Танишинг: Оҳангаронлик истеъдодли журналист Алишер Комилхонов!
Ассалому алекум Исмат Махмудович,
мен охирги вақтларда Оҳангаронда сизнинг яқин ҳамкорингиз сифатида ном чиқариб қолдим, қариганимда бу ном мен чун албатта шараф, бир йилча бўлди сизга эски журналист Озод Хушназаровни таништиргандим, унинг «Дунё ўзбеклари»да ўзининг қатор мақолаларини нашр қилдингиз, бундан албатта димоғи чоқ, кўча кўйда мақтанган мени Абубакир Худойқулов Торонтодаги Исмат Хушев билан таништирган деб.
Анчадан бери яна бир журналист укамиз мендан илтимос қилиб «ака 1-2 нарсаларимни «Дунё ўзбеклари»да чиқариб беринг»деб юрибди, кўнгил бўш майли электрон вариантини бергин, мен Исматжонга ташлайман агар ёзганларинг маъқул бўлса чиқаради дедим.
Илтимос мен журналист укамиз Алишер Комилхоновнинг мақолаларини сизга ташлайман, бир ўқиб кўринг, бу ёғи сизга ҳавола, туман, вилоят масштабида мақолалари босилиб юрган одамга кимсан Канадада Исмат Хушевнинг»Дунё ўзбеклари»да мақолалари чиқибди деган гап жуда катта хурсандчиликку ахир.
Сизга ҳурмат билан: Абубакир Худойқулов, Оҳангарон райони
Телеграм +99897 449 84 24
БИР КЎЗЛИ ФЕМИДА*
Конституциямизга асосан қонун олдида барча баробардир. Лекин амалда… Келинг, бир нечта мисоллар келтирган ҳолда жойдаги мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсатни, умуман, Бош Қомусимизни ҚАНДАЙ ИЖРО ЭТАЁТГАНИНИ таҳлил қилсак.
БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ЭР
Наманган вилояти Чуст туманида истиқомат қилувчи фуқаро Канохат Уринова бир неча йилдан бери Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг 2010 й. 21 июнидаги ҳал қилув қарорига асосан Жавобгар Уринов Хакимжондан вояга етмаган икки нафар фарзандимизнинг моддий таъминоти учун ойлиги ҳисобидан 1/3 қисмдаги алимент ундирилиши бўйича бормаган эшиги, ёзмаган идораси қолмади, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Порталига… Лекин Чуст тумани МИБчилари бу ишга умуман жиддий ёндашмаябди. Ўлганнинг устига тепган тамойилини қўллаб, унга турли тазъйиқ ўтказмоқда, қайта ва қайта “бажарамиз! Эрингизни топамиз! АПлимент пулларини ундирамиз!” қабилида ёлғон ишлатиб келишмоқда. Ваҳоланки, алиен бўйича қарздорлик анча миллион сўм бўлган.
Шу ўринда бир изоҳ: икки нафар болага алиментни эрнинг ойлигидан 100 % ундириб олишга ноқонуний қарор чиқарган Суд ижрочиларининг Оҳангарон туман/шаҳар бўлинмасида ишловчилар ўз ишларидан умуман пушаймон эмас. Бугунги кунда Оҳангарон МИБ ходимлари ҳам ишлаб трган ходимни эзиш, хотин кишининг бир оғиз оғзаки шикояти билан пластик карточкасини “музлатиб” қўйиш каби амалиётни бажариб келишмоқда. Канохат Уринова кабилар учун эса жон куйдиришни умуман хоҳлашмайди. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
ЕТИМНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ ҲАЗМ ҚИЛАЁТГАНЛАР
Яна Оҳангарон шаҳри, яна адолатсизлик: фуқаро Ирина Алексеевна Кимга тегишли уй-жойда, яъни: Оҳангарон шаҳар, 2-кичик туман, 6/7-уй, 41-хонадон масаласи. Бу жойдан у пропискадан ўтган, 2010 йилда ҳозирда раҳматли онаси, Ким Изабелла Ивановнанинг олдига, Россияга ишлашга кетган. Чунки ўша даврларда Ўзбекистонда иш топиш ниҳоятда мушкул эди (ҳозир ҳам шу аҳвол). Дилфуза Тўлаганова исмли танишига унга мерос бўлган квартирани ташлаб кетган – қараб туриши, иложи бўлса, ижарачи квартирант қўйишни илтимос қилиб. Д. Тўлаганова 2011 йилда қамоқ жазосини ўтаб келган ва уйи йўқ укаси Аброр Қобулович Аутовни ижарага қўйганди. Шу орада Иринанинг онаси вафот этиб, бу мол-мулк унга ўтганди.
Лекин 2015 йили Россиядан қайтса, А. Аутов уйимдан чиқишдан бош тортди. И. Кимнинг ялинишлари, нолаларига на у, на хотини Наргиза Холматовалар қулоқ солишмаябди. Шу давр ичида қонуний эгасига тегишли мол-мулкдан фойдаланибгина қолмай, уй жиҳозларини сотиб ташлаган ҳам!
Ирина Ким бу ҳолат бўйича Оҳангарон шаҳар ва туман ИИБ, прокуратураларга мурожаат этган; Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига даъво аризаси билан чиққан. Лекин суддагилар аризасини қабул қилишдан воз кечди. Турмуш ўртоғи ҳам Ирина каби етим, унга қонун бўйича бепул уй-жой бериши керак эди давлат. Лекин бу иш бажарилмади, яъни етимнинг ҳаққини бировлар еб кетган. Бормаган жойи, арз қилмаган ташкилотимқолмади – ҳеч бир натижа йўқ!
Дардини эшитадиган, ташвишига қулоқ соладиган мансабдор шахс ва мутасадди ташкилотнинг ўзи йўқ. Ҳозирда эри билан ижарама ижара сарсон бўлиб юрибди: на уй-жойи бор, на бир мўътадил иш бор. Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги уй-жой бўлимига бир неча маротаба мурожаат қилган, лекин бошлиғи Лилия Сергеевна Раҳимова етимларни эшитишни ҳам хоҳламаябди. Энг қизиғи – бундай мутасаддиларга ҳеч қандай қонуний чора кўрилмаябди! Ваҳоланки, маҳаллий матбуотда бу мавзу кўтарилганди.
САЙЛОВ ОЛДИДАН ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР…
2019-2020 йиллардаги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар олдидан рақиблар ва умуман, баъзи номзодлар тўғрисида турли миш-мишлар тарқатиш, уларнинг шаънига бўлар-бўлмас гапларни кенг оммага ёйиш – шу жумладан. Оммавий ахборот воситаси саналмиш “телеграм” ижтимоий тармоқлар орқали – Оҳангаронга теккан касал. Мисол учун: ўша даврда шаҳар ХТБсида меҳнат қилган Зарина Ҳамдамовна Раҳимова телеграм-канали орқали номзодлари қўйилган ўқитувчиларнинг шаънига ҳақоратли сўзлар, иборалар ишлатди — Д. Алиева, М. Айнакулова ва А. Комилхоновларга нисбатан. Энг қизиғи – номзодларнинг бири унинг отаси билан бир сайлов участкасида рақиб эди. Прокуратура, шаҳар ИИБсига керакли ариза ёзилса ҳам, орадан икки ойча вақт ўтса-да ҲЕЧ ҚАНДАЙ НАТИЖА ЙЎҚ! Прокуратурадагилар “15 кун кутасиз” мазмунида жавоб келди. Ахир у пайтгача сайлов ҳам, такрорий сайлов ҳам тугаб қолишу аниқ-ку!
САЙЛОВ ПАЙТИДАГИ НАЙРАНГЛАР
Умуман, баъзи бир сайлов комиссиялари аъзоларининг “ўйинлари” “Лазги” ёки “Тановар” бўлса майлига – “Ламбада” рақси шаклида эканлиги одамни ажаблантиради. Мисол учун, яна ўша Оҳангарон шаҳри, аниқроғи — шаҳар сайлов комиссияси аъзоларига камина номзод Ж. Содиқов томонидан сайлов қонунчилиги ва Жиноий кодекснинг 146-моддасида кўрсатилган модда бузилганлигини кўрга ҳасса қилиб кўрсатди, яъни: номзод Ж. Содиқов 12-“Намуна” сайлов участкасига сайлов бюллетеньларини санаш даврида кириб, сайловга оид ҳужжатларни олиб чиқиб кетади. На ўша жойда ҳозиру-нозир бўлган ИИБ, Миллий гвардия ходимлари, на комиссия аъзолари, на кейинчалик шаҳар сайлов комиссияси раиси А. Бекмуродов, на прокуратура бунга амалда ҳеч қандай ҳаттоки эътироз билдиргани йўқ!
Оҳангарон шаҳар 12-“Намуна” сайлов участкасида бўлиб ўтган сайловларда номзод А. Мунавваров 264та овоз, номзод А. Комилхонов (мақола муаллифи) 261та овоз олиб, иккинчи турга чиқишган эди. Тааллуқли баённома имзоланди ва шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этилди. Лекин ўша Ж. Содиқов юқоридагида таъкидлаганимдек, амалдаги қонунчиликни қўпол бузиб, зўравонлик йўли билан, шаҳар ҳокимининг муовини Шуҳрат Сотволдиевни ишга солиб, бу баёномани бекор қилди. Иккинчи турга чиққан номзодлар бу тўғрида огоҳлантирилмади ҳам… Орқадан, пинҳона иш тутилди – яна амалдаги қонунчиликка зид равишда!
Бу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош сайлов комиссияси, шаҳар прокуратураси, шаҳар комиссияси, шаҳар ҳокимлиги, Президент Порталига шикоятлар ёздим. Амалдаги натижа – ноль! “Сенинг гапинг – менинг перпендикулярим!” тамойилида иш юритилмоқда.
ИШНИ ҚИЛГАН ЭМАС, БУ ТЎҒРИДА АЙТГАН АЙБДОР (МИ)?
Мақола муаллифи Оҳангарон шаҳар ХТБ тасарруфидаги 5-ўрта умумий таълим мактабида бўлиб ўтган ҳунук воқеалар, яъни: 9-чи синф ўқувчилари бир-бирини урганликлари, камситканликларини видеотасвирга олган тасвирларни “Олтин воҳа” сайтига жойлаштирганлиги учун (журналист тариқасида) озмунча азоб чекмади: бир томондан шаҳар ҳокими О. Жўраев, иккинчи томондан – мактаб маъмурияти, учинчи томондан – шаҳар ИИБ бошлиғи… Яъни, амалдаги қонунчиликка зид равишда, биринчидан, мақола муаллифининг исми сир сақланмади; иккинчидан, бу ҳуқуқбузарликларни ошкора қилганлиги учун А. Комилхонов ёмон отлиқ бўлди. Яна ва яна бир маротаба!
Айтинчи, Президент Ш. Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномадаги вазифаларни ким бажармоқда-ку, ким тўсқинлик қилмоқда? Ёки бизда ёзилган қонунлар билан амалдаги қонунларнинг орасида улкан фарқ борми?!
МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ: ЭСКИ ТОС, ЭСКИ ТОҒОРАМИ(МИ)?
Камина 2019 й. май ойида содир этилган яна бир ҳуқуқбузарлик, яъни: ўша даврда Оҳангарон шаҳар ХТБ мудири вазифасини в.и.э. Зарина Раҳимова томонидан шаҳар мактаблари ўқитувчиларини 8-мактаб ҳудудини тозалашга, яъни мажбурий меҳнатга жалб қилиши бўйича Оҳангарон шаҳар ИИБ ва прокуратурасига ариза билан чиққандим. Натижа – ноль! Аксинча, бу шахсни яна бир маротаба шаҳар ХТБсига мудир этиб тайинлашни истовчи мутасаддилар бор… Бу ёғини ўзингиз тушуниб оласиз, деган умиддаман.
Шунинг учун Оҳангарондаги Фемида бир кўзли, шилпиқ экан; “Қонун олдида барча баробар, лекин баъзилари баробарроқ” тамойили остида иш юритилмоқда десам, муболаға бўлмас. Маҳаллий “Оҳангарон ҳаёти” – “Жизнь Ахангарана” газетасига 2020 йилнинг 17 куни ичида Оҳангарон шаҳрида 8та(!?) жиддий жиноят содир этилганлиги тўғрисидаги мақолам чоп этилиши, бу материалга мутасаддилар умуман аҳамият бермаганлиги ҳам шаҳримизда қонунчилик қай аҳволдагидан дарак беради.
Ҳўш, Оҳангаронда Қонун устуворми, “понятка”ми?
Алишер Комилхонов,
“Оҳангарон ҳаёти” газетаси мухбири,
мактаб ўқитувчиси.
_____________________________
* Фемида – Қадимий Рим салтанатида адолат маъбудаси. Аксарият ҳолатларда кўзига боғич билан, бир қўлида тарози, иккинчисида қилич билан тасвирланган.
Муаллиф телефон рақами: +99894 213 17 25
МУАЛЛИФ ҲАҚИДА — ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Мен, Комилхонов Алишер Абдусаломович, 1968 йилнинг 11 майида Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида туғилганман. 1985 йилда Оҳангарон шаҳридаги 3-сонли А.С. Макаренко номли ўрта мактабни тамомлаганман. Шу йили Россиянинг Горький (кейинчалик – Нижний Новгорода) шаҳрида жойлашган Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга кирганман. 1986-1988 йилларда ҳарбий хизматни Мўғўлистонда ўтганман.
1992 йилда Нижний Новгород Давлат педагогика институтини қизил диплом билан битириб, Оҳангарон шаҳрида жойлашган 5-, 3-, 41-, 2-мактаблари, тумандаги 42-сонли, Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли мактабларда, “Оҳангарон ишчиси” – “Ахангаранский рабочий” газетаси таҳририяти, “Оҳангарон Рангли Цемент” Қўшма Корхонаси, “Оҳангаронқурилиш” ОАЖ, “Гули-Лола” ХККларида турли лавозимларда ишлаб келганман (рус тили адабиёти: ўзбек ва рус синфларида; чизмачилик, Иқтисодий билим асослари, география, тасвирий санъат ўқитувчиси; таржимон, мухбир, катта мухбир, рус бўлими мудири; таржимон, Касаба уюшма қўмиталари раиси; ходимлар бўйича мутахассис).
Ҳозирда Оҳангарон шаҳридаги 2-ўрта умумий таълим мактабида рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, касаба уюшма қўмитаси раиси ҳамда “Оҳангарон ҳаёти” – “Жизнь Ахангарана” газетаси таҳририятида мухбир лавозимларида ишлаб келмоқдаман.
Ажрашганман, 2 нафар болам ва 1 нафар неварам бор.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ