Абдулла Орипов ёди: «Жаннатга йўл» драматик достонига киритилган парча…
«Жаннатга йўл» драматик достонига киритилган парча…
ЙИГИТ МОНОЛОГИ
1
Улуғ бир зот савоб ишни ҳар кун қил деган.
Каттага ҳам, кичикка ҳам фарздир бу ўгит.
Гавжум йўлдан бу тарафга ўтолмай турган
Қариянинг ҳолатини бир тасаввур эт!
Балки унга ёрдам қўлин чўзмоққа шайсан.
Лекин нега мадад бергач, ҳақин сўрайсан.
Савоб шуми?
2
Ҳар кимса ҳам юмуш қилсин қараб кучига,
Ҳар кимса ҳам муаммосин ечолсин эплаб.
Лекин ўғри, муттаҳамга, товламачига
Имконият бериб қўйсанг, бу қандайин гап?
Бир дўстингга омонат мол жўнатсанг агар,
Йўл-йўлакай еб қўярлар ярмин муқаррар.
Инсоф шуми?
3
Бир одамнинг молин сотар минг битта жоҳил,
Бир даҳонинг соясида гердаяр миллат.
Гарчи кўпдир бу дунёда донишманд, оқил,
Ҳар кимга ҳам ёқавермас бунақа нисбат.
Барчасини очиқ-ойдин кўриб турарлар,
Лекин нечун фозилларни ерга урарлар?
Адолат шуми?
4
Ҳали сўфи таҳоратин олмасдан аввал,
Ибодатин бошламасдан ҳаттоки Ҳаққа
“Ассалом”! деб ўрнимиздан қалқардик ҳар гал,
Бир халқ таъзим қилар эди иккинчи халққа.
Устозларга эргашардим, пилдирар эдим,
Мен ўзим “Ассалом”! деб чулдирар эдим.
Диёнат Шуми?
5
Мен яхшилик тилар эдим Инсониятга,
Ўйлардимки, эзгуликни куйладим фақат.
Лекин афсус, етолмабман қутлуғ ниятга,
Курашмоғим керак экан балки бешафқат.
Иродасиз дўстларимнинг касри учун ҳам
Пешонамга ёзилибди дўзах, жаҳаннам!
Кафолат шуми?
2013 йил 3 октябрь
✍️ Абдулла Орипов
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ