Лукашенко: Россияга қўшилишга рози бўлсам¸ халқ мени еб қўйган бўларди!
Лукашенко: Россияга қўшилишга рози бўлсам¸ халқ мени бир йил ичида еб қўйган бўларди!

Александр Лукашенко қоғоз заводи ишчилари билан гаплашмоқда.
Александр Лукашенко ўзининг мустақил Беларуснинг сўнгги президенти бўлишини истамаслигини билдирди.
Шклов шаҳридаги қоғоз фабрикаси ишчилари билан 24 январь кунги учрашувда Лукашенко¸ «агар Россияга қўшилиш таклифига рози бўлганимда¸ халқ мени бир йил ичида еб қўйган бўларди»¸ деди жумладан.
Асосан Россия билан муносабатлар мавзуида гапирган Лукашенко¸ Москвани Минскка мунтазам босим қилиб келаëтганликда айблади.
Хусусан Лукашенко¸ Россиянинг нефт секторидаги солиқлар бўйича қўллаган сўнгги маневрини беларусларнинг яшаш даражасини пасайтириш орқали Минск раҳбариятини Россияга қўшилишга мажбурлашнинг навбатдаги уриниши дея баҳолади.
— Буни махсус қилишди. Беларусга босимни кучайтириш учун. Нима мақсадда босим қилишаëтганини эса¸ ўзингиз тушуниб олаверинг¸ деди ишчилар билан учрашувда Беларус президенти.
Лукашенко таъкидича¸ Россия Беларусдан нефть учун жаҳон бозоридаги нархдан қимматроқ тўлашни талаб қилмоқда ва ҳозирча томонлар бу борада келишувга эришмаган.
Евросиë иқтисодий иттифоқида шерик бўлган Россиянинг бундай талаби ортидан¸ Лукашенкога кўра¸ Минск ҳукумати нефтни АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларидан сотиб олиш бўйича музокара бошлаган.
Кейинги йилларда Россия ва Беларус ўртасида иттифоқчилик келишуви доирасида ўзаро интеграцияни янада кучайтиришга қаратилган сўзлашувлар бормоқда.
Кузатувчилар¸ бундай яқинлашув пировардида Россия Беларусни ўз суверенитетидан маҳрум қилишни режалаëтганини айтиб келмоқда.
Айни пайтда мустақил кузатувчилар¸ 2020 йилда Россия Ўзбекистонни Евроосиë иқтисодий иттифоқи ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшиш орқали¸ Каримов даврида Москвага ëн бермай келган Тошкентни ҳам ўзига қарам қилиш уринишини кучайтирганини таъкидламоқда.