима ҳам йўқ. Атрофи пахтазор, ярим олақуроқ чим, ярми чанг-тупроқ мактаб стадионида бир бузоқ шаталоқ отиб юрибди. Дарвозалардан бири қийшайиб ётибди, бошқа дарвозанинг ёғочига эса ориқ-қартанг сигир боғлаб қўйилган.
“Мен бу ерда нима қиламан?!”.
Кўнглимдан кечган илк хулоса билан кўз ўнгимда турган ғариб-ночор манзарадан мактабимга ҳам, стадионга ҳам раҳмим келади. Кетаман.
Ўша пайтлар ўсмирликнинг тиниқ, аммо уқувсиз идрок билан битилган ҳикоя-қиссаларини газета-журналларга жўнатиш билан овунганман. Улар ҳеч ерда босилмайин, қай бир редакцияларнинг йўлакларию ўсмир орзуларимнинг унут ғаладонларида қолиб кетди. Бироқ эсимда қолгани мана бу: “Сариосиё ҳақиқати” газетаси. Маймиди, июлмиди, эсимда йўқ, лекин иссиқ, Ойбиби момомнинг чиллаки узумлари энди ранг ола бошлаган, анорзор, шафтолизор боғимизнинг этагидаги қуюқ олча дарахтида қушлар, зоғчалару чуғурчуқлар, зарғалдоқ ва майналар ғужғон бўлиб қолган бир паллада – газетанинг тепасида “Далалардан дараклар” деб қўйилган саҳифасида бир жуфт хабар босилиб чиқади. Бировининг остида менинг фамилиям, яна бировида “М. Кенжабоев” деб қўйилган хабарлар…
“Далалардан дараклар”да кўп чиқдик.
Кейин, мана, Тошкент университети. Журналистика факультети.
– Мирзо, – деди у. – Сариосиёдан. Кенжабоев. Энди бирга ўқиймиз…
“Далалардан дараклар”ни эслаб кулишдик.
Беш йилимиз бирга ўтди. Бирга ўқидик. Бирга оч қолдик… Университетни битирганимизга ҳам ҳадемай саккиз йил бўлади. Бизнинг хотиралар энди соғинчларимизнинг қуюқ лойсувоғи билан сувалган. Ҳаёту тирикликнинг “рубрика”лари газетадагидек эмас экан. “Далалардан дараклар”га энди кулмаймиз, у олис ўсмирликнинг олис шабадаси – эсладикми диллар орзиқади, орзиқаверади, эсладикми – диллар далаларга айланиб кетаверади, кетаверади.
Сурхон боғларида гул тўкди ўрик,
Баҳорга чулғанди бизнинг жанублар.
Кунлар шамолида гуллар баргидек,
Учиб келаётир хушбўй мактублар.
Мирзобекнинг учинчи китоби “Муножот” ҳам ўша далалар, ўша беғубор паллаларнинг давоми. Бу шеърий тўплам “Қуёш нурларини ичган бир юрак”нинг муқоваланган зиёлари, нурли соғинчлари.
Тунлар қаҳратоннинг заҳрини сезган
Ўзбекистон билан ёлғиз қоламан.
Бу танҳолик – кимсасиз одамнинг ночор-нотавон ёлғизлиги эмас, бу – шоирнинг Ватан олдидаги бурчи, дил ҳисоботи. Боиси – одам боласи нима иш қилмасин, қайси касб-корда бўлмасин, барибир, ўз кўнглида ҳисоб бериб бориши керак: Ватан олдида. Муҳаббат олдида.
Кетди, кетди кўп насим,
Қолди, қолди фақат бир исм – Ватан.
Ватанки, мен ҳануз ёлғиз чоғларим
Хилват анғизларга бағримни бериб,
Ўкириб-ўкириб йиғлайман:
Нечун, нечун дейман,
Бу муқаддас тупроқ устида
Юрурмиз биз оёқ-ла,
Нечун юриб бўлмас юраклар ила?..
Мирзобек барча дардлардан хабардор шоир. “Қўри йўқ юраклар – оламнинг шўри” эканини яхши билади. “Муҳаббатда фақат собит имонларга ишонгайман” дейди у ва сиз ҳам беихтиёр бу қатъий ва собит сўзларга ишонасиз.
Шоир ўз юрагининг майдонидан туриб сўзлайди. “Шеър дунёсига саёҳат”, “Сафарсайис”, “Тонгда самолётлар уйғотар мени”, “Мен дарахтман”, “Тошкентдан гапираман”, “Юрий Гагаринни эслаб”, “Катта танаффуслар” сингари шеърлар шу майдонда янграган жўшқин-назмий нутқлардир.
Бироқ юрак фақат майдонгина эмас, юрак…
Энди бағир ўт олди,
Келди ўзга баҳорлар.
Юрагимдан ўтади
Дунёдаги беморлар.
Юрак фақат майдонгина эмас, юрак… юракка қулоқ солинг: “Мен дарахтман, онам-эй, юрак ёлғиз япроғим. Тошлар тегса танамнинг зирқирайди чапроғи!..”
Яхши-да, зирқираса, оғриса. Оғриқ, демак майдон мавжуд, гупуриб уриб турган, туну кун бедор-беҳаловат майдон. Ва, буни қарангки “Тошкент – Душанбе” 180-поездининг (“Ватан минтақаси”) ғилдираклари сизни олиб кетади. Вақт темир йўл шпалларидай чопқиллаб-югургилаб қолаверади. Сиз кетасиз. Одамлар ўрнига Ватанлар кезиб юрган бекатлардан ўтиб, “гул ёқали паришон йигитнинг украин эмас, Украиналигини” англаб, ҳар манзил, ҳар бекатда Ўзбекистон билан юзма-юз келиб кетаверасиз.
Бу йўллар ҳақиқат йўли, озодлик ва саодат йўли. Ватан олдидаги қарздорлик ҳисси, фарзандлик бурчи “Саҳро дилингизни шудгорлар қилган” бу йўлларда уфқларга туташ она юрт кенгликларию тоғу даштлари қадар узаниб, ястаниб ётган садо бор:
О инсон, садқайи номинг кетай мен!..
Мирзобек дўстимиз бу назмий “Муножот” билан ўз кўнглидан – “юрагининг майдонларида” елиб юрган кенгликлардан дарак берибди. Дарак борми, демак юрак бор, юрак борми, демак, дарддан дарак бор. Ажабмаски, унинг кейинги китоби “Юраклардан дараклар” деб номланса… (1986 (5.10.1986)
Умрим, сен ниятнинг шафақларида
Талпинган оловранг бир тахайюлсан.
Умрим, сен қисматнинг дарахтларидан
Тошкент боғларига тўкилган гулсан.
Умрим, лаҳзаларинг турнадек учди,
Сенинг турналаринг қолдими тирик?
Тошкент боғларини мовийлик қучди,
Тошкент боғларида гул тўкди ўрик.
Орадан… ўттиз икки йил ўтгандан кейинги “хушхабар”
Заҳматкаш шоиримиз Мирзо Кенжабекнинг яқиндагина “Наврўз” нашриётида чоп этилган ҳажман мўъжазгина, мазмунан жуда ҳам муҳташам “Хушхабар” номли китобини ўқиб, рости гап ҳаловатимни йўқотдим. Ҳаловатимни йўқотдиму, “шахсий архив” деб аталмиш йилларимнинг тахламлари – дунё-дунё қоғозлару дафтарларим орасидан юқорида зикр этилмиш мақолани топиш шарафига муяссар бўлдим. Оралиқ масофа ўттиз икки йилни ташкил этса-да, “Сурхон боғларида гул тўккан ўрик”ларнинг димоғимга урилган “хушбўй мактублари” ифоридан сархуш ва бехуд эдим. “Хушхабар”да ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг
Гулшанингдин елдек, эй раъно ниҳол,
Мен ёмон бордим, вале сен яхши қол
байтига боғланган тазмин шеър бор.
Шу байтгинада бутун ҳаёту тирикликнинг баҳорию хазонрези, шоирлик қисматининг бор армону айрилиқлари жо этилгандай. Нима ҳолат бўлганда ҳам, шоир ўз эътиқоди ва маслагида собит ва устувор. Шу боис, ҳар бир сўз Ватандай англашилади, Ватан соғинчлари янглиғ дилни жимирлатади. Демак устоз Шукур Холмирзаев лутф этгандай: “Ҳаёт абадий”. Дийдор тугамайди. Хушхабарлар, хушбўй мактублар кўнгил муждаларидай келишда давом этаверади…
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири
«Дунё ўзбеклари» учун махсус