Бу юрт бир замонлар чор Россияси босқинчиларига мардона бош кўтариб чиққан Генерал Жўрабекка бешик бўлган.
Бу муборак заминда оташнафас бахши Абдулла шоир йиғлаб ўтди.
Бу муқаддас тупроқда дунё тан берган Қодир бахши эллик баҳорни ҳам кўрмасдан, бағрини тиғлаб, йиғлаб-йиғлаб ўтиб кетди.
Абдулла Орипов-чи, умрининг сўнгги нафасига қадар ота юрт, она замин Қашқадарёни соғиниб, Ўзбекистон, Ўзбекистон, она Ватаним, олис океан ортида мусофир бўлиб дунёдан кўз юмди.
Не ажаб, агар биз шул зотларни ўзлари кўз очган заминда қадрлаганимизда эди, ўз уйи, ўлан тўшагида жон бермасмиди…
Қашқадарё ана шундай жаннатмонанд тупроқ. Бу элда азалдан ижодкор халқи қадрланган, эъзозланган. Ахир, ўтган йил кўрдикку, буюк шоирлар Абдулла Ориф ва Эркин Воҳиднинг умр йўлдошларига Президент Шавкат Мирзиёев қанчалар эътиром кўрсатдилар, юксак орденлар билан тақдирлади. Юртбошидан нега бошқа раҳбарлар ибрат олмайди? Нега бирор ижодкор ёки шоир вилоят ёки туман ҳокимлари ҳузурига борсалар соатлаб эмас, ҳатто кунлаб куттирганига гувоҳ бўляпмиз? Соатлаб мажлис ўтказишдан чарчамайди, лекин уларни ҳатто қабул қилишга ҳам ҳафсаласи йўқ. Президент топшириғига кўра, туман ҳокимларининг маслаҳатчилари сифатида ижодкорлар тавсия этилаётгани уларга кўрсатилаётган ишонч ва эъзоз намунаси эмасми? Тағин биз водий вилоятлари ҳокимлари ўз ҳамюртлари бўлмиш шоир ва адибларга эҳтиром кўрсатиб, уй-жой ёки машина ҳадя қилганида жўр бўлиб уларни сўкдик, аслида юрт оғалари ана шундай саховатпеша бўлсалар нима ёмон, айтинг!
Мавзу аслида Қашқадарёдаги маънавий муҳит ҳақида эди. Муболаға эмас, вилоятда ҳақиқий маънавий муҳит фақат раҳматли Нуриддин Зайниев ҳокимлик қилган йилларидагина энг юқори поғонага кўтарилган эди. У киши ҳоким бўлиб тайинлангунига қадар, эшитгансиз, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Абдулла Орипов, Озод Шарафиддинов, шоир ва ёзувчилар Нормурод Нарзуллаев, Жуманиёз Жабборов(Оллоҳ раҳмат қилсин), Эркин Аъзам, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Сафар Остоновларни қай даражада юксак қадрлаганини. Ҳатто Лев Толстойнинг “Тазарру”сини Озод Шарафиддинов таржимасида ўқиганини ҳар доим хўрсиниб эсларди.
Ҳоким бўлгач, ҳар йили мустақиллик байрами арафасида пойтахтда ижод қилаётган, аввало қашқадарёлик фаол ижодкорларни, қолаверса, шу вилоят ҳақида одамларга хуш ёқадиган яхши асарлар битган бошқа қаламкашларни ҳам гоҳ Қашқадарёда, гоҳ Тошкентда тўплаб, бир пиёла чой устида дардлашарди. У киши дунёдан ўтганидан кейин бу ажойиб анъана унутилди.
Биринчиси, Китоб марказидаги асосий шоҳ кўча шу вақтгача генерал Жўрабек номи билан аталарди, ҳозир каттакўчами, аллламбало деб номлашган. Жўрабек номи олиб ташланди. Китобда бозор ҳудудини қайта қурамиз деган баҳонада юзлаб неча юз йиллик чинорлар бор эди, ҳаммаси кесиб ташланди. Бугун Китоб шаҳри маркази файзсиз. Ҳатто уч қаватли савдо бинолари қурилгунига қадар неча юз йиллардан бери турган қадимий бозор дарвозаси бузилиб, ўрнига бинолар қурилди. Ҳозир бозорга қаердан киришни билмайсиз, қамал қилинган бозор гўё бу жой. Одамлар бозорга магазинлар ичидан оралаб киряпти. Кулгули бу…
Фейсбукда кўзим тушди “Китобликлар ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати” деган профилда Китоб тумани рамзи муҳокама қилинмоқда. Кулгим қистайди, қайсидир савиясиз, саводсиз бир раҳбарчанинг касри билан Тошкент-Термиз йўлидан Китоб шаҳрига кираверишда айланма йўл устида тош-бетондан ясалган каттакон анор ва ёнида “Китаб” деган ёзув турибди. Шармандаликку бу, шу кунгача қанча одамлар ёзди, гапирди, битта ақли бутун раҳбар чиқиб ҳов биродарлар, Китобнинг рамзи китоб аслида, маърифат маскани бу жой, деб олиб ташлашга юраги бетламаяпти. Балки Исмат ака, сиз олис Канададан бориб, шу қургур анор ҳайкалчасини анорзорлар юрти Варганзага кираверишда қўйдириб берарсиз. Ана сизга ҳокимларнинг маънавияти, кимга керак. Менимча бу ҳайкалчалар ортида пачка-пачка маблағлар тургандирда!
Жуда керак бўлса Китоб тумани мадҳи, ана Абдулла Ориповда зўр сатрлар бор эди-ку, ана шу мисраларни ёздириб, китобга ҳайкал қўйдиришсин олам гулистон бўлармиди?
Сира эсимдан чиқмайди, вилоятнинг биринчи ҳокими Темир Хидиров 1991 йилда бошлаб берган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш анъанаси бугунги кунда умуман унутиб юборилди. Ахир Қашқадарё улуғлар юрти, катта ижодкорларга бешик бўлган замин.
Закиров Алишер Исамиддинович деган банкир ҳоким бўлиб келган. Ҳоким бўлгунича «Микрокредитбанк» АТБнинг Қашқадарё вилоят филиали бошлиғи эди. Ҳали бирорта каттроқ амалий ишини кўрмадик. Сайлов кунлари айрим кўчаларга шағал тўкканини айтмасак, бошқасини кўрмадик. Бу одамга ҳокимлик тизими бутунлай бегона. Балки ишлаб кетар. Шу пайтгачан ҳам нечтаси ишлаб кетди, бу ҳам шулардан бирида.
Бир гуруҳ китобликлар номидан
4 январ, 2020 йил
Қўшимча маълумот: Китоб туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Очилова Нафиса Акмаловна экан. Ким, қаердан келганлигини билмаймиз. Лола Ўроқова, 2019 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ҳассос адиба, фидойи инсон. Туман ҳокимлигида бош мутахассис. Нега уни қўйишмаган???