Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (1-2)
1. И Ш О Н Ч
Биз кетгач янада ёришсин жаҳон…
Хамроқул Асқар
Тарихдан маълумки, ислоҳатларни ўзига ишонган, халқи ва давлатига ўзини бағишлаган буюк шахслар амалга оширганлар. Улар бундан буён муаммолар зудлик билан ҳал қилинмаса туганмас фалокатларга олиб келишини англагани учун ҳам жамиятнинг эски ақидаларига кўниккан қатламлар қаршилигини енгиб ўтиш, бутун бир оқимни янги ўзанга буриб юбориш билан бирга, бу оқимни бошқара олиш салоҳиятига ҳам эга бўлишган. Шу билан бирга, тарихда ислоҳатларни бошлаб уни охиригача амалга ошираолмаган раҳбарлар ҳам талайгина.
Бизда ҳам ислоҳатларни бошлаган пайтлари: — Бу ҳам навбат-даги компаниябозликдан бири., деб киноя қилганларни ҳам кўрганман. Савияси ҳамин қадар, ҳар нарсага шубҳа билан қаровчи, ўзидан ўзгани аҳмоқ билувчи пастларни кўрганимда қоним қайнаб, жуда аччиқ гапларни айтворганимни сезмай қоламан.
-
Жуда ачитиб гапирасизда, шоир, оз-моз шакар ҳам аралаш-тириб гапиринг — дейишади вазиятни юмшатмоқ илинжидагилар.
Тўғри, уларнинг гапларида жон бор, албатта. Менга нима, деб юраверсам ҳеч ким мушугимни пишт демайди. Лекин, не қилайки, ўрганган қилиқ ўлганда қолур, деганларидек, муҳаббатим ҳам, нафратим ҳам шундоқ кўриниб туради. Баъзилардек ҳис-туйғула-римни жиловлолмайман. Шунинг учун ҳам битта-яримта шиғирлар ёзиб, китоб чиқариб юргандирман-да ўзимча. Яна ким билсин.
Мен ҳар сафар президентимиз Ш. Мирзиёевнинг чиқишларини кузатиб, ундаги ўзига ишончни, халқига бўлган муҳаббатни, ёрдамга муҳтожларга куюнчаклик ва меҳрибонликни, олчоқ ва лўттибозларга чексиз нафратни кўрар эканман, кўнглимда бир пайтлар сўниб, кулга айланган умид чўғлари яллиғлана бошлайди. Ялантўш, очиқ қўл, меҳмондўст, мунис халқини чиркинлар қўлидан тортиб олмоққа чорак аср интилган, неча бир тунларни бедор ўтказган, чорасиз замонда чора истаб ўзини ҳар тарафга ўраётган “занжирбанд шер”ни кўз олдимга келтираверади. Бош вазир бўла туриб ҳам кўп ишларга аралашиш имконсиз бўлганини англагандай бўламан. Бош вазир бўла туриб, худди Навоий бобомиз каби давлат номидан иш юргизувчи ўғрибошилар қавми ишига аралашишга имконсиз бўлганини ҳам тушинишга ҳаракат қиламан.
Ишга яроқли аҳолининг ярмидан кўпи ишсизлик чоҳига тортил-ган, мардикор бозорларида қалдирғочдай тизилган аёлларимизни кўрганида юраги тубидан отилиб чиққан ҳар оҳи юрак қон томир-ларига зарба бўлиб тушганини ҳар ким ҳам тасаввур қила олар-микан? Тасаввур-ку қилар-а, лекни Ш. Мирзиёевнинг ўша пайтдаги руҳий ҳолатини, ундаги туйғулар талошини ҳис қилармикан?
Ёхуд ўқитувчиларнинг шўролар даврида ҳам кўча супуриш-маганини, далага чиқиб чопиқ қилишмаганини эслаб, бошқарувда нақадар тубанликка кетганимиздан юраги ачишиб, тишини тишига босиб, фурсат келгунича чидашдан ўзга чора йўқлигидан асаблари жунбушга келганини-чи? Ва ё ғараз, ҳасад, кўролмаслик сабаб қалби тоза, эл-юрт йўлида ҳалол ишлаб юрган неча бир раҳбарларни ишдан бўшатиб, ёмон отлиқ қилиб, жинойи иш қўзғатганларни, Бош вазир лавозимида бўлса ҳам уларни ҳимоя қилишдан ожиз қолган пайтлари қалбидан қандай кечинмалар ўтганини-чи? Бу кечинмалар фақат Ш. Мирзиёевнинг ўзигагина аён. “Ўзбекистон жаннат ўлка” деб жар солаётган маддоҳлардан кўнгли қолиб, халқимнинг ҳақиқий ҳаётини акс эттирувчи асарлар қачон яратиларкан, дея неча бир китобларни варақлаб, муқоваларини меҳр билан силаб ўйга чўмган дамларини-чи?
Китоб нималигини билмаган, умрида бирор китобни охиригача тугал ўқиб чиқмаган бир тўда олчоқлар ҳокимият жиловини қўлга киритиб, китоб деса лабига учиқ тошадиганларни кўтар-кўтар қилдилар. Оқибатда барча соҳа орқага кета бошлади. Бир бора ишончини йўқотган раҳбарга халқ ишонмайди. Шу сабабдан ҳам Ш. Мирзиёев халқимизнинг барча истак ва таклифларини сидқидилдан бажарадиган ҳалол, пок, садоқатли кадрлардан жамоа тузиш ишти-ёқида ёш кадрларга, айниқса, чет элларда катта-катта компаниялар ва банк-молия соҳасида ишлаётган ёшларимизни юртимиз тараққи-ётига ҳисса қўшишга чорлаётгани, уларга ишонч билдираётгани бежиз эмас, албатта.
2. ЗУЛМ ТЕГИРМОНИНИ ТЎХТАТГАН БАҲОДИР
Зулм тегирмони ер юзида давлатчилик пайдо бўлгандан буён бетўхтов айланиб, не бир олтин бошларни дон каби янчиб келган, раҳм-шавқат нелигини билмайдиган темиртан махлуқдек гавдала-нади кўз ўнгимизда. Гўё бу махлуқни тўхтата оладиган бирорта алп – баҳодир дунёга келмайдигандек. Бу тегирмон кўнгилларга ваҳима солиб, ўзининг важоҳати билан халқларни қуллик, мутъелик исканжасида сақлаб туриш воситаси сифатида абадул-абад айланиб турадигандек тасаввур уйғотади. Кўплаб юраксизлар оқимга қарши сузиб бўлмайди, деб бутун айбни замонга тўнкаб, ўзларини четга олиб, томошабин бўлиб туришни одат қилиб, халқига жони ачиган алпларни эса ғийбат ва туҳматларга кўмишиб, зулм тегирмони тошлари орасига ташлатиб юборишдан тоймаганлар.
Ҳозирда президент Ш. Мирзиёев давлат бошқарувини сўзда эмас, балки амалда халқ бошқарувига ўтказишга жазм қилганлиги ва бу қаттол тизимни тарихнинг чиркин саҳифалари қаърига улоқтириб ташлашга астойдил бел боғлагани унинг амалий ишларида тўла тасдиғини топмоқда. Бошқарувнинг барча турларини халқнинг ўзига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бу соҳада ширин жонини хавфга қўйиб ишлаган ва ишлаётганларга қўлим кўксимда: Сизларни оқ ювиб, оқ тараб ўстирган, ўқитган, тарбиялаб вояга етказган ота-оналарингизга чексиз раҳматларим.
Баъзи ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларининг тубан, жирканч, айтишга тил, ёзишга қўл бормайдиган даражадаги ваҳшийликларини ҳозирги ва келажак авлодлар билишлари керак деймизу, лекин…
“Мана мен” деган генералларнинг қилмишлари фош бўла бош-лагач, қанча айбсиз жонларни қийноқларга солган, нечаларини одам сифатида кўрмай ўлдиртириб юборган, қўллари тирсагигача қонга ботган бу махлуқларни кимлар туғиб, кимлар тарбия қилган экан? Бу разилларни ҳам аёл зоти туққанмикан ё иблисми? Уларни ҳам суйиб, эркалаб ўстирганмикан? Шунчалар тубанликка кетишларига сабаб не? Уларнинг бундай разилликларига сабаб президентимиз айтгани- дек: “Маданиятсизлиги, китоб ўқимаслиги, халқига муҳаббатининг йўқлигида”, деб билмоқ керак.
Зулм технологияси Чор Россияси давридан Советларга, Совет-лардан мустақиллик даврига, худди авлоддан авлодга суяк сурадиган касалдек ўтиб, яшаб келяптики, ҳатто мустқалликка эришгач ҳам чорак аср давомида қанчадан қанча элим деган, юртим деган, муста-қиллик учун курашган алпларимиз қамоқхоналарга ташланди. Сал мундайроқлари қора рўйхатларга тиркалди. Матбуот, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлардан олиб ташланди. Уларнинг бола-чақалари, қариндош уруғлари, яқинлари назоратга олинди. Жамоатчиликдан яккалаб қўйилди.
Бу орада порахўр, амалпараст, халқ мулкини зимдан таловчи-ларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Йўллар очилди. Минбарлар, давралар тўри кўринишдан эрта-кеч халқ хизматида юрган “фидойи-лар”га топширилди. Тоза инсонларнинг, айниқса, диктатор ва унинг гумашталари измига юрмаганларнинг косасини оқартирмади. Аср-лар давом этган зулм технологиясини янада кенг кўламда ишга солдилар. Ҳар гал уларнинг эркин ва озод фикрлашидан жазавага тушиб, бундай инсонларга турли тамғалар босиб йўқ қилишга уриниш бошланди.
Большевиклар октябрь тўнтаришидан кейин оёққа туриб олгач ўз сафдошларини бирин кетин жисмонан йўқ қилиш йўлидан бориб, инсоният тарихида мисли кўрилмаган тубанликка шўнғиган эдилар. Ҳали давлат тепасига келган бирор бир гуруҳ большевиклар каби ўз сафдошларидан қутилиш йўлини тутмаган ва бу даражада разолат ботқоғига ботиш тарихда кўрилмаган эди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, аввало, бир ҳовуч маддоҳ-ларни ҳисобга олмаганда, мустақиллик ғояларини кўтариб чиққан, уни халқ оммасига ёйган, миллионлаб кишилар онгига сингдирган олимлар, журналистлар, шоир ва адибларимизнинг баҳридан кечиш йўлидан борилди.
Кечаги коммунистик партия етакчилари бир кечада халқ демо-кратларига айланишди. Энди халқ номидан оғиз кўпиртириб демо-кратик ўзгаришлар ҳақида бонг ура бошладилар. Тез фурсатларда янада юқори лавозимларга тайинланиб, минбарларга маҳкамроқ ёпи-шиб булбул янглиғ сайрай бошладилар. Мустақиллик сўзини шун-дай чайнаб ташладиларки, бу муқаддас калом одамларда ижирғаниш келтира бошлади.
Мамлакат бўйлаб ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидаги “миш-миш” тарқатиш бўлимларининг шотирлари енг шимариб ишга тушди. Бу бўлимлар азалдан зулмга асосланган тузумлардан тузумларга меърос бўлиб, улар зулм технологиясини янги кўринишда – мустақилликни ҳимоя қилиш кўринишида ўз ишини бажаришга киришдилар. Яхши-лар ёмонотлиққа чиқарилиб, номлари 37- йиллардагидек қоралана бошланди. Қомоқхоналар кун сайин маҳбусларга тўлиб борди. Мад-доҳлар эса авж пардаларда: “ Ўзингники бўлса султонинг”, дея жағи жағига тегмай куйлашганларида ҳам:
Султонинг ўзингдан чиққани билан,
Не нафдир зиндонга айланса ватан.,
дея ҳеч бир шоир ё адиб эътироз билдирмади. Қўрқув ҳукмрон эди. Қўрқув юракларни забт этган эди.
Аста-секинлик билан, йилдан йилга зулм технологияси қон-сираб борди. Улар энди ишбилармонлар мулкига кўз тика бошлади. Ҳатто чет эллардан маблағ киритган инвесторлар, бизнесменлар мол-мулкини давлат номидан мусодара қилишга, бир қисмини ўзларига ўзлаштириб олишга тушишди. Шахсий бойликлари орт-гандан ортиб, мамлакат бошқарувининг барча бўғинларига суқилиб кира бошладилар. Ҳокимиятни ўзаро бўлишиб олишга киришдилар. Халқнинг бирор талаби қондирилмади. Ким қарши чиқса синдирилди. Ватан хоинига чиқарилди. Диний экстремист, бузғунчи, наркоман, деб ҳар қандай одамнинг бўйнига ҳар қандай “айб”ни илиб қўйишиб тавбасига таянтиришлар одат тусига кирган эди. Шу боисдан ҳам Ш. Мирзиёев бошлаган ислоҳатларнинг дастлабки йилида одамлар қалбида қўрқув ҳамон соя ташлаб турар эди. Бу табиий. Чунки халқни исканжада тутиб турган зулм салтанати чорак аср давом этган эди. Бу даврда бир авлод вояга етди. Ҳеч битта даврда зулмга қарши ҳақ сўзни айтиш осон кечмаган.
Ўзгаларни жонидай азиз кўрган ҳақпарварларгина жонларини тикиб ҳақ сўзни айтишдан ҳайиқмадилар. Ҳаётда бош кетар деб битта ҳақ сўз айтолмаган, ноҳақлик тарафини олиб юзга кирганлар озми? Лекин уларни ким ҳам эслайди? Ҳеч ким. Инсон умри ёш билан эмас, ҳақ йўлида эл-юртга, инсониятга қилган эзгу амаллари билан ўлчанишини тарих аллақачонлар исботлаб қўйган.
Ўша пайтдаги халқимизнинг руҳий ҳолатини бир тўртлигимда ифодалашга ҳаракат қилган эдим:
Эркинлик мақоми ўзгача бугун,
Ўзгача адолат деганлари ҳам.
Энди сибирларга қилмаслар сургун,
Сибирда юргандай яшар ҳар одам.
Ҳеч бир иккиланмай айтиш мумкинки, Ш. Мирзиёев мустақил-ликгача ва мустақилликдан кейин чорак аср давом этган, не бир тилло бошларни дондек янчган зулм тегирмони тўхтатди. Давлат бошқарувида одат тусига кириб қолган зулм технологиясини буткул синдирди. Синдирганда ҳам қайта ўнгланмайдиган даражада синдирди…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ