Ҳазрат Алишер Навоий таваллуди муносабати билан
Ассалому алайкум, Исматбек!
Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?
Исматбек! Бундан 10 йилча муқаддам қозоғистонлик айрим ўзбек зиёлиларининг илтимосларига биноан, Алишер Навоий бобомизнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси» асари тўғрисида бир мақола ёзувдим. У ўшанда матбуотда эълон этилмасидан туриб, асл нусхасини йўқотиб қўйгандим. Яқинда бир дўстимиз ўз архивидан топиб, яна ўзимга тортиқ айлади.
Мир Алишер ҳазратлари таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан мазкур битигимни сизларга тавсия тариқасида юборишга журъат қилаяпман. Илтимос, у билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз — фойдаланасизлар, деган умиддаман.
Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:
Бердиёр ЖУМАЕВ.
Бердиёр ЖУМАЕВ,
халқаро журналист.
Алишер НАВОИЙ ҳазратлари таваллудининг 579 йиллигига!
ТУРКИЙ ИЛА ФОРСИЙ: ҚИЁС БИРЛА ТАҚҚОС…
«Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси» – она тилимизга боқийлик бағишлаган асар!
Асрлар-ки, сизни тушунмай келдик, англамасдан кетаётирмиз,
Насллар-ки, назм уммонингиздан ганж-ханж теролмай ўтаётирмиз,
Сиз жон бахш этган туркий * ни аросат тўпига тутаётирмиз,
Бефарқ-бефаҳм-беғаммиз-ки, аянч интиҳомиз кутаётирмиз –
Нажот истаб, тағин, пойингизга йиқилдим, Ҳазрати Мир бобо!
1972 йилда чоп этилган «Навоий асарлари луғати»нинг «Муқаддима»сида ёзилади-ки: «Ўзбек тили жуда қадим анъаналарга эга бўлган тиллардан биридир. Ўзбек халқининг асосини ташкил этган қадимги туркий қабилалар араблар истилосидан аввал, Ўрхун-Енисей ёдгорликлари ёзуви – руник алифбоси ва уйғур алифбосида ёзилган бой адабиётга эга эдилар…
Бу қабилалар бирлашиб, халққа айланганларидан кейин ҳам, туркий-ўзбек адабий тилида бадиий, адабий-дидактик, тарихий асарлар ижод этиш тўхтамай давом этган эди. Ўша қадимий адабий тилимиз намуналарини гавдалантирувчи ёзма ёдгорликларнинг тарихий фожиаларда куймай-ёнмай қолганлари: «Қутадғу билиг», «Девони луғотит-турк» (XI аср), «Ҳибат-ул-ҳақойиқ» (XII аср), Қуръони Карим «Тафсири» (XII-XIII асрлар) ва бошқалардир».
Эндиликда мана шу дурдона асарларнинг қаторига Алишер Навоий ҳазратларининг милодий 1499 йилнинг интиҳосида тамомлаб улгурилган «Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси» номли улкан тадқиқотиниям қўшиш мумкин.
Тарихдан маълум-ки, XIII-XIV асрларда ҳозирги туркий халқларнинг азалий юртлари – Мовароуннаҳр ҳамда Хуросоннинг тегишли ҳудудларида ҳам асосий алоқа воситаси араб ва форс тиллари бўлиб, улар халқаро миқёс касб этиб, бадиий ҳамда илмий китоблар, баёзлар, рисолалалр ҳам айни алфозларда ёзиларди.
Яна таъкидланади-ки, юқоридаги ҳолатлар боис, XV аср ўрталаригача – ҳали даҳолар даҳоси Алишер Навоий бобомиз ўзининг беқиёс-у бемиқёс ижоди билан адабиётнинг жабҳасига ва майдонига қадам қўйгунларига қадар, туркий (эски ўзбек) тилига эътибор-у эҳтиром, ниҳоятда кам, унинг истеъмол-у истиқбол уфқлари ғоят ғуборли, имкониятлар доираси ҳартарафлама чекланган, демак-ки, ижодий қўлланиши-да ўзига яраша – ҳаминқадар эди.
Айни жараён назмиёт оламида қандай кечганлиги хусусида Мир Алишер ҳазратларининг битиклари ушбу турур: «…То мулк араб хулафоси ва салотинида эрди, фалак ул вақтда назм дабириға араб тили била жилва берди, андоқ-ки, Ҳассон Собитдек ва Лақитдек маликулкалом сухангузорлар ва маъний офарин фасоҳатшиорлар пайдо бўлдилар ва ўз тиллари била назм адосининг додин бердилар».
Яна ўша даврда форсий шоҳлар ва шаҳзодалар орасидан ҳам форсийгўй шоирлар етишиб чиққан, яъни: «…Мулкдин баъзи ақолим ва кишварда сорт салотини (форс султонлари) мустақил бўлдилар, ул муносабат била форсийгўй шуаро зуҳур қилдилар».
Юқорида келтирганимиз икки омил натижасида туркий халқлар орасидан етишиб чиққан шоирлар ва олимларнинг аксарияти форс тилида ёзишга рағбатланганлар. Илло, миллати туркий (ўзбек) бўлган қалам аҳлигаям форсийда назм битиш одат экани учун ҳам, она тилимиз айтарли ривожланмаганди. Деярли олти аср беридан туриб, мазкур ҳолатни шўролар тузуми «гуллаб-яшнаган» замондаги ўзбек тилимизнинг аянч аҳволига менгзамоқ мумкиндир.
Тилга олиб ўтганимиз «Муқаддима»да, боз, урғуланади-ки: «Давлат ва ҳокимият туркий халқлар қўлига ўтиши билан туркий маданият, адабиёт жонлана борган эди: «То мулк араб ва сорт салотинидин турк хонларға интиқол топти, Ҳулогухон замонидин, Султон Соҳибқирон Темур Кўрагон замонидин фарзанди халафи Шоҳруҳ Султоннинг замонининг охириғача турк тили билан шуаро пайдо бўлдилар. Ва ул ҳазратнинг авлод ва аҳфофидин ҳам хуш таъб салотин зуҳурға келди: шуаро Саккокий ва Ҳайдар Хоразмий ва Атоий ва Муқимий ва Яқиний ва Амирий ва Гадоийдеклар».
Шундай эканлигига қарамасдан, туркийзабон ижодкорлар турфа қийинчиликларга ва тўсиқларга учраб, форсийлисон нозимлар соясида қолиб, ўз имкониятларини тўлиқ юзага чиқара билмадилар. Айни боис ҳам-ки, Навоий даврида туркий адабий тилни сақлаб қолиш, ҳимоя қилиш, равнақ топтириш учун ҳамда янада бойитиш учун ҳаётий бир зарурат туғилганди. Ушбу масъулиятли ва машаққатли вазифаларни ўз зиммасига олиб: «Туркий (эски ўзбек) адабий тили учун кураш байроғини баланд кўтариб, майдонга чиққан бирдан-бир паҳлавон зот – улуғ Алишер Навоий бўлди».
Буюк бобомиз айни тилда ўнлаб ажойиб, юксак бадиий, илмий ҳамда тарихий асарлар, юзлаб сермазмун ва пурмаъно ғазаллар яратди, она тилимизнинг бетакрор сўз гавҳарларини излаб топиб, ижодида кенг қўллади унинг бетакрор ва бемиқдор заҳирага бой эканлигини исботлади, минглаб сўзларни тилмиз хазинаси-ю ганжинаси мулкига айлантирди.
Бемалол айтиш мумкин-ки, «Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси» рисоласи айни қутлуғ мақсад учун хизмат қилиб келди. Унда Мавлоно Мир Алишер туркий, яъни эски ўзбек тилининг катта қудратга эгалигини, унинг грамматик қурилиши мустаҳкам, сўз бойлиги ва услубий имкониятлари жуда улкан эканлигини асосли равишда далиллади.
Навоий ҳазратлари мазкур асарида ҳозирги она тилимизнинг дунёга келиши, яъни пайдо бўлиши иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ пайғамбарга бориб боғланишини кўрсатиб, шундай ёзади: «…Туркий ва форсий ва ҳиндий асл тилларнинг маншаидур-ки (келиб чиқиши), Нуҳ пайғамбарнинг уч ўғлигаким – Ёфас ва Сом ва Ҳомдур – етишур… Ва уч тил-ки, туркий ва форсий ва ҳиндий бўлғай, бу учовнинг авлод ва атбои (тобелари) орасида шоеъ бўлди (тарқалди)».
Маликулкалом шоиримиз мазкур ўринда: «Ёфасни-ки, таворих аҳли Абут-турк (туркларнинг отаси) битурлар» – дея таъкидлаб, бош бобомиз пайғамбар эканлигини-да фахр-ифтихор билан қайд этиб, шундай дейди: «Ва Ёфас ўғлонни-ки, Абут-туркдур, тарих аҳли иттифоқи била дебдурлар-ки, нубувват (набийлик, яъни пайғамбарлик) тожи била сарафроз ва рисолат (элчилик) мансаби била қардошларидин мумтоз бўлди».
«Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси»да туркий ҳамда форсий тиллар ўзаро таққосланиб, она тилимизнинг бетакрор нозик хислатлари назарий жиҳатдан ҳам асосланди, шунингдек, бу билан дунёвий тилшуносликда қиёсий грамматиканинг пойдевориям яратилди.
Навоий бобомиз туркий она тилимизнинг беқиёс аҳамиятини батафсил тушунтириб, уни кенг тарғиб-у ташвиқ этди, туркий тилга менсимай қараш тарафдорларига кескин зарба берди, ўзлари турк (ҳозирчасига ўзбек) бўла туриб, ўз она тилларида ижод эта олмаслик шоирлар-у алломалар учун катта нуқсон ва қусур эканини танқид қилди ва кўпроқ туркий тилда ёзиш зарурлигига ундади — даъват этди.
Бунинг учун ул зот турк (эски ўзбек) тилининг луғат бойлиги, омонимлари, синонимлари, сўз ясаш ва услубий имкониятлари чексиз ва бундай заҳиралар форс тилиникидан кўп бўлса кўп, бироқ кам эмаслигини исботлаб берди. Мавлоно ҳазратлари «Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси»да туркий 100 та феълни мисол келтириб, айни сўзларнинг нозик ва инжа маъноларни ифодалашдаги беқиёс аҳамиятини таъкидлаб: «Турк алфозида бу нав лафз кўп»лигини, форсийда эса, ушмундоқ феъллар йўқлигини, улар берадиган маъноларни форсчада, атиги бир неча сўз ёрдамидагина, бунда ҳам «арабий алфоз мадади била» англатиш мумкинлигини урғулайди.
Бобомиз фикрларида давом этиб: «йиғламсинмоқ», «инграмак», «синграмак», «сиқтамоқ», «ўкирмак»,«инчкирмак», «ҳой-ҳой йиғламоқ» сўзлари йиғлашнинг турли ҳолатларини ифодалашини шеърий мисоллар билан далиллаб: «форсийда бу мазмун-ки бўлмағай, шоир не чора қилғай?» – дея ҳақли саволни ўртага қўяди ва ўзбек тилининг алоҳида бойлигини таъкидлайди.
Алишер Навоий жаноблари табиат манзаралари, уй-рўзғор буюмлари, ов жараёнлари, ҳайвонлар ва қушларнинг турлари каби бисёр соҳаларга оид юзларча сўзларни — атамаларни келтириб, уларнинг маънодошлари форс тилида йўқлиги, форслар ўзаро мулоқотларда мана шу туркий каломлардан фойдаланишини қайд этади. Туркийдаги баъзи номламалар форсийда мутлқао номавжудлигини билдириб, ул зот лутф айлайдилар-ки: «…хўбларнинг кўз ва қошлари орасин-ки қабоғ, дерлар, форсийда бу узвнинг оти йўқдур».
Шунингдек, туркийдаги: «от», «эт», «бор», «соғинч», «туз», «кўк» сўзларининг ҳар қайсиси чўх маъноларни англатишини шаҳодатлаб: «…бу нав алфоз ҳам-ки, уч маъни ва тўрт маъни ва ортуғроқким, ирода қилса бўлғай, кўп бордир-ки, форсий алфозда андоқ йўқтур» – дея айтади.
Умуман олганда, Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг улкан хизматлари туфайли XV асрдан эътиборан, анча даврлар туркий (эски ўзбек) адабий тилмиз мислсиз ривожланди, ардоқланди, олий чўққиларга кўтарилди.
Даҳо бобомиз она тилимиз атрофига кўпгина мамлакатларда яшовчи ва ижод этувчи туркий халқларни, шоирларни-ю алломаларни, мутафаккирларни-ю уламоларни уюштира олди, жипслаштира билди ҳамда қуйидаги инжа мисраларида ушбу ҳақда шундай баён қилди:
Турк назмида мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
«Тўрт девон» бирла назми «Панж-ганж»,
Даст берди чекмайин андуҳ-у ранж.
Бобомизнинг йирик устози ҳамда энг яқин кишиларидан бири Мавлоно Абдураҳмон Жомий жаноблари Алишер Навоий ҳазратларининг айни беқиёс хизматларини муносиб баҳолай туриб: «Туркий тилда ажойиб бир нақш келди-ки, у жоду дамлар лабига муҳр босиб қўйди. Бу қаламга фалакдан офаринлар бўлсин. Чунки ушбу ёқимли нақш ўша қаламдан туғилди. Бу қалам форсий тил эгаларига, форсийча назм дурларини терувчиларга раҳм қилди. У ҳам, агар форсий тилда ёзганида (бошқаларга) сўз айтишга мажол қолмасди. У мўъжизали назмлар мезонида Низомий ким-у Хисрав қанақа бўларди?» – дея беҳад юксакликларга кўтарганди.
Шоҳ ҳамда шоир Ҳусайн Бойқаро эса, бир рисоласида ажойиб дўстининг ҳаёти ва ижодига алоҳида ўрин ажратди. «Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси»нинг изоҳларида уқтирилганидек: Султон Ҳусайн уни (яъни Алишер Навоий ҳазратларини) ғоят ҳурмат билан зикр этиб, сиёсий ва адабий хизматларига жуда юқори баҳо беради ва шундай буюк зот замонида яшаганлиги учун фахрланади ҳамда ўзбек тили ва адабиётининг равнақи йўлида кўрсатган жонбозликлари учун уни Қаҳрамон ва Соҳибқирон, дея атайди.
Навоий ҳазратлари «Муҳокамат ул-луғатайн» — «Икки тил муҳокамаси»нинг интиҳосида мазкур битигида она тилимиз ва ота элимизни, иложи етгани қадар, улуғлуганлигини камтарона-хокисорона эътироф айлаб: «Умид ул-ким бу фақирни хайр дуоси била ёд қилғайлар ва руҳумни анинг била шод қилғайлар» – дея эзгу ният этгандилар. Азиз бобомизнинг бемисл саъй-ҳаракатлари туфайлигина орадан беш асрдан-да мўл вақт кечиб, халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинасидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Демак, шундай экан, ул буюк зотга, бошқа улкан хизматлари қаторида, она тилимизга боқийлик бахш айлаганликлари учун ҳам чексиз эҳтиромимизни бағишлаб, чуқур таъзим бажо этмоғимиз даркордир.
* * *
Сўзим ниҳоясида яна шуни айтмоқчи эдим-ки: тилни қадрламоқ, элни эъзозламоқ энг муҳим бурчларимиздир, ушбу фарзларни бажармоқ учун эса, энг аввало, Навоийни ўқинг, Навоийни уқинг! Шундагина у кишининг қуйидаги сингари тенгсиз мисралари мағзини чақиб, ўзимиз учун янгидан-янги оламларни кашф этамиз:
Чунки топтим ул калом ичра камол,
Турки алфози била сурдим мақол.
Нағмалар туркона соз эттим ўкуш,
Мастлиғдин, ўйла-ким, хушнағма қуш.
* * *
Мен-ки, турк алфозиға айлаб шуруъ,
Назм топти табъи килкимдин вуқуъ.
Чун саҳоби табъим ўлди дурфишон,
Назм-ла эрди Навоийдин нишон…
* «Сизга юкундим, Ҳазрати Мир бобо!» шеъримдан олинган ва мазкур битик бошига иқтибос сифатида қўйилган ушбу парчадаги: «Сиз жон бахш этган туркий…» жумласида: «Сиз жонингизни бахшида этган туркий тил» ҳамда «Ўзингиз унга жон бағишлаган, яъни тирилтирган туркий тил» маъноларини кўзда тутганман.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ