Шерзод Кудбиев олий таълимдаги коррупцияга қарши кураш ҳақида
Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев 5 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида олий таълим тизимида коррурцияга қарши курашишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.
«Олий таълим муассасалари давлатимизда олиб борилаётган ошкора сиёсатга етарлича муносабат ҳамда жавоб қайтара олмаяптилар.
Олий таълим тизимида бугун кескин қадам қўймас эканмиз, ҳеч қачон соҳада ўзгариш бўлмайди!
Салбий ҳолатларни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам кўришимиз мумкин.
Афсуски, университет раҳбарияти ҳамда жамоасидан халқимиз ва Президентимиз кутаётган натижа бўлмаяпти. Талабалар билимини баҳолаш, уларни курсдан курсга қолдириш, талабалар сафидан четлаштириш, ўқишга тиклаш ва кўчириш жараёнларида очиқчасига коррупцион ҳолатлар ҳали ҳануз давом этмоқда.
Ўқитувчилар томонидан сунъий равишда талабаларнинг баллари пасайтирилиши, айтингчи, бундай олийжаноб касб эгасининг талаба қўлига қараши — пасткаш ва жирканч ҳолат эмасми?
Коррупцияга қарши қаттиқ курашамиз! Президентимиз айтганларидек, орқага йўл йўқ, кўприклар ёниб кетган.
Раҳбарлар ёки халққа хизмат қилади, ёки кетади. Кетганда ҳам оддий қутулмайди. Буни бугун президиумда ўтирганларни кўриб ҳам, хулоса қилса бўлади.
Халққа хизмат қилмайдиган, вазифасини суиистеъмол қиладиган, оёғи ердан узилган раҳбарлар билан биз ҳеч қачон ишлай олмаймиз, ишламаймиз ҳам. Улар муносиб жазосини ҳам олади.
Билиб қўйинглар, бутун олий таълим тизимида ўрганишлар давом этади, уларнинг натижалари тўғрисида ҳали эшитасизлар, кескин чоралар кўрилади!
Худдики юқорида айтилган салбий ҳолатлар менга тегишли эмас, мени айтмади-ку, деган ректорлар ҳам орамизда йўқ эмас.
Билиб қўйинглар, кимда ким шундай ўйласа, жуда қаттиқ хато қилади! Барча маълумотлар етарли! Юридик университет, Иқтисодиёт университети… Агар ҳали вазият ўзгармаса бу рўйхат яна давом этади», дея президент маслаҳатчиси сўзларини келтирган Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев телеграмдаги каналида.
Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрь кунги йиғилишда Баҳодир Ходиев ТДИУ ректори лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига шу вақтгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Конгратбой Шарипов тайинланди.