Қардошлик ришталари маҳкам, дўстлик кўприклари мустаҳкам — Бердиёр Жумаев
Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?
Исматбек! Жорий йил август ойининг охирида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дархан Сатибалди билан учрашган эдим. Ўзаро мулоқотимизда у кишига мазкур сананинг нишонланиши етарли ёритилмаётганлигини айтиб, суҳбат тариқасида бирорта мақола уюштириш истагини билдирган эдим. Элчи жаноблари ушбу таклифимга рози бўлганди.
Ана шу орада соғлигим ёмонлашганлиги туфайли, ўша битикни вақтида қоғозга тушира олмадим. Яқиндагина уни бошқачароқ кўринишда якунлаб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига тавсия қилгандим. ЎзАнинг Бош директори Абдусаид акага ва жамоасига катта раҳматлар-ки, кеча ушбу мақоламни расмий сайтларида эълон этишди.
Қачонлардир Ўзбекистон марказий матбуот нашрларида анча-мунча муҳим чиқишлар қилган эсам-да, кейинги салкам 20 йил мобайнида мамлакатимиз ичкарисида ҳеч нарсам босилмаганидан сўнг, ниҳоят, дастлабки битигим ўз Ватанимда эълон қилинганлигидан жуда севиндим.
“Дунё ўзбеклари”га ўша мақоламнинг илк ҳамда батафсилроқ кўринишини тавсия тариқасида юборишга журъат қилаяпман. Илтимос, у билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз — фойдаланасизлар, деган умиддаман.
Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:
Бердиёр ЖУМАЕВ.
Бердиёр ЖУМАЕВ,
Қозоғистонда Ўзбекистон ҳамда Ўзбекистонда Қозоғистон йилларининг нишонланиши муносабати билан!
ҚАРДОШЛИК РИШТАЛАРИ МАҲКАМ –
ДЎСТЛИК КЎПРИКЛАРИ МУСТАҲКАМ!
Олам аҳли, билингиз-ким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир-бирингизға-ким, эрур ёрлиғ иш.
Алишер НАВОИЙ.
Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,
Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.
Мол-дунё, шон-шуҳрат – барчаси бекор,
Жондош, содиқ дўст йўлдошинг бўлсин!
Абай ҚЎНАНБОЕВ.
– Қозоғистонда Ўзбекистон йили! – Ўзбекистонда Қозоғистон йили! Ушмундоқ тантаналарнинг нишонланишини бундан уч йил илгари, ҳатто-ки, тасаввурларгаям мутлақо сиғдириб бўлмас эди. Ана шу қисқа оралиқдаги улкан эврилишлардан кейин эса, 2018 санада Қозоғистонда Ўзбекистон йили муваффақиятли тарзда кечганидек, 2019 санада эса, Ўзбекистонда Қозоғистон йили ҳам баракали ҳамда самарали ўтмоқда.
Дарвоқе, ўзаро муносабатлар қайтадан ва тубдан янгиланишининг дебочаси яқин ва янги тарихга бориб боғланади. Илло, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йилдаги олий даражадаги мулоқотлари жараёнида 2018 санада Қозоғистонда Ўзбекистон йилини ҳамда 2019 санада Ўзбекистонда Қозоғистон йилини нишонлашга келишиб олишган ҳамда бундай қардошлик алоқаларининг азалий қон-қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган эдилар.
Айни ташаббус, мана, учинчи йилдир-ки, дўст-биродар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ноёб воқеа сифатида ўзаро муносабатларни юксак босқичларга олиб чиқишда, ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.
* * *
Мазкур ўринда бирмунча муддат чекиниш қилишимиз мақсадга мувофиқ кўринади. 2018 йилнинг 15 марти – Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон давлатларининг тарихига, янги ҳамда унутилмас сана сифатида, олтин ҳарфлар билан битиладиган кун бўлиб қолади. Илло, қачонлардир ушбу иккала қардош Республикалар ўртасида ҳафталиклар ҳамда декадалар, яъни ўн кунликлар ўтказиб келинган бўлса, ўртада чорак аср мобайнида алоқалар ва муносабатлар, деярли бутунлай узилиб қолган эди. Эндиликда эса, мана шу иккала ёндош ҳамда забондош мамлакатларнинг қондош ва жондош халқларига бутун бошли йиллар бағишланадиган бўлди ҳамда айни анъана давомийлик касб этиши учун имконият яратилди.
Ўшанда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёв Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро кўп йиллик самарали ҳамкорлиги тарихида биринчи марта бўлиб ўтаётган Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши икки халқ ўртасидаги ҳақиқий йўлдошлик — қўлдошлик ва қардошлик — қурдошлик муносабатларининг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлар экан, Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши маросимида қуйидаги муҳим баёнот билан чиққанди.
«Яратганнинг ўзи бизларга қўшни бўлишдек бебаҳо неъматни ато этгандир. Ўзимизнинг донишманд ота-боболаримиз: «Ҳовли олма — қўшни ол!» – дея бежизга айтишмаган. Бизлар азал-азалдан битта заминда, бир қуёш остида яшаб келмоқдамиз, бизларнинг илдизларимиз биттадир. Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Форобий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Абай Қўнанбоев, Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов каби улуғ намояндалари ҳамда бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккирлар ва шоирларнинг мерослари бизларнинг умумий бойлигимиздир. Демак, инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган ушбу маънавий меросни асраб-авайлашимиз ва бойитишимиз лозим.
Айнан ана шу нуқтаи назардан қараганда, кейинги пайтларда сиёсий иродамиз ва ўзаро интилишларимиз туфайли дўстлик-биродарлик ҳамда яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича, ҳақиқатан ҳам, беқиёс натижаларга эришдик».
Дарҳақиқат, кейинги йиллар ичида қозоқ – ўзбек муносабатларида, бундан олдинги чорак асрлик даврдагига солиштириб қаралганда, ниҳоятда ижобий ҳамда жудаям салмоқдор самараларга эришилди. Мана шу қисқа фурсатнинг оралиғида ҳар иккала давлатлар раҳбарларининг такрор-такрор марталаб учрашишлари ҳамда уларнинг ҳар кўришишлари жараёнида халқаровий ва минтақавий муаммолар билан бир қаторда, қозоқ ҳамда ўзбек халқлари учун-да оламшумул аҳамиятга молик масалалар ҳал этилганлиги кундайин равшандир.
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг тантанали очилиши маросимидаги ўзининг нутқида юқоридаги улкан ижобий жиҳатларни эътироф этар экан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикасининг олий давлат нишонларидан нуфузлиси бўлмиш биринчи даражали «Дўстлик» ордени билан мукофотлай туриб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг минтақалараро дўстлик алоқалари яхшиланишига катта ҳисса қўшганлигиниям алоҳида таъкидлаганди ва шундай деганди:
«Марказий Осиё мамлакатлари аҳиллигига Шавкат Мирзиёевнинг қўшган ҳиссаси жуда катта. У бир ярим йиллик президентлик фаолияти даврида барча қўшнилар билан тил топишиб, ҳаммамизни дўстлаштириб, бугунги беш давлат раҳбарларининг Астанага келишларига жуда катта ҳисса қўшди».
Ҳа, айни ҳаққоний ҳамда самимий эътирофга Шавкат Мирзиёевнинг: «Тарихимизнинг муштараклиги ва ўзаро яқинлигимиз ҳозирги дунёнинг мураккаб муаммоларини биргаликда ҳал этишга ёрдам бермоқда» – деган сўзларини яққол далил сифатида кўрсатмоқ мумкиндир.
Мана шу тарихий воқеа арафасида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнанбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарорини имзолаганлигиям қондош ва жондош ўзбек ҳамда қозоқ миллатлари ва адабиётлари дўстлигининг кечмишига ёрқин саҳифа сифатида ёзиладиган бўлди.
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўз чиқишида Алишер Навоий ҳамда Абайнинг дўстлик ҳақидаги ҳикматли сўзларини келтиргани ҳолда, Ўзбекистонда Абай ҳайкали бўлгани каби, Астанада ҳам буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилишини ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ўтказилишини таъкидлаганини мана шу улкан янгиликка муносиб жавоб сифатида талқин айлаш мумкиндир.
Қозоғистон Ўзбекистон учун замонлар ва ҳаётнинг синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшни эканлигини уқтириб ўтган Шавкат Мирзиёев сўзида давом этиб, шундай деганди: «…Куни кеча қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоири ва мутафаккири, гуманисти Абай Қўнанбоевнинг ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш тўғрисида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинганини маълум қилмоқчиман. Бу улуғ зотнинг безавол ўгитлари бугун ҳам ўз долзарблигини ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Номи Қалдирғочбий (Қарлиғашбий) сифатида ҳам машҳур бўлган буюк Тўлабийнинг мақбараси Тошкентда жойлашганлиги, ушбу қадамжо маскан ўзбеклар учун ҳам, қозоқ дўстларимиз учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ эканлигидан бизлар фахрланамиз.
Ўйлайман-ки, эндиликда тобора мустаҳкамланиб бораётган самимий муносабатларимиздан буюк аждодларимизнинг руҳлариям шод бўлажакдир!».
Ўша куни Қозоғистон Республикасининг пойтахтидаги «Астана Опера» давлат опера ва балет театрида Марказий Осиёнинг бешта давлатлари раҳбарларининг ва делегацияларининг, шунингдек, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон зиёлилари ва ижодкорлари вакилларининг ҳузурларида қўйиб берилган Ўзбекистон санъат усталарининг катта концерти мазкур шодиёналарга янада тантанаворлик руҳини бағишлаганди.
* * *
Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг нишонланиши муносабати билан, ушбу сана дастури доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Алмати шаҳрида ўзбек адабиёти кунлари ўтказилди. Ўзбек Миллий академик драма театрининг ижодкорлари Чимкент шаҳрига сафар қилдилар. Астана шаҳрида ўзбек аёлларининг миллий либослари ва халқ амалий санъатининг намойишлари ҳамда китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон фольклор жамоаларининг Туркистон шаҳрига, шунингдек, республика ёш томошабинлар театри жамоасининг Алмати шаҳрига ижодий сафарлари кўзда тутилганидек бўлди. Тароз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокидаги «Ош фестивали»нинг ўтказилиши режалаштирилганидек амалга ошди. Белгиланган бошқа кўплаб тадбирлар ҳам, айнан кўнгилдагидек қилиб ташкиллаштирилди.
Астана шаҳрида «Ўзбекистон йили»нинг ёпилиши маросимига бағишланган тантанали концерт дастурида икки халқ санъат усталари ва ижрочи ёшлар қатнашгандилар.
Хуллас, Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиши ва ёпилиши маросимларида ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар халқларимиз бирлигининг, маданий яқинлигининг яна бир бор яққол намоёни бўлган эди.
* * *
Маълумки, кейинчалик, 2019 йилнинг 15 апрель куни Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида, ўз навбатида, Қозоғистон Республикасининг Президенти Қасим-Жўмарт Кемелевич Тўқаев ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирокларида Ўзбекистонда Қозоғистон йили нишонланишининг очилишига бағишланган тантаналар бўлиб ўтганди.
Қозоғистон Республикасининг Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев мазкур ажойиб муносабат билан сўзга чиқар экан, Қозоғистон Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикасини жипслаштириб турган азалий дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналарига эътиборини қаратди.
«Бизларни ягона илдизга эга бўлган тил, битта дин, умумий тарих ҳамда туташ тақдирлар жипслаштиргандир. Айни боисдан, ўзимизнинг халқларимиз қадим ва буюк Марказий Осиё тамаддунининг ворислари бўлиб ҳисобланишади. Бизлар биргаликда бисёр мураккаб ва қийин синовлардан ўтганимиз ҳолда, аждодларимизнинг анъаналари, қадриятлари ҳамда миллий-маънавий меросларини асраб қолишга эришдик» – дея уқтирганди Қозоғистон давлатининг раҳбари.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур анжуманда нутқ ирод эта туриб, Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг нишонланаётганлиги биродар давлатларимиз ўртасида стратегик ҳамкорлик алоқаларининг уйғун тарзда ривожланишга киришганлиги, ўзаро ишончнинг ортаётганлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлашнинг кучая бориши мамлакатларимиз-у халқларимиз ўртасидаги ҳамдамлик-бирдамлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига йирик ҳисса қўшишини урғулади.
«Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатлари учун улкан аҳамиятга молик бўлган ушбу тарихий кун бизнинг қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларининг бундан кейинги самарали равнақи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан жуда аҳамиятлидир» – дея таъкидлаганди Ўзбекистон Республикасининг Президенти.
* * *
Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг ўтказилиши билан боғлиқ дастурларда сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликлар бўйича ҳар хил йўналишлардаги 85 та оммавий тадбирларни амалга ошириш мўлжалланган. Жумладан, Қозоғистон театрларининг, шунингдек, «Астана Опера» Давлат опера ва балет театри жамоаларининг гастролларини ўтказиш, Қозоғистон санъат усталарининг концертларини намойиш қилиш, Қозоғистон киноси кунларини нишонлаш, турли-туман китоблар ҳамда ҳунармандчилик намуналари кўргазмаларини ташкил қилиш, семинарлар ўтказиш ва туристик, спорт ҳамда бошқа хилдаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган эди.
Жумладан, 2019 йил 6 апрель куни Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази – Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг Бош мукофоти учун ижодий баҳслар бўлиб ўтди. Айни оламшумул кўрик-анжуманда Ер сайёрасининг 74 та мамлакатларидан, шу қаторда Қозоғистондан ҳам, 160 нафардан ортиқроқ қатнашчилар ўзларининг маҳоратларини намоён айлашди. Халқаро «ЮНЕСКО» ташкилоти ҳамда таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – «ISESCO»нинг расмий намояндалариям ушбу издиҳомнинг меҳмонлари бўлишди.
Қозоғистон Республикасининг вакиласи Улжан Байбусинова мазкур дунёвий танлов Гран-присининг асосий соҳибаси сифатида тан олинди ва у ғолиба тариқасида 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон Давлат санъат музейида «Буюк Биёбон: тарих ва маданият» кўргазмасининг очилиши арафасида қозоғистонлик олимларнинг мазкур мавзуга бағишланган махсус маърузалари уюштирилди. 11 июнь куни эса: «Буюк Биёбон: тарих ва маданият» кўргазмасининг расман очилиши маросими бўлди. Унда намойиш этилган осори-атиқалар, жумладан, мўъжизавий «Олтин одам» ҳайкалчаси Тошкент шаҳар аҳолиси, меҳмонлари, зиёлилар ва илмий жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.
24-26 апрелда Хоразм вилоятида қозоғистонлик намояндалар иштирокида «Central Asia — 2019: – Илм-фанда, таълимда, маданиятда ва бизнесда интернет ҳамда ахборот-кутубхона ресурслари» мавзусидаги Халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «Ҳунарманд» ҳамжамияти бошқарувларининг таклифларига биноан, Қозоғистон делегациясининг «UZBEKISTAN – Aspara Fashion Week» шиори остидаги дунёвий мода ҳафталигидаги қатнашиши амалдаги йилнинг 26-27 апрель кунларига тўғри келди.
2019 йилнинг 10-21 май кунлари оралиғида Тошкент, Самарқанд, Қарши, Бухоро ва Нукус шаҳарларида «Қозоғистон фани ва таълими кунлари» ўтказилиб, мазкур муносабат билан ташкил этилган алоҳида кўргазмада Қозоғистон Республикасидаги етакчи-ю нуфузли олий ўқув юртларининг назарий-амалий фаолиятлари тўғрисидаги маълумотлар ёритилди.
Жорий сананинг 12 майида Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номли Давлат академик опера ва балет катта театрида Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Гульсауле Орумбаева раҳбарлигидаги «Салтанат» Давлат рақс ансамблининг концерти муваффақиятли тарзда намойиш қилинди. Айни ўзига хос чиқишлар дастуридан Қозоғистон Республикасида истиқомат қилаётган кўпсонли миллатлар ва элатларнинг ранг-баранг санъатлари, шунингдек, жаҳон халқлари хореографик маданиятининг ажойиб-ғаройиб намуналари ўрин олди.
Ўша ойнинг ўрталарида Жиззах вилоятида Жамбил вилояти ҳокимлигининг маданият, архивлар ҳамда ҳужжатлар бошқармаси тасарруфидаги ижодий жамоалар аъзоларининг «Гўзал Жамбил!» шиори остидаги дўстлик гастроль сафарлари уюштирилди.
Амалдаги йилнинг 3 июнь куни Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида Ильяс Омаров номидаги Қўстанай вилояти қозоқ драма театри санъаткорлари атоқли қаламкаш Ильяс Есенберлиннинг «Хан Кене» асарини қўйиб бердилар. Шундан кейин, ушбу даргоҳда Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, ёзувчи ва драматург Жумат Алмашулининг «Ғам билан курашган одам» саҳна асари, шунингдек, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, бастакор, шоир, бисёр мукофотлар ҳамда совринларнинг соҳиби Шамши Қалдаяқовнинг серқирра ижодидан намуналар намойиш этилди.
Шунингдек, кейинги ойларда бўлиб ўтган муҳим воқеалар: Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ҳузуридаги қўлёзмалар ҳамда ноёб китоблар маркази билан Ўзбекистон Республикаси Абу Райҳон Беруний номли шарқшунослик институти ва Ислом академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳамда тажрибалар алмашиш тўғрисидаги меморандум имзоланганлиги; Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонаси ҳамда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси шафелигидаги «Қозоғистон — Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари» китоблар кўргазмаси очилганлиги; Тошкентда – Ўзбекистон Давлат консерваториясининг катта залида намойиш этилган «Камерата Казахстана» оркестрининг янги программадаги «Номад оҳанглари» замонавий концерти; Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси қўллаб-қувватлови билан ташкил қилинган қозоғистонлик таниқли рассомларнинг бадиий кўргазмалари; айни кунларда ўтказилиши мўлжалланаётган “Ўзбекистонда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти кунлари” кенгқамровли дастурлариям Ўзбекистондаги Қозоғистон йили баракали ва самарали кечаётганлигидан яққол далолатлардир.
Айни кунлардаям Ўзбекистонда Қозоғистон йили қизғин давом этмоқда. Умуман олганда, мана шунақа иккитарафлама ҳамкорликлар, ҳамдамликлар, бирдамликлар ҳар иккала қардош давлатлар ва қондош халқлар ўртасидаги дўстлик кўприкларининг янада мустаҳкам ҳамда қардошлик ришталарининг тағин-да маҳкам бўлишига, албатта хизмат қилажакдир!
* * *
Қозоғистондаги 12 йилдан босимроқ давом этаётган ҳаётий ҳамда ижодий фаолиятим давомида юздан ортиқ катта-кичик асарлар яратган ҳамда эълон этган бўлсам, уларнинг анча-мунча қисми, бевосита Қозоғистонга ва қозоғистонликларга бағишлангандир.
Фурсатдан ҳамда имкониятдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси пойтахтининг ўн йиллигига атаб ёзган шеъримнинг янгича ва ўзгартирилган талқиндаги кўринишини, шунингдек, Қозоғистонда ўтказилиб келинадиган «Саба» қимиз фестивали муносабати билан битилган шеърларимни келтириб ўтмоқчиман.
НУР-СУЛТАН – СЕНГА ЖАҲОН БЕРМИШ ТАН!
Эшитган-ки, барча интилмиш суюк ҳамда буюк маскан,
Оғуши гулларга — дурларга бурканмиш бўстон-у гулшан,
Кўплар қатори менинг ҳам-ки орзумдаги шаҳар улкан,
Букун бутун замин-у замон ўзига бераётир тан –
Дунёда қиёси йўқ бетакрор пойтахтдир, бу — Нур-Султан!
Бунда чўл чаманистона дўнмиш, саҳро – суманистона,
Ки, довруғи-донғи кетмиш офоққа-ю очунистона,
Шундан таърифи-тавсифи сиғмамишдир ҳаргиз достона,
У қўноқлар ва турғунлар учун оламаро остона –
Жаҳонда монанди йўқ бетимсол марказдир, бу — Нур-Султан!
Аввало, зоҳирида қардошлар миллийлиги мужассам,
Пойдевори эл-юрт қадридек, оридек маҳкам — мустаҳкам,
Тағин, аксари пойтахтларнинг гўзаллиги жамолида жам,
Машриқ — Мағриб меъморчилиги шавкати-ю шуҳрати ҳам –
Чиройда ўхшаши йўқ нуристон қалъадир, бу — Нур-Султан!
Эртаклардан ҳаётга кўчмиш хилқат — ҳайратнинг макони,
Афсоналарнинг ҳам-ки, ҳақиқатга эврилмиш имкони,
Етти иқлимдаги чўх тилсимлар — мўъжизалар ошёни,
Қозоғистонликлар бағрикенглиги яққол намоёни –
Оламда қиёси йўқ гулистон янадир, шу — Нур-Султан!
Шодиёналаринг муборак, қучавергин доимо зафар,
Тасаввурларга-да сиғмас сен етишган — эришган самар,
Кундузлари посбонинг бўлсин офтоб, кечалари — қамар,
Азал-абад жисмингга жон Ишимдарёдек кумуш камар –
Қозоғистон кўксидаги маржон анадир, шу — Нур-Султан!
Пойтахтга доир дастлабки ғиштингни қўймишдир Элбоши,
Тез фурсатда халқ билан бирга Нуркент қурмишдир Элбоши,
Мислсиз — тенгсиз қутлуғ тимсолга асос солмишдир Элбоши,
Энди, тоабад бунёдкоринг бўлиб қолмишдир Элбоши –
Марказий Осиёнинг-да фахри манадир, шу — Нур-Султан!
Биёбонлар бағрига боғ-роғларинг бешак безак берар,
Ташриф буюрган бор-ки, шахдингда улуғ келажак кўрар,
Пойтахтлар орасидаям ўзингдирсан, бамисли, гавҳар,
Умринг боқий бўлсин, халқаро аталмиш “Дунёвий шаҳар” –
Оламаро қозоқюртнинг ёруғ юзидир, бу — Нур-Султан!
ҚИМИЗ ИЧГАНЛАРНИНГ ЮЗЛАРИ ҚИРМИЗ!
(Қимизга қасида).
Қозоқ дастурхонининг тенгсиз шоҳ таоми,
Ноз-неъматлар орасида олий мақоми,
Ким-ки ичса, агар, раво этилгай коми,
Бадандан ғуборларни аритгай тамоми –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Дунёнинг жами лаззатларига бергусиз,
Хосиятларини санаб, адо қилгусиз,
У турганда, ҳатто, жавҳарларни тергусиз,
Таърифи-тавсифи беҳад: англаб билгусиз –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Аксарият эллар интиқ ичимлик ўзи,
Қозоқнинг оламга машҳур ризқи-ю рўзи,
Аслида у боис, ўткир миллатнинг кўзи,
Табиатиям дангал-у кескирдир сўзи –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Обизамзам — обикавсардайин эъзозда,
Обиҳаёт — обираҳматдайин фарозда,
Ахир, бундай тотимлик-ютумлик оз-да,
Илло, ҳар қултуми-хўплами ҳузурбахш — соз-да –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Минг битта дардга-ю шиканжаликка шифо,
Зиёнсиз-у боз, бошларни оғритмас сафо,
Истеъмол этганларнинг умрларига вафо,
Бенасиб бандаларга-чи беназир жафо –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Ранги саломатлик-сарафрозликдан осор,
Хуш таъми турфачадир – турлариям бисёр,
Узоқ яшашни хоҳласанг – мустаҳкам ҳисор,
Демак-ки, арзигай жонни айласанг нисор –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Қимизхўрлар бари бардам — бетлари қирмиз,
У хоҳ қозоқ, хоҳ ўзбек, хоҳ туркман, хоҳ қирғиз,
Ишида унум мавжуд – турмушида тамиз,
Келинг, ундан баҳраёб топайлик ҳаммамиз –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Башарият соғлигига чўх хизмат қилгай,
Ҳаётбахшлигини жумлаи жаҳон билгай,
Етти иқлим аҳли қимизни қўмсаб келгай,
Қадрига етганлар бахти-иқболи кулгай –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Ёш-у кекса учун баробар жонбахш ошом,
Куёвни — келинни — бешикни тебратмиш жом,
Шоирларга-да туганмас чашмаи илҳом,
Бениёз Оллоҳ ҳадяси: беқиёс инъом –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Бия сутидан бедовдир тулпор сараси,
У чопса, титроққа тушгай тоғлар дараси,
Қимиздан ўргилсин маҳсулларнинг барчаси,
Ундан айлансин неъматларнинг ҳарқанчаси –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Қимизни ҳам суйганидан Абай даҳоси,
Жарангдордир Жамбил, Мухтор, Ўлжас навоси,
Илм-у фан, маданиятнинг юксак парвози,
Қозоғистон фарзандларининг шод овози –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Фестивалнинг фидойиларига салламно,
Ташкилотчиларига офарин — тасанно,
Зотан, қимизчиликда қайси-ки муаммо,
Ечиш йўлларини излагай — кўзлагай, зеро –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
Қимизни улуғлаб, доим, бол бўлсин “Саба”,
Йилқи ардоқлаганларга ёр бўлсин “Саба”,
Иккисин мадҳ этганларга жўр бўлсин “Саба”,
Мақсадга эришсин, мудом, зўр бўлсин “Саба” –
Бу – қимиздир, шу – қимиздир, қимиздир қимиз!
ҚИМИЗ: ҲИКОЯТ ВА ҲАҚИҚАТ…
(Эшитганларим асосида).
Мазкур воқеа юз берганмиш,
Анчайин қадим замонларда.
Малика Жанна қад керганмиш,
Андалузистон * томонларда.
Отаси – қироллар қироли,
Қаҳри-ла қитъани қақшатган.
Малика – моҳвашлик тимсоли,
Ҳусни-ла кўзларни яшнатган.
Гўзал Жаннадан овозалар,
Етти иқлимга таралмишдир.
Унга муносиб шаҳзодалар,
Саралаб-танлаб қаралмишдир.
Тўсатдан фожиа чанг солиб,
Жанна оғир бемор бўлибди.
Қувончлар-шодликлар йўқолиб,
Касалдан сарғайиб-сўлибди.
Табибларни “мана-ман” деган,
Қирол салтанатга чорламиш.
Даво тополмай — афсус еган,
Ҳакимларни ҳукмдор хорламиш.
Охири, табиблар йиғилиб,
Ўтказибдилар-ку машварат.
Улар ичидан бири туриб,
Ўртага ташламиш маслаҳат.
– Машриқнинг Осиё қисмида,
Қозоқюрт номли макон мавжуд.
Дард йўқ у ерлик эл жисмида,
Барида чўнг ақл — соғлом вужуд.
Сирнинг қайдалиги яширин,
Англашга чўх ҳаракат қилдим.
Ниҳоят, жумбоқнинг жавобин,
Қимизда эканини билдим.
Каромати чандон қимизнинг,
Тайёрлангай бия сутидан.
Уни изчил ичиб юрганнинг,
Дард йўламас олди-кетидан.
Қозоқнинг ушбу неъматидан,
Малика истеъмол этсайди…
Унинг масиҳо ** хислатидан,
Зора-ки, тузалиб кетсайди…
Шунда: “Қани, чопарлар?!” дебон,
Қирол қиёмат қўптирганмиш.
Ишни тезлатмоқ ғамин ебон,
Учқур тулпорлар чоптирганмиш.
Мағрибликларни Қозоқюртда,
Астойдил меҳмон қилишибди.
Қимизли меш тортиқлаб тўртта,
Кузатиб ҳам-ки қўйишибди.
Қимиздан кучланган ул эрлар,
Мисли, шамолдай елганмишлар.
Босиб йўллар, боз, кезиб эллар,
Ватанга шошиб келганмишлар.
Малика ҳолдан тойган экан,
Қимиз тотдирибдилар қизга.
Рангига қон югуриб, бирдан,
Юзи “бўялибди” қирмизга.
Ҳафтаям ўтмасданоқ Жанна,
Аввалги ҳолига қайтмишдир.
Гул-гул очилиб — яшнаб яна,
Қозоқларга сано айтмишдир.
Айни тилсимга шоҳид қирол,
Ўша табибни топтирганмиш.
Андалузистондаям дарҳол,
Қимиз қилишни топширганмиш.
Деб: – Бир қошиқ қонимдан кечинг, –
Узрин изҳор айлабмиш ҳаким.
– Иқлимий шароитда бизнинг,
Қимиз тайёрлай олмас ҳеч ким.
Гарчанд-ки, отларимиз бисёр,
Зинҳор оз эмас биялар ҳам.
Тағин-да, қанча имконлар бор,
Бироқ, улар барчасиям кам…
Ҳақиқий қимиз олмоқ учун,
Даркор Қозоқюрт об-ҳавоси.
Шарт унинг чўли, тоғи, суви,
Ҳатто, дўмбиранинг навоси!
Мазкур неъматни ҳозирлаш-чун,
Қозоқ қалбининг қўри керак.
Шифобахшлигин таъминлаш-чун,
Маҳоратнинг-да зўри керак.
Худо ҳукми-ла қимизчилик,
Фақат, қозоққа насиб этган.
Қилмоқ-чун жонбахш хуш ичимлик,
Қозоқ элига дуо кетган… –
Бу далилларни тинглаб қирол,
Ҳаммасин яхшиликка йўймиш.
Табибни Қозоқюртдан, алҳол,
Қимиз ташиб юрмоққа қўймиш…
* * *
Айни ҳикоятни эшитгач,
Ривоят, деб ўйладим дастлаб.
Сўнг унга ҳаётий ёндашгач,
Ҳақиқатлигин етдим англаб.
Зеро, қимиз азалдан машҳур,
Тотимликлигини билардим.
Ким кўрмоқ истаса узоқ умр,
Қимиз ичишини тилардим.
* * *
Ошаверсин қимиз шуҳрати,
Ки, унинг тавсифи беқиёс.
Ушбу боис, аҳамияти –
Касб этмоқда жаҳоний миқёс!
* Андалузистон – ҳозирги Европа қитъаси ҳудудидаги қадимий мамлакат; ** масиҳо – тирилтирувчи, ҳаёт бағишловчи.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ