“Паррандасаноат” уюшмасининг ходимлари нега кўчада қолишди?
“Паррандасаноат” уюшмасининг ходимлари нега кўчада қолишди?
Жорий йилнинг 9 – 16 декабрь кунлари “Паррандасаноат” уюшмасининг ходимлари ишхоналаридан кўчага ҳайдаб чиқарилган. Бу воқеаларнинг сабаби бор албатта. “Ўздонмаҳсулот” биносининг 6-қавтида ижарада турадиган “Паррандасаноат” уюшмаси ижара ҳақини тўлай олмай қолганлиги боис жами 21 нафар ходимлар кўч-кўронини йиғиштириб кўчага чиқишга мажбур бўлишган. Бу кўчада қолиш биринчи марта эмас. Бундан олдин ҳам икки бор ходимлар кўчада ишлашга мажбур бўлишган. Унинг устига 4 ой олдин бугалтер ҳам бўшатилиб, шу вақтгача бугалтерсиз ишлаб келмоқда.
Ўзбекистоннинг ҳар бир нуқтасида ўз аъзоларига эга мазкур ташкилот бугунги кунда нега бундай аҳволга тушиб қолди. Ахир 255 та товуқ фермалари 70-80 миллионлаб аъзолик бадалларини канда қилмасдан тўлаб турса, бу пуллар қайга кетмоқда. Ўзининг ижара ҳақини тўлаб бера олмаган уюшма қандай қилиб аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қила олади.
Аъзолар уюшмадан миннатдор эмас албатта. 100 миллионлаб аъзолик бадалларини беришсада уюшма томонидан ҳеч қандай ёрдам ва кўмак йўқ экан.Паррандачилик саноатларини қўллаб-қуввтлаш мақсадида тузилган уюшманинг ўзи бугун ёрдамга муҳтож бўлиб қолганини қандай тушуниш мумкин.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ раис ўринбосари Яшин Абдураззоқов бир вақтнинг ўзида “Паррандасаноат” уюшмасининг раиси ҳам ҳисобланади.
Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4015-сон қарорида шундай дейилади:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан эквиваленти 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилсин.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ устав капиталига киритилаётган 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги мақсадли маблағлар паррандачиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун бошқа тижорат банкларига ҳам кредитлар ажратиш учун йўналтирилади.”
Кўриниб турибди, қарор билан паррандачиликни ривожлантириш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сумма “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ устав капиталига ташлаб берилган.
Орадан мана бир йил ҳам ўтиб бўлди. Айнан шу пуллар билан нима иш қилингани бўйича “Паррандасаноат” уюшмасининг аъзоларидан сўраб кўрдик. Улар бу ажратилган маблағлардан хабари йўқлиги, ҳаттоки, “Паррандасаноат” уюшмаси умуман ёрдам кўрсатмаслигидан нолиб қолишди.
Бугунги кунда ҳар бир соҳада очиқлик сиёсати бошланди. Ҳаттоки, 2020 йилг учун тақсимланган Давлат бюджети ҳам халққа ошкор этилди. “Паррандасаноат” уюшмаси эса ҳали-ҳамон паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилган маблағларни аъзоларидан, ҳаттоки, марказий аппаратидаги ходимларидан ҳам сир сақлаб келмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин. Бу пулларни “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ раис ўринбосари Яшин Абдураззоқов “туя” қилиб юборди дейишга асосимиз йўқ.
Ҳар жабҳада очиқлик бошланган бугунги кунда “Паррандасаноат” уюшмаси раҳбарияти ҳам мана шу 50 миллион долларнинг тақдири бўйича ҳисобот бериши керак. Нима мақсадда, қайирга, сарфлангани бўйича уюшма аъзоларига ҳисобот бериши лозим. Балким бу пуллар қават-қават ҳовлилар қурилишига сарфлангандир. Агар ундай бўлмаса, қайга ишлатилди.
Энди у замонлар ўтди. Раҳбарлар ўз билганича халқдан пинҳона иш қилишлар замонини Ш.Мирзиёев ортда қолдирди. Энди у кунларни орзу қилишни раҳбарларимиз тўхтатса ҳам бўлади.
Бир йил олдин “Паррандасаноат” уюшмаси ўз биносига эга бўлиш учун Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманининг янг яхши жойидан 6 сотих ер ҳам ажратилган. Шаҳарсозлик қонунчилигига асосан берилган ерда бир йил ичидан бино қурилмаса, қайтиб олиб қўйилади. Мана орадан бир йилдан кўп вақт ўтиб бўлди. “Паррандасаноат” уюшмаси раисининг бу борада ҳеч қандай ҳаракати сезилмаяпти. Аслида бир йил ичида ижара ҳақи учун тўланган 50 миллион сўмга бинонинг асосини битказиб бўлиши мумкин эди. “Паррандасаноат” уюшмаси раҳбарининг ходимларини ва уюшма келажагини заррача ҳам ҳаёлига келтирмаслиги боис муаммолар ортидан муаммолар келиб чиқмоқда. Раис Яшин Абдураззоқов аслида аъзолар томонидан берилган аъзолик бадаллари ҳисобига маза қилиб яшаш ҳадисини олган.
Мана шундай раҳбарларимиз савиясизлиги ва масъулиятсизлиги боис Президентимиз ислоҳотлари атайин ортга тортилмоқда. Бундай раҳбарларимизнинг курсини банд қилиб йилларни ўтказиши Президент сиёсатига шантаждан бошқа ҳеч нарса эмас.
Яқинда А.Қодирийнинг уй-музейи очилишда Президентимиз ташкилот раҳбарларига Ёшлар масаласи бўйича ҳам эътироз билдирди. Яъни ташкилотларда ёшлар бўйича ишлар олиб борилмаётганини қаттиқ таъкидлаб ўтилди. Айнан мана шу масала бўйича ҳам “Паррандасаноат” уюшмасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ раис ўринбосари Яшин Абдураззоқов раҳбар этиб тайинлангандан кейин “Ёшлар масалалари бўйича ўринбосар” лавозимини таг-туби билан йўқотиб юборди.
Умуман олганда Ўзбекистонда паррандачиликни ривожлантириш мақсадида тузилган “Паррандасаноат” уюшмаси мақсадини буткул унутган. Уюшма раҳбарияти Ўзбекистонда паррандачилик йўқолиб кетгани билан бир пуллик иши ҳам йўқ. Улар давлат ажратган пуллар ва аъзолик бадалларидан келадиган маблағлар ҳисобига таралла-бедод қилиб юришни билишади.
Унинг устига, гўёки, ўзларини жон куйдириб ишлаётгандек кўрсатиш мақсадида телевидениега чиқиб буюк режалари ҳақида гапириб туришни ҳам қойиллатишади. Аслида раҳбари қайси вилоятда қандай аъзоси бор, унга қандай ёрдам кўрсатилганини билмайди. Унга шу раҳбарлик курсиси, тагида хизмат машинаси бўлса бўлди.
Ходимлари эса кўчада қоғоз-қаламини кўтариб юриши билан умуман иши йўқ. 21 нафар ходим қандай кун кечиришяпти, бола-чақасини қандай боқяпти деган саволлар унга буткул бегона.
Шокир САЪДУЛЛАЕВ,
“Дунё ўзбеклари” махсус мухбири.
Тошкент шаҳри, Ўзбекистон
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ