Исмат Хушев: Бўритош Мустафоев оғир ва мураккаб умр йўлини босиб ўтди…
«Дунё ўзбеклари»дан:
Тошкентдан уч кун олдин Бўритош Мустафоевнинг оғир бетоб экани ҳақида хабар олган ва уни нашримизда эълон қилган эдик. Бугун у кишининг вафот этганини айтишди. Шу муносабат билан сиёсий хотиралар китобимизда у киши ҳақида ёзилган боблардан парчаларни яна қайтадан эълон қилишга эҳтиёж сездик…
Бўритош Мустафоев Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош прокурори бўлиб тарихда қолади, албатта. У 1990 йилдан 2005 йилга қадар уч муддат сурункали равишда республика прокуратурасига раҳбарлик қилди. Сўнг бир муддат Адлия вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлади.
2006 йилдан эътиборан Ўзбекистон Олий Суди раиси этиб тайинланди.
Бу лавозимда у саккиз йил ишлади. 2014 йилнинг 30 август куни 65 яшар Бўритош Мустафоев Ўзбекистон Олий суди раиси лавозимидан озод қилиниб, Конституциявий суд раиси ўринбосари этиб тайинланди. Бугунга қадар у шу лавозимда ишлаб келаётган эди. Бевақт келган ўлим бу мураккаб тақдирли инсонни орамиздан олиб кетди.
Мустақиллик йилларида Республика прокуратураси, Адлия вазирлиги, Олий суд тизими ва ниҳоят Конституцион судда узоқ муддат раҳбарлик лавозимларида ишлаш ёлғиз Бўритош Мустафоевга насиб этди. У ўз одоби ва маданияти, самарқандликларга хос самимияти билан бу соҳа мулозимлари орасида ажралиб турарди.
Ўз умрининг 68 баҳорида ҳаёт билан видолашган Бўритош аканинг қисмати оғир, тақдири мураккаб кечди. Бир томондан у ҳавас қилса арзирли шонли ва суронли умр йўлини босиб ўтди. Бошқа томондан эса бу умр йўлида жуда кўп бегуноҳ одамларнинг тақдири ва қисмати азобга айланишида, фожеали якун топишида ўз касби нуқтаи назаридан, бевосита сабабчи бўлди. Ўзбекистондаги жуда кўп таниқли инсонларнинг умри заҳарга айланишида, тақдири чилпарчин бўлиб синишида Бўритош Мустафоевнинг бевосита ҳиссаси бор. Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродовни у депутатларнинг рухсатисиз судсиз сабабсиз ҳибсга олди ва Шовруқ МВДнинг ертўласида ўлдирилди. Адолатпарвар халқ ноиблари Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, бетакрор ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовларнинг умри қамоқда ўтишига у шахсан айбдор.
Қамалишдан чўчиб хорижга қочиб кетган Ўзбекистон халқ депутатлари Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, Абдувоҳид Паттаев, Дадахон Ёқубов, Насрулло Саидов, СССР халқ депутати Пўлатжон Охунов дохил журналист Исмат Хушевлар ҳам ундан адолат кутган, тополмагач, алал оқибат ўз юртини қўйиб, ўзга юртлар сари бош олиб кетишга мажбур бўлган эдилар.
Бўритош Мустафоев Каримовга садоқат билан хизмат қилди. Биз ҳам, шахсан мен ҳам садоқат билан хизмат қилган эдим. Лекин менда Ислом акага кўр кўрона итоат қилиш ва садоқатдан кўра — саркашлик ва исёнкорлик, ҳурлик ва ҳушёрлик кучлироқ эди, шекилли, барибир уриб юборишди.
Бўритош Мустафоев билан биз салтанат коридорларида тез тез кўришиб турганимиз боис бир қадар яқинроқ эдик. Шунинг учун ҳам ўз хотираларимизда бу зот ҳақида бир оз симпатия билан гапирдик. Лекин аслида у Каримов яратган тоталитар тизим устунларидан бири эди. Айнан шунинг учун ҳам у то Ислом Каримов тирик тургунга қадар амал отида бўлди, мансаб тулпоридан тушмади. Айнан шунинг учун ҳам Ислом Каримов вафот этганидан кейин у ҳам кўп яшай олмади…
Яратган Эгам унинг гуноҳларини махфират этиб, тупроғини енгил, қабрини нурафшон этсин…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
12 апрель, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада
Суратда: Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош прокурори Бўритош Мустафоев…
Исмат Хушев: «Подшо эркатойининг хотиралари» китобидан Бўритош Мустафоев ҳақидаги парчалар
“ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ ЁКИ ЮРАККА КЎЧГАН УЧРАШУВЛАР” ДАН ПАРЧА:
11.
Хуллас, шунга ўхшаш ишларни кўп қилардим. Баъзан орқа-олдини ўйламасдан ҳам қалтис ишларга аралашиб кетаверардим.
Масалан, бир куни республика Бош прокурори Бўритош Мустафоевга “вертушка”дан телефон қилдим.
Китоб районига Абдураҳмон Ашуров раҳбар бўлиб боргач, у ерда район прокурори лавозими учун кескин кураш бошланади. Албатта, бундай кураш бўлганини кейинроқ билганман.
Хуллас, Китоб райони прокурори лавозимига икки киши даъвогарлик қилади. Бири – Фарҳод Шайманов деган йигит. Иккинчиси – муқаддам Шаҳрисабз прокурори бўлиб ишлаган Амир Янгибоев ҳам Ҳисор тоғларининг сўлим гўшасида жойлашган Китобга прокурор бўлиб ўтмоқчи бўлади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам асли чироқчилик бўлиб, Ўзбекистон Швецарияси ҳисобланмиш Китоб ва Шаҳрисабзда прокурор бўлиб ишлаш ҳуқуқшунослар учун энг катта бахт ва олий саодат эди.
Фарҳод Чироқчидан Китобга жуда катта пул эвазига прокурор бўлиб ўтяпти, у республика прокуратурасида ишлайдиган одамларга “доля”сини узтиб қўйган деган маълумотни менга етказишади.
Нодонлигим шундаки, менга шу маълумотни етказган одамларнинг гапларига чиппа-чин ишонганман. Аслида, ўша маълумотни текшириб кўришим лозим эди. Мен бўлсам, ўзимнинг ички туйғуларимга ишониб, Бош прокурор Бўритош Мустафоевга қўнғироқ қилганман:
– Фарҳод Шайманов деган йигит Китобга прокурор бўлиб ишга ўтаётган экан. У ҳақда ҳар хил гаплар етиб келяпти. Мана, ҳозир ёнимда ҳам бир-икки киши ўтирибди. Пора аралашган деган гаплар бор, – дедим…
Бўритош аканинг яхши бир одати бор эди: у киши “вертушка”сини доим ўзи кўтарарди. Кўпчилик раҳбарлар ҳукумат телефонини ҳам ёрдамчилари ё котибаларига улаб қўядилар, керакли одам бўлсагина, трубкани ўзлари олиши мумкин.
Хусусан, ҳозирги Прокурор Рашиджон Қодиров ҳам “вертушка”сини ёрдамчисига топшириб қўярди. Мен ҳали Бош муҳаррир бўлган 2002-2003 йилларда бир-икки маротаба телефон қилиб, ўзига тушолмаганман. Трубкани нуқул ёрдамчиси кўтарарди.
Бироқ, Бўритош ака доимо ҳукумат телефонига ўзи жавоб берарди. Хуллас, бояги гапларни Бўритош Мустафоевга айтдим-у, хайрлашдим.
Орадан икки ёки уч ойлар чамаси вақт ўтиб, хонамдаги “вертушка” жиринглаб қолди. Трубкани кўтарсам, Бош прокурор:
– Ассалому алайкум, Исмат ака! Мен Бўритош Мустафоевман, – деди у киши ваҳимали овоз билан. У киши ҳеч телефон қилмасди. Лекин ҳукумат коридорларида, йиғилишларда эҳтиром билан қуюқ салом-алик қилиб юрарди.
– Яхшимисиз, ака! – дедим.
– Исмат ака, мен ҳозир коллегия мажлисини ўтказаяпман. Навбатдаги масала бўйича янги вазифага тасдиқланиш учун ҳузуримизга Фарҳод Шайманов киради. Бир пайтлар менга телефон қилиб, у киши ҳақида қандайдир маълумот борлигини айтган эдингиз. Агар қўлингизда фактлар бўлса, илтимос, бизга етказсангиз. Чунки ҳозир биз унинг масаласини ҳал этишимиз керак, – деди…
Ана, холос!
Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим.
– Бўритош ака, менда ҳеч қандай факт йўқ, фақат шунақа маълумотлар келяпти, ўзларинг текшириб кўринглар деган маънода айтгандим, – дедим шошиб.
– Бўпти, мен сизнинг олдингиздан бир ўтиб қўймоқчи эдим, – деб трубкани қўйиб қўяди…
Ўша куни Фарҳод Шайманов Китоб районига прокурор этиб тайинланади…
12.
Эҳтимол, бу воқеага шу ерда ҳам нуқта қўйса бўларди.
Лекин кейинчалик мен Президент топшириғи билан ишдан олинганимдан сўнг қамалишимга асос бўлган бирдан-бир аризани ҳам айнан Китоб район прокурори Фарҳод Шайманов республика Бош прокурори номига ёзиб беради.
У: “Менинг хизмат вазифамни бажаришимга тўсқинлик қилди”, деган мазмунда устимдан арз қилади. Жиноят Кодексида шундай ҳаракатлар учун ҳам жавобгарликка тортиш кўзда тутилган экан: 194-модданинг “6” банди…
Тергов олиб бораётган одамнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш мумкин эмас.
Агар район прокурори тергов олиб бораётган бўлса, унга фақат вилоят ёки республика прокурори тўсқинлик қилиши мумкин. У бўлса, “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг Бош муҳаррири ўз мансаб фаолиятидан фойдаланиб, фаолиятимга тўсқинлик қилди деб ариза ёзади.
Ваҳоланки, бирорта Бош муҳаррир, жумладан, мен ҳам, ўшандай ваколатга эга эмасмиз. Афсуски, ўша модда бўйича мени айбдор топиб, қамаш мумкин эмаслигини кейинроқ аниқладим.
Ҳолбуки, улар мени айнан ўша модда бўйича қамайдилар.
Аслида, мансабдор шахс, яъни прокурорга тазйиқ ўтказиш ваколатига эга бўлган айни соҳадаги юқори лавозимли амалдоргина ўша моддага асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин экан.
Қонун бўйича менинг ўша ариза бўйича қамалишим мумкин эмас эди.
Юқоридаги гапларнинг ростлигини Бўритош Мустафоев ҳам бемалол тасдиқлаши мумкин. У киши 25 йилдан бўён Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги «ўтда ёнмас * сувда чўкмас» мулозимлардан бири. Ҳозир Рспублика Конституциявий Суд раисига ўринбосар бўлиб ишлаяптилар…
13.
Майли, бу ҳақда – менинг ишдан олинишим, қамалишим ва ҳибсдаги кунларим хусусида “Подшо эркатойининг саргузаштлари» нинг учинчи китобида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Шу ерда Бўритош Мустафоев ҳақида ҳам икки оғиз ўз мулоҳазамни айтиб ўтишим керак.
Бўритош ака бу ерда номардлик, аниғроғи – мунофиқлик қилган. Қўли ва кўнгли пок одам бундай қилмаслиги керак эди.
Минглаб одамларнинг тақдирига дахлдор одамнинг ичи кир бўлиши, шундай улуғ ва мўътабар лавозимга тайинланиши аслида нотўғри бўлган…
“Беайб – Парвардигор!” деган бир гап бор. Мен ўз хатоимни тан оламан. Эшитган гапимни текширмай нетмай Бош прокурорга айтиб, авваламбор ёшлик, қолаверса эҳтиётсизлик қилгандирман.
Аслида, ҳеч қаёққа бошимни суқмай, тинчгина Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрсам,ўз хизмат ваколатим доирасидан чиқмай юрганимда, балки узоғроқ ҳам ишлаб қолардим.
Лекин нима қилай, бировнинг кўз ёшини кўрсам, ноҳақлик бўлаётганини билсам, пора аралашганини эшитсам – дарҳол шу ишга киришиб, бутун Ўзбекистонни ағдар тўнтар қилиб юборардим.
Лекин Ўзбекистонга бундай одамлар керак эмаслигини, Ислом Каримовнинг «Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!» деган шиори шунчаки «хўжам кўрсин» учун айтилганини, бундай одамларнинг жойи эса – Ўзбекистонда эмас, балки олис ва совуқ Канадада эканлигини мен ҳали билмас эдим…
14.
Бугун Ватандаги, хусусан прокуратура ва суд тизимидаги порахўрлик қамровининг нақадар катталиги, кенглиги ва доимийлиги мезонларини ўлчаганда, баъзи дўстларимиз Исмат Хушевнинг аччиқ қисматидаги шу кичик бир нуқтани ҳам эслаб ўтсалар ёмон бўлмас эди.
Мен одамларнинг дардига бефарқ қарай олмасдим.
Менга бу одат отамдан юққан, у киши мени доим ҳақиқат учун курашишга тарғиб қилган эди: “Бу дунёда ҳақиқат бор, ўғлим! Баъзан қадди букилиши мумкин, лекин ҳеч қачон синмайди, шуни ёдингда тут!” деб, ўзлари ҳам шунга бир умр амал қилиб яшаб ўтдилар.
Мен отамнинг бу сўзларига амал қиламан деб, ростини айтсам, бутун ҳаётимни барбод қилдим.
Умрим хорижда, муҳожирликда ўтишида ҳам аслида отамнинг шу гапларига – адолатларига амал қилишим сабаб эмасми деб баъзан оғир ва аламли ўйларга толаман.
Отамнинг бу ақидаси катта шаҳарларга ўтмаслигини у эҳтимол билмагандир. Катта шаҳар ва катта давлат мафиясини у балки хаёлига ҳам келтирмагандир.
Бу ерда ҳақиқат қилиш мумкин бўлган идораларда ўтирган казо казолар – айни пайтда ўғрилар ва қароқчилар билан аллақачон оғиз бурун ўпишиб кетганини бечора қишлоқдаги отам қаёқдан ҳам билсин. Унинг ҳақиқат ҳақидаги бу фалсафаси қишлоқдаги ўз ҳаёти ва атрофи даражасидаги фалсафалардан иборат эди.
Бу ҳақиқатни ҳам мен, афсуски, пешонам деворга теккандан кейин – жуда кеч англадим.
Лекин, ажабки, мен тақдирнинг бу аччиқ қисматидан хафа эмасман.
Аксинча, бугун мен дунё кўрдим. Ҳаётга янада теранроқ ва кенгроқ назар ташлайдиган бўлдим.
Ва энг муҳими, отамнинг сўзлари, менга айтган ўгитлари тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим, иймон келтирдим…
15.
Яна Бўритош Мустафоевга қайтсак.
Ўшанда мен Тошкент кўчаларига чиқиб: “Прокурорлар пора билан ишга қўйилаяпти!” деб қичқирганим, жар солганим йўқ эди. Мен Бош прокурорга – телефон қилиб, текшириб кўринг деганман, холос…
Ҳолбуки, бугун Ўзбекистон прокурорлари ҳақида одамларнинг ҳам ўз фикри бор.
Ва бу очиқ ва аччиқ фикр ва қарашлар силсиласида менинг ўшанда Бош прокурорга қўнғироқ қилишим янада ойдинроқ ва равшанроқ аҳамият касб этаётган бўлса, не ажаб…
Шу ерда яна бир гап.
Менга ўхшаб янги амалга чиққан ва ўзининг босар-тусарини билмай қолган ёшларга айтмоқчиманки, агар бирор маълумотдан хабар топсангиз, дарҳол ҳукумат телефонига ёпишмасдан, аввало, ўша маълумотнинг тўғри ёки нотўғрилигини синчиклаб текшириб кўринг, ўшандан кейингина керакли жойга “сигнал” беринг.
Акс ҳолда, биргина ноўрин ҳатти-ҳаракатингиз сизга ниҳоятда қимматга тушиши мумкин экан.
Мен бу билан Бўритош Мустафоевга қўнғироқ қилиб, уни прокуратура тизимидаги порахўрликдан огоҳлантирган сўзимнинг ижтимоий аҳамиятини камситмоқчи ёки камайтирмоқчи эмасман. Зинҳор базинҳор ёшларни ноҳақлик билан муросасозликка, келишувчиликка, кўзбўямачиликка чорламоқчи эмасман. Асло!
Фақат, Ўзбекистонда – Шарқда ҳушёр бўлиб яшаш керак, ўйлаб, эҳтиёт бўлиб қадам ташлаш керак демоқчиман, холос
Ғарбда яшаётганларга эса бу эҳтиёткорлик энди у қадар шарт бўлмаса керак. Қолаверса, умримизнинг кўпи кетиб, ози қолгани ҳам энди ҳеч кимга сир эмас.
Фақат шу умримизнинг энг кучга тўлган, курашадиган – қирчиллама йигитлик фасли Ўзбекистондан олис ва хориж элларда ўтаётгани кишига алам қилади, холос…
«ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН ЮЗМА ЮЗ ЁКИ ЮРАККА КЎЧГАН УЧРАШУВЛАР»ДАН ПАРЧА ТУГАДИ
http://dunyouzbeklari.com/archives/97249
Суратда: Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош прокурори Бўритош Мустафоев…
Суратда: Чапдан биринчи Бош прокурор Бўритош Мустафоев, Ўзбекистон ҳарбий прокурори Салоҳиддин Акромов, «Ҳаёт ва Иқтисод» — Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев ва бошқалар Тошкент вилояти адирларида…
Суратда: Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев (ўртада), Республика Божхона Давлат Қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдурайимов (ўнгда), “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири, Тошкент обкоми аъзоси Исмат Хушев (Мустафоевнинг ёнида — чапда), Тошкент вилоят прокурори Абдурашид Маннопов, Тошкент вилояти ҳокими Тўлқин Миртожиев, Адлия вазири Алишер Мардиев Тошкент вилояти анжуманида…
Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи), Республика Адлия вазири Алишер Мардиев (ўртада), Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоевлар Олий Кенгаш сессияси залларида…
(Журналист Исмат Хушевнинг шахсий архивидаги бу ноёб суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
3 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Kimdir aytishi mumkin o’lgan odam haqida ymon gap gapirib bo’lmaydi deb. Bo’ritosh oddiy shaxs emas 10000 larni taqdiriga aloqador, qanchalab odamlarni hatto o’limiga aloqasi bor, bir uz mansabi deb kishilar taqdiriga panja ortidan qaraydigan Xukumdor oyg’ini upgan zot. Bundaylarga achinmaslik kerak sababi biz bugun ularni ayasak ertaga bularga uxshaganlar ko’payib ketovradi.
Buritosh Mustafaev xar qancha iqtidorli bo’lsin bundaylardan Vatanga nima foyda? Uz nafsi shon-shuxrati uchun yshagan rejim ygurdaklari. Ismat Xushev ham iqtidorli bu jurnalist mansabda bo’lgan paytlarda mumkin qadar adolatni himoy qilgan xozir esa uzini kamchiliklarini mutloqa bartaraf qilib yksaklarga parvoz qilmoqda.
Ассалому алайкум ҳурматли Исмат ака!
Бўритош Мустафоев Ўзбекистондек жаннатмакон юртни миллионлаб инсонлар учун дўзахга айлантира олган кимса эди.
Чорак аср мобайнида қамоқхоналарга икки ярим миллион одам тиқилган бўлса,судимий тамғаси босилиб пулини тўлаб қамалмай қолганлар 7-8 миллиондан ортиқроқни ташкил қилиши аниқ бўлади.
Ана шу қарийиб 10 миллион инсоннинг ортида 2-3тадан яқини азият чеккан,йиллар давомида қўрқув таҳликалар билан яшаганлигини хисобга оладиган бўлсак,мана шу чорак аср мобайнида бир неча миллион инсон ўз ажалидан бурун ўлиб кетишганлиги равшан бўлади ва буни бирон зот инкор қила олмайди.
Мана куни кеча ажал машинасининг энг асосий ричаги ўз машинистининг ёнига кетди.
Кеча мен Бўритош Мустафоев ўлимини эшитиб чин юракдан йиғлаганимни ёзган эдим.
Жуда ҳам қисқа оний бир вақтда кўз олдимдан минглаб миллионлаб инсонлар ўтди.
Вайрон бўлган қишлоқлар,буткул таг томири пойдевори билан қўшиб кун паякун қилинган ЖОНАЖОН ЛАНГАРИМ!!!
ЭНГ АСОСИЙСИ ҲАЛҚИМИЗНИНГ БУЮК ШОИРИ,ФАРЗАНДИ,ЖИГАРБАНДИ МУҲАММАД ЮСУФ СИЙМОСИ КЎЗ ОЛДИМДА НОМОЁН БЎЛДИ.
МЕН ЭНГ ОХИРГИ КУНЛАРГАЧА ҲАМ БЎРИТОШ МУСТАФОЕВ АКАМДАН БИР НИДО КУТДИБ ЯШАДИМ.
НИМА БЎЛГАНДА ҲАМ МЕН ХАТО ҚИЛГАН БЎЛАЙИН.2002 ЙИЛНИНГ 15 ИЮНИДА ҚУРОЛОВ МУРОДУЛЛО ЯЛҒАШЕВИЧНИНГ ТЎҒИЛГАН КУНИДА ЭШИТГАНИМ МУҲАММАД ЮСУФ АКАМИЗНИНГ БЕВАҚТ ЎЛИМИНИ БЎРИТОШ АКАМНИНГ БЎЙНИГА ОЛИБ БОРИБ ИЛИШМОҚЧИ БЎЛГАНЛАРНИНГ ГАПЛАРИНИ ЁЛҒОН ДЕБ АЙТИБ,ЎЗ ВАЖЛАРИНИ ВА ДАЛИЛ ИСБОТЛАРИНИ КЕЛТИРДАЛАР ДЕБ РОСА УМИДВОР БЎЛДИМ.
МИНГ АФСУС ВА НАДОМАТЛАР БЎЛҒАЙКИМ ЭНДИ БУ СИРЛАРНИ ЎЗЛАРИ БИЛАН ОЛИБ КЕТДИЛАР ВА БУ МУДҲИШ ЖИНОЯТ БЎЙИНЛАРИДА ҚОЛДИМИ ДЕБ ҲАМ ЙИҒЛАДИМ ЧОҒИ.
МАНА СИЗ ҲУРМАТЛИ ИСМАТ АКА!
ЎЗ ҲАЁТИНГИЗ МОБАЙНИДА БИЛИБ БИЛМАЙ ҚИЛГАН ҲАТОЛАРИНГИЗНИНГ БАРЧАСИНИ МАРДОНА ТАН ОЛИБ ОЧИҚЧА ЁЗИБ КЕЛМОҚДАСИЗ.
БИРОН БИР ИНСОНГА НОҲАҚЛИК ҚИЛГАН БЎЛСАНГИЗ УНИ ҲАМ ОЧИҚ ОЙДИН ЁЗИБ КЕЧИРИМ СЎРАЯПСИЗ ВА АЛБАТТА БУ БИЛАН ИНСОНЛАРДА ЎЗИНГИЗГА ҚАРШИ НАФРАТ ЭМАС,АКСИНЧА ЖУДА ҲАМ УЛКАН БИР ҲУРМАТ ЭЪТИБОР ҚОЗОНИБ БУТУН ҲАЛҚ ОЛДИДА ЮЗИНГИЗНИ ЁРУҒ ҚИЛИБ ОЛДИНГИЗ.
БУ ДУНЁДА ИНСОНДАН ФАҚАТ ХОТИРА ҚОЛАДИ.
МИЛЛОНЛАР ҚОНИ ЭВАЗИГА ТЎПЛАНГАН БОЙЛИК ҲАМ ХУДДИ ЎЗИГА БУЮРМАГАНИДЕК ЯҚИНЛАРИГА ҲАМ ВАФО ҚИЛМАСЛИГИ МУМКИН.
БИР СЎМ ПУЛ ТЎПЛАЙ ОЛМАЙ ЭЛ ЮРТНИНГ ХИЗМАТИДА БЎЛИБ ПОК НОМИ БИЛАН КЕТГАН ҚАНЧАЛАБ ИНСОНЛАР БОР.
ШУНИНГ УЧУН БЎЛСА КЕРАК ҚҚАДИМГИ ГРЕЦИЯДА ИНСОНЛАР ЁМОН ИШЛАРДАН ТИЙИЛИШГА ХАРАКАТ ҚИЛИШАР ЭКАН ВА ИМКОНИ БОРИЧА НОМИГА ДОҒ ТУШИРМАЙ ШАРАФ БИЛАН ЯШАБ ЎТИШ ПАЙИДА БЎЛИШГАН.
УЛАР КИМДА НИМА ГАПИ БЎЛСА ТИРИК ПАЙТИМ ЮЗИМГА АЙТИНГИЗ,ЎЛИМИМДАН КЕЙИН ЎЗИМНИ ХИМОЯ ҚИЛА ОЛМАЙМАН ДЕЙИШАР ЭКАНЛАР.
ВА АЛБАТТА БЕРИЛГАН ҲАР ҚАНДАЙ САВОЛГА ДАРҲОЛ ТЕГИШЛИ ЖАВОБИНИ БЕРИШГАН ВА НОМИНИ ОҚЛАБ ОЛИШГАН.
БИЗДА ЭСА “НОМАРДЛАРЧА” ЖИМ ТУРИБ,ХУЛОСАНИ ЎЗЛАРИНГ ЧИҚАРИНГЛАР ДЕГАНДЕК ЎЛИБ КЕТИШАДИ.
АНА ШУНДАЙ!!!!!!???
ЎЛГАН ОДАМНИНГ ОРТИДАН ЁМОН ГАПИРИЛМАЙДИ ДЕЙИШГАН.
НИМА БЎЛГАН ТАҚДИРДА ҲАМ БЎРИТОШ МУСТАФОЕВ ПРОКУРАТУРА ВА СУД СИСТЕМАСИНИ ҚАРИЙИБ МУТЛОҚ ИЗДАН ЧИҚАРИБ,РЕПРЕССИВ МАШИНАГА АЙЛАНТИРИБ КЕТГАНЛИКЛАРНИ ЯШИРИШНИНГ УМУМАН ИЛОЖИ БЎЛМАЯПДИ.
ИСМАТ АКА, МЕНДАН РАНЖИМАНГ, ИЛТИМОС, СИЗ ЎЗ АСАЛАРИНГИЗДА БАЪЗАН ҲАДДАН ЗИЁД МАҚТАГАН БЎРИТОШ МУСТАФОЕВ ОФАТ ЭДИЛАР! АЗРОИЛ ЭДИЛАР!
БУЛАРНИ ҲАМ АЙТМАСАК АДОЛАТДАН БЎЛМАС…
Сизга ҳурмат билан: Мамаёқуб Ҳамроев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус