Абдулла Орипов ЎЗБЕКИСТОН МАДҲИЯСИ
ЎЗБЕКИСТОН МАДҲИЯСИ
Вужуднинг соғлиги шартдир одамга,
Унутманг, аммо руҳ тарбиясини.
Тўрт нафар турк қизи келиб хонамга
Ижро этди Ўзбек мадҳиясини.
Денгизлардан оша, тоғлардан оша
Юртим кўз ўнгимда бўлди намоён.
Гўё диёримни қилдим томоша,
Жаннат харитасин кўрганимсимон.
Юксак ва шиддатли, латиф ҳам майин
Оҳанг тараларди Мармара бўйлаб.
Юртим қўшиғини шу лаҳза, тайин,
Осиё, Европа турарди куйлаб.
Мисли уфурарди менга нафасин
Олтин водийларим, кумуш тоғларим.
Илғадим Дўрмонда булбуллар сасин.
Кўринди шовуллаб турган боғларим.
Мадад қўлларини чўзарди шу дам
Йироқ-йироқлардан мардона бир руҳ.
Денгиз туманидек тарқаб кетди ғам,
Тоғлар қори каби эриди андуҳ.
Истанбул. 2013 йил 10 октябрь
✍️ Абдулла Орипов
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ