Бош муҳаррир И.Хушевга: Орзу узоқ, ўлим эса яқин экан…
Муҳтарам Бош муҳаррир!
Аввало Сизни ва оила аъзоларингизни, яқинларингизни кириб келаётган янги -2020 йил билан чин юракдан муборакбод этаман!
Сизларга энг эзгу тилакларимни билдириб қоламан. Миллат номуси, адолат учун чекаётган изтироблар, кўрсатаётган жонбозликларингизни қадрлайман ва бу жабҳадаги фаолиятингизда тўфон каби зарба кувватини тилайман!
Капитал устуворлик қилиб, маънавият, инсон шаъни пастлаётган, жамият тобора қатламларга бўлинаётган замонда, Парвардигорга шукрким, Сиздай адолатсизликка қарши тикка борадиган миллат фидойилари миллионларни ўрнини босиб, нафақат золим амалдорларни, балки оддий халқни ҳам кўзини очмоқда.
Ҳаққинг учун кураш демоқда. Сиз ҳақсиз, русларда «Один в поле не воин»-деган нақл бор, мамлакат раҳбари Ўзбекистонда янги демократик жамият қураман деб ҳарчанд уринмасин, аммо уни чор — аторфини гўёки саккизоёқ сингари чирмаб олган, ҳали-ҳануз ўша эски тузум онгидан халос бўла олмаган, ёки халос бўлишни, янгича фикрлашни умуман хоҳламаётган ўша аксилислоҳотчи раҳбарлар, миллатга босим ўтказиб, мамлакат раҳабари олиб бораётган, жамиятимиз учун тамомила янги сиёсатга қарши «Шантаж ва саботаж» амалиётини олиб бормоқдалар.
Бунинг сабаблари кўп ва бу катта миқёсдаги мавзу. Аммо Сизнинг янги услубдаги яъни, илгари фақат мақола шаклидаги кўринишдан иборат бўлган маълумот ёйишдан, эндиликда жаҳон тажрибасида кенг қўлланилаётган видео ва интервью шаклида маълумот беришга ўтишингиз катта наф келтириб, жуда катта қатламни эгаллаб олмоқда.
Эндиликда, таъбир жоиз бўлса, бутун Ўзбекистон Сизни кўриб, эшитмоқда. Тан олиб айтиш керакки, бугунги кунда Сиз нафақат Ватандаги балки ҳориждаги Ўзбекистон хақида маълумот бераётган энг етакчи журналист ва блогер мавқеига эга бўлдингиз. Сиз ҳақингизда олган маълумотларга ишониладиган бўлинса, Сизга Президент девонидан масъул лавозимга таклиф билан чиқишган, аммо Сиз мамлакат раҳбарини ўраб олган «тиконли чирмовуқларни» йўқотмагунимича ҳеч қандай лавозимга ўтирмайман, раҳбар атрофини ҳалол, пок ва миллат учун жонкуяр ходимлар билан таъминламагунмича, мунофиқлар билан бир жойда иш олиб бормайман деб кескин рад жавобини берган экансиз.
Чиқишларингизни кузатар эканман, жонкуярлик билан нутқ ирод этишингиз инсон қалбини жунбушга келтиради, оташин ва кескин гапларингиз, гўёки адолат учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган классик революционерларникига ўхшаб кетади. Кўп чиқишларингизда «…инқилобий ўзгаришлар…» — деб гапирасиз, фикрингизга қўшиламан — мамлакат раҳбари инқилобий ислоҳотларни бошлаб бердилар, аммо афсуски уларни ҳаётга татбиқ этиш ўша-ўша «охурдаги емини йўқотиб қўйишдан» чўчийдиган, эски амалдорларга қолди, натижада, айниқса жорий йилда ислоҳотларнинг тўхтаб қолиши, халққа турли амалдорлар томонидан қатъий босим ўтказилиши факти яққол намоён бўлиб қолди.
У амалдорлар янги услубда иш олиб боришга ақллари етади албатта, аммо буни истамайдилар, ўша «ем оҳуридан» ажраб қолишни асло ўзларига эп кўрмайдилар ва якунда ёш, иқтидорли кадрларни четга сурмоқдалар. Бу эса халқ томонидан «тепадан» уюштирилаётган ўйин сифатида кўрилиб, ислоҳотларга ишонмаслик ҳиссиётини пайдо қилмоқда.
Тўғри-да, малакат раҳбари, тадбиркорни душмани-менинг душманим ёки журналист халқ дардини тепага олиб чиқувчи, унга тегманглар деб турса-ю, хаёт буни аксини кўрсатиб турса, бечора халқ буни нима деб тушуниши керак?! Ана шу ерда «амалдорлар томонидан ислоҳотларни шантаж ва саботаж» усулини Сиз томонингиздан нақадар тўғри талқин этилиб, халққа тақдим этилиши, зукколик ва таҳлилларингиз асосли эканлигини кўрсатади.
Сиз муаллифи бўлган — «Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев ислоҳотларининг эски тузум тарафдорлари бўлган амалдорлар томонидан «Шантаж ва саботаж» этилиши орқали сунъий равишда халқ норозилигини келтириб чиқариш технологияси» теорияси бу катта илмий ишдир, Сиз ўзингиз билмаган ҳолда янги катта сиёсий теорияни ишлаб чиқдингиз ва энди албатта бу ишни илмий ҳимоя этишингиз керак. Бу миллат олдидаги бурчингиздир!
Давр чақириғи Сиз-у, бизга ўхшаган- миллат дардини ўз дардидек кўришга, халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракт этишга етиштирилган ҳар бир шахсга катта маъсулият юклайди. Миллат мамлакат раҳбари бошлаб берган, бизни очиқ гапиришимизга имкон берган сиёсатни аввал ҳимоя этиб, кейин зафар қучамиз ёки ҳар соҳада ноқонуний иш олиб борувчи «шантаж ва саботажчи» амалдорлар «қўшини» олдида қурбон бўламиз. Биринчиси иккинчисидан афзалроқдир, ҳақиқат шудир!
Эҳтиросларга берилиб кетганим учун мендан ранжимайсиз деган умиддаман, муҳтарам бош муҳаррир!
Ўша эски тузумда, биргина эркин сўз ёки халқ манфаати учун айтилган ҳақ сўзга, ўзгача фикр билдирганлик учун бошқа босимлар кўрсатиш у ёқда турсин ҳатто ҳибсга олинадиган нисбатан яқин даврларда Сиз билан ҳамкорлик қилганимни чуқур ҳурмат билан ёдга оламан, бундан фахрланаман, зотан биз ўша даврларда ҳеч нарсадан қўрқмай, миллат дарди учун керак бўлса хаётимизни хавф остига қўйган, кескин сўзларимизни айта олган эдик, бир буюк миллатнинг оддий фарзандлари учун бундан улуғроқ бахт бормикин, жаноб?!
Бундай фаолият учун, тизимнинг қасд олиши табиий бир ҳол эканлигини тушуниб етган эдим, албатта.
Аммо улар паст йўлни танладилар, инсон учун энг нозик ва оғир нуқта бўлмиш фарзандим орқали менга зарба бердилар. Гарчи ўғлим шўх бўлиб, муқаддам бир неча бор судланган, лекин жиноятлари майда бўлганлиги учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга тортилган бўлса-да, эндиликда уни уйдирмаларга асосланган, буюртма иш оқали ЖКнинг 164-моддаси билан 2016 йилда 8,5 йилга «кесиб» юбордилар. У ўша пайтларда атиги 22 ёшли йигитча эди.
Шайхалидаги 61-зонага этап бўлганидан кейин унга турли ёлғон айбловларни қўллаб, изолятордан чиқармадилар ва 3 йил ёпиқ турма режимига ноқонуний суд ўтказиб, хукм қилиб юбордилар, бу орада у ўзининг ва қисматдош маҳкумларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишни давом эттирди ва зулмга норозилик сифатида ўз жонига бир неча бор қасд қилишга мажбур бўлди , зеро у колония ва турмаларда жудаям кўплаб ноҳакликлар бўлаётганигига чидаб туролмади.
Навоийдаги 11-сонли ёпиқ турма режимида эса унга шунчалик руҳий ва жисмоний босим ўтказдиларки, у ўз жонига қасд қилиб, лезвия ва мих предметларини ютиб юборишга, билагини ва тамоқларини бир неча бор кесишга мажбур бўлди ва натижада яна уйдирмаларга асосланган айблов хулосаси билан
(дарвоқе, яқинда, аниқроғи жорий йил, 24 декабр куни «Адабиёт газетаси»да журналист Бахтиёр Каримнинг «Бизни кечир, Жамшиджон» номли суд очеркини ўқиб қолдим, э воҳ, очерк қаҳрамонининг аянчли тақдири ҳам ҳудди ўғлимники сингари адолатсизликларга рўбарў қилинганини гувоҳи бўлдим, очерк қаҳрамониники каби ўғлимга ҳам ўша очеркда номи тилга олинган Навоий вилояти махсус прокурори Қаҳҳоров худди ўша ЖКнинг 221-моддаси билан уйдирма айблов хулосасини тайёрлаган эди, аммо мен судда иштирок этиб, ўғлимга нохақ айблов эълон қилинганини ҳар томонлама исботлаб бердим, лекин суд…)
ўғлимни яна «айлантириб , раскрутка» қилиб юборишди.
Кимларга мурожаат этмадим, бормаган инстанциям қолмади, аммо ҳеч ким қонунни ҳимоя эта олмади, ўзиникини ёнини олишди, тўғри, саъй-харакатларим натижасида Шайхалидаги собиқ 61-сонли ЖИЭМ бошлиғи Умаров, Навоийдаги 11-қаттиқ тартибли клонияни ва бир вақтнинг ўзида ёпиқ тартибли турма участкасининг бошлиғи Қиличев деганларини, гумашталари билан вазифасидан озод этилишига муваффақ бўлдим.
Натижада у колонияларда тартиб бир мунча енгиллаштирилиб, маҳкумларга кўрсатилаётган зулм камайтирилди, шунисига хурсанд бўлиб қолавердим, аммо ўзимнинг ўғлимнинг ишидаги хақиқатни қарор топтиришда бирон силжиш кузатилмади. Боз устига у берган маълумотга кўра, унга халқ тилида «Сангород» деб аталмиш махумларга мўлжалланган касалхонада мажбурлаб, тузалмас касаллик келтириб чиқарадиган вирус эмлашган, натижада у тузалмас касаликка чалинтирилган.
Адолат ҳурмати, ҳозир у жазо ўтаётган колонияда, бошлиқ ёш ва адолатли эканлигини эътироф этади, унга босим ўтказилмаётганини, хушмуомала бўлишаётганини айтади. Аммо бу ҳолат тергов, суд ва эндиликда уни жазони ижро этиш тизими орқали хаёти буткул барбод этилганини тўғрилай олмайди ва бу «шантаж ва саботажчилар» тизими нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Минглаб маҳкумларнинг ёш ҳаёти шу тариқа барҳам топаяпти.
Кўпчилик, журналистлар ёзаверади-да, деб айтиши мумкин, лекин мен ҳар бир иддаоларимни ҳужжатлар ва оддий мантиқ орқали исботлаб бера оламан ва сўзларимга жавобгарлик маъсулиятни ҳам ҳис этаман. Борми шундай раҳбар, дардларимга қулоқ тутса, қонунни рўёбга чиқарса, афсуски йўқ, бўлганда эди шунча йиллардан бери ёзиб келаётган дардимни кимдир ҳаққоний ҳал этган бўлармиди?!
Афсус, ҳеч ким бўлмаганим ҳолда мен ҳам, ўғлим ҳам инсон-ку, унинг ҳам яшашга ҳаққи бор эди-ку, шу ёш болани ҳаёти кимларга керак бўлиб қолди, хаётимизнинг мазмуни қолмади, орзуларимиз чил-чил бўлди.
Онам ҳам шу ўғлимни дардида сиқилиб, вафот этиб кетдилар, отам ҳам сиқиладилар, нафақат неваралари учун, адолатсизлик учун сиқиладилар, улар ҳам қартайган чоғларида адолатсизлик қурбонларидан бирига айланишларидан хавотир оламан. Тергов, суд ва жазони ижро этиш тизими шу тариқа бутун бошли оиланинг бошига етди, эҳ-ҳаёт, наҳотки бир қисм адолатсиз, инсон ҳаёти, тақдири учун масъул бўлган кимасалар, бутун бошли оилаларнинг бошига етса?! Ҳамма бунга жим қараб тураверса?!
Гапирса гап кўп, муҳтарам бош муҳаррир, бу қалбим нидоси нафақат менинг, балки зулм ва адолатсизликка учраган қисматдошларимизнинг ҳам нидо ва фарёдидир!
Янги йил билан табрикдан бошлаб, кейин шу муаммойимни дастурхон қилганим учун мени маъзур тутгайсиз, аммо янги йилни шундай тушкун кайфиятда кутиб олишга маҳкумман, мени тўғри тушунасиз деган умиддаман. Хаётимда ҳеч қандай маъно қолмади.
Ўғлим доим менга айтади, «Ада, ҳақиқат йўқ, югуравериб овора бўлманг, мен яқинда «кетаман», ана ўша ерда хақиқий Прокурорга ва Қозига (Парвардигорни айтмоқчи) буларни айтиб бераман, ва энди мен уларни суд қиламан, улар мени ноқонуний суд қилишган бўлса, у ерда улар адолат билан суд қилинадилар» — дейди.
Унинг бу сўзлари қалбимни чил-чил қилиб синдиради. Шу тариқа арзимас хаётим синдирилди, орзу узоқ, ўлим эса яқин экан…Оилам бошига тушган бу аянчли кунлар ҳеч кимни бошига тушмасин…Адолат қарор топсин…Яна бир бор узр сўрайман, кайфиятингизни бузган бўлсам!
Дарвоқе, муҳтарам Бош муҳаррир, отам хақида мақола чоп этибсиз, у кишининг бошлари кўкка етди, Сизга миннатдорчилик билдириб, янги йил билан табриклаб юбордилар. салом йўлладилар.
Нима бўлганда ҳам ҳаёт давом этади, ишқилиб инсонлар тақдири келгусида сунъий равишда синдирилмасин-да, қайтар дунё эса тарихда тасдиғини топган ҳақиқатдир.
Янги йил барчага муборак бўлсин ва барча ўзи ҳақида ўйлаб кўрсин!
Самимий ҳурмат ва миннатдорчилик билан,
© Талант Александеров
2019-12-30, Тошкент, 13:20, PM Тошкент, Чилонзор Оқ-тепа.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ