Ижодкор ўзбек қизи “Очиқ Евроосиё” халқаро танлови ғолиблари сафидан жой олди
Ижодкор ўзбек қизи “Очиқ Евроосиё” халқаро танлови ғолиблари сафидан ўрин эгаллади
Халқаро адабий муҳит ичида ҳам ўзбек адабиёти номини танитишда муносиб ҳисса қўшаётган ёшлардан бисёр, шулардан бири — ёш ижодкор Шаҳноза Эшмирзаевадир.
Гоҳ Алия, гоҳ Алия Темурийзода, гоҳ Шаҳноза бўлиб қалам тебратар экан, ҳаваскорлик билан ёзилган сатрлари ўқиган кишини бефарқ қолдирмайди.
Шу кунга қадар Тожикистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам, ҳатто Буюк Британияда ҳам уни ижодкор сифатида таниб келмоқда. Яқиндан бошлаб эса бутун Евроосиёда тан олинган ижодкорлардан бири бўлди.
Алия Темурийзода 2019 йил «Open EurAsian Bookforum & Literature Festival» “Очиқ Евроосиё” танловида иллюстрация (бадиий асар учун махсус ишланган сурат) йўналишида фахрли 3-ўринни эгаллаб, ғолиблар сафидан жой олди.
Ёш ижодкор Шаҳноза Эшмирзаева 1990 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Алия Темурийзода тахаллуси билан ижод қилади.
Евроосиё Ижодкорлар уюшмасининг даврий аъзоси. Мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ёшлар қаторида, 2017 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Унинг диний қарашлар, эътиқод эркинлиги мавзусида ёзилган “Мужоҳидлар” номли қиссаси 2017 йилда Евроосиё Ижодкорлар уюшмаси ҳамда Буюк Британиянинг “Hertfordshire Press” нашриёт уйи томонидан ўтказилиб келинаётган “Open Eurasia Bookforum and Literature Festival” VI Халқаро китоб форуми ва Адабиёт фестивалининг финал босқичига чиқди.
Қирққа яқин мамлакатдан қатнашган минг нафардан зиёд профессионал ва ҳаваскор ижодкорлар ичидан танлаб олинган энг сара ижод намуналари сафида Шаҳнозанинг ҳам ижодий иши бор эди.
Қолаверса, у бундай натижага илк бор эришгани йўқ, 2015 йилда ҳам ушбу танловнинг “Адабий асар” йўналиши бўйича финалистлар рўйхатига кирди ва ташкилотчилар томонидан чоп этилган.
Танлов ғолиблари ҳамда финал босқичи иштирокчиларининг ижодий ишлари жамланган “Творческое содружество” номли халқаро адабий тўпламдан Шаҳнозанинг “Сарлавҳа” номли ҳикояси ҳам ўрин олди.
Ютуқлар кетма-кетлиги давом этиб, 2017 йилда бадиий ижоднинг катта наср ҳамда видеофильм йўналишлари, 2018 йилда бадиий ижоднинг кичик наср йўналиши ва жорий йилда бадиий ижоднинг кичик наср ҳамда иллюстрация (бадиий асар учун махсус ишланган сурат) йўналишлари бўйича финал босқичига чиқди ва жорий йилги натижаларга кўра, ниҳоят ушбу халқаро адабий танлов ғолибларидан бири бўлди.
Шаҳнозанинг шу кунгача “Оқ қушлар қўшиғи” ва “Мактуб” номли шеърий тўпламлари, “Осмон бир дунё” ҳамда “Қалбимдаги само” номли ҳикоялар тўпламлари нашр этилган, Республика миқёсида нашр этилган “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун” ва “Кенглик оҳанглари” баёзлари, Ўзбекистон ва Тожикистон ижодкорлари қўшма лойиҳаси — “Меҳригиё” адабий тўпламида ижоди ёритилган.
Бундан ташқари, Шаҳнозанинг “Икки ўт орасида”, “Ой маликаси”, “Зулмат”, “Оилали аёл”, “Болалар уйининг боласи” каби қиссалари, кўплаб ҳикоялари ва шеърлари қўшни Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари матбуотида эълон қилинган.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Адабиётшунос олим,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Денов туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ