Абдулла Орипов: Кўп қадимман, Карвон билан замонлар кечдим…
ЎЗБЕК ТИЛИМ
Кўп қадимман,
Карвон билан замонлар кечдим,
Нор туянинг норлиги ҳам афсона экан.
Бир кун туя айронини шифо деб ичдим,
Она туя номи эса арвона экан.
Давронимни сурганман ҳам оқ отга миниб,
Ҳай-ҳай, унинг қўлтиғида бор эди қанот.
Вақти келиб, шон-шуҳратдан ҳаёлим тиниб,
Билсам, ўша оқ отимни дерканлар — бўз от.
Юксак Ҳисор тоғларининг бағрида қат — қат,
Тошни ёриб ўсиб ётган наъматак эди.
Устоз Ойбек шеърин эслаб шоир Холмамат,
Бизнинг жойда унинг номи » Ҳулулу», деди.
Сен туганмас чашмадирсан, оҳ, она тилим,
Етмиш икки томиримга мавжларинг борди.
Бир кун тиниб қолган эди боғда булбулим,
Сандулочим ! — деган эдим сайраб юборди.
Инсон деган қутлуғ сўзнинг тенги йўқ ҳеч бир,
У танҳодир, фалакларнинг қуёши мисол.
Лекин манов болакайдир, буниси ўсмир,
Бу йигитдир, бу зот эса бобо, оқсоқол.
2013 йил
✍️ Абдулла Орипов
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ