Ўзбекистон Президентига “Жарқўрғоннефт” корхонаси ишчи хизматчиларидан ариза
Сурхондарё вилоятида жойлашган “Жарқўрғоннефт” акциядорлик жамиятининг бир гуруҳ ишчи ходимлари ва нафақага чиққан фахрийлари томонидан Мурожаатнома
Ассалому алайкум ҳурматли Шавкат Миромонович!
Муҳтарам президентимиз томонидан қисқа муддатларда давлатимиз ва унинг фуқароларининг ҳаётини яхшилашга қаратилган улкан ислоҳатлар амалга оширилмоқда. “Давлат органлари халқ учун хизмат қилиши лозим” деган улуғ ғояни илгари суриб, халқ манфаатлари, унинг тинч-тотув яшаши, фаровонлиги йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Мамалакатимизда қанчадан-қанча банкрот ҳолатига келиб қолган корхоналарни инвестиция киритиш ва бошка йуллар оркали фаолияти тикланиб қанчадан-қанча фуқораларимиз иш билан таъминланмоқда, буларнинг барчаси таҳсинга лойикдир, лекин “Ўзбекнефтгаз” АЖ даги ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарни соғломлаштириш бўйича ислохатлар олиб борилаётган бир вақтда, ўзини-ўзи иш ҳамда пул маблағлари билан таъминлаб келаётган, иқтисодий жиҳатдан барқарор, ўз олдига қўйган режаларни бажариб келаётган “Жарқўрғоннефт” АЖ нинг инвесторга берилиши бўйича олиб борилаётган ишлар, жамият ишчи ходимлари ва нафақага чиққан ходимларда норозиликлар ва ишончсизликлар пайдо бўлмоқда.
Чунончи, 2019-йил 18 июн куни ҳеч бир қарор ёки фармон бўлмасдан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг кўрсатмаси билан бир гурух ходимлар келишиб, Жарқўрғон туманида фаолият юритаётган «Petromaruz Overseas LLP» чет эл корхонаси ходимлари билан биргаликда “Жарқўрғоннефт” АЖ га тегишли барча мол-мулк ва асосий воситаларни инвентаризациядан ўтказиб кетишди, биз хайрон қолдик, умуман ўзга корхона ходимлари келишиб бошқа бир корхонани молк-мулкларини текшириб тафтишдан ўтказишса?
Ҳа бунинг сабаби бор экан, гуёки, «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси бизнинг жамиятимизни сотиб олиб, инвестиция киритиб, нефт қазиб чиқаришни купайтирар экан, буни жорий йилнинг 23 июн куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Саидов келиб, тизимда катта ислоҳатлар ўтказилаётганлигини бунинг бир мисоли “Жарқўрғоннефт” АЖ ни «Petromaruz Overseas LLP» чет эл корхонасига сотиш ва “Петромаруз-Ўзбекистон” қушма корхонаси ташкил этилишини айтганидан сўнг билдик.
Улуғбек Саидовнинг сўзларига қараганда «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси янги технологиялар олиб келиб нефтни қазиб олишни кўпайтирар экан?
Бироқ 27.06.2013 йилда “Ўзбекнефтегаз” МХК раиси Ш.Файзуллаев ва «Petromaruz Overseas LLP» бош директори Ю.Черных ўртасида “Учқизил, Хаудаг, Кокайти, Лалмикор, Амударё, Коштар, Миршоди конларида нефт қазиб чиқаришни кўпайтириш тўғрисида”ги шартномада ҳам «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси янги технологиялар олиб келиб нефт қазиб чиқаришни купайтиш ва инвестиция киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олган эди.
Яна бир бизга тушинарсиз бўлган томони, жамиятимизда ишлаб турган мавжуд штатлар, «Petromaruz Overseas LLP» корхонасида ҳам мавжуд. Агар бизнинг корхонани кўшиб олса ўз ўзидан маълумки “Жарқўрғоннефт” АЖ да ишлаб турган муҳандис техник ходимлар ўз-ўзидан қискариб кетади?
Чунки буни Улугбек Саидовнинг ўзлари ҳам «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси қўшиб олганидан сўнг уч ой мобайнида ишлатади, ундан сўнг қайси ходим керак бўлса олиб қолиниб, қолганларига жавоб берилади деган гапни айтиб ўтдилар.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Бизнинг ташкилотимиз 90 йиллик тарихга эга. Биз жамиятда фаолият кўрсатиб, нефт қазиб чиқариш режаларимизни доим бажариб келмоқдамиз, давлатга тўланадиган 178 млрд. 693 млн.сўм солиқлар ўз вактида тўланиб келинмокда жамиятда 600 нафарга якин ишчи ходимлар иш хақларини ўз вақтида олиб келмоқда.
“Жарқўрғоннефт” АЖ 2014-2019 йилларда давлатга 178 млрд. 693 млн.сўм солиқ тўлади ,(1НН шакли нусхаси илова №1 килинади). Бундан албатта барча ишчи ходимлар мамнун. Бундан ташқари вилоятимизнинг туман ва шаҳарларидаги “Обод маҳалла” дастури асосида амалга оширилаётган ободончилик ва бунёдкорлик ишларига молиявий маблағ ажратилмоқда ва иш кучи билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Буларга мисол Шарғун шаҳарчаси, Музработ тумани, Ал Ҳаким Термизий зиёратгоҳи, Какайди қўрғонидаги бунёдкорлик ишлари мисол бўла олади. Туманимиздаги 4 қаватли иккита уй тўлиқ таъмирланиб берилди. Вилоятдага барча тадбирларга, жумладан Термиз шаҳрида ўтказилган халқаро “Бахшичилик” санъати фестивалига, Халқаро кураш мусобоқаларига, спорт мусобоқаларига, кўзи ожизлар жамиятига доимий равишда маблағлар ўтказилиб берилмоқда.
Акциядорлик жамиятимиз томонидан юқоридаги ҳомийлик ишларига ихтиёрий асосда 3 млрд сўмга яқин маблағ ўтказилди. Жамиятимиз 2018 йилни 3 млрд. 216 млн. сўм соф фойда билан якунлади. 2019 йил 9 ойликни эса 17 млрд 443 млн.сўм (“Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот” 2-сонли шакл нусхаси илова №5 килинади) соф фойда билан якунлади.
Буларнинг барчаси шу корхонада ишлаётган ишчи ходимларнинг фидокорона меҳнатларининг натижасидир! Шундай ишлаб турган ва 600 нафарга яқин ишчиларни иш билан таъминлаб турган жамиятни тугатиб юборишмоқчи. Сиз икки нафар фуқарони иш билан таъминлаган одамни бошимга кўтараман деган эдингиз.
Буюк Британия, Лондон шаҳри, Ред Лион кўчаси Лион Хауз WC1R4GB да жойлашган «Petromaruz Overseas LLP» чет эл корхонаси тўғрисида тасниф берсак, бу Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳри, Малоохотинский проспект кўчаси 16 уй, 1 корпус, литер А, 13Н хонада жойлашган «Petromaruz Overseas LLP» нинг шуъба корхонаси. Иккала корхонанинг хўжайини бир.
2004 йилда бизнинг акциядорлик жамиятимиз билан бирга “Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” Қушма корхонасини тузди ва мазкур қўшма корхонага 55 фоиз улуш билан биз эса 45 фоиз улуш билан кирдик. Ушбу қўшма корхона бизнинг жамиятимиз томонидан қазиб чиқарилган нефтни қайта ишлаб нефт маҳсулотларини чиқаради. Унинг фаолиятига бизнинг 45 фоиз улушимиз бўлиб таъсисчи бўлсакда аралаша олмаймиз.
“Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” ҚК ни тўлиқ «Petromaruz Overseas LLP» бошқаради. Ҳаттоки бирон бир молиявий хужжатларини олиб бўлмайди. Ҳар йили жамиятимиз раҳбарига таъсисчилар умумий йиғилишинг баённомасини имзолатиб кетишади.
Аммо олинган соф фойдани тақсимлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинганлигига қарамасдан акциядорлик жамиятимизга тегишли 45 фоиз улушига ҳисобланган дивидендларни тўлаб бермайди ва талаб қила бошласак мен чет эл корхонасиман деб юқори турувчи органлар билан қўрқита бошлайди.
Бугунги кунда “Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” ҚК нинг жамиятимиз олдида дивидендлар бўйича 51,225 млрд. сўм ( солиштирма далолатнома илова №2 қилинади) қарздорлиги мавжуд. Бу пуллар жамиятимизга тушганида ўзимизнинг акциядорларимизнинг дивиденд пуллари, жамиятимизнинг молиявий барқарорлиги янада ошар эди ва ишлаб чиқариш учун янги техника ва технологияларни сотиб олган бўлар эдик. «Petromaruz Overseas LLP» бизга тўлаб берилмаган пуллар ҳисобидан туманимизда цемент заводи қурилишини амалга оширди.
Бундан ташқари “Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” ҚК томонидан нефтни қайта ишлаш учун жамиятимиздан сотиб олинадиган нефт нархида ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Жумладан нефт нархи охирги маротаба Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг 2014 йил 8 августдаги 19-03-22-05-O’zR-72-2014-сонли декларацияси билан 591013 сўм қилиб белгиланган.
Бироқ “Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” ҚК нинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қилган мурожаатига кўра “Ўзбекнефтгаз” МХК 2015 йил 21 майдаги 14/2-188 сонли хати билан юқорида кўрсатиб ўтилган Молия Вазирлиги томонидан белгилаган 591013 сўм нефт нархи 2015 йилнинг 20 июнидан 546900 сўмга туширилган. Йиллар давомида (2014-2018 йиллар) “Жарқўрғоннефтқайтаишлаш” ҚҚ қаршилиги туфайли нефт нархи оширилмасдан келди.
Ваҳоланки 1 тонна нефтнинг қазиб чиқарилиш таннархлари қуйидагича бўлган:
2015 йилда — 597693 сўм;
2016 йилда – 687368 сўм;
2017 йилда -854906 сўм;
2018 йилда — 908811 сўм;
2019 йилда – 1075248 сўмни ташкил этди.
Нефт нархини кўтариш бўйича ҳаракатларимизга «Petromaruz Overseas LLP» қаршилик қилиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасига ва Бош Вазир А.Ариповга нотўғри малумотлар бериб барча харажатлар улар томонидан амалга оширилаётганлигини маълум қилиб акциядорлик жамиятида нефт нархининг оширилиши асоссиз эканлигини кўрсатиб келган.
Бироқ “Жарқўрғоннефт” акциядорлик жамияти «Petromaruz Overseas LLP» ишлатиб келаётган конларнинг барча турдаги солиқларини, амортизация харажатларини, электр энергия, сув, нефт ташиш харажатларини тўлаб келмоқда.
«Petromaruz Overseas LLP» рахбарлари ўзининг чунтагини тўлдириш мақсадида чиройли тайёрланган ҳужжатларга асосан жамиятимизга тегишли конларни аста секин «Petromaruz Overseas LLP» шуъба корхонаси орқали олиб қўйиш ишларини бошлади. «Petromaruz Overseas LLP» корхонасига келсак, бу корхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.06.2013 йилдаги “ Сурхондарё нефтгаз қазиб чиқариш ҳудудида нефт қазиб чиқаришни кўпайтириш тадбири тўғрисида”ги ПҚ-1979 сонли Қарорига асосан фаолиятини бошлаган.
Қарорда «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси “Жарқўрғоннефт” акциядорлик жамиятига карашли конларда нефтни 1481,8 минг тоннага кўпатириш ва 60,65 млн.доллар инвестиция киритиш кўрсатилган. Ушбу Қарорга асосан 27.06.2013 йилда “Ўзбекнефтегаз” МХК раиси Ш.Файзуллаев ва «Petromaruz Overseas LLP» бош директори Ю.Черных ўртасида “Учқизил, Хаудаг, Кокайти, Лалмикор, Амударё, Коштар, Миршоди конларида нефт қазиб чиқаришни кўпайтириш тўғрисида”ги шартнома (контракт) имзоланди ва улар ўз фаолиятини вилоятимизда бошлаган.
Шу кунга қадар “Жарқўрғоннефт” акциядорлик жамиятига карашли “Лалмикор”, “Миршоди”, “Какайди” ва “Хаудаг” нефт конларини 25 йилга ижарага олиб нефт қазиб чиқариш ишларини олиб бормоқда. «Petromaruz Overseas LLP» нинг асосий мақсади инвестиция киритиб, конларда нефт қазиб олишнинг замонавий технологияларини қўллаган ҳолда нефтни кўпайтириш лозим бўлган бўлсада 2014-2019 йиллар мобайнида нефт қазиб чиқариш режаларини бирон йил ҳам бажармаган. (нефт қазиб чиқариш тўғрисида маълумот илова №3 қилинади).
Ушбу конлар “Жарқўрғоннефт” акциядорлик жамияти тасарруфида бўлган даврда конларда нефт қазиб чиқариш 100 минг тоннадан ортиқ бажарилиб келинган (нефт қазиб чиқариш динамикаси илова №3а қилинади).
Бундан ташқари, «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси бўйича тузилган шартномада Қушма корхона янги технологиялар олиб кириши эвазига нефт қазиб чиқаришни кўпайтириш лозим бўлган бўлсада ўтган давр мобайнида деярли янги замонавий технологиялар олиб кирилмаган. Бу конларни ўлчов асосида топширилган вақтдаги махсулдорликдан асосий равишда оширилган ва қудуқларнинг технологик меъёри бузилишига йул қўйилган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган 27.06. 2013 йилда тузилган контрактга кўра «Petromaruz Overseas LLP» жамиятимизга бир ойда 6 кун ичида тўхтовсиз 24 соатдан нефт қазиб чиқарилиши ҳисобига белгиланган ўртача олинган базавий меъёрдаги нефтни қазиб топшириши ва ушбу базавий миқдордан ортиқ қазиб олинишига эришган қисмидан 50 фоизини “Жарқўрғоннефт” акциядорлик жамиятига ва қолган 50 фоизи ўзларининг қўрсатган хизматлари учун «Petromaruz Overseas LLP» га тегишли бўлиши белгиланган. Бироқ ушбу базавий миқдоридан ортиқ нефт қазиб чиқариш эмас балки режа миқдорини қазиб чиқармаган.
Бундан ташқари 2015-2018 йиллар оралиғида Миршоди нефт кони бўйича кўрсатилган базавий миқдоридан кам нефт қазиб чиқарган. Буни эса 2019 йилда нефт қазиб чиқаришда ўсиш ҳисобидан қоплаш эмас балки Миршоди конида нефт қазиб чиқаришдаги ўсишнинг ўзига тегишли улушидан қоплаб бериш лозим эди.
Нефт қазиб чиқаришни «Petromaruz Overseas LLP»га топширилган конлар бўйича фоизларда таҳлил қилинганда қуйидаги кўрсатгичга эришилган:
Лалмикор кони бўйича:
2014-йилда 65,6%
2015- йилда 78,5%
2016-йилда 78,6%
2017-йилда 71,2%
2018-йилда 95,9%
2019-йилда 94,2% ни ташкил этади.
Ўртача 6 йил давомида 80,6 % ни ташкил этмоқда.
Миршоди кони бўйича:
2015-йилда 59,0%
2016-йилда 35,9%
2017-йилда 64,9%
2018- йилда 83,5%
2019-йилда 84,4% ни ташкил этади.
Ўртача 5 йил давомида 65,5 % ни ташкил этмоқда.
Какайди кони бўйича:
2015-йилда 71,3%
2016-йилда 71,5%
2017-йилда 79,6%
2018-йилда 90,4%
2019-йилда 99,8% ни ташкил этади.
Ўртача 5 йил давомида 82,5 % ни ташкил этмоқда.
Хаудаг кони бўйича:
2019-йилда 99,8%
Хаудаг кони 2019 йил топширилди.
«Petromaruz Overseas LLP» корхонаси жами режа бўйича қазиб олиниши керак бўлган нефтдан ўтган йиллар мобайнида 113028 тонна нефт қарз бўлиб қолган (2014-2019 йилларда нефт қазиб чиқариш режасининг бажарилиши илова№4 қилинади). Бу дегани 6 йил ичида режа параметрларини бажармаган. «Petromaruz Overseas LLP» корхонаси билан тузилган контракт шартномаси бекор қилинмасдан келмоқда.
Бундай ҳолатда ишлаб турган аниқроги 600 нафарга яқин ишчи ва хизматчиларнинг рўзғорини тебратиб турган бутун бир бошли акциядорлик жамиятини тугатиб, “Тузилган контракт шартномаларни бажармаган” корхонага, бу чет эллик инвестор экан деб қўшиб юборса?
Бизнингча бу адолатдан бўлмаса керак, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви томонидан ниманинг эвазига жамиятимизни тугатаётгани ҳеч кимга маълум эмас, юқорида айтганимиздек, яна бир бор айтамиз инвестиция киритиб нефт қазиб чиқаришни кўпайтираман деб, бизнинг конларимизни олиб, лекин хозирга қадар бирор бир инвестиция киритмаган ва режани бажармаган «Petromaruz Overseas LLP» кўшма корхонасига қўшилишга норозимиз. Чунки «Petromaruz Overseas LLP» кўшма корхонаси контракт талабларини бажармаган.
Бизнинг фикримизча Акциядорлик жамиятимизга афилланган шахслар бўлган “Петромаруз” МЧЖ ва унинг «Petromaruz Overseas LLP» шуъба корхонаси қоғозга ўралган рейдерлик хужумини уюштириб бизнинг “Жаркургоннефт” акциядорлик жамиятимизни олиб қўйишни мақсад қилиб қўйишган. Шу билан жамиятимиз олдидаги қарздорликлари хам тўланмай ўзларининг фойдасига қолиб кетади. Бу ҳолатлар амалдаги рақобатга қарши қонунчилигига зид деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сиз — адолатли давлат раҳбари сифатида бизнинг корхонамизнинг 600 нафарга ишчи-ходимларини мурожаатини ўрганиб чиқиб, иқтисодий жиҳатдан республикада барқорор ишлаб келаётган корхонамизни қолдириш юзасидан қилаётган харакатларимизни қўллаб қувватлашда ёрдам беришингизни сўраймиз.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ