“Рейхстаг” га байроқ тиккан ўзбек фарзанди — ЎзА
“Рейхстаг” га байроқ тиккан ўзбек фарзанди

Тошкент вилоятининг қишлоқларнинг бирида Мархаматхон Бобоева истиқомат қилади. Аср кўриш арафасида турган бу онахон қаҳрамонимиз ҳақида фарзандларига, невараларига тез-тез сўзлаб беради. Эҳтимол, нуроний онахон марҳум уруш қаҳрамонини яқиндан таниган энг охирги инсондир. Чунки, Ботир Бобоев Марҳамат аянинг турмуш ўртоғи Баҳодир Бобоевнинг укаси. Бу сулоланинг ёши улуғлари деярли қолмаган, Марҳамат ая эса у суронли даврларнинг ёлғиз гувоҳи.
Ботир Бобоев ҳақида ҳижжалаб маълумот йиғдик. Тома-тома кўл бўлди. қисқаси, у 1914 йил Тошкент вилоятининг Қўйлиқ қишлоғида туғилган. Миллати ўзбек. “Қизил Юлдуз”ордени, II даражали Ватан уруши ордени, “Қизил Юлдуз” медали билан тақдирланган. Польшанинг Оборники шаҳридаги жангларда қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатгани учун 1945 йилда “Совет иттифоқи Қаҳрамони” бўлган.
Бундай эътирофлар унга жанг майдонларида кўрсатган мислсиз қаҳрамонликлари учун берилгани шубҳасиз.
Оддийликдан қаҳрамонликкача

Ботир, Баҳодир… Уларга ота-онаси гўё шонли тақдирини олдиндан билгандек шундай ном қўйишган. Маълумотларга кўра Ботир уруш бошланмаган кезлардаёқ Харьков артиллерия билим юртида ўқиган. Жаҳон урушининг оғир ва залворли йилларини жангларда ва танкларга қарши юришларда ўтказган. Урушнинг охирги йилини катта лейтенант, бир қатор юксак унвонлар соҳиби сифатида қарши олган.
У Самарқанд шаҳридаги Молия техникумини тамомлаган йиллари фашистларнинг бостириб кириши барча қатори бўлғуси қаҳрамонни ҳам бефарқ қолдирмади. У дарҳол кўнгилли сифатида фронтга жўнаш тўғрисида ҳарбий комиссарликка мурожаат қилди. Қорақалпоғистонда тузилган ўқчилар бригадаси таркибида командирлар курсини тамомлаган Ботир Бобоев бригада штаби бошлиғи тавсиясига мувофиқ Харьков шаҳридаги танкка қарши курашувчи қўшинлар билим юртига ўқишга юборилди. Билм юртини тугаллаб, лейтенант унвонига эга бўлди. У 1942 йилнинг октябрида тўпчилар полкида взвод командири лавозимида жангга кирди.
Ўшанда Сталинград бўсағасида шиддатли ҳаёт-мамот жанглари давом
этар, Островский аҳоли пункти яқинида душман пиёдаларига қарши ҳужумга ўтган эди. Бу Б.Бобоев учун масъулиятли имтиҳон эди.
Лейтенант Бобоев гитлерчиларни тинмай тўпга тутар, батареяда ўт очилишида унинг хитоби тез-тез янграр эди. Манбаларда ёзилишича, унинг снарядлари душманни аниқ яксон қилар, бундан руҳланган Бобоев яна ва яна ҳужумга ўтар эди…
Марҳамат ая хотиралари:
– 1947 йилда мен Ботир Бобоевнинг акаси Баҳодир ака хонадонига келин бўлиб тушганман. Ботиржон барчага ёрдам қўлини чўзадиган чин инсон эди. Бизнинг уйга байрам, туғилган кун муносабати билан тез-тез келиб турарди.
Ботирбек ака бир воқеани айтиб берганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди. Рейхсакка байроқни тикиш жараёнида ўнлаб одамлар отилиб кетган экан. Ботир ака ҳам улар орасида бўлиб, байроқ ўрнатиш жараёнида орқасидан ўқ еган. Сўнгра Бобоевни тополмай қолишган. “Больница”га бориб қарашса, ўликлар орасида элас-элас нафас олиб ётганмиш. Дарров госпиталга юборишибди. Шундан сўнг тузалиб, герой бўлиб қайтган эканлар.
ЖАНГ…
…Лейтенант Бобоев тўпчилари Чертово аҳоли пункти бўсағасида душман танкларига қарши ҳужумга ўтиб, яна бир бор қаҳрамонлик кўрсатди. Душманнинг икки танкини яксон қилиб, 200 га яқин солдат ва офицерни йўқ қилди. Сталинград шаҳри бўсағасида олиб борилган жангларда кўрсатган мардлиги учун Ботир Бобоев “Қизил Юлдуз” ордени билан мукофотланди.
Днестр дарёсининг ўнг қирғоғидаги аҳоли пункти учун олиб борилган жангларда ҳам Б.Бобоев тўпчилари душманни даҳшатга солди. Тўплардан беаёв ўт очган баҳодирлар ҳар куни душманнинг қарши ҳужумини қайтариб, фашистларнинг кўплаб танк ва бронстранспортёрларини яксон қилди. Юзлаб сольдат ҳамда офицерлар яксон қилинди.
Рустам Умаров: – 14-15 ёшларимда Ботирбек ака билан кўришганман. Эсимда, у киши басавлат, кўксини орден ва медаллар шонаси тўлдирган Совет итт
ифоқи қаҳрамони эдилар. Мен у кишининг инсонийлик фазилатлари ҳақида бир-икки воқеани айтмасам бўлмайди.
Бир куни мактабимизга Ботир Бобоев билан учрашув ташкил қилинди. Урушдан кейин эмасми, хоналаримиз совуқ, кўпчилик пўстинга ўраниб ўтиришибди. Тадбирдан сўнг Ботир ака мактабимиз директоридан нега хоналар совуқлигини сўради. Директоримиз кўмир кечикиб қолганини айтди.
Сўнгра меҳмонлар кетишди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас катта зил машинасига юкланган кўмир мактабимизга келиб тушди. Биз, ўқувчилар қўлма-қўл қилиб ташидик. Кейин билсак, совуқда қалтираб ўтирган ёшларни ўйлаб бу кўмирни Ботир Бобоевнинг шахсан ўзи юборган экан. Бир инсоннинг инсонийлиги шунча бўлади-да…
ЖАНГ…
Бобоев ярадор бўлишига қарамай, ўз тўпчилари билан қаҳрамонлик кўрсатишда давом этди. 1945 йил январь ойида фашистлар пулемёт, автомат, тўплар ёрдамида бор жон-жаҳди билан ташланди ва гитлерчиларнинг қарши ҳужумларини қайтарди. Натижада душман ҳужуми барбод этилиб, Варта дарёсидан ўтиш учун шароит яратилди. Душманни изма-из қувиб боришда Бобоев жанговар тартибда уларга мадад бериб борди.
1945 йилнинг 31 майида гвардия катта лейтенанти Ботирбек Бобоев “Совет иттифоқи Қаҳрамони” номига лойиқ кўрилди. Бу хабарни у Берлин остонасида эшитди.
Марҳамат ая хотиралари:
– Ҳар йили 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” телевизордан кўп “герой”ларни кўрсатишади. Негадир, Ботир аканинг қаҳрамонликлари гапирилмайди, эсланмайди. Бугун улар ҳақида айтаётиб, кўнглим анча таскин тортди. Президентимизга минг раҳмат, “герой”лар учун боғ қурдираётган экан, эшитиб хурсанд бўлдим. “Воэнкомат”дан сўраб келишди, суратларини бердик.Бобоевлардан битта мен қолибман, шу воқеаларни айтишни, Ботирбек Бобоевнинг меросини, қаҳрамонликларини халққа етказишни бурчим деб билдим.
ЖАНГДАН СЎНГ…
Ғалабадан кейин ҳам Ботир Бобоев ҳарбий хизматни давом эттирди. У йирик штабларда хизмат қилди, Ўзбекистоннинг ҳарбий комиссариатлари тизимида узоқ вақт ишлади. Айниқса, Тошкент уруш ветеранларининг пойтахтнинг жамоат ҳаётидаги иштироки, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда унинг ҳиссаси катта.
Ўзбекнинг мард ўғлони Ботир Бобоев 1984 йилда вафот этди.
Рустам Умаров: – Маҳалламизда Қилич домла яшар эди. Ўртанча ўғли Анвар билан тенгдош эдик. Бир куни у ёнимга келиб, акаси армияда, отаси эса ўлим тўшагида ётганини айтди. Хизматга кетиб қолсам, отамга ким қарайди?
Сен Ботирбек Бобоевни танийсан-ку, вазиятни айтсак ёрдам бермасмикан, деб қолди. Ботирбек аканинг ишхонаси “Чорсу” атрофида эди. Бирга йўл олдик. У ердагилар мени яхши танирди, муаммосиз кириб кетдик. Ботир акага вазиятни тушунтирдим. Шунда у киши ёрдамчисига топшириқ берди. Биз унинг машинасида дўстимнинг уйига бордик, ҳақиқатдан ҳам Қилич домла оғир ётган экан. Шу ернинг ўзида протокол тузилди. Эртасига Анварни кейинги чақириққа армияга олиб кетилишини айтишди. Ҳамма хурсанд. Ишонасизми, бу гапдан дўстимнинг отаси ҳам кўп ўтмай оёққа туриб кетди. Ўшанда Ботир Бобоевнинг нақадар инсонпарвар, сахий одам эканига яна бир бор гувоҳ бўлганмиз.
…Қаҳрамоннинг ёд этилиши – китобнинг униққан варақларидаги ғуборларни тозалаш, уни қайта ўқиш кабидир. Ботир Бобоев китоби ҳали “кўп ва хўп” ўқилади, ёд этилади. Бу ёзувлар эса қаҳрамон сийрати томон ташланган кичик қадамдир.
Ботир Давронович Бобоев уруш бошлангунга қадар Қорақалпоғистонда молия сохасида ишлаган.