"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

Бош мақола, Сиёсат, Суҳбатлар | 25/09/2019 16:06-     15076 марта ўқилди

Ўзбекистон:

Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида
Содиқ Сафоев

Лондонга ташриф буюрган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Би-би-си Ўзбек Хизматининг саволларига жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон рақобатбардош давлатлар сафига кирмоқчи бўлса, уч йил аввал бошланган ислоҳотларни охирига етказиши керак бўлади. «Орқага йўл йўқ», — деб айтди сенатор.

Содиқ Сафоев билан Би-би-си Ўзбек мухбири Паҳлавон Содиқ 24 сентябр куни Лондонда ўтган Ўзбекистон капитал бозорига бағишланган тақдимотдаги чиқишидан сўнг суҳбатлашган.

Ўтказиб юборингYoutube пост муаллиф BBC Uzbek

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири Youtube пост муаллиф BBC Uzbek

Би-би-си: Бироз аввал сиз ўз чиқишингизда «Ўзбекистон қаерга қараб кетаётганини яхши билади» деган гапни айтдингиз. Вақти-вақти билан ислоҳотларга қарши бўлган, уларни саботаж қилаётган қандайдир кучлар, тузилмалар борлиги ҳақидаги фаразларни эшитиб қоламиз. Мамлакат раҳбариятида ислоҳотлар борасида якдиллик борми?

Содиқ Сафоев: Авваламбор, ҳар битта ислоҳот бу ҳеч қачон осон кечадиган жараён эмас. Ҳеч қаерда ҳеч қачон (осон) бўлмаган. Инсоният тарихи ҳам енгил-елпи, барча қатламлар томонидан қўллаб-қувватланадиган ва доимо фақат ижобий ўзгаришларни олиб келадиган ислоҳотларни билмайди. Чунки ислоҳотлар, бу қандайдир камчиликларни бартараф этиш, иқтисодчиларни шундай бир гап бор, «дисбалансларни йўқ қилиш», соғломлаштириш… Соғломлаштириш, энди иборанинг ўзи билан, биргаликда даволаш енгил кечмайди. Заҳмат чекиш керак, ўзбекчада гап бор-ку, аччиқ тошни тишлаб, соғломликка ўтиш керак. Шунинг учун, албатта, ислоҳотлар бўлар экан, уларнинг турли босқичларида қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин.

Мен ўйлайманки, бу сайловлар шаффоф, ҳалол ўтиши керак. Бу Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим.

Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари

Масалан, айтайлик, ўзгаришлар доимо бошланғич даврида, барча томонидан қўллаб-қувватланади асосан. Ҳамма сезадики, ўзгаришлар даври келди, уларга эҳтиёж катта. Лекин кейинги босқичларда, бу ерда чуқурроқ, мураккаброқ саволлар кўтарилади. Мана бу ерда дунёқарашлар қарама-қаршилиги, манфаатлар қарама-қаршилиги ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Биз шуни билишимиз керакки, бугун Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев командаси, у кишининг атрофида бўлган одамлар якдиллик билан ҳозир олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу битта команда. Агар команданинг қандайдир аъзоси сиёсатнинг у ёки бу жабҳаси билан норози бўладиган бўлса, у командада бўлишга ҳаққи йўқ. Бу ҳам этика нуқтаи назаридан ва ҳам инсоний нуқтаи назардан нотўғри бўларди. Ҳукуматда бу борада аниқ ёндошув бор ва бу ёндошув қарорларда, қонунларда, стратегияда ўз ифодасини топган. Лекин шу билан бирга, биз бугун шуни тушунишимиз керакки, балким бугун Ўзбекистон ислоҳотларнинг энг мураккаб босқичини бошлади. Мана бу ерда илгариги, кўп йиллар мобайнида тўпланиб келган муаммоларга тегишнинг ўзи осон кечмаяпти. Бу албатта бизни, ислоҳотларни изчиллик билан, собитқадамлик билан давом эттиришдан қайтариши керак эмас. Орқага йўл йўқ. Фақат илгари. Агар Ўзбекистон барқарор ривожланишни таъминламоқчи бўлса, бугунги мураккаб дунёда, оғир дунёда рақобатбардош давлатлар сафига кирмоқчи бўлса ва халқ турмуш даражасини кўтармоқчи бўлса, мана шу оғир босқичдан ўта билиши керак.

Сенатор Сафоев Каримовнинг «ўзбек модели»ни — нотўғри сиёсат деди

Содиқ Сафоев Каримовнинг террорга қарши кураши ўзини оқламаганини тан олди

Сафоев: «Иқтисодий ислоҳотлар кечиктирилмаслиги лозим»

Би-би-си: Шу йил июнида Тошкентдаги форумда сиз «эски тизимда улғайган амалдорлар иқтисод устидан назоратни қўлдан беришни истамаяпти» деган бир баёнот бердингиз. Шу баёнотни очиқлай оласизми? Яъни ким бу амалдорлар ва… (нима учун улардан воз кечиш мумкинмас?)

Содиқ Сафоев: Мен тушундим сиз нима тўғрисида гапираётганингизни. Бизда журналистларнинг ичида қизиқ бир одат бор-да. Мен, масалан, ўзбекча гапираман, уни жуда кўп журналистлар чала-чулпа русчага ағдаришади, у русчадан қайтариб ўзбекчага чала-чулпа ағдарилади-да, қандайдир баҳслар бўлади. Мен тавсия қилардим, мана шунақа вазиятларда сўзнинг оригиналига бориш. Мен ўша ерда, сиз айтаётган конференцияда гапираётганимда, эслатмоқчиман, замонавийлаштириш, модернизация ҳақида, замонавийлаштиришнинг асосий муаммолари ҳақида гапирганман ва бу борада йўналишлардан бири, замонавий давлатларнинг белгиларидан бири иқтисодиётда давлатнинг бевосита аралашувини камайтириш кераклиги ва бу масала бутун дунёда, умуман олганда, энг оғир кечадиган жараён сифатида кўрсатган эдим. Буни айрим журналистлар ҳукуматда иқтисодиётга аралашишга қарши одамлар бор экан, деб талқин қилишди. Балки улар бордир, лекин мен ўша конференцияда айтгандимки, бутун дунёда ислоҳотлар давомида бу бор. Албатта, бу деган гап Ўзбекистонда ҳам бунинг қандайдир инерцияси бор. Илгариги, ўта марказлаштирилган, айтамиз-ку, команд-қўмондонлик иқтисодиётининг қолдиқлари бизда ҳам бор. Мен масалан, ҳозир кимгадир бармоғимни кўрсатиб, мана бунда, деёлмайман. Менда ҳам бор бу нарса. Ҳамма эски тизимдан чиққан одамларда эски усуллардан фойдаланишга интилиш бўлиши мумкин. Биз ҳаммамиз шундан воз кечишимиз керак. Чунки биз тушунишимиз керакки, бозор иқтисодиётининг ўзининг қонуниятлари бор ва уни эски тизимнинг усуллари билан аралаштириб бўлмайди. Бу фақатгина ёмонликка олиб келади.

Би-би-си: Куни кеча парламент сайловларига старт берилди. Бу сафарги сайловлар, айтилишича, «Янги Ўзбекистон, янги сайловлар» шиори остида ўтадиган. Аммо уларда Ўзбекистонда мавжуд, аввал тўртта эди, ҳозир бешта, сиёсий партиялар қатнашади, холос. Шундай экан, бу сайловларнинг нимаси янги?

Орқага йўл йўқ. Фақат илгари.

Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари

Содиқ Сафоев: Авваламбор, бешта партия қатнашаётгани, бунда ҳеч қандай ғайритабиий, ғайриқонуний нарса йўқ. Бу Ўзбекистоннинг бугунги қонунларига тўла мос. Тушунарлики, сайловларни ўтказишни ҳам такомиллаштириб бориш керак. Бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Бутун масала ҳозир, партиялар ўзи қандай, илгаригидан уларнинг фарқи нимада?.. Бугун Ўзбекистон матбуотида, айниқса, ноанъанавий матбуотда кўриб турибмизки, партиялар ўзининг электоратига эга бўлишга ҳаракат қиляпти. Кимдир кўпроқ уддалаяпти бу масалани, кимдир камроқ. Лекин интилиш пайдо бўлдики, партиялар ўзининг электорати, яъни нима учун унга овоз бериш керак, у башарти кўпроқ овозга эга бўлганда ҳукуматда қандай янги сиёсат олиб боради? Нима янгиликлар олиб келади? Яъни бу ерда сиёсий контент пайдо бўляпти. Иккинчи муҳим янгилик, бугун Ўзбекистонда сайловлар батамом янги муҳитда амалга ошади. Биринчи навбатда оммавий ахборот воситаларининг ролини айтиб ўтган бўлардим. Бугун бизда асосий шаффофликни таъминловчи восита хорижий ахборот воситалари эмас, балки ўзимизнинг янги, ноанъанавий ахборот воситалари ҳисобланади. Блогерлар, онлайн манбалар… Бугун Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларида кўтарилган масалага эртаси куниёқ жавоб бериш, унга жавобан қадамлар қўйиш оддий нарса бўп қолди. Бу жуда катта янгилик. Қачон шундай бўлган? Бу шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчиликнинг овози эшитилмоқда ва у ҳукумат қарор қабул қилиш жараёнига ўз таъсирини ўтказмоқда. Кўп мисолларни келтириш мумкин, буни менсиз ҳам биласизлар, Президент, ҳукумат, маҳаллий ҳокимиятлар блогерлар, онлайн нашрларнинг чиқишларига қандай муносабат билдирганини. Мана бундай ҳолатда кечагидақа сайлов ўтказиб бўлмайди.

Би-би-си: Айни пайтда сиз тилга олган сиёсий партияларнинг биронтаси ҳам амалдаги ҳукуматга мухолифатда эмас. Шу маънода Ўзбекистон раҳбарияти мавжуд парламентаризм тизимини янгилаш ёки ўзгартиришга, жумладан, сиёсий мухолифатга йўл беришга ҳали тайёр эмас, десак тўғри бўладими?

Содиқ Сафоев: Йўқ, у нотўғри бўлади. Биласизми, биринчидан, ҳозир фалсафий гапларга ўтиб кетмайлик, мухолифатми, мухолифатмасми… Партияларнинг сиёсий программаси пайдо бўляпти. Партиялар, агар бугун мен ҳукуматда бўлсам, нимани ўзгартирар эдим, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиляпти. Шу жумладан, ҳукуматни танқид ҳам қилишмоқда кўп масалада. Бу яхши. Биринчи саволингизга қайтайлик, бу сайлов нимаси билан янги?..

Партиялар ўзгармоқда. Балким ҳали жуда, биз тўлақонли бундан қаноат ҳосил қилолмасмиз, лекин жараён бошланди. Уни тўхтатиб бўлмайди.

Би-би-си: Мавжуд партиялар ўзгаряпти назарингизда, аммо янги партиялар пайдо бўлаётгани йўқ…

Содиқ Сафоев: Мен фақат мавжуд партиялар ҳақида гапиряпман, чунки гап тизим ҳақида кетяпти. Иккинчидан, жамият ўзгарди. Фуқаролик жамияти ўзгарди. Бугунги Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг кучини кечаги Ўзбекистон билан қиёслаб бўлмайди. Ва ниҳоят, биринчи марта Ўзбекистонда тўлақонли халқаро кузатувчилар ҳайъати бўлади. Илгаригидек, ўзимизга хайрхоҳ бўлган одамларни ўзимиз пул тўлаб олиб келиб, қаратиш эмас. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Варшавада жойлашган демократик институтлар бўйича бюроси бор. Унинг бир неча ойлик тўлақонли миссияки келмоқда. Ва мен ўйлайманки, ҳаттоки улар ҳам асосий куч бўлмайди. Мен тушунишимча, асосий назоратчи куч, бу ўзимизнинг ички кузатувчилар, партияларнинг кузатувчилари бўлади. Ҳозир мени жуда хурсанд қилган нарса, Ўзбекистонда жуда катта ўқиш кетяпти, сайловга тайёргарлик. ЕХҲТ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан биргаликда. Кимлар ўқияпти? Партиялар вакиллари. Яна бир илғор, демократик давлатларнинг амалиётидан олинган янгилик, ҳар бир вазирликда сайловлар ўтказиш билан боғлиқ бўлган контакт инсонлар белгиланмоқда. Яъни судда, Адлия вазирлигида, Ташқи ишлар вазирлигида сайловлар билан боғлиқ қандайдир масала бўлса, кимгадир эмас, балки аниқ, ўша белгиланган одамлар мурожаат қилиш имкони пайдо бўляпти. Мен ўйлайманки, бу сайловлар шаффоф, ҳалол ўтиши керак. Бу Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан, жуда кўп ишлатамиз шу сўзни, «тарихий» иборасини. Бу ҳеч муболағасиз тарихий сайлов бўлади. Унинг натижасида янги парламент вужудга келиши керак ва бу парламент янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдеворини таъминлаши керак.

Би-би-си: Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейинги илк баёнотларидан бирида ҳокимларни сайлайдиган тизимга ўтилиши мумкинлигини айтганди. Ҳокимлар қачон сайланадиган бўлади?

Содиқ Сафоев: Бўлади. Ўзбекистон ривожланишининг мантиқидан келиб чиқадиган нарса бу. Қачон бўлишини мен ҳозир башорат қилолмайман, чунки бу кўп нарсаларга боғлиқ, шу жумладан, янги парламентга. Лекин ҳокимларнинг халқ олдида ҳисоб бериши, бу ердаги каби «accountability» (ҳисобдорлик-таҳр.)… Буни таъминлаш учун албатта сайловлар бўлиши керак.

Би-би-си: Охирги уч йилда кўп нарса ўзгарди, ўзгаряпти. Аммо айни пайтда ўзгармай қолаётган нарсалар бор. Шулардан бири-дарахтларнинг кесилиши. Иккинчиси — аҳоли уй-жойларининг ноқонуний бузилиши. Бутун норозиликлар, одамларнинг дод-войига қарамасдан, бу каби ҳолатлар давом этяпти. Нега? Сизнингча, нима ишламаяпти?

Содиқ Сафоев: Биласизми, бу саволни албатта, шу масалага бевосита алоқадор одамларга бериш керак. Ҳар битта сенатор ҳар бир масалада гапиролмайди, албатта. Лекин бу жамоатчиликни безовта қилаётган масалалар. Биз уларга бефарқ қаролмаймиз. Иккала масала бўйича ҳам парламентимизда муайян ёндошувлар шаклланяпти ва бу борада парламент назорати ҳам тобора масаланинг ичига кириб боряпти. Партияларнинг ичида ҳам парламент назорати кўрина бошлади ва албатта буни давом эттириш керак. Ва фақат парламент эмас, бутун жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари ҳам бу билан шуғулланиши керак.

Би-би-си: Ўзгармай қолаётган нарсалардан яна бири — Тошкент пропискаси. Қанчалик қонуний, деган саволни бермайман, чунки қонуний аспектини биз аввалроқ Адлия вазири Русланбек Давлетов билан муҳокама қилгандик. Ўтган эмас, аввалги асрдан қолган, крепостной ҳуқуқидан мерос шу тартиб сизнингча, мана, ўзгаришлар ҳақида гапираяпсиз, дунёга очилаётган Ўзбекистонга ярашадими? Бекор бўлиши керак, деб айта оласизми?

Содиқ Сафоев: Биласизми, замонавий жамиятнинг анъанавий, замонавийлашмаган жамиятдан кўп фарқлари бор. Шулардан бири аҳолининг мобилли. Ҳар нуқтаи назардан. Жумладан, иқтисодий, ижтимоийлик нуқтаи назаридан. «Ижтимоий лифт» деймиз-ку. Бир табақадан бошқасига ўтиш. Худди шу нуқтаи назардан, айтайлик, қишлоқ ва шаҳар ўртасида қандайдир тўсиқлар бўлса, бу ҳали жамият замонавийлаштириш жараёнини тўла-тўкис тугатмади, дегани. Албатта, бунга ўтиш керак. Бу сўзсиз кун тартибида турган масала.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

ББС

Ўхшаш мақолалар:

  1. Тошпўлат Йўлдошев: Туркиядаги «переворот» ва Ўзбекистондаги сиёсий ҳаёт (1)
  2. Тошпўлат Йўлдошев Ф.Гулен, Р.Эрдўғон, М.Солиҳ ва И.Каримов ҳақида (2-қисм)
  3. Дадахон Ҳасан: Абдулла Орипов билан 25 йил кўришмагандим…
  4. Камолиддин Раббимов: Мирзиёев халқнинг давлатга ишончини тикламоқчи…
  5. Муҳаммад Солиҳ: Мирзиëевнинг халққа яқинлашишида самимият бор…
  6. Шароф Убайдуллаев: Каримовга берган саволи “Усмоновнинг “бошини еди…”
  7. Мамадали Маҳмудов: Дунё эътиқод билан тирик, эътиқод билан гўзал!
  8. Жаҳонгир Муҳаммаднинг «Озодлик»да Сарвар Усмон билан янги ва долзарб суҳбати
  9. Исмат Хушев: Алексей Навальный — Путин салтанатининг таназзулини бошлаб берди!
  10. ДОНАЛЬД ТРАМП: ЎЗБЕКИСТОН ЎЗИ ҚАЕРДА ЖОЙЛАШГАН?
  11. Исмат Хушев: Тошкентдаги фоҳишалар резиденцияси (Иноятов ва Ҳайдаров жанги) -4
  12. Исмат ХУШЕВ: ПРЕЗИДЕНТНИНГ МАТБУОТ КОТИБЛАРИ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

3 комментария

  1. Абдусаттор Рахмонов:
    27/09/2019 в 09:02-

    Асалому алайкум Ахмаджон Турон! Сиз Азизни танимайман. Аммо гап бунда эмас. Гап Сизнинг куп фикрларингиз ТЕРАНЛИГИДА. Афсус Давлат хали бу жамият ривожи учун фойдали фикрларингизни кабул этишга тайёр эмас. Сабр.Мукаддас Оллохнинг китобида, 60 маротаба такрорланган. Лекин СИЗ фикрларни давом эттираверинг?!

    Ответить
  2. Аҳмад Турон:
    25/09/2019 в 21:45-

    Сайлов тўғрисида
    Доно халқимизда «Етти ўлчаб бир кес», Маслаҳатли тўй тарқамас», деган ҳикматли мақоллар бор. Шунинг учун, айниқса Олий Мажлис каби мамлакатимизнинг юраги, яқин келажагимизни белгилаб берувчи даргоҳга халқ депутатлари (нойиблари) сайлашда шошилмаслик, ҳар бир нойиб халқнинг илғор фикрли, пок ва фидокор инсони бўлиши керак. Зотан бу Олий Мажлис мамлакатни Каримов даврида ва хозир Мирзияев даврида ҳам меҳнаткаш халқ бойликларини талаётган, коррупцияга ботган, савиясиз, зўравон амалдорлардан ва куч ишлатар тизимлари ходимларидан, ислоҳотларга тўсиқ бўлиб турган раҳбарлардан тозалашда халқимиз ва президентга камарбаста бўла олиши керак.
    Мамлакат ўтган 30 йилни йўқотди. Мустақилликнинг илк йилларида ишлаб чиқариш бўйича қўшнимиз Қозоғистондан олдида бўлсак, хозир 8 марта орқадамиз. Шунинг учун ишчи кучларимиз ташқарига чиқиб кетмоқда. Холбуки олтин, уран, пахта, пилла ишлаб чиқариш бўйича дунёда олдинги ўринлардамиз. Нега шу бойликлар халқ фаровонлигига ишламайди деган саволга жавоб топиш, назорат қилиш учун кучли Олий Мажлис Комиссиялари ишлаб туриши керак. Халқ нойиблари давлатнинг барча органларини, вазирларни, куч ишлатар тизимлари, cуд ва президентни ҳам қонун асосида доимий назоротда тутишлари, мустақил суд тизимини яратишда муҳим ўрин тутиши керак.
    Олий Мажлис президент аппарати ва хукумат томонидан тақдим этиладиган мамлакат бюджетининг ҳар бир сўмини ўрганиб чиқиб муҳокама қилиши ва шундан кейингина тасдиқлаши лозим. Шундагина мамлакатда кераксиз ялтироқ cитилар, табиий шароитимизга номуносиб ва келажакда минглаб инсонлар ҳаётига хавфли бўлган кўп қаватли уйлар, нархи осмонларга чиқарилган АЭCлар, булар учун Хитой ва бошқа мамлакатлардан ўйланмасдан олинаётган миллиардлаб қарзларнинг олди олинади.
    Ўзбекистонда Олий Мажлисга сайлов компанияси бошланди. Аммо бу сайловнинг умумхалқ сайловига айланиши мумкин эмас, сабабки, сайловга тайёргарлик кўрилмади, вақт кам қолди ва бу вақт халқнинг ўз нойибларини таниб олишга, уларнинг сиёсий позицияларига баҳо беришга eтарли эмас. Устига-устак бу вақт куз ва қишнинг боши — паxта ва бошқа муҳим экинлар йиғим терими, қишга тайёргарлик ойлари. Шунинг учун аксар аҳоли далада ва халқ сайловга, нойиблар чиқишларига эътибор бера олмайди.
    Натижа аниқки бошқарувдаги элита ва 5 қўғирчоқ Каримовчи партиялар xоxлаган депутатлар сайланади ва улар халқ иродасини тасним эта олмайди. Бу эса Президент қилмоқчи бўлаётган ислоҳотларнинг барчасини савол остига олади.
    Ислоҳотлар амалга ошмаса, зотан улар 3 йилда деярли амалга ошмади, ўсиб бораётган инфлация, қашшоқлик, ишсизлик, бошқарувдаги мавжуд адолатcизликлар мамлакатда халқ норозилигининг ўсишига ва нотинчликларга сабаб бўлади.
    Нега амалдорлар қонуннинг эмас, юқорининг измида. Сабаби улар ўз ўринларини йўқотишдан, ана ўша миллионлаб ишсизлар сафига қўшилишдан, тўраларининг биргина ишораси билан зиндонларга тушишдан қўрқадилар. Яъни бу жамиятда бошлиқнинг иродаси ҳаp қандай қонундан устундир. Бундай ҳаёт тизими эса энг юқоридагилар учун айни муддаодир.
    Шунинг учун ҳам мамлакатнинг бошқараётган элитага бундай тизимни бузмайдиган, аксинча унга ҳизмат қиладиган, хозиргидай, чизилган чизиқдан чиқмайдиган, ўз сўзи бўлмаган, бирлаша олмайдиган «бардак” Олий Мажлис керак.
    Боз устига Олий Мажлиснинг икки палатали қилингани унинг нуфузига тузатиб бўлмас путур eтказди. Чунки сенаторлар (юқори палата) айни хокимлар синфидан ташкил топган ва қуйи палатанинг яъни халқ сайлаган нойибларнинг мамлакатни бошқарувдаги усиз ҳам жуда кам нуфузини йўққа чиқарган. Шунинг учун ҳам юқори палатани сўзсиз тугатиш даркор.
    Эй Ўзбек Халқи! Бугун мамлакатнинг келажаги ҳал бўлмоқда. Халқимиз мамлакатни, жамиятни, динини, иймонини ислоҳ қилиб тез орада ривожланиш, адолат ва Ҳақ йўлига чиқиб олади, ёки Олий Мажлисга тоғутга Ватани, унинг халқи ва бойликларини сотиб юборган золим тузумга малай бўлган «нойиблар сайлаб» ривожланишни яна 30 йил орқага суради. Шу сабаб Ўзбекистон деган, келгусида Турон деган дунёда ўз ўрни ва сўзи бўлган қудратли мамлакатнинг дунёга келиши асрлар орқага ташланади ёки эҳтимол-ки абадий йўққа чиқади.
    Шунинг учун бизнинг бутун Ўзбек халқига ва президент Мирзияевга таклифимиз:
    1. Ўтган 3 йилдан хулоса чиқариш керак, яъни кучли, халқ иродасини тасним этадиган, унинг манфаатларини ҳамма жойда, мамлакатнинг ҳар бир бурчагида ва ҳатто бутун дунёда ҳимоя қила oлaдиган Олий Мажлис тикланмас экан, Президент 24 соат тиним билмасдан ишлаганда ҳам унинг кам сонли командаси билан мамлакатда туб ислоҳотларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ишдир.
    2. Халқнинг сиёсий фаоллигини ошириш, вилоят ва махаллаларнинг ўз-ўзини бошқариш салоҳиятини кучайтириш, коррупция, бошқарувдаги таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва тўрачилик каби камчиликларга барҳам бериш, куч ишлатар тизимларининг нохолис ва зўравонлик харакатларини тўхтатиш, диндорларга, тадбиркорларга ва аҳолининг ночор қатламига асоссиз таъқибларни олдини олиш, мамлакатда кераксиз прописка ва чет элга чиқиш учун махсус паспортлар тизимларини йўқотиш ва малакатда адолатни тиклаш учун Олий Мажлисга ватанпарвар, халқимизнинг eтук, жасур ва доно фарзандларини халқ нойиблигига сайлашга эришиш даркор.
    3. Олий Мажлис ва халқ нойибларининг нуфузини йўққа чиқарган ва xоким элитадан иборат юқори палата — Сенатни тугатиш зарур.
    4. Халқ ўз нойибларини эркин сайлаши учун шароит яратиш керак. Янги партиялар ва нойибларни сайлаш учун ташкил этиладиган ташаббус гуруҳларини тузишга изн бериш, мамлакатда матбуот ва интернетга eтарли эркинлик бериш зарур. ТВ да, матбуотда, маҳаллаларда ноийибликка номзодлар билан кўплаб суҳбатлар, дебатлар уюштириш, мамлакатдаги сиёсий муҳитни яхшилаш тўғрисида тортишувлар ташкил қилиш керак.
    5 Каримов даврида хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган Ватанпарвар инсонларни, айниқса зиёлилар, олимлар, таниқли дин уламолари ва муxолифат вакилларини ушбу ва бундан кейинги Президент сайловларида қатнашишларига йўл очиш керак. Ривожланган мамлакатларда кўп йиллар яшаб бой сиёсий ва иқтисодий тажрибага эга бўлган халқимизнинг ушбу қатлами мамлакатни бугунги сиёсий ва иқтисодий бўҳронлардан тезроқ чиқишига катта ҳисса қўшиши табиийдир.
    6. Қиш ойларида аксар халқ ишдан ҳоли бўлади ва бу эса партиялар ва ташаббус гуруҳлари тузиш, халқ нойибларини ўз сиёсий позицияларини тарғиб қилиш учун қулай вақт. Шундан келиб чиқиб ва Президент мамлакатда туб ислоҳотларни амалга ошишини истаса, Олий Мажлисга сайловларни 2020 йил Март-Апрел ойларида ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

    Ответить
  3. Ahmad Turon:
    25/09/2019 в 21:10-

    Азиз Дунё Ўзбеклари!
    Энг прогрессив бош сенаторлардан бирининг журналист Исмат Хушев таъбири билан айтганда «қувваи ҳофизаси» ва фикрлари шундай бўлса қолганлардан нима кутамиз? Вазиятни бундай оқлаш ҳали ҳам Президент ислоҳотларининг мазмун-мохиятини тушунмасликнинг оқибатидир.
    Жавобларни яна бир марта ўқиб чиқинг. Халққа сиёсий ва иқтисодий эркинлик бериш,инсонларнинг диний эътиқодига тажаввуз қилмаслик,иқтисодни ўстириш,ишсизликни камайтириш, ДХХ эски МХХ,милиция органларини жиловлаш,гуноҳсиз қамалганларни озод қилиш деган фикрлар борми бу раҳбарда? Асло йўқ. Ҳаммаси яхши,секин ўзгарар экан.3 йилда шунча ўзгарган бўлса мамлакатни тўла ислоҳ қилиш учун халқимиз яна 30 йил кутиши керакми?
    Партиялар тузиш масаласида мум тишлаб 5та Каримов тузган партияларни ўқитамиз демоқда. Холбуки уларнинг раҳбарлари ҳам Кетмоновдан аъло эмаслар ва сиёсий рақобат,яъни сиёсий партиялар тузиш эркин бўлмас экан сунъий,давлат тузган партиялар ҳеч қачон Президент ва хукуматнинг камчиликларини очиб бера олмайди. Бу эса мамлакатда автократия, диктатура,якка ҳокимлик хукмрон ва ҳеч қачон ривожланиш бўлмайди,xалқнинг аҳволи яхшиланмайди дегани.

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.