"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин:
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Буюк шоир Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодидан намуналар

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт | 10/03/2019 4:52 PM     10532 марта ўқилди

Абдулла Орипов

Муаллим

Шоирга дедилар: – Сиз бахтли Инсон,
Халқингиз ардоқлар, ҳамма танийди.
Шоир жавоб қилди: – Менда бир армон:
Муаллим десалар мени қанийди!

2002 йил 30 сентябр

ЎЖАР ДЎХТИР ВА ЧОРАСИЗ БЕМОР ҲАНГОМАСИ

Йиғлатиб беморнинг икки қароғин,
Кесиб ташладилар бир кун оёғин.

Бадан тарбияни севарди дўхтир,
Беморга: -Кезавер,-деярди дўхтир.

Бемор ёлворарди: – Йўқ, деб оёғим,
Олиб қўйишганлар ҳатто таёғим.

Дўхтир уқтирарди: -Юргайсан, тамом,
Менинг гапим шулдир, бўлди, вассалом.

Не қиларин билмас бемор бечора,
Ўйлай,ўйлай топди охир бир чора:

У икки қўлида юра бошлади,
Дунёни тескари кўра бошлади.

Ўжар дўхтирдан-ку асрасин худо,
Аввало, оёқдан бўлмагин жудо.

Турфа ҳангомага тўлиқдир олам,
Учраб турар гоҳо шунақаси ҳам.

Техас, 29.09.2016

Актёр

Бир кун томошага тушиб лаҳзада,
Турфа актёрларни кўриб қайтибсан.
Лекин сен уларни фақат саҳнада
Мавжуд деб ўйласанг бекор айтибсан.

Чин актёр санъат деб, бағрини тиғлаб,
Амаллаб кунини кўриб юради.
Шундай инсонлар бор, бир кўзи йиғлаб,
Битта кўзи эса кулиб туради.

Шундай инсонлар бор, вой отам, дея,
Бир зумда ўзгарар турқи, сиёғи.
Лекин ўша маҳал, ўша сония
Онасин кўксида турар оёғи.

Шундай инсонлар бор, гўё юртпарвар,
Юртини улуғлар гўё ҳар сўзи.
Лекин разм солиб қарасанг агар,
Амал поясида иккала кўзи.

Шундай инсонлар бор, халқим дер ҳар чоқ,
Сўзлайди ҳамиша олиб халқ ёнин.
Бир қўли кўксида, бир қўли бироқ
Тозалаб боради халқнинг ҳамёнин.

Санъатга умрини ким этмиш фидо,
Шарафи юксалсин, оламни тутсин,
Ҳаётни ўйин деб билганнинг аммо
Толеи кулмасин, бири кам ўтсин.

2000 йил

ШАРҚ ҚИСМАТИ

Шарқликман,
Эмасман йўлидан озган,
Санъатга ўрайман айтар сўзимни.
Тагор ҳинду бўлиб мадҳиям ёзган,
Мулла Тўйчи айтган “Қора кўзим”ни.

Кашфиёт қилай, деб уринмай ҳарчанд,
Йўлимни муттасил тўсди хурофот.
Фикрим коинотни қучса ҳам гарчанд,
Мудом ҳамроҳ бўлди ароба-ю от.

Мен ҳатто қуёшнинг ҳидини сездим,
Юлдузлар ифорин туйдим бехато.
Гар севсам, Карбало даштида кездим,
Кирди тушларимга Тожмаҳал танҳо.

Бошқалар яратди, мен эса тун-кун,
Унга мафтунликдан айламадим ор.
Афсус, энг чиройли гулнинг ҳам бир кун,
Сўлиб, оёқ ости бўлмоқлиги бор.

Бойлик қазиб олдим ернинг остидан,
Тугаб қолишини ўйламай асло.
Тўй қилиб, айрилган бор бисотидан,
Ношуд бойваччанинг ўзиман гўё.

Энди англаб етдим, шуҳрат-шонимни
Таъмин этган экан буюк даҳолар.
Ёвларнинг ўқидан хонадонимни
Асраб келмиш доим эзгу дуолар.

02.03.2016

Севишганлар

Хиёбонда кезар икки ёш ҳабаш,
Йигит пачоқ бурун, лаблари дўрдоқ.
Ёнида нозланар маъшуқа – маҳваш,
Оёқлари қийшиқ, тишлари сўйлоқ.
Дунёда хунукни изласанг агар
Булардан ортиғин топмоғинг гумон.
Йигит севгилисин қучиб авайлар,
Қиз ҳам ошиғига боқар нигорон.
Ушбу манзарага боқдиму, гўё
Бирдан қулаб тушди аршидан азал.
Қани у лайливаш -сарвиноз барно,
Қани у эр йигит- етук, мукаммал.
Демишлар, нисбийдир ҳар қандайин ҳол,
Ҳар ким ўз севгиси учун сурингай.
Анов икковлонга, балки, эҳтимол,
Қолганлар беўхшов бўлиб кўрингай.

декабр, 2001 йил. Женева

✍️Абдулла Орипов

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (15)
  2. А.Орипов: Уйғониш замонинг муборак бўлсин, Азалий шиддатинг, орларинг бордир.
  3. Абдулла Орипов: ҚУЁШ ВА ШАЪМ (Набирам Мумтозбегимга)
  4. Абдулла Орипов: Қирқ йил камситдилар эринмай, секин…
  5. Бугун Алишер Навоийдан кейинги буюк ўзбек шоири Абдулла Орипов туғилган кун!
  6. ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ, ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ ШЕЪРИ: ТАВАЛЛО
  7. “Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Абдулла Орипов: Мардикор…
  8. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (38)
  9. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (20)
  10. Абдулла Орипов: ТИРИКЛИК НАФАСИ — БЕТАКРОР ЧОҒЛАР
  11. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (13)
  12. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (9)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Шарҳ қолдириш

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Click here to cancel reply.

 characters available

    ЕР ЮЗИ БЎЙЛАБ ТАШРИФЛАР

    Количество уникальных посетителей
    Flag Counter



Интернетдаги RSS каналимизни ўқинг Твиттердаги саҳифамиз! Facebook орқали дўстлашамиз!



Мактуб ёзиш

ЖАҲОН ОММАВИЙ АХБОРОТ
ВОСИТАЛАРИ

"Ўзбекистон овози" газетаси
Прямой эфир ДОЖДЯ
СНОБ.РУ
ИНО TV
Colta.Ru
Украинская правда
Корреспондент.Нет
Русская служба ББС
ББС Ўзбек хизмати
Голос Америки
Америка овози
Озодлик
Uznews.Net
Фергананьюс.Ру
РосБалт -информационное агентство
Эхо Москвы
Радио Свобода
Ньюс.Ру
Московский Комсомолец
Литературная газета
Комсомольская правда
Новая газета
Союз независимых журналистов Центральной Азии
Центразия.Ру
NEWS-ASIA-Центральноазиатский информационный портал
Каспаров.Ру
Аргументы и факты
Однако
Китоб дунёси
Узметроном
Новое Время - The New Times
Альтернативная литература Узбекистана

Copyright © 2014 — ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ. Барча ҳуқуқлар ҳимоя қилинган