Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга ёш ижодкорлар номидан Очиқ хат
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййидга
бир гуруҳ ёш ижодкорлар номидан
МУРОЖААТНОМА
Ассалому алайкум, Сирожиддин ака. Биз, бир гуруҳ ёшлар, сизга бир масалада мурожаат қилмоқдамиз.
Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот – Ёзувчилар уюшмаси зиммасида катта масъулият бор: барча ижодкорларнинг бошини қовуштириб, юрт ва миллатнинг руҳини кўтарадиган, ватан тарихини ҳаққоний ёритиб, улардан хулоса чиқариб яшашга ундовчи, миллат аъзоларини бахтли келажак сари етакловчи, ҳақ ва ҳақсизликдан огоҳ этувчи асарлар яратишда сабабкор бўлиши лозим. Шунингдек, миллий адабиётнинг софлигини таъминлаш, унинг ривожига тўсиқ бўлаётган сунъий ва табиий тўсиқларни бартараф этиш, адабиётдан шахсий манфаати йўлида фойдаланадиганларга қарши туриш ҳам Ёзувчилар уюшмасининг зиммасида. Айниқса, адабиётга энди кириб келаётган, бир-икки битиклари билан умид уйғотаётган ёшларни ҳар тарафлама – моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаб, уларнинг асарларини чоп этиш, қаламҳақи ва яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиши керак.
Охирги йилларда Уюшма ва унинг атрофида айланаётган турли хил салбий фикрларнинг кўпайиш сабаблари биздан кўра Сизга яхшироқ маълум. Аввало, аввалги айрим раҳбар (лар) томонидан кимларгадир яхши кўриниш мақсадидами, ҳеч бир асоссиз уюшма аъзолигидан бир қанча катта ижодкорлар ўчириб ташланди. Бир маҳаллар миллат ва унинг келажаги учун курашган ижодкорлар қариб, қартайиб қолган пайтда эътибордан четда қолиб кетди (лекин сиз раис бўлгач бу хатолар такрорланмай, аксинча яхши томонга ўнгланди). Яна бир афсусланарли ҳолат урчиб кетдики, Уюшма маддоҳона асарлар ёзиш марказига, ташаббускорига айланиб қолди. Сўз ва ижод эркинлиги бор замонда, аслида бошқача руҳдаги асарлар яратилиши керак эди. Аммо…
Сўнгги йилларда ёш (ижодкор)лар билан ишлаш масаласи анча оқсаб қолди. Яхши истеъдодларни кашф қилиб, уларни жамоатчиликка янги кириб келаётган ижодкор ўлароқ таништириш бирламчи масаладан тушиб қолди. Буни биргина «Биринчи китобим» рукнида чоп этилган китоблар (уларнинг муаллифлари) мисолида кўриш мумкин. Шу пайтгача китоби чиққан ёшлар орасидан 3-4 тасини айтмаганда, деярли ярқ этган ижодкор юзага чиқмади. Чет эл давлатларига назар солсак, ёш ижодкорларнинг истиқболи учун бир қанча халқаро адабий анжуман ва фестиваллар мунтазам ўтказилиб турилади, уларни моддий томондан қўллаб-қувватловчи бир нечта жамғарма ва ташкилотлар тузилган. Кўп узоққа бормайлик, Озарбайжон ва Туркия жумҳуриятларида халқаро ёш ижодкорлар бирликлари бор, улар ҳар йили нафақат туркий забонли ёшларни, балки дунё ёш ижодкорларини бир жойга йиғиб, фикр алмашишга, адабиёт ва санъат ҳақида баҳслашишга, энг асосийси, бир-бирларининг ижоди билан танишишга имкон яратиб беришади. Лекин шу пайтгача бирорта ўзбек ёш ижодкори Истанбул ёки Боку тугул, табаррук зот Яссавий қўним топган Туркистон шаҳрига ҳам бормади. «Онажоним шеърият» тўгараги бўлса, фақат шеър айтувчиларни кўпайтиряпти, истеъдодларни эмас…
Ёш (ижодкор)лар билан боғлиқ юқоридаги масалаларнинг турли сабаблари бор. Энг асосий сабаблардан бири – ёшлар билан ишлаш тизими сустлиги билан боғлиқ, назаримизда. Айнан ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосарлик лавозими ташкил қилингач, бу рутбада ёш ижодкорлар етакчиси сифатида Муҳаммад Юсуф, Иқбол Мирзо каби катта шоирлар ишлашди. Уларнинг ўринбосарлик даврида бирмунча яхши ишлар амалга оширилди.
Энг асосийси, ўша пайтда ташкил қилинган ёшлар семинарига истеъдодли ёшлар танлаб олиниб, юзага чиқарилди. Уларни санасак, кўпчиликни айтиш мумкин (буларни кенг жамоатчилик ҳам яхши билади). Аммо охирги пайтда бу тизим фақат олий ўқув юртларига расмий хат чиқариб, талабалар сўраб, тадбир ташкиллаштирадиган бўлимга айланиб қолди.
Яқинда бўлган ўзгариш – айнан ёшлар билан ишлаш бўлимига янги раҳбарнинг – раис ўринбосарининг танланиши ва тайинланиши ҳаммани ҳайрон қолдирди. Ижодни қисмат, Сўзни эса илоҳий деб ҳис қилиб, қалам тебратаётган ёшлар ушбу лавозимга ижодий салоҳияти юксак, ўзбек адабиётида ўзига хос ўринга эга, шунингдек, унинг ижодига бир қанча ёш қаламкашлар ҳавас билан қарайдиган (ҳатто унга ўхшаб ёзиш истагида унга эргашаётган), ўзи ҳам ёшларнинг ижодини диққат билан кузатиб борадиган, уларнинг савиясига тўғри баҳо бера оладиган, уларга бош бўла оладиган ижодкор бўлишини истаган ва кутган эди. Аммо, таассуфки, бундай бўлмади. Янги тайинланган ўринбосар – Ботир Эргашев яхши инсон бўлиши мумкин, аммо бу яхши ва баланд шоир дегани эмас. Яхши ташкилотчидир, аммо бу ёш ижодкорларни излаб топиб, кашф қилиши учун етарли бўлмайди. Энг салоҳиятли шеършунос-адабиётчи олим устозлар умидли ёш шоир деб юрган ўнлаб йигитларнинг энг сара шеърини олиб, ҳар бир шеърни янги ўринбосарнинг энг яхши шеъри билан солиштирса, ишонамизки, ёш шоирларнинг шеърлари бир неча пағона баланд эканини эътироф этади…
Бизга, ёш ижодкорларга, Ёзувчилар уюшмаси адабиётимиз келажаги деб қарар экан, биз ҳам уюшма ва ёшлар адбиёти келажагига бефарқ бўлмаган ҳолда шуларни таъкидламоқчимиз.
Биринчидан, ёшлар масаласи бўйича раҳбар тайинлови ёпиқ ҳолда эмас, очиқ ва шаффоф тарзда ўтиши керак эди.
Иккинчидан, масала бевосита биз ёшларга дахлдор экан, бизнинг ҳам фикримиз инобатга олиниши керак эди. Тўрт-бешта номзод танланиб, сўзи тош босадиган устоз ижодкорлар ва ёшларни жамлаб, уларнинг берган овозига қараб номзод сайланиши керак эди. Давлат раҳбари бевосита ўзига бўйсунадиган маҳаллий раҳбарлар – ҳокимларни халқ ўзи сайлайди, деб турган бир замонда Ўзбекистондаги ягона ижодкорлар ташкилоти бундай иш тутиши очиқлик ва ошкоралик мезонларига тўғри келмайди, назаримизда.
Биз истаган тарзда тайинловни амалга ошириш, биринчидан, Уюшманинг ўз-ўзига нисбатан, иккинчидан, ёшларга нисбатан ҳурматсизлик ва беписандлик белгиси деб ҳисоблаймиз. Бундай қарорлар адабиётнинг эртаси бўлган ёшларнинг Уюшмадан юз ўгириши ва ташкилот атрофида истеъдодсиз гуруҳларнинг кўпроқ тўпланишига сабаб бўлади. Шу сабабли, бу лавозимга номзодни фақатгина Фаоллар кенгаши иштирокида эмас, Уюшмага аъзо бўлган ва бўлмаган ёшлар иштирокида қайта кўриб чиқишингизни сўраймиз.
Юқоридагилар бир кишининг эмас, бир неча кишининг, сиз ва сизнинг ташкилот умид билдираётган ёш ижодкорларнинг бир жойдан чиққан фикр-мулоҳазалардир. Ушбу мурожаатга бефарқ бўлмайсиз, деган умиддамиз.
Тошкент, 2019 йилнинг 18 декабри.