Бердиёр Жумаевнинг «Халқ сўзи» – қанақа нашр ўзи… » номли долзарб мақоласини ўқиб
Элу-юртнинг ғам-аламларидан йироқлашган газета!
(«Халқ сўзи» – қанақа нашр ўзи… » мақоласини ўқиб).
«Дунё ўзбеклари»да халқаро журналист Бердиёр Жумаевнинг Ўзбекистон Республикаси Парламенти ҳамда Ҳукумати раҳбарлари – Танзила Норбоева, Нурдинжон Исмоилов ҳамда Абдулла Ориповга мурожаат тарзидаги чиқиши билан танишар эканман, беихтиёр, «Халқ сўзи» газетасининг илк сонлари босилган даврлар ёдимга тушди. Ўша йиллари зиёлилар синфининг вакиллари сифатида бизлар ҳам ўзбек матбуотчилиги тарихидаги ушбу улкан воқеадан жуда қувонган эдик.
Кейинчалик эса, шахсан ўзим «Халқ сўзи»нинг мухлисларидан бирига айландим. Мазкур газета, айниқса, унинг биринчи бош муҳаррири, СССР халқ депутати этиб сайланган Аҳмаджон ака Мухторов етакчилик қилган пайтларда, ниҳоятда оммавийлашиб кетганди. Ўша йиллари «Халқ сўзи»да кўпгина кучли мухбирлар фаолият кўрсатишар, улар элнинг, юртнинг ва миллатнинг долзарб муаммоларини кўтариб чиқишар, аксарият ҳолларда, уларнинг ижобий ҳал этилишига эришардилар ҳам.
Аҳмаджон аканинг ўзиям мен бош муҳаррир эканман, дея қараб ўтирмасдан, қатор муҳим танқидий ва муаммовий чиқишлар қилар, ечими мураккаб бўлган жумбоқли масалалар тўғрисида бонг урарди, шунингдек, бошқа ходимларниям фаолликка рағбатлантирарди.
У кишининг қисқа муддат оралиғида «Халқ сўзи»да босилган профессионал журналистларга хос «Уруш бўлмайди деб, уруш бўлди-я», «Томдан тараша тушгандек», «Ҳар ким тор доирада ўйламасдан, умумий манфаатни кўзласин», «Ўн имзо остига имзо», «Бировдан кам, бировдан зиёд…» мақолаларининг сарлавҳалари ҳанузгача ёдимда сақланиб қолган.
Дастлаб, бош муҳаррир ўринбосари бўлган Аҳмаджон Мухторовнинг шогирди Анвар Жўрабоев мазкур газетага раҳбарлик қилган йиллар ҳам тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилишга арзигуликдир. Анвар акаям бош муҳаррирлик даврида газета саҳифаларида ажойиб мақолалари билан доимий тарзда қатнашганди.
Анвар Жўрабоев моҳир бош муҳаррир ҳамда қалами ўткир журналист бўлиши билан биргаликда, жаҳон тан олган ҳамда эътироф этган улуғ инсонлар ва буюк ижодкорлардан Михаил Шолохов, Чингиз Айтматов, Габриэль Гарсиа Маркес, Ўлжас Сулаймонов, Аркадий Райкин, Илья Глазунов сингари даҳоларниям ўзбек халқига матбуот орқали таништирган ажойиб публицист эди.
«Халқ сўзи» газетаси Аббосхон Усмонов бош муҳаррирлик қилган йиллардаям, бир тийинга қиммат матбуот нашрларидан биттаси эди.
Эндиликда эса, мана ўн йиллардан аллақачон ошиб кетгандир-ки, «Халқ сўзи» мажбурлаб обуна қилинадиган, иложсизликдан номигагина ўқиладиган газетага айланиб қолди. Шунинг учун ҳам, матбуот нашрларига мажбурий обуна қилиш чеклаб қўйилганидан бери, унинг аҳволи янада абгорлашган кўринади.
Бундай деяётганимнинг сабаби шу-ки, ўзим «Халқ сўзи»га обуна бўлмай қўйганимга кўп йиллар бўлди. Онда-сонда қўлимга тушиб қолганида варақлаб кўраман-да, тағин ҳафсалам пир бўлади.
Ушбу газетанинг халқимизнинг ғам-аламларидан, миллатимизнинг дардлари-ю оғриқларидан, ниҳоятда йироқлашиб кетганлигига, бевосита унинг раҳбарияти сабабчи, деб ўйлайман. Негаки, Ў. Раҳматов бош муҳаррир бўлганидан бери «Халқ сўзи»нинг оммавийлиги кескин сусайиб қолди, таҳририятда ишлайдиган яхши журналистлар ё ишдан бўшатиб юборилдилар, ёки уларнинг ёзганлари босилмасдан қўйди.
Бу газетага кўзим гоҳ-гоҳида тушсаям унинг расмий материаллар, турли-туман ахборотлар, ҳар хил хабарлар, бошқа иккинчи-учинчи даражали нарсалар билан ғиж-ғиж тўлдирилган саҳифаларини кўриб, унинг таҳририятида ишлайдиган ўнлаб ходимлар нима иш билан шуғулланар эканлар, уларга нима учун маош тўланар экан, дея ўйлаб қоламан.
Юқорида Аҳмаджон Мухторов билан Анвар Жўрабоевнинг ўзлари журналистик ижод билан фаол шуғулланадиган бош муҳаррирлар эканлигини таъкидладик. Ў. Раҳматовнинг бош муҳаррир бўлганига 12 йилдан ошиб кетсаям, унинг шу давр давомида бирорта муҳим мавзуда мақоласи босилганини ўқимадик ёки эшитмадик. Аббос Усмонов ҳам мақола ёзишни эплай олмасди, агар биров ёрдамлашмаса…
Уларнинг исми билан фамилиясини, фақат бош муҳаррир имзоси қўйиладиган жойдагина кўриш мумкин, холос.
«Халқ сўзи» газетаси, энди чиқа бошлаган вақтда Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева: «Халқ сўзи» – номингдан айланай, сенинг!» – дея хитоб айлаганди. Ҳалима опа «Халқ сўзи»нинг эндиликдаги хароб ҳолини кўриб, ўша гапини қайтиб олган бўларди, менимча.
Нима бўлгандаям ҳозирги «Халқ сўзи» замонамизнинг ўткир талабларидан жудаям орқада қолиб кетди. Унга Ўзбекистоннинг бош газетаси, деган ном, албатта хайф!
Оддий бир зиёли сифатида ўйлашимча, бунақа туришдаги ночор-қолоқ газетага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидек давлат ва мамлакат тақдирини ҳал қилувчи юксак идораларнинг муассис бўлишлари мутлақо ярашмайди.
Шундай экан, янги Парламентнинг ҳамда янги Ҳукуматнинг раҳнамолари ушбу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмоқлари, кескин чора-тадбирларни қўлламоқлари даркор!
Нозим ХУШВАҚТОВ,
зиёли.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ