«Kun.uz» ходимларига зўравонлик қилган Олмазор тумани ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ишдан кетганини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов тасдиқлади.

«Хабарингиз бор, бугун «Kun.uz» мухбирига ҳужум қилган Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабов ўз лавозимидан озод қилинди. Шу муносабат билан биз яна бир бор таъкидлаймизки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар бир журналист ва блогерни унинг ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоя қилишни давом эттиради», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Абдурасул Ваҳобов ишдан олингани ҳақидаги хабарни инкор қилиб, миш-миш деб атади, бироқ бироз ўтгач ушбу хабар ўчириб ташланди.

«Kun.uz»нинг Бош прокуратурадаги манбасига кўра, Тошкент шаҳар прокурори томонидан мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилган, тақдимнома кўриб чиқилиши натижасига кўра Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Қўшимча қилинишича, бошқа ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қўшимча текшириш ҳаракатлари давом этмоқда. Яъни, Бош прокуратура шаҳар прокуратурасининг жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.

Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов 14 август куни «Kun.uz» ходимларига таҳдид қилганди. Орадан бир кун ўтиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилинди ва унда ҳоким ўринбосари «Kun.uz» мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф этгани ҳақидаги даъвони илгари сурган эди.

ДАРЁ