Аҳли Расул Муҳаммад: ШУНДАЙ БИР ШОИР БОР ЎЗБЕКИСТОНДА!
Аҳли Расул Муҳаммад:
ШУНДАЙ БИР ШОИР БОР ЎЗБЕКИСТОНДА!..
Январ – ҳайратида сеҳр, нафратида меҳр пўртанали дарёдек гувиллаб оқиб турган, руҳонияти жуда юксакларда парвоз қилаётган шоира Санобар Меҳмон туғилган ой!
Ўзбек адабиёти мухлислари чинакам ноёб истеъдодларни соғиниб қолган шу кунларда Санобар Меҳмон шеъриятига дунё ўзбеклари эътиборини қаратишни муносиб кўрдим. Чунки шоиру шоира менман деб кўксига уриб китоб чиқариб, радио тўлқинларию телеэкранларни забт этиб юрганлар, алмойи-жалмойи матнларни қўшиқ қилиб айтаётганлар шеър дегани ўзи нима эканлигини оз бўлса-да, англаб етишларини хоҳладим.
Адабиёт боғининг қоровуллари – Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раҳбарлари, телерадио адабий-бадиий дастурлари муҳаррирлари Санобар Меҳмон каби худоберган ижодкорни ижод мактабларида ўқитиб ҳам, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан рағбатлантириб ҳам пайдо қилиш мумкин эмаслигини билиб қўйсинлар демоқчи бўлдим!
Ва Яссавийдан Машрабгача, Алишер Навоийдан Абдулла Орифгача бўлган буюк ўзбек шеъриятининг ҳақли вориси сифатида азалий ва абадий, кўҳна ва янги маъни-мазмунни дилбар вазну оҳангларга солиб қалам тебратаётган шоирани ушбу мавлуд ойи билан муборакбод этишни ихтиёр этдим:
Сўздан ёқиб гулханлар, сўзона айладингиз,
Сўзсиз қолди бийронлар, ҳайрона айладингиз.
Шоираи орифа, Ҳақ ишқига толиба,
Дономан деганларни девона айладингиз…
Мухлисингиз биттамас, милёнлаган тумонат,
Ўқиганнинг дилида ҳам ҳузн, ҳам ҳаловат.
Шоир бўлса киройи, қилсин сиздек хиргойи,
Шеъриятнинг бахтига бўлинг доим саломат!
———————————————————
САНОБАР МЕҲМОН ШЕЪРИЯТИДАН
***
Қай манзилни кўзладим, манзил йироқ билмайман
Қай соридан юракка тушди фироқ билмайман,
Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ билмайман —
Жон ипларини узмиш жонон бу ҳузун ичра,
Кўнглим, қаён кетармиз энди бу жунун ичра?
Бухорода бандим йўқ, Самарқандда қандим йўқ,
ҚАРШИ азалдан «қарши», ҳеч унга монандим йўқ,
Зорим кўпу зўрим йўқ, ҳеч кимсага пандим йўқ —
Жон ипини уздику, жонон бу ҳузун ичра,
Энди қайга борамиз, кўнглим бу жунун ичра?
«Осмон», дедим осмонга: «Куйга сол бу зоримни,
Ёмғирингга айт, ювсин дилда бор ғуборимни,
Қай манзилга боғловдинг«ЖОН»имдаги «ДОР»имни»,
Ахир, жон ипин узди, жонон бу ҳузун ичра,
Қайга юрайлик энди, кўнглим, бу жунун ичра?
Айтинг, магар тугарму чархнинг бу афсонаси,
Ҳар боби жон офати, биз анинг девонаси,
Ҳар кимсанинг борарға бўлсин бир остонаси.
Йўқса, бир умр сарсон кундуз ичра, тун ичра,
Бизлар қаён кетармиз, ё раб, бу жунун ичра?!
Ҳаллож ҳам кетиб бўлди, Машраб ҳам кетиб бўлди,
Биздан кейин чиққанлар манзилга етиб бўлди,
Фурсат ҳам тугаб бўлди, умр ҳам ўтиб бўлди —
Наҳотки, бор нақдимиз насядир бугун ичра,
Айтгин, қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра?!
Ҳаволаниб кетди дил, ҳавоий бўлмоқчими?
Саболар атрин ҳўплаб, сабоий бўлмоқчими?
Руҳларимиз топишгач, Навоий бўлмоқчими?
Унгача Санобармиз ҳол отлиғ фунун ичра,
Бошла, қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра?
Қай манзилни кўзловдим, манзил йироқ, билмасам,
Қай соридан юракка тушган фироқ, билмасам,
Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ, билмасам,
Жон ипин шарт уздику, жонон бу ҳузун ичра,
Кўнглим, қаён кетурмиз, энди бу жунун ичра?!.
ЎКИНЧ
Гоҳида беҳудман, валек гоҳида
Ҳушёрлиғ ўтида қоврилар дилим.
Қисматнинг бу янглиғ ўйинларида
Андак таассуф бор, андак табассум.
Гоҳ дўст иғво этар, гоҳ фалак ғавғо,
Гоҳ кўзни куйдириб, гоҳ сўнар шамим.
Корингдан ўргилдим, эй маккор дунё,
Андак таассуф бор, андак табассум.
Билмам нима қолар, Севгидан кейин,
Балким пушаймонлиғ: «Негаям севдим?»
Нима бўлганда ҳам қолмишлар аро
Андак таассуф бор, андак табассум.
Манам, анча йўлни босдим, чамамда,
Юр, энди кетмасак бўлмайди, Ўлим.
Ҳеч нарса қолмади.
Фақат дилимда —
Андак таассуф бор, андак табассум…
ЎЛМАСМАН…
Дилимга Ишқингни ёпсанг, ўлмасман,
Шу ишқдан ўзингни топсанг, ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда
Келиб кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!
Бу гулгун туйғудан маст бўлиб келсанг,
Пойимга ерданам паст бўлиб келсанг,
Мен билан ўлмоққа қасд бўлиб келсанг –
Бағримга жон каби тўлсанг ўлмасман!
Самолар азмига сени чорласам,
Саболар назмига сени чорласам,
Лайлолар базмига сени чорласам,
Бормай. кўзларимда қолсанг ўлмасман.
Умр ўтар, ёзу, қишли қировли,
Ҳол борми?
Ҳолинг не? – дея сўровли,
Кўкcимда бир тафт бор ўтдан оловли —
Шу тафтдан бир хикмат топсанг ўлмасман!
Қарорим қолмади тўзимга ҳайда,
Бир сўз айтиб борсам, сўзимга ҳайда,
Ўзимга келайин, ўзимга ҳайда —
Кейин шу жонимни олсанг ўлмасман.
Минг йилки тўкилар ёшим дув мани,
Жин чалдими ёки пари дев мани,
Сев мани, сев мани, яна сев мани —
Сўнг қанча фироққа солсанг ўлмасман!
Кўксимга ҳажрингни ёпсанг ўлмасман,
Унга ажал атрин сепсанг ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда —
Келиб, кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!!!
Руҳимга ишқингни ёпсанг ўлмасман…
Шу ишқдан Худони топсанг ўлмасман…
***
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни.
Мирзо Бобур
На васлингни кўйида зорлиғим йўқ,
Не борлиқман, ўзим бор-борлиғим йўқ,
На оҳангким; беҳуд-хумморлиғим йўқ —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни,
Унутмағил бурунғи ёрларни.
Гар осмонсан, осмонинг менга зордир,
Гар подшоҳсан, давронинг менга зордир,
Мендан кетган ҳар онинг менга зордир —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни,
Унутмағил бурунғи ёрларни.
Фалак сори ҳажр оҳи чирмашур,
Тийра ишқнинг тийра моҳи чирмашур,
Бир кўнгилнинг пок гуноҳи чирмашур —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни..
Унутмағил аввалғи ёрларни.
Манам бир гул, жамолим санга зордир,
Манам бир кўк, шамолим санга зордир,
Кеча-кундуз хаёлим санга зордир —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни.
Унутмағил аввалги ёрларни.
Шоҳ Бобурдан қолғон бу ишқ шиддати,
Соғинмоқ ҳам, Яратганнинг неъмати,
Санобардай гулнинг ҳаққи-ҳурмати —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни.
Унутмағил бурунғи ёрларни.
***
Одам кетиб борар…
Десанка Максимович
Фалакка ўрларкан руҳнинг қушлари,
Жонким бу танангни тарк этиб борар.
Дунё билан тугаб барча ишлари —
Одам
кетиб
борар…
Ҳар неки қиласан, ҳар не аъмолинг,
Азал котиблари дарж этиб борар.
Наҳотки, сўлади гулдай жамолинг —
(Гулгун мато билан тобут ичида)
Одам
кетиб
борар…
Шундоқ ёнимизда яшар эди у,
Дунёни дунёдай тарк этиб борар.
Ахир, сизу бизга ўхшар эди у —
Энди кетиб борар…
Келмоқлик-кетмоқлик гарчанд эҳтиёж,
Гарчанд у фанодан дарс ўтиб борар.
Боқ жоним, фикр қил, кўзларингни оч —
Одам
кетиб
борар…
Вақтга ўхшаб кетар, сокин ва бедил,
Шу ҳолда Тангрига хуш келар ҳоли.
Ўйла, тафаккур қил, нотавон кўнгил —
Шу ҳолда тугайди тақдир аъмолинг!
Ҳазрати Исодай қазога ризо,
Билмадим, ҳолидан не ўтиб борар.
Бу одам зотига илоҳий жазо —
Одам
кетиб
борар…
Гарчанд, кўнглимизда ҳаёт нашъаси,
Ҳамонки, дилда бир севилмоқдай ноз.
Кел, сени сўнгги бор туйсин нафасим —
Кел, мени сўнгги бор бағрингга бир бос.
Сўз ҳам тополмадим, топмадим илож,
Жон қуши Худога не деб ёлборар.
Эй одам, жон одам, кўзларингни оч —
Одам
кетиб
борар…
* * *
Мавло кўрайлик найлар,
Найларса гўзал айлар!
Шайх Иброҳим Ҳаққий
Гулни хорга қўшган ҳам
Йўқни борга қўшган ҳам
Ёрни-ёрга қўшган ҳам —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Бу на тақвою-тоат,
Бу на кашфу каромат,
Ҳаргиз қилманг маломат —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Надир унга зорлигинг,
На йўқлигинг-борлигинг,
Бир Дилга хумморлигинг —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Тиз чўксанг, тизинг унга,
Ёш тўла кўзинг унга,
Айтгин, пок сўзинг унга —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Ҳайрон бўлинг, оқиллар
Чунон бўлинг орифлар,
Сайрон бўлинг ошиқлар —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Покла, дилнинг сойини,
Чалгин ишқнинг нойини,
Ўп, ғариблар пойини —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!!!
Бу на, малак сифотда,
Бу на, инсон суратда,
Бу на, ажиб фитратда? —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Айт, на савдо бошингда,
Шундай гулгун ёшингда,
Бухоронгда-Шошингда —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
«Хизмат қил»,-деб элингга,
Ҳикмат солиб дилингга,
Қалам бермиш қўлингга —
Ишқ берган оташ айлар
Найларса гўзал айлар!
Ҳолингни билган Ўзи,
Дилингга тўлган Ўзи
Тадбирин қилган Ўзи —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Чайқалган ҳар бир гиёҳ
Ҳар титраса дер: “Оллоҳ!”
Йўқдир, зарра иштибоҳ —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Порлаган қуёш, қамар
Бергай нуридан хабар,
Раббимнинг ўзи чевар —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Ошиқ қалбларнинг ёди,
Бу бизларга имдоди,
Дунё Унинг ижоди —
Биз бир зарра, У заргар
Найларса гўзал айлар!!!
Зулмат надир, нур бўлинг,
Раббимга манзур бўлинг,
Келинг, Бизга жўр бўлинг —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
* * *
Худодан узоқсан дейди ҳар бир тош…
Гарсиа Лорка
«Худога жудаям яқинман,»- дедим,
Гарчанд, тасдиқ этди кўзимдаги ёш.
О, буни қанчалар кечикиб билдим —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Бир кун яшайдиган капалак яқин,
Йўқ унда нафс ғами, на ном, на талош.
«Қандай ўтаяпсан бандалик ҳақин», —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Қумрилар яқиндир нолон куй билан,
Яқиндир беминнат шу сахий қуёш.
Дилингдаги шунча алам, ўй билан —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Сувлар оқиб борар Худога қараб,
Бегидир, бетаъма, сокин ва бебош.
Дор узра шукрона айтади Машраб —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Гарчанд, яқинликдир руҳ ҳақиқати,
Қолгани шунчаки беҳуда талош.
«Ҳақ», – деб зикр айтган тошлар ҳурмати —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
О, буни қанчалар кечикиб билдим…
* * *
Қўҳна дунё йўл бермадинг, бурилиб ўтдик,
Бир бўлмағур савдоларга урилиб ўтдик.
Яссавийдай зот бош эгиб жим ўтганида —
Бизлар қайси коримизга керилиб ўтдик!
***
Айромиз, лек дил зоримиз бирлашадур,
Дийдорида дийдоримиз бирлашадур.
Ер устида Сени топмай, куйдим бироқ,
Ер остида мозоримиз бирлашадур.
***
Севдимми ё ишқдан аломат бўлди,
Улусдан минг карра маломат бўлди.
Қайдан оқиб келдинг дарё кўнглима –
Қиёмат бўлди-ей, қиёмат бўлди!
***
Қанийди дилда бир зор бўлса эди,
Дилимни куйласам, тор бўлса эди.
Ўлардим бегумон, ўлардим бешак,
Шу лаҳза ёнимда Ёр бўлса эди!
***
Япроқ ўзи титраб турса, кузда не айб?
Юрак ўзи қайнаб турса, сўзда не айб?
Момо Ҳаво, хато ўтса, сиздан ўтган,
Ахир, айтинг, бизда не айб, бизда не айб?
Тожикистондан “Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ