Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова хоним мақоласини диққат билан ўқиб
Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик фаолияти давомида жиноят кўчасига кирган кўплаб судья ва прокурорларни кўрганини маълум қилди (www.kun.uz, 2019 йил 30 декабрь).
“Мен шу тизимда 40 йилдан ортиқ ишлаб, (ана шундай жинояти учун қўлга олинганлар билан) гаплашганман, кўзидан ёшини оқизиб, “Агарда шу аҳволга тушишимни ўйлаганимда, мана шу жиноятга қўл урмасдим” деб қанча судьялар, прокурорлар йиғлаган”, дейди С. Ортиқова.
Бош прокурор ўринбосари ватанни, халқни, давлатни озгина бўлса ҳам ўйлаган одам жиноятга қўл урмаслигини айтган. Айни пайтда, у бирор лавозимга киришишдан аввал мансабдорнинг бир-икки кун қамоқда ўтириб чиқишининг фойдаси ҳақида гапирган.
“Мансабга ўтиришдан олдин одамлар колонияда бир-икки кун ўтириб чиқса, турмага кириб чиқса, камеранинг ҳидини билса, ҳеч қачон жиноятга қўл урмайди”, деган С. Ортиқова.
Йиғлатган албатта йиғлайди…
(Бош проокурор ўринбосари С.Ортиқованинг фикрларини ўқиб)
Бугун одатдагидай “дунё ўзбеклари”ни ўқир эканман, иттифоқо Ўзбекистон Бош Прокурори ўринбосари Светлана Ортиқованинг прокурор-у, судьяларнинг ҳам йиғлаши ҳақидаги фикрларини (http://www.dunyouzbeklari.com/?p=204998) ўқиб қолдим.
Албатта, қонун ҳимоячилари ҳам инсон, улар ҳам йиғлайдилар, аммо бу масаланинг бошқа томони. Ўтган даврларда қанчадан-қанча ноҳақ ҳибс этилиб, жувонмарг этилганлар бугунги кунга келиб оқланмоқдалар, озод этилмоқдалар, уларни шу кўйга солган “қонун куйчилари” эса, не ажабки ўзлари ҳибс этилмоқдалар, дунё уларга “ўз улушларини” қайтармоқда.
Инсон эртага уни нима кутаётганини била олмайди, юксак лавозимлардан панжара ортига тушиш бир қадамлик иш бўлиб қолди. Аммо адолат қонун устуворлигини ва жиноятга жазо муқаррарлигини эътироф этади.
Прокурор опа судья ва прокурорларнинг айримларини агар шу аҳволга тушишларини ўйлаганларида жиноятга қўл урмасликларини, йиғлаганликларини айтган.
Мен бу фикрга қўшилмайман, ҳаммаси билган оҳири вой бўлишини, аммо нафс бандалари ҳеч нарсадан тап тортмайдилар.
Мамлакат раҳбари ҳам кўп бора таъкидлаганлар – “…нафс балоси…”-деб. Катта пулнинг мазасига тушунган унча-бунчаси уни кутаётган аянчли тақдирдан хавфсирамайди, бойлиги унга қувват бериб туради.
Мисол тариқасида Хитойни, Эронни ёки яна кўплаб бошқа давлатларни келтириш мумкин, мазкур давлатларда давлат мулозимларининг порахўрлиги учун ўлим жазоси белгиланган, буни амалдорлар биладилар, лекин қўрқмай “соққа” қилаверадилар, натижада қўлга тушганлари халқ кўз олдида отиладилар, осиладилар, қатл қилинадилар, лекин бу олий жазо ҳеч кимнинг кўзини очмайди, негаки нафс балоси устунлик қилаверади.
Опа айтган жиноятчи амалдорлар ҳам Ватанни, халқни, давлатни озгина эмас, бошқалардан эҳтимол кўпроқ ўйлайдилар, аммо муҳит ва тизим уларни шу кўйга олиб келади. Ҳеч кимга сир эмас, айни пайтда ноҳақ ҳибс этилганлар озод этилмоқдалар, уларга ўз даврида, нисбатан яқин даврларда ҳам ноҳақ хукмлар ўқилган, нохақ айблов хулосалари тузилган, бир марталик хаётлари барбод этилган, кўпчилиги буюртма, раҳматли Марат Зоҳидовнинг ибораси билан таърифланганда “заказ сомса” орқали “кесиб” юборилган.
Қизиқ, бировни тақдирини нохақ айблов билан синдирган прокурор-у, судьялар бир фуқарони хаётини барбод қилган эдим деб йиғлармикинлар?! Агар йиғласалар аллақачон уларнинг кўз ёшларидан Ўзбекистон харитасида янги сунъий кўл пайдо бўлган бўлармиди.
Ўзгараётган Ўзбекистоннинг қонун ижросини назорат қилиш бўйича энг асосий орган бошлиғи ўринбосарининг “..Мансабга ўтиришдан олдин одамлар колонияда бир-икки кун ўтириб чиқса, турмага кириб чиқса, камеранинг ҳидини билса, ҳеч қачон жиноятга қўл урмайди”- деган гаплари эса бу мансаб эгасининг даражасига умуман ярашмайди деб ҳисоблайман.
Демак, ўринбосарнинг фикрича барча хокимлар-у, вазирлар, турли даражадаги амалдорлар мансабга ўтиришдан олдин ҳудди жиноятчилардек “ўтириб” чиқишлари керак экан-да. Ахир юқори мансабга амалдорларни давлат раҳбари тайинлайди-ку. Бу гаплардан Ўзбекистонда тайинланаётган ҳар бир раҳбар келгусида жиноятга мойил деган янглиш фикр келиб чиқмайдими?
Яна, қандай қилиб, суд ҳукмисиз мансабга тайинлананган амалдор колонияда ёки турмада 1-2 кун “ўтириб” чиқади. Қолаверса, бу гапларни чэт эл доиралари таҳлил этишни бошласа…
Қизиқ яқинда БП ўринбосарлигига тайинланган опамиз ўзлари ҳам тайинловдан олдин камерада 1-2 кун ўтириб чиққанмикинлар ёки бу фикрлари бошқа раҳбарларга тегишлимикин?
Афтидан, опамиз “Автомобилдан сақланинг” ёки ўзимизнинг жайдари “Келинлар қўзғалони” фильмидан илҳомланган кўринадилар, бу фильмларда шундай саҳналар бор. Тайинланаётган раҳбар ва амалдорларнинг ҳаммаси ҳам жиноятга мойил бўлавермайди, уларнинг орасида ҳам ҳалол, виждонлилари талайгина, улар ўз вазифаларини сидқидилдан бажарадилар, аммо уларнинг ҳам кўпчилигини суд қилишга ва ўтириб чиқишларига буюртма иш орқали “ёрдам бериб юборишлари” ҳеч гап эмас. Ким нима қилса, ўзиникини олаверади-қандай ўлчов билан ўлчаган бўлса, шундай ўлчов билан вақти келиб ўлчанади.
Прокурор давлат қораловчиси ҳисобланади, айблаувчини айбини исботланишини таъминлаш, шу маънода опани тушунса бўлади, чунки прокурорнинг иши деҳқончасига айтсак-қамаш. Аммо юқори давлат лавозимидаги амалдорлар бирон фикр билдираётганда ҳар томонлама мулоҳаза қилиб, кейин билдиришса мақсадга мувофиқ бўлармиди.
Бири кўп гўшт ейиляпти деса, бири 2,5 млн. сўм 1 ойга 5 кишилик оилага етади деса, яна бири жанозасини ўқи деса…
Мансабдор шахс ҳар бир гапига маъсулиятли бўлиши керак. Ахир бутун дунё бизларга қараб турибди…
© Талант Александеров
06-01-2020, 14:05 РМ, Тошкент, Офис