Қодиржон Ботиров ҳақидаги мақолага илк муносабат (1)
Ботиров Қ. А. 1956 йилниг 9 мартида Қирғизистон ССР Жалолобод области Сузоқ районининг Дмитриевка қишлоғида деҳқон оиласида туғилган.
Иш фаолиятини Кўкёнғоқ шаҳридаги маиший хизмат корхонасида бошлаган. Аввал товаровед, кейин бўлим бошлиғи бўлиб 1985 йилгача ишлаган.
1985-1987 йилларда Қўчқорота шаҳар типидаги поселкада ёғоч савдоси базасининг бошлиғи бўлган.
1987 йилдан эса якка тадбиркор сифатида фаолият бошлаган ва “Дўстлик” кооперативини тузган. 1996 йилдан умрининг охиригача ўзи тузган “Дўстлик” очиқ акционерлик жамиятининг раиси бўлиб ишлаган.
У Жалолобод шаҳрининг фахрий фуқароси, 2-классдаги Давлат Маслаҳатчиси, Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий Марказининг вице-президенти, “Родина” партияси Сиёсий Кенгашининг аъзоси эди.
Қилган меҳнатлари учун у “Данк” ордени билан мукофотланган ва Қирғизистон Республикаси Президентининг Фахрий ёрлиғига сазовор бўлган эди.
Қодиржон Ботиров Қирғизистонни яхши кўрарди, унинг равнақи учун жон куйдирган инсон эди. Имконияти ҳам яхши ва кенг эди – у ўзига ҳашаматли уй, хон сарой қурмади, казино, ресторан, кафе очмади, унинг ўрнига ишлаб чиқариш корхоналари қурди, очди, одамларга иш жойи ҳозирлади.
Унинг корхоналарида 2010 йилнинг июнь ойигача уч мингга яқин турли миллат вакиллари ишларди. Ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ва замонавий билимлар бериш учун курашди. Уларга боғча, лицей, университет қурди. Уларни энг яхши техник ва электрон жиҳозлар билан таъминлади.
Ботиров меценат инсон қатори областдаги мактабларнинг қурилишларига моддий ёрдам кўрсатди, аҳолига тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун клиника қурди, ёзги дам олиш зоналарини ташкил қилди. Диндорлар учун Жалолободдаги энг яхши жоме масжидлардан бирини қуриб, фойдаланишга топширди.
2010 йил июнь воқеаларининг моҳияти, келиб чиқиш сабаблари келажакда холис таҳлил қилинар, лекин шу воқеалар туфайли Ботиров мамлакатдан четда яшаётган эди.
Қодиржон Ботиров табиатан миллатчи эмасди. Унинг ишхоналарида ҳамма миллат вакиллари, жумладан, қирғизлар ҳам Ботировдан миннатдор бўлиб ишлашарди. Университет профессор-ўқитувчилар жамоасининг 30 фоизига яқини қирғизлар бўлса, талабаларнинг деярли ярмини титулли миллат вакиллари ташкил қиларди.
Ботировнинг шахсий лицейида ҳам 30 фоиздан кўпроқ ўқувчилар қирғиз болалар эди. Ҳар куни лицейнинг барча ўқувчилари эрталаб лицейнинг катта майдонида Давлат Гимнини биргаликда куйлаб, кейин дарс бошланарди. Қодиржон вилоятдаги спортнинг ривожланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Яхши спортчиларни миллатига қарамасдан бошқа мамлакатларда бўладиган мусобақаларга ўз ҳисобидан жўнатган.
Ботиров ҳаракатдаги ҳокимият амалдорлари томонидан оддий халққа қилинган ноҳақликларга ҳеч қачон бефарқ қараб туролмаган, ҳақиқат учун курашган. У ўз манфаати учун эмас, балки оддий халқнинг тинч ва тенг ҳуқуқли бўлиб яшашини хоҳлаган. Мамлакатни озод ва обод бўлиши учун тинмай ишлаган.
Мамлакатдаги ўсиб келаётган янги тадбиркорларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлаган. Жалолободнинг Барпи қишлоғидан чиққан тадбиркор Камчибек Ташиевга вагонлаб ёқилғи ва 50 000 $дан кўпроқ моддий ёрдам кўрсатиб, тадбиркор бўлишига сабаб бўлган.
Мухтор Алиев,
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ