"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Каримовдан кейинги давр: Ўзбек-тожик чегараси миналардан тозаланди — ББС

Бош мақола, Ватандан хабарлар, Ўзбекистон | 06/01/2020 00:30-     11395 марта ўқилди

Каримовдан кейинги даврлар: Ўзбек-тожик чегараси миналардан тозаланди

  • 4 Январ 2020
раҳмонФото муаллифлик ҳуқуқиPRESIDENT.TJ

Ўзбекистон расмийларининг билдиришларича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегараларга ўрнатилган пиёдаларга қарши миналар бутунлай тозаланди. Бу борада уларга таянган ҳолда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари хабар беришди. Уларнинг айтишларича, миналар Ўзбекистоннинг ўз кучи ва воситалари билан тозаланган.

Миналар фақат Ўзбекистон томонига қўйилгани айтилгани ҳолда Тожикистон томонининг мина тозаловчи мутахассислар билан ёрдам бериш таклифи рад этилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига ўрнатилган миналар тозаланиши масаласи аввало Душанбеда, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашуви пайтида кўтарилган эди. Абдулла Ариповнинг Тожикистон пойтахтига расмий сафари Ислом Каримов дунёдан ўтгандан сўнг амалга оширилди.

2018 йил мартида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга қилган биринчи давлат сафари чоғида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашар экан, яна чегараларни минадан тозалаш масаласига қайтилди. Икки қўшни мамлакат раҳбарлари 2019 йил охиригача чегараларни миналардан тозалаш ишларини тугатишга келишадилар.

  • “Бирламчи эътибор энг кўп одам ўлган ерга қаратилган”
  • Ўзбек-тожик чегараси миналардан тозаланадими?
  • Турсунбиби момо: ‘Каримов болам, ўлмайдиган одам йўқ, йўлларни очиб қўйинг!’

Оддий тожикистонликлар, айниқса Ўзбекистон билан чегарада яшаётган кишилар чегараларни минадан тозалангани ҳақидаги хабарни қувонч билан кутиб олишди.

— Бу янгилик янги — 2020 йилнинг дастлабки кунларидаги фақат мени эмас, барча ҳамқишлоқларим учун таърифлаб бўлмас хушхабар бўлди, — деди Исфара туманининг Лаккон қишлоғида яшайдиган ўқитувчи Нодира Отахонова.- Қишлоғимиз, биз Яйпан деймиз, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани билан чегарадош. Яйпандан камида етмишта аёл Лакконга келин бўлиб тушган. Менинг аммам эса, Яйпанга келин бўлганлар. Аввал виза тартиби, кейин миналар бизни қариндошлар дийдоридан бенасиб этиб қўйганди. Лакконлик қанча йигитлар чегарадаги минада портлаб, ҳалок бўлишди, мажруҳ бўлиб қолишди.

Нодира шундай дея ҳозир Яйпанга кетаётганини айтди.

— Мен уч ой ичида учинчи марта қариндошларимизни кўргани боряпман, Айрим ҳамқишлоқларимиз эрталаб Ўзбекистонга тўйга бориб, кечқурун келишяпти. Визасиз борди-келдилар, мина балосидан хавфсирамаслик кунларига ҳам етар эканмиз-ку! — дейди Нодира Отахонова.

Қизилпилолдаги фожиалар

Расмий маълумотларга кўра чегарадаги инсон ҳалокатига сабаб бўлган дастлабки мина портлаши ҳам айнан Исфарада, 2000-йилнинг 29-августида юз берган.Бу портлаш натижасида Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани билан чегарадош Қизилпилол қишлоғида яшайдиган икки аёл ва икки қизалоқ ҳалок бўлади. Бир аёл ва яна бир қизалоқ яраланади. Портлашда яраланиб, беморхонадан жавоб бўлгач, ўзининг уйига — Қизилпилолга боришга юраги бетламаган Мужибахон Ҳожиевабир муддат қўшни — Арабқишлоқдаги онасининг уйига бориб яшайди.Портлашда кўкрагига мина парчаси тегиб, кўп қон йўқотган Мужибахон ҳалигача ўзига кела олмаган бўлса-да, кўзида ёш билан даҳшатли воқеани айтиб берганди.

Ўтказиб юборингYoutube пост муаллиф BBC Uzbek

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири Youtube пост муаллиф BBC Uzbek

Мужибахон икки дугонаси, икки қизи ва дугоналаридан бирининг қизи билан одатдаги юмушга — тоққа ўтин териш учун боришади. Бирдан даҳшатли овоз қулоқни қоматга келтиради. Ўзини йўқотган Мужибахон тўққиз яшар қизчасининг қонга беланиб ётганини кўриб, уни бағрига босганча пастга югуради. Йўлда икки-уч йиқилади. Кўкрагидан чакиллаб оқаётган қонга калишини босиб, яна қизи Гулдонани бағрига маҳкам босганча пастга югуради.Бўёқ заводи ҳовлисида машинага нималардир юклаётган кишиларнинг ўзи томон чопиб келаётганликларини кўради-да, ҳушидан кетиб йиқилади. У беморхонада ҳушига келганидан кейингина катта қизи Гулпари, қўшни аёллар ва яна бир қизалоқнинг ҳалок бўлганини, ўзи тоғдан пастга камида бир ярим километрга югуриб тушганини эшитади.

— Тоғда миналар қўйилгани ҳақида бирон-бир огоҳлантириш белгиси йўқ эди. Ҳеч ким бизга тоққа борманглар, мина бор,деб айтмаганди,- деганди даҳшатли портлашда оғир яраланиб, кўп қон йўқотса-да тирик қолган, беморхонада узоқ вақт даволанган Мужибахон Ҳожиева.

«Мен бу фожиадан сўнг орадан ўн йилча ўтиб, Мужибахон Ҳожиева билан учрашдим. Лекин у «Мен ўша даҳшатли воқеани эслашни хоҳламайман»,деди-да, бошқа гапиришни истамади, — деди маҳаллий кузатувчи Рустам Акрамов.

Қизилпилоллик Тошпўлат Аҳмедовнинг оила аъзолари унинг тўсатдан йўқолиб қолганидан хавотирланиб, бормаган жойлари қолмайди.

— Биз у кишини тўрт йил изладик. Келиб қоларлар деб кутдик. Лекин бирданига уйимизга ҳарбийлар кириб келишганида донг қотиб қолдим. Улар бизга раҳматли эримнинг кийимлари парчаларини кўрсатишди. Танидим. Улар эримнинг минада портлаб ҳалок бўлганини айтишди. Раҳматлига тўрт йилдан кейин аза очиб,фақат суякларини кўмдик, деганди йиғлаганча Тошпўлат Аҳмедовнинг беваси.

Каримов қўйган миналар

Қизилпилолдан сўнг Исфаранинг Лаккон, Офтобрў, Кулкент, Чилгази, Нефтеобод каби аҳоли масканларида яшовчи кишилар ҳам чегарадаги миналарга дуч келиб, ҳалок бўлишди ё оғир яраланишди.

-Минада портлаб ҳалок бўлган ё яраланган ҳамқишлоқларимдан айримлари иморатга тош олиб келиш учун, айримлари ўтин териш учун тоққа боришганди, — дейди Нодира Отахонова. — Жамшид Давронов исмли ҳамқишлоғим отга минади-да, қўйларини излаб, тоққа боради. Ва… кутилмаганда… у оти билан портлаб кетади. Иккита фарзанди етим қолди. Отаси Сайдулложон ака энди йигирма еттидан ўтган фарзанд доғини кўтара олмади. Юрак хуружи бағри куйган отани оламдан эрта олиб кетди.

Нодира Отахонованинг ҳамкасби, узоқ йиллар ўқитувчилик қилган Савринисо Исоқованинг икки ўғли иморат учун тош теришга бориб, минага дуч келиб яраланган.

» Ҳалигача иккови ўғлимнинг танасида мина парчалари бор. Ғолибжоним бир кўзидан айрилди. Бир томондан ўғилларимнинг тирик қолишганига шукр қиламан. Лекин барибир орадан шунча йил ўтган бўлса-да, ўша даҳшатли воқеани унута олмайман. Ҳар гал Ғолибжонимнинг кўзига кўзим тушса, ёниб кетавераман», — дейди Савринисо Исоқова.

Савринисонинг ҳамқишлоғи Ижозатхон Мамажонова мина портлаши туфайли навқирон ўғлидан ажралган. Унинг ўғли ўртоқлари билан тоққа каптар тутишга бориб, минага дуч келган.

Ижозатхон Мамажонова мина портлаши туфайли навқирон ўғлидан ажралган
Image captionИжозатхон Мамажонова мина портлаши туфайли навқирон ўғлидан ажралган

«Мен Ўзбекистоннинг Яйпанидан келин бўлиб тушганман. Ўғлимнинг маъракасига қариндошларим кела олишмади. Бир аламимга юз алам қўшилди. Шундай қир ошсанг, Шўрсувга, Яйпанга борасан. — дейди Ижозатхон.

У бир ютиниб олгач, сўзида давом этади:

Ижозатхон Мамажонова ўғли тоққа каптар тутишга бориб, минага дуч келган
Image captionИжозатхон Мамажонова ўғли тоққа каптар тутишга бориб, минага дуч келган

— Яхши кунлар келганига шукр. Мана шундай чегарада паспортингни кўрсатасан-да, қариндошларни кўргани Фарғонага ўтиб кетаверасан.

Биҳожал опа Лакконга қўшни Ўзбекистондан келин бўлиб тушганлардан бири. Унинг ўғли — қирқ ёшли Ҳотамжон Юсупов ўтин териш учун тоққа борганда, минада портлаб ҳалок бўлади.

«Аям Риштондан бўладилар. Ҳотамжон ҳалок бўлишидан олдин юз берган мина портлашларида ҳалок бўлган ёки яраланган одамларнинг айрим қариндошлари аямга «болаларимиз сенинг ҳамшаҳринг қўйган минада портлашди», деб очиқдан-очиқ таъна қилишганда, аям хўрсиниб йиғлардилар. Мен таъна қилган одамларнинг жаҳл устида оғизларига келганини қайтармаганликларини, лекин кейинчалик пушаймон бўлганликларини биламан. Аям бу таъналарга чидай олмаганликлари учун эмас, гуноҳсиз одамларнинг ҳалок бўлганликларига ачиниб, Каримовни лаънатлардилар.

Бу гапларни айтар экан Буҳожал опанинг ўғли Акрамжон Юсупов бир нуқтага тикилганча жим қолади. Бирпасдан сўнг оҳ тортиб сўзида давом этади:

» Қишлоқда мина ҳақида гап кетса, Каримов қўйган миналар, дейишарди. Укам минада портлаб жон бергандан кейин аям ўлганларича Каримовни қарғаб ўтдилар».

Ўз еримизда юрибмиз-ку!

Пиёдаларга қарши қўйилган миналарда фақат Исфарада эмас, Шимолий Тожикистоннинг Ашт, Конибодом, Панжакент, Шаҳристон туманларида яшайдиган кишилар ҳам қурбон бўлишди. Ҳеч нарсадан хабарсиз, тирикчилик билан овора одамлар минага дуч келиб ҳалок бўлаверадилар ё яраланаверадилар.

тоғлар

Ашт туманида яшайдиган 7 киши ўзбек-тожик чегарасига яқин ерда қўй-мол боқиб юрганида минага дуч келади. Қаттиқ портлаш натижасида 19 ёшли Мансур Бўриалиев ва 22 ёшли Ўролбой Жўлбеков ҳалок бўлади. Қолган беш киши яраланиб, беморхонага ётқизилади.

Бу фожиа одам ҳалокатига олиб келган дастлабки мина портлашидан сўнг орадан деярли беш йил ўтиб, юз беради. Бунгача чегараолди қишлоқларида одамлар орасида минадан огоҳлантириш ишлари олиб борилади. Мина қўйилгани борасида огоҳлантириш белгилари ўрнатилади. Бу ишга Бирлашган Миллат ташкилоти бош қўшади. Лекин йиллар давомида мина нималигини билмаган одамлар ўз еримизда юрибмиз-ку, деб чегарага яқин бориб қолганини билишмайди ва мина портлашлари юз бераверади.

Тожикистонда Ҳендикап Интернешнл халқаро ташкилоти чегараолди манзиллари аҳолисини пиёдаларга қарши мина хавфидан огоҳлантириш борасида иш бошлайди. Ташкилот дастури Шимолий Тожикистондаги энг кўп мина портлашлари юз берган Исфара, Ашт ва Панжакент туманларини қамраб олади. Лекин мина портлашлари камайса-да, бутунлай тўхтамайди.

Мина қурбонлари террорчи бўлишмаган

Шимолий Тожикистонда ўзбек-тожик чегарасига ўрнатилган пиёдаларга қарши миналарни тозалаш ишлари дастлаб Самарқанд- Панжакент йўналишида бошланганди.

Панжакентлик журналист Шоҳин Облоқулзода чегарадаги миналар масаласини ўрганиб келади. У фақат Самарқанд-Панжакент йўналишида эмас, балки бутун Ўзбекистон-Тожикистон чегарасига қўйилган миналар тозаланганлиги ҳақида хабардан мамнун бўлганлигини айтди.

— Фақат мен эмас, Ўзбекистон чегарасига яқин яшаётган барча панжакентликлар бу хушхабарни қувонч билан кутиб олишди, — дейди Шоҳин Облоқулзода. — Бу жуда савоб иш,икки қўшни халқ муносабатларини янада мустаҳкамлайдиган, уларнинг бир-бирларига ишончларини орттирадиган хайрли амалдир. Лекин барибир қалблардаги жароҳатлар битиши қийин, деб ўйлайман. Кимдир минада портлаб, ҳалок бўлган азиз фарзандидан ажраб, бўзлаб қолган, болалар отасиз, ёш келинчаклар тул қолишган. Мина қурбонларидан бирортаси на террорчи, на бангивор модда ташувчи бўлмаган. Бири мол боқиб юрган, бири равоч териш учун тоққа чиққан ё Ўзбекистон томонида яшайдиган қариндошларини кўриб келишга отланган оддий одамлар бўлишган.Орадан йиллар ўтган бўлса-да, минада портлаб ҳалок бўлганларнинг яқинлари, у портлашда яраланган одамлар билан гаплашиш оғир.Масалан, бир томони Самарқанднинг Ургут, бир томони Қашқадарёнинг Китоб туманлари билан туташган Фороб қишлоғида бўлганимда, ҳар гал мина қурбонларининг яқинлари алам билан гапиришади. Бир мина портлашида саккиз киши жабрланган эди. Айтгандай, ҳалок бўлганларнинг бири китоблик отахон эди.

Журналистнинг айтишича, китоблик отахон ўғли ва ҳамқишлоқлари билан Китобдан Самарқанднинг Ургут бозорига борган. Қайтишда йўлни яқинроқ қилиш учун Ургут ва Китоб орасидаги Панжакентнинг Фороб қишлоғидан ўтмоқчи бўлган. У Ургут-Панжакент чегарасига қўйилган минада портлаб, ҳалок бўлган.

КаримовФото муаллифлик ҳуқуқиGETTY IMAGES

Ўзбекистон расмийлари чегарага қўйилган минада портлаган ўзбекистонликлар ҳақида сукут сақлашади. Лекин Тожикистонда мина қурбонлари рўйхатига киритилган ўзбекистонлик фақат китобхонлик отахон эмас, дейди Шоҳин Облоқулзода.

Исфарадан Яйпанга келин бўлиб тушган ёш келинчак эри билан оилавий можаро туфайли уйига аразлаб кетиб қолади. Тасодиф туфайли у мина майдонидан эсон-омон ўтиб олади. Лекин унинг ортидан қидириб келаётган эри — яйпанлик йигит минада портлайди. Исфарага бензин олиб келиб сотиб юрган бешариқлик йигит мотосикли билан портлаб кетади.

Расмийларнинг билдиришларича, минада жабрланганлар орасида Ўзбекистон Қуролли кучларида хизмат қилган бир нафар ҳарбий ҳам бор. Ҳарбий машқ пайтида қаттиқ шамол аскар ва икки қуролдошининг парашютини Тожикистон томон суриб кетган. Парашютчи Исфара тумани ҳудудига тушган. Ҳарбий хизматчи чегарадан қайтиб ўтаётганда, минага дуч келиб, яраланган.

— Панжакентда Хурми, Омондара, Моғиён каби Ўзбекистон билан чегарага яқин қишлоқ жамоатларида минага дуч келиб, қурбон бўлиш ҳоллари юз берди. Лекин айни шу Фороб қишлоқ жамоатида минада портлаш ҳоллари энг кўп бўлди, — дейди панжакентлик журналист Шоҳин Облоқулзода. — Бу қишлоқда яшайдиган беш инсон бирваракайига минада портлаб, ҳалок бўлди. Фороблик бир йигит уйланаётганда Ургут бозорига харидга бориб, қайтишда ҳалок бўлди. Эртасига тўйи бўлиши керак эди.

Журналистнинг айтишича, бундан йигирма йил олдин Самарқанд ва Панжакентни бирлаштириб турувчи ягона чегара-назорат нуқтаси — Саразм-Жартепа бутунлай ёпиб қўйилгач, айрим одамлар қонунни бузишларини билган ҳолда, хавф-хатарга қарамай, Ўзбекистон томон отланаверишган.

— Ҳалок бўлган ёш йигитлардан бири Хурми қишлоғида яшарди. Унинг онаси Хурмига Самарқанддан келин бўлиб тушганди. Йигит ўзбекистонлик қариндошларини кўриш учун бораётганда чегарадаги минада портлаб, ҳалок бўлган. Ҳозирда чегарадаги миналар тозаланганини эшитиб, ҳаммамиз хурсанд бўляпмиз. Чунки биз ўзбекистонликлар билан фақат қуда-анда, қариндош эмас, балки қондошмиз. Саразм-Жартепа чегара-назорат нуқтасининг очилганига ҳам икки йил бўляпти. Одамлар бемалол, ҳеч қандай виза тартибисиз борди-келди қилишмоқда. Бўлар экан-ку! Мен минада портлаб жабрланганларни Каримов сиёсати қурбони бўлишган, деб ҳисоблайман, — дейди Шоҳин Облоқулзода.

Президентларни дуо қиляпмиз

Кузатувчиларга кўра 1999 йилда Қирғизистоннинг Боткен вилояти орқали Фарғона вилоятига ўзларини Исломий кучлар деб атаган қуроллилар сизиб киришга уринган пайтида Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирган.

Лекин, кузатувчиларнинг таҳлилларига кўра, шу пайтгача жабр кўрганлар оддий одамлар бўлиб, бирон-бир қуролли жангари ё бангивор модда ташувчи минага дуч келиб жабрланмаган.

Ўзбек томони эса, йиллар давомида фақат ўз ҳудудига миналар қўйилганини такрорлаб келган. Тожик томони эса, ҳали ўртадаги чегаралар аниқланиб, белгиланмас экан, миналаштириш мумкин бўлмаганлигини иддао этиб келган.

— Биз камида ўн йил олдин Ўзбекистон ҳукумати ўзбек-тожик ва ўзбек-қирғиз чегараларини минадан тозалашга киришиши ҳақида билдирганини эшитгандик. Лекин бунинг учун катта маблағ зарурлиги айтилиб, хорижий мамлакатлардан иқтисодий кўмак сўралган, дейишади.- дейди укаси минада портлаб ҳалок бўлган Акрамжон Юсупов. — Демак, маблағ топилибди. Биз бу хабарни эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлдик. Гарчи укамни бой берган бўлсак ҳам, аям фарзанд доғида дунёдан ўтган бўлсалар-да, қўшнилар билан олдингидек бемалол борди-келди қилишимиз мумкинлигидан, ҳеч ким чўчимасдан тоғ томон бора олишидан хурсандмиз. Раҳматли укам — Ҳотамжон икки қизини Ўзбекистонга узатган. Энди жиянларим, аямларнинг қариндошлари биланбемалол борди-келди қиляпмиз. Ҳа, чегаралар очилди, миналар тозаланди. АгарКаримовни қарғаб ўтган раҳматли аям ҳаёт бўлганларида, бизнинг президентимиз Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни қайта-қайта дуо қилган бўлардилар. Лекин уларни қишлоғимиздаги бошқа қариялар дуо қилишяпти, — дейди Акрамжон Юсупов.

Товон пулини ким тўлайди?

Кузатувчиларга кўра, гарчи тожик-ўзбек чегарасидаги миналар тозаланган бўлса-да, ҳали Тожикистоннинг бошқа минтақаларида миналар хавфи буткул йўқотилган эмас.

Тожикистондаги мина майдонларини учга бўлиш мумкин: Шўро даврида миналаштирилган 1, 344 чақиримлик тожик-афғон чегараси, 1992-1997 йиллардаги ички урушлар пайтида энг қақшатқич тўқнашувларга саҳна бўлган Тожикистон шарқида жойлашган Рашт водийсидаги туманлар ва Ўзбекистон тарафидан миналаштирилган 1, 283 чақиримлик ўзбек-тожик чегара ҳудудлари. Энди иккита мина майдонлари қолди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, ўтган йиллар давомида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган бошқа томонларида ўрнатилган миналарни тозалаш жараёнида тожикистонлик мутахассислар маълум тажриба тўплашган. Пиёдага қарши бу миналар Тожикистон ва Афғонистон чегарасида ҳамда мамлакатдаги фуқаролар уруши даврида кўпроқ тоғларда ўрнатилганди. Минадан тозалаш ишларида Тожикистоннинг энг асосий шериги Минасизлантириш бўйича Швейцария хазинаси бўлган. Тожикистонда иш кўрган 20 тадан ортиқ минадан тозалаш гуруҳи маълум тажриба тўплаган. Шу билан бирга мамлакатга минани аниқлайдиган механик машиналар келтирилган.

Лекин шунга қарамай, минадан тозалаш жараёнида 20 нафарга яқин киши яраланган, икки нафар сапёр эса, жон таслим қилган.

Умуман олганда, эса Тожикистон Миллий миналар маркази маълумотлари га қараганда, кейинги йигирма йил орасида пиёдаларга қарши миналар портлаши натижасида Тожикистон фуқароларидан 374 ҳалок бўлган, яна 485 кишги яраланган.Таҳлилчиларга кўра Тожик ўзбек чегарасида жабрланганлар сони эса, 200 нафарга яқинни ташкил этади. Уларнинг 100 нафардан кўпи яраланган, кўплари мажруҳ бўлиб қолган.

Минадан жабрланганларга ёрдам бериш ижтимоий ташкилоти ходими Муҳаммад Бобожоновнинг айтишича эса, чегараларни миналардан тозалаш билан бирга миналаштирган томон жабрланганларга товон пули тўлашни ҳам ўйлаб кўриши зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

ББС

Ўхшаш мақолалар:

  1. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Китоб бозорида бир дам (84 фото)
  2. Шароф Убайдуллаев Тошкентнинг Фарҳод бозоридаги шпаналар ҳақида
  3. Шармандага шаҳар кенг! Бугун Сурияга мағлуб бўлган терма жамоамиз аъзоларига
  4. Гуллаётган Наманган: Олис қишлоқда китоб тарғиботи
  5. Қашқадарё инвестиция форуми: яхши имконият ва янги лойиҳалар намойиши
  6. Янгиланаётган Ўзбекистон: ўн йилда 14 миллион, уч йилда 15 миллион сайёҳ келди
  7. Юксакларда ҳилпирар юртим байроғи — ЎзА
  8. Қозоғистондаги этник тўқнашувда ўлганлар сони 10 кишига етди (ВИДЕО)
  9. Сирожиддин Саййид: Сурхон боғларида гул тўкди ўрик…
  10. Хотин-қизларнинг хайрли ишлари эътироф этилди — ЎзА
  11. АҚШ Президенти Шавкат Мирзиёевни Наврўз билан табриклади
  12. Бекқул Эгамқулов: Фуқаролик ва фарзандлик бурчимизни бажараяпмиз…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.