“Халқ сўзи” газетаси: Ахлатхонада яшаётган аёл
Ахлатхонада яшаётган аёл

Бу гапни эшитиб таажжубдан ёқа ушлашингиз тайин.Биз ҳам хабар топиб аввалига ишонмадик.Ахир, шундай замонда ҳам одамнинг,айниқса, аёл кишининг ахлатхонада яшаб умргузаронлик қилиши мумкинми? Ақл бовар қилмайди.Лекин Бухоро шаҳри А.Жомий кўчасидаги кўпқаватли уйлар ёнида жойлашган ахлатхонага борганимизда бу ерда чиндан ҳам Шаҳодат Худойбердиева исмли аёлнинг яшаётганига гувоҳ бўлдик.
Яхшиси, сўзни унинг ўзидан эшитинг.
-Тўққиз йилдан буён уйсизман,- дейди у.- Онам Бухоро шаҳри Алпомиш кўчасидаги ётоқхонада неваралари билан яшайди.Уй бир хонали.Шу уйда рўйхатда тураман.Мен билан норасмий тарзда яшаётган турмуш ўртоғим Умид Тошев бошқа жойда рўйхатдан ўтган.Бир нафар ногирон фарзандимиз бор.Иложсизликдан шу ерда эр – хотин истиқомат қиляпмиз.Ахлатхона биз учун уй, бошпана.
Жондорда туғилганман. Ота –онам бирга яшашмайди.Ҳозир отам ҳам уйсиз.Туманнинг чекка бир еридан лоақал икки сотих ер ажратишса, бир амаллаб уй тиклаймиз, ватанли бўламиз, деб қилган мурожаатларимиз ҳавога кетди.Ўзим Бухоро шаҳар хотин – қизлар қўмитасига, шаҳар ҳокимлигига “Уйсизман.Ёрдам беринглар” деб оғзаки мурожаат қилдим.Нафи бўлмади.
Табиийки, бу ёш оиланинг ахлатхонани бошпана қилиши қай тариқа рўй берди, деган савол туғилади.
Маълум бўлишича,Шаҳодатнинг онаси, ўзини Момогул Бобоева деб таништирган аёл илгари шу ерда ишлаб, уч – тўрт танга пул топган.Аниқроғи, ахлатлар ичидан картон қоғоз тўплаб, уни “Махсусавтохўжалик”ка топширган.Бинобарин, бу иш Шаҳодатга “онамерос”.Шаҳодат айни дамда худди шу иш билан шуғулланиб, тўплаган картон қоғозининг килосига минг сўмдан “ҳақ” олмоқда.Ахлат контейнери ёнида бир пайтлар маълум бир мақсадларни кўзлаб қурилган хонада эри билан бирга яшаяпти. Аммо бу ерда одам қандай қилиб истиқомат қилишини тасаввурга сиғдириш қийин.Ахлатхонадаги алланималардан қўлбола ҳожатхона қуриб олишганини айтиш билан чекланмоқчимиз, холос.
-Деразани очганимда шундоқ бадбўй ҳид келади,-дейди ахлатхона ёнбошидаги кўп қаватли уйда яшовчи Зуҳра Асадова.
-Бу санитария қоидаларига зид – ку,-дейди ўзини “домкомман, фамилиям Худойназаров” деб таништирган отахон.
Қизиқ, бу нохуш манзарага шаҳар санитария – эпидемиология маркази мутасаддилари қандай баҳо беришар экан?
Ахлатхона“Намозгоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган.Шаҳарнинг бошқа бир ҳудудида рўйхатдан ўтган, аммо бу ерга келиб яшаётган оила тақдири йиғин раиси Қурсия Жўраевани бефарқ қолдирмади, албатта.
-Бу синглимизга ахлатхонада яшаш мумкин эмаслигини, салқин, қиш – қировли кунлар бошланаётганини,энг аввало соғлигига зиён етишини бир неча бор тушунтирдик,-дейди у.-Аммо “Борарга жойим йўқ” деб оёқ тираб туриб олмоқда.
Дарҳақиқат, мухбирнинг келганидан хабар топган маҳалла раиси бу оилага яна ўз ваколати доирасида тушунтириш ишларини олиб борди.
Фурсатдан фойдаланиб, аёлнинг турмуш ўртоғини суҳбатга тортдик.
-“Мегамекс” корхонасида ишлайман,-дейди У. Тошев.-Ойлик маошимнинг 33 фоизиаввалги оилам учун алимент тўлови тариқасида кетади.Хотинимнинг соғлиги жойида эмас.Фарзандим ногирон.Бунақанги шароитда арзон уй – жойу ёқда турсин, ҳатто ижарага туришга ҳам қурбимиз етмайди.
Иложсизликдан шундай ачинарли шарт – шароитда яшаётган бу оилани кўч – кўрони билан кўчириш балки қийинчилик туғдирмас. Лекин бу хонадон қаерга борсин?Оилани ўз ҳолига ташлаб қўямизми?
-Лоақал, умумий ётоқхоналардан бизга биттагина хона ажратиб беришсин,- дейди Шаҳодат Худойбердиева.- Эр – хотин ишлаб, қаддимизни тиклаб оламиз.
Буёғи энди шаҳар мутасаддиларига боғлиқ.Биз улардан жавоб кутамиз.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири