«ДўЗ» саволларига Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев жавоб беради
РАСМИЙ РАҲБАР БИЛАН НОРАСМИЙ СУҲБАТ
Зойир Мирзаев: Ҳоким – халқ хизматчиси
“Дунё ўзбеклари” сайтида “Расмий раҳбар билан норасмий суҳбат”
рукни остида ташкил этилган суҳбатнинг илк меҳмони Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Зойир Тоировичга расмиятчиликдан мутлақо йироқ бўлган бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик. Жавоблар ҳам қисқа ва лўнда бўлди. Асосийси, дилдан чиққан саволларга жавоблар ҳам дилдан чиқди.
1. Қашқадарё сизда қандай таассурот ўйғотди: Қашқадарё ва қашқадарёликлар.
Жавоб: Жуда ижобий. Айниқса, қишлоқ одамларининг беғубор, мард ва тантилиги мени ушбу вилоятда тинмай ишлашга ундамоқда. Улар билан гаплашсангиз чарчоқ нелигин билмайсиз.
2. Ҳокимларнинг яқин ўтмишда ўрганган хислати шуки, ходимларини уриб, сўкиб ишлатиш ҳаддисини олган. Бу хислат сизга ҳам танишми? Аниқроқ айтмоқчи бўлганим; Биринчи Президентимиз И.Каримов Қашқадарё халқини уриб, сўкиб ишлатиб бўлмайди, Бу танти халқни фақат яхши гапириб ишлатиш мумкин деган эди. Бу таърифнинг мағзини қисқа вақт ичида қанчалик даражада англадингиз?
Жавоб: Бу каби фикрлар билан келмаганман воҳага. Ва яна шуни айта олишим мумкинки, “Дунё ўзбеклари”га ҳам нотўғри маълумотлар етиб борган бўлиши мумкин: Олдин ҳам мен ҳеч қачон жамоам билан ур-сук орқали ишламаганман.
3. Қашқадарё ҳудуди Республикада катта ҳудуд саналади. Аҳолиси ҳам катта рақамларни кўрсатади. Албатта шунга яраша муаммолар ҳам салмоқли бўлади, Қашқадарёда сизни қийнаган асосий муаммо қайси?
Жавоб: Ичимлик суви ва ишсизлик. Булар бўйича жуда катта-катта лойиҳаларни режалаштирганмиз.
4. Аҳолиси жиҳатидан Республикада юқори ўринларда турувчи Қашқадарёда ишсизлик даражаси ҳам салмоқли. Албатта бу борада ҳам қандайдир тадориклар кўриляптими? Айниқса, Чироқчи тумани туманлар бўйича аҳолиси 400 мингдан юқори кўрсаткич билан биринчи ўринда туради. Аммо ишлаб чиқариш бўйича эса энг ортда қолган туман ҳисобланади.
Жавоб: Рости ҳали бу масалада бирор бир айтарли натижага эришмасдан ҳавойи гаплар билан қучоқ тўлдириш фикридан йироқман. Аҳоли, айниқса ёшлар бандлиги бўйича бир қатор амалий ишларни йил охирига қадар амалга оширишни мақсад қилганман.
5. Бугун Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳокимларга нисбатан талаблар ҳам ўзгармоқда. Шу вақтгача уларнинг олдига оддий халқнинг кириш амримаҳол эди. Бугун эса ҳокимларнинг ўзи халқнинг олдига бормоқда. Қисқа қилиб айтганда, ўтган чорак асрда ҳокимлар ҲОКИМ бўлган. Бугун эса…?
Жавоб: Халқ хизматчиси. Яъни, бугун ҳоким вазифаси – халқни мушкулини осон қилиш. Халқ бор экан ҳоким ҳам зарур эканлигини билади.
6. “Ҳаракатлар стратегияси”га бир жумла билан “25 йилда йиғилган муаммоларни 5 йилда ҳал этиш” дея таъриф бериш мумкинми? Ўзбекистоннинг ички сиёсатининг ичида юрган шахс сифатида бу таърифга қандай муносабат билдирасиз?
Жавоб: Буни вақт кўрсатади. Асосийси – жамоавий ҳаракатда.
7. Ҳақиқий маънода ошкоралик бошланган бир даврда 4-ҳокимиятга айланаётган Оммавий ахборот воситалари раҳбарларни айниқса ҳокимларини кўп безовта қилаётгандек туюлмаяптими?
Жавоб: Йўқ. Масалан, мени қабулимга келган бирор бир журналист ўз манфаати учун келганини эслолмайман. Ён-атрофидаги инсонларни дард-ташвиши билан келишади. Бу эса, бизни фаолиятимизнинг ҳам очиқлигини таъминлайди.
8. Пойтахтда ишлаётган ижодкор ва санъат аҳли билан ўтказган учрашувдан нима олдингиз? Кутган натижангизни олдингизми?
Жавоб: Албатта. Менга энг ёққани Тошкентда яшаб, ижод қилаётган қашқадарёликларнинг ўзи ўқиган мактабларида мусиқа, илм-фанни ривожлантириш мақсадида кутубхона ташкил этиш ташаббуслари бўлди. Мен ҳам бундан руҳланиб маҳалласида кутубхона очган инсонларнинг ҳар бирига 5 млн сўмлик китоблар тақдим этишни ваъда қилдим.
9. Тўсатдан ва шошилинч тарзда ўтказилган ушбу тадбирда қандайдир камчиликлар ҳам бўлгандир? Мисол учун, айтилмай қолган ижодкорлар ҳам бўлди. Унинг устига, ҳамманинг кўнглини бирдай олиб бўлмайди. Шу сабабли, қандайдир эътирозлар ҳам бўлдими?
Жавоб: Пойтахтда Қашқадарёликлар кўп экан-да (кулиб). 150 кишилик дастурхон қилинган эди. Тўғри, таклиф этилмасдан қолган инсонлар ҳам бўлди. Кейинчалик кўпчиликдан эшитдим. Ҳамма нарса инсон омилига боғлиқ. Масалан, жамоамдагилар таниганни мен танимаслигим, мен таниганни улар танимаслиги ҳам мумкин-ку. Шундай экан, хабарсиз қолганлар билан ҳам доим дўстона алоқада бўлишга тайёрмиз.
10. Ҳозирги берадиган саволим табиийки, сизга ёқмайди. Аммо сизни кўрган ҳар бир инсон шу саволни ҳаёлига келтиради. Яъни “Ариққа туширилган олти нафар ходим” машмашаси ҳақида муносабат билдирмаган одам қолмади. Бу ҳодисага фақатгина сиз бирор бир сўз демадингиз. Эшитишимизча, емаган сомсага пул тўлаган экансиз. Яъни воқеа аслида бошқачароқ бўлгани ҳақидаги гаплар ҳам йўқ эмас. Тўғрисини айтганда, мен кўриб гувоҳи бўлган оқкўнгил, софдил Зойир Мирзаевнинг бундай иш қилишига ҳар қанча уринмайин, ўзимни ишонтира олмаяпман.
Жавоб: Хабарингиз бўлса керак, яқинда Х.Худойбердиев билан суҳбатимда ҳаммасини баён этдим. Раҳбар сифатида мени бепарволигим, ишонувчанлигим. Аммо, эътиборсиз қараган раҳбар сифатида бари бир бу воқеада ўзимни айбдор сезаман.
11. Бугунги айни ислоҳотлар даврида айниқса ҳокимларга кўплаб вазифалар юклатилмоқда. Шундай бир шиддатли даврда Қашқадарё вилоят ҳокимининг иш режасидан дам олиш ўрин олганми?
Жавоб: Албатта. Чунки, ўз вақтида дам олмасангиз, ухламасангиз кейинги кун иш жараёнлари пассивлашиб бораверади. Лекин, Президентимиз ва вилоят аҳлининг ишончи кўп ухлашга йўл қўймайди. 1 суткада 5-6 соат дам олсам ҳам юқоридаги руҳият сабабми, толиқиш сезмайман.
12. “Қашқадарё энди ўзининг ҳокимини топди”. Бу менинг эмас, таҳлилчиларнинг сўзи. Бунда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган вилоятга шу соҳани тушунган раҳбар келганлиги учун берилган баҳоми ёки бошқа сабаблари ҳам борми?
Жавоб: Бу халқни ишончи. Ушбу ишончга лойиқ иш қилмагандирман, лекин, ҳаракатдаман. Ва бу ҳаракат кўпайса кўпаядики камаймайди.
Зойир Тоирович, саволларимизга вақт ажратиб жавоб берганингиз учун “Дунё ўзбеклари” мухлислари номидан миннатдорчилик билдирамиз.
Норасмий суҳбат учун катта раҳмат.
Арзимайди. Саволларга жавоблардан ташқари Исмат акага шуни айтмоқчи эдимки, қайерда бўлишидан қатъий назар юрт ободлиги, халқ фаровонлигини ўйлаб, узоқ манзилларда бўлсангиз ҳам бугун шиддат билан ривожланиб бораётган интернет оламида Она ватанингизга хизмат қилишдан чарчамаётганингиздан хурсандман.
Саволларингизга шаблон сўзлардан қочиб, аниқ ва қисқа жавоб беришга, тингловчиларни зериктирмасликка ҳаракат қилдим.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус Қашқадарёдан.
Шерали Отабоев суҳбатлашди.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ