Бердиёр Жумаев фикрлари: ОДАМЗОТ ҳамда ОТ ҳақида
Ассалому алайкум, Исматбек!
Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?
Исматбек! Сизнинг 25 сентябрдаги “Алпомишнинг саман оти ва Барчини…” кўрсатувингизни мириқиб томоша қилгач, ўзим қачонлардир От йили муносабати билан ёзганим: “Одамзод ҳамда от бўлаверсин бир-бирига йўлдош-у нажот!” сарлавҳали битигимни сизларга тавсия тариқасида юборишга журъат этаяпман.
Илтимос, у билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз — фойдаланасизлар, деган умиддаман.
Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:
Бердиёр ЖУМАЕВ.
Бердиёр ЖУМАЕВ,
халқаро журналист.
ОДАМЗОД ҲАМДА ОТ
бўлаверсин бир-бирига йўлдош-у нажот!
Отни қадрлаш керак, чунки уни ранжитган одам душман қўлида хор бўлади.
Соҳибқирон Амир ТЕМУР.
- Оллоҳимизнинг ва Пайғамбаримизнинг назари тушган, Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси Шарифда эъзозланган жонивор
- Фаришталар ҳам яхши кўрган жонзод
- Башариятнинг жуда содиқ-вафодор дўсти
- Инсонлар учун энг кўп қурбон бўлган ҳайвон
- Садоқатига ҳайкаллар қўйса арзигулик…
- Тоғлар ошар, чўлларда чопар, сувларда сузар…
- Туёқлари тошдан қаттиқ, ёллари ипакдан юмшоқ
- «Қанотли арғумоқ»лар шоирларга ҳамма нарсадан қадрлидир!
- Қимиз ҳам шифо — ҳам сафо бахш айлагувчи беназир ва ягона неъмат!
- Бизлар отларга эмас, отлар бизларга кўпроқ керакдир…
* * *
Маълумки, от жуда қадим замонлардан буён инсоннинг узоғини яқин, оғирини енгил, мушкулини осон айлаб келади. Ушбу фидойи жониворнинг хонакилаштирилганлигига 5 минг йилдан ошганлиги илмий жиҳатдан исботланган ҳамда амалий нуқтаи назардан тасдиқлангандир. От нисбатан анча ақлли жонзод ҳисобланиб, ҳар хил топшириқларни бажаришга тез ўрганади, меъёрига етказиб ўринлатади, кўпгина ҳаракатларни жадал ўзлаштиради.
У кучлилиги, чидамлилиги, тоқатлилиги-ю бардошлилиги, чўллар-у биёбонларда-ю саҳролардаям юра олиши, дарёлар-у анҳорлардан сузиб ўта билиши, узоқ масофаларга чопиши-югуриши билан биргаликда — чиройли, зийрак, покиза, ҳушёр, вафодор ҳайвондир. Отнинг сезиш қобилияти ўткир, кўриш, эшитиш, ҳид билиш салоҳияти ривожланганлиги билан ҳам бошқа жонзодлардан кескин ажралиб туради.
Мана шундай ажойиб фазилатлари-ю ғаройиб хислатлари туфайли от азал-азалдан одамзоднинг яқин йўлдоши — қадрдон қўлдоши, садоқатли дўсти, қадрдон ҳамкори — беминнат хизматкори, қийин юмушларни уддалашда мададкори, сафарларда ишончли ҳамроҳи, жанг-у жадалларда — қувғин-у таъқибларда нажоткоридир. Улар жонларини қурбон қилиш эвазига ўз соҳибларини муқаррар ўлимдан сақлаб қолгани хусусида бисёрлаб далилларни-ю мисолларни айтиш мумкин.
Ўтроқлашгунларига қадар тирикчиликлари, асосан, кўчманчиликда кечган туркий халқларимиз, айниқса, отни астойдил қадрлаганлар, эъзозлаганлар ҳамда кўз қорачиқларидек асраганлар. Қардош-қондош элларимизда энг кўп ном берилган жониворлар ҳам улардир-ки: «арғумоқ», «тулпор», «дулдул», «тавсан», «тўпичоқ», «бедов», «жийрон», «тоту», «тозий» атамалари уларнинг айримларигина бўлиб, айни эркалашларнинг яққол ифодаларидир. Ҳозирда қозоқ биродарларимиз автоуловларга нисбатан ишлатадиган «кўлик» атамаси ўзимизнинг кўҳна туркий тилимизда «чопқир пойга тулпори» маъносини англатади.
От улғая боргани сайин ҳар санада ўзгача номланганлигиям аждодларимизнинг унга бўлган меҳр-муҳаббатлари нишонасидир. Масалан, энди туғилгани «той-тойчоқ» – дейилса, бир йиллик атрофидагилари «қулун», икки-уч ёшдагилари «ғунон», тўртга кирганлари «дўнон», беш ёшдагилари «тўлон» – дея аталган ва ҳоказо…
От – илоҳиётга дахлдор жонзодлиги билан-да муқаддас махлуқ саналади. Қуръони Каримда Оллоҳ ўзининг сўнгги Пайғамбарига Арши Аълода кўрсатган мўъжизасини тасвирловчи 17- «Ал-исро» — «Тунги сайр» сурасининг биринчи ояти шундай изоҳланади:
«Бу – меърож, яъни, Оллоҳ ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлгандир. Расулуллоҳ айтадилар: «Бир кеча Масжид ал-Ҳаромда эканман, баногоҳ, ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб, самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Бу ердаги Масжид ал-Ақсода икки ракаат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб, Жаброил билан осмонга йўл олдик…»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сўнгра, еттинчи осмонга чиқиб, Парвардигори Оламнинг каломларини эшитиб, кейин заминга қайтганлигини ва ўзини бир нафасда Маккада кўрганлигини таъкидлайдилар. Ушбу саёҳат ҳақида ривоят этишлари-ча: ўшанда Буроқ шунчалик тезликда парвозланибди-ки, Муҳаммад алайҳиссалом меърожга чиқиб кетаётиб, ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳалиям силкиниб турган экан…
Қуръони Каримнинг 100-сураси эса, «Вал-одиёт», яъни, «Чопқир отларга қасам» дея аталади ва унинг: «(Оллоҳ йўлида) ҳарсиллаб чопадиган, (чопган пайтида туёқларидан) чақмоқлар чақадиган, тонг пайтида (ёв устига) бостириб борадиган, бас, ўшанда чанг-тўзон кўтариб, шу (чанг-тўзон) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб келадиган (от)ларга қасам-ки» жумлалари билан бошланишиям мазкур хилқатларни улуғлашнинг навбатдаги намоёнидир.
Ҳазрат Пайғамбаримизнинг Ҳадиси шарифларида ҳам тулпорлар тўғрисида такрор-бисёр яхши гаплар, таъриф-тавсифлар келтирилади: «Отлар бор жойга фаришталар айланадилар», «То қиёматга қадар отларнинг ёлларига яхшилик ёзилгандир» – деган пурмаъно-сермазмун фикрлар шулар жумласидандир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз куёви Алига «Дулдул» лақабли от совға қилгани, тўртинчи халифа эса, унинг ёрдамида мисли кўрилмаган ишларни бажарганиям диний манбалардан маълум.
Шунингдек, атоқли туркий қомусий аллома Алихонтўра Соғуний ўзининг “Тарихи Муҳаммадий” асаридаги “Қирқ саккизинчи мўъжиза” бобида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳамда отлар билан боғлиқ воқеалар хусусида қуйидагиларни ҳикоя қилади:
“Расулуллоҳнинг муборак оғизларидан нима сўз чиқди эрса, ўшандоқ бўлур ёки қутлуғ қўллари билан ҳар қандай касал одамни силасалар, дарҳол касалдан тузалар эди.
Бир куни Мадина атрофидаги имонга кирмаган қабилалардан бир қанча кишилар закотга йиғилган чорва молларини таламоқчи бўлиб, босмачиликка келдилар. Бунинг хабари Мадинага етиши билан ҳаммадан илгари Абу Талҳанинг отини миниб, ёвга қараб чоптирдилар.
Бу от эрса, қашанглиғи устига мудровчи ҳам эди. Расулуллоҳ минганларидан кейин бу жониворда чопқирлик пайдо бўлди, бошқа отлар унга етолмай орқада қолдилар. Ёвни қочириб қайтгандан кейин Расулуллоҳ Абу Талҳани кўриб;
– Сенинг бу отинг мавж урган дарёдек чопар экан, – дедилар.
Бу сўздан сўнгра чопқирликда унинг олдига ҳеч бир от тушмади.
Яна бир сафарда ҳазрати Жобирнинг минган туяси чарчаб, юролмай қолиб эди. Расулуллоҳ буни кўриб, қўлларидаги таёқчалари билан туянинг биқинига: “Тургил!” — дея нуқиб қўйдилар эрса, унда шундоқ куч пайдо бўлди-ким, ҳазрати Жобир унинг бошига эга бўлолмай қолди.
Шунга ўхшаш яна бир ғазотда ҳазрати Жуайлнинг минган оти чарчаганликдан юролмай қолди. Расулуллоҳ келиб: “Тур, баракаллоҳ!” — дея қамчилари билан секингина уриб қўйдилар эрса, от ирғиб туриб, юриб кетди. Шундан сўнг унинг тезлигидан эгаси тизгинини тортолмас эди. Бу отга барака қўниб, мунинг болаларидан сотиб, эгаси ўн икки минг тилла фойда топди.
Мана бу ишларнинг бариси Расулуллоҳнинг мўъжизалари эрди”.
* * *
Жаҳон халқларининг, жумладан, қардошларимизнинг оғзаки ижодларида, бадиий адабиётларида ҳам отлар мавзуси салмоқдор ўринни эгаллайди. Туркий қон-қардош элларимизнинг муштарак ижод маҳсуллари «Алпомиш» — «Алпамис» — «Алпамис батир» — «Манас»даги Бойчибор — Байшибар — Арчатўра — Сарала; «Гўрўғли» — «Короглу» — «Гёрогли»даги Ғирот — Ғиркўк — Қират, қозоқ оғаларимизнинг «Қўбланди ботир» достонидаги Тойбўрил, жаҳонга машҳур қирғиз биродаримиз Чингиз Айтматовнинг «Алвидо, Гулсари!» асари қаҳрамони Гулсари ва бошқа шулар сингари кўпгина ҳақиқий арғумоқлар тимсолида отларнинг садоқати, меҳр-у вафоси, шон-шуҳрати абадиятга муҳрланди.
Булардан ташқари, Марказий Осиё минтақасида яшовчи миллатлар-элатлар отлар билан боғлиқ мўл-кўл эртаклар, ҳикматлар, ривоятлар, ҳикоятлар, қўшиқлар, нақлларниям дунёга келтирганлар-ки, улар асрларни асрларга туташтириб, узлуксиз давомийликда оғизлардан оғизларга ўтиб, ижро этилиб келинаётир.
Туркий қардошларимизда арғумоқларга, тулпорларга, бедовларга, жийронларга, йилқиларга, бияларга бағишлаб тўқилган ва тилдан тилга кўчиб юрган халқ мақоллари сони икки юзтадан-да ошаркан-ки, ўзга ҳеч қайси жондор тўғрисида бунчалик кўп ўгит улгулари йўқдир. «От – йигитнинг қаноти», «Оти борнинг – парвози юксак», «Қаровдаги отнинг оёғи саккизта», «Отлининг насибаси олтов, туялининг насибаси тўртов», «Отли йигит – бахтли йигит», «От — ёвни қувсанг етказар, ёғийдан қочсанг қутқазар», «Яхши от – жонга шерик, яхши ит – молга шерик», «Бошсиз бўрк бўлмас – тотусиз турк бўлмас», «Оти бор – ботир, оти йўқ – ётир», «От олсанг уйинг билан кенгаш, от сотсанг овулинг билан кенгаш», «Арғумоқнинг яхшиси чопса — кўлик, сотса — пуллик», «Минганинг бўлса дулдул – муродга етганинг шулдир», «Бир кунлик умринг қолса ҳам бедов мин!», «Уловинг бўлса йўрға – етказур истаган ерга», «От боққанинг — улоққа, қўй боққанинг — қўноққа» каби ҳамда аксари бошқа нақллар азал-азалдан эзгуликка-яхшиликка ундаб, аллақачон ибрат-пандият намуналарига айланиб улгурганлар.
Бевосита отлар иштирокида ўтказиладиган халқ ўйинлариям бекам мавжуд-ки, уларнинг аксар қисми сақланиб қолган. Эндиликдаги асосий вазифа эса, бундай ўйинларни ҳар тарафлама тараққий топтириш ҳамда янада равнаққа эриштиришдан иборатдир. «Қизқувди», Кўпкари» ёки «Улоқ», «Чавгон», «Кимўзар», «Пойга», «Оломонпойга», шунингдек, бошқа қатор спорт мусобақалари илгаридан кенг тарқалган, Уларнинг деярли барчаси туркий эллар-юртларга хос ҳисобланиб, ҳозирликда халқаро миқёс ва жаҳоний қамров касб этаётир.
* * *
Мана, энди, отлар табиатини яхши билган, эл оралаб юриб, улар билан боғлиқ ажойибот-ғаройиботларни атрофлича ўрганган ўзбекистонлик алломалар: профессор Малик Муродов ҳамда доцент Абдуолим Эргашевнинг ўтган аср интиҳосида тулпорлар-арғумоқлар тўғрисида билдирган фикрларига қулоқ тутсак.
* Отларнинг скелети 153 та суякдан иборат бўлиб, жуда мустаҳкам тузилган. Шу боис, яхши улоқчи от кўпкарида қанчалик чопмасин, тобора кучига куч, ғайратига эса, ғайрат қўшилиб бораверади. У чарчаш, толиқиш, ҳориш нима эканлигини билмайди, ўта зўриқиб кетганидагина майдонда ўлади.
* Отлар, хусусан, улоқчи отларда марказий нерв системаси жуда яхши тараққий топган бўлади. Чавандознинг мақсад-ниятини, интилиш-хоҳишини яхши англайди. Айни сабабдан, тўдага ёриб кириб, олдинги оёғи билан улоқни босиб, уни бошқаларига олдирмай туради. Чавандоз эгилиб, қўли билан улоқни ушлагач, тезликда оёғини тортиб олиб, даврани ёриб чиқиб кетиш ҳаракатига тушади ва шундай қилади ҳам.
* Улоқчи отларда, айниқса, эшитиш, кўриш, ҳид сезиш, таъм билиш ҳиссиётлари, бошқаларига нисбатан, анча яхши ривожланган бўлади. улар бир неча юз метрдан кўпкари бўлаётганини сезадилар, ўша ёққа қараб интиладилар. Ҳатто, чавандозларнинг гапига ҳам қулоқ осмай, тезроқ улоққа етишга интиладилар. Бундайин тулпорлар 500-600 метр масофадаги нарсаларниям бемалол кўра оладилар.
* Кўпкаричи от бошқаларига қараганда, камроқ яшайди. Ўзга отлар 30-35 ёшларигача иш қобилиятини йўқотмаса, улоқчи арғумоқ бутун куч-ғайрати, шижоатини чавандозга бергани эвазига, нисбатан, анча озроқ умр кўради. Қизиғи шунда-ки, бундай тулпорлар, то ўлгунларича эгасига содиқ ҳамда вафодор бўлиб қоладилар.
* Ҳақиқий чавандоз ўзининг кўпкаричи арғумоғини жонидан ортиқ кўради, у билан энг яқин кишисидай, ҳатто, отаси ва фарзандидай муносабатда бўлади. Тулпори ҳам соҳибига нисбатан садоқатини ҳар қандай шароит-у вазиятда исботлайди. Қадим-қадимларда жангчи урушда ҳалок бўлса, ўша жангчининг оти ва эгар-жабдуқлари унга қўшиб дафн этилгандир. Шунингдек, бундайин арғумоқлар ўлган тақдирда, улар ювилиб-таралиб, кафанланган ҳолларида кўмилган.
* Ўтмишда отлар, хусусан, учқур, чопағон ҳамда кўркам арғумоқлар давлатлар ҳамда халқларнинг тақдирларида катта роль ўйнагандирлар. Улар элларнинг-юртларнинг раҳнамолари ва саркардаларининг амалий фаолиятларида ҳал қилувчи ўринда туришган. Шундайин тулпорлар ҳам бўлган-ки, улар бутун бошли бир мамлакатнинг нечалаб йиллик бойликларига, қоп-қоплаган олтин-кумушларга-да сотилмаган. Ҳозирги замонимизда ҳам битта эмас, бир неча машинага алмашилмайдиган улоқчи тулпорлар-да топилади.
* Отлар, айниқса, кўпкарида чопиладиган арғумоқлар, одамларга нисбатан, ер қимирлашини, сел келишини, довул бўлишини, тўфон туришини, қисқаси, табиий офатларни, кўнгилсиз воқеаларни-ю бахтсиз ҳодисаларни улар рўй беришидан 2-3 соат олдин сезадилар, сувсиз саҳроларда ичимлик манбаига етказадиган энг қисқа йўлларни топа биладилар, адашганларни манзилларига элтадилар.
* Дунёда 300 дан ортиқ от зотлари мавжуддир. Шулар орасида энг чопқири, ҳушёри, уддабурроси, қувса етадигани, қочса қутултирадигани, хавф юқоридан келса – пасайиб, қуйидан таҳдид солса, сакрагани ҳолида, эгасини асраб-сақлаб қоладиганлари – қорабайирлар, яъни, Фарғона отлари ҳисобланади. Қадим-қадимларда Хитой подшоҳи Фарғона тулпорларига ишқибоз бўлиб, махсус одамларини юбориб, кўп миқдорда олтиндан ясалган отларни жўнатиб, эвазига эса – Довон (Фарғонанинг кўҳна номи)дан ана шундай самовий арғумоқларни олиб кетганликлари бежиз бўлмаган.
* Отларнинг ёши қирқинчи тишларига қараб ўзгаради. Улар ҳеч қачон сил касаллиги билан оғримайдилар. Азал-азалдан эл-юрт манфаати йўлида кўрсатилган жасоратлар, фидойиликлар ҳамда қаҳрамонликлар тулпорлар, қиличлар ва ўзга қимматбаҳо қуроллар билан тақдирланган. Учар арғумоқлар ҳамма нарсалардан, жумладан, олтин-зарлардан ҳам-ки, аълороқ туҳфа ҳисобланган.
* Қадимда ва эндиликдаям баъзи минтақаларда отлар фарзандларни жисмонан бақувват қилиб етиштиришнинг энг синалган, катта тажрибалардан ўтган воситаларидан саналгандир. Болалар жуда ёшликларидан отга мина олиш, у билан қўрқмасдан муомалада бўлиш, отда чопа билиш, унинг устида турган ҳолатда турли мураккаб машқларни адо этиш маҳоратларига ўргатилганлар.
* Отларга меҳр қўйилган хонадонларга хавф-хатарлар яқинлашадиган бўлса, улар ўз ҳушёрликларини намоён айлаганлари ҳолда, кишнаш, депсиниш ва бошқа йўллар билан уй соҳибларини огоҳ этганлар. Шу боисдан ҳамдир-ки, отларни оила айғоқчиси ва қўриқчиси сифатида жуда ардоқлаганлар.
* * *
Тулпорлар-у арғумоқлар қалам аҳли ўртасидаям-да ниҳоятда эъзозли ҳамда ўта эҳтиромлидир. Зеро, мозий афсоналари-ю асотирларида илҳом парилари гўзал қанотли арғумоқлар — учар тулпорлар тимсолида гавдалантирилган ҳамда булар, албатта бежизга эмасдир. Масалан: қадим Юнонистонда ушмундоқ ўзи самога парвозланувчи арғумоқни «Пегас» номи билан атаганлар ҳамда уни ижод маъбудаси тариқасида кўкларга кўтарганлар. Ваҳоланки, ҳар қандай шоирнинг ҳузурига ҳам-ки, ана шундай қанотли тулпор рамзидаги Илҳом париси ташриф буюрмас экан, унинг ижоди сўнаётганидан нохуш дарак ҳисобланган.
* * *
Арғумоқлар устида сайр айлашнинг ўзиям бисёр хасталикларга шифо эканлиги аввалларданоқ яхши маълум. Жумладан, юра олмайдиган кўпгина беморларни отга миндириб, машқ қилдириш орқали даволаш натижасида уларнинг оёқлари қайтадан жонланганлиги айни ҳақиқатдир. Тиббиётнинг тағин таъкидлаши-ча (айниқса, халқ табобатининг уқтириши-ча): бундай бетобларга отлар орқали ўндан ортиқ ҳаракат қуввати (энергияси) ўтар экан. Шулар билан биргаликда, буйрак ва юрак билан боғлиқ ҳамда бошқа қатор касалликларни шифолашда ҳам ана шундай муолажа усулини қўллаш ижобий самаралар бериши исботлангандир.
Шунингдек, юқорида урғулаб ўтганимиздек, отлар бошқа ҳайвонлар орасида энг қобилиятлилиги билан-да алоҳида ажралиб турадилар. Улар турфа ўйинларни ўргатишга анча мойиллиги-ю моҳирлиги ҳамда берилган топшириқларни аниқ-пухта бажаришга тиришиши билан ўзгачадирлар. Цирк ареналарида арғумоқлар иштирокидаги ажойиб-ғаройиб томошаларни кўрганлар бунга такрор-бисёр бора ишонч ҳосил қилишиб, уларнинг маҳоратларини қайта-қайта олқишлашлариям, айнан, мана шулар сабаблидир. Хуллас, отларнинг таъриф-тавсифларини айтаверсак, ҳали-бери адо бўлмағусидир…
* * *
Беҳад-беадад таассуфлар-ки, кейинги ўн йилликларда «техника асри» кучга кирганлиги муносабати билан йилқичиликка эътибор ниҳоятда сусайиб кетди. Очиғи-ю аччиғи бул-ки: ҳозирги пайтда отлар тўғрисида гап кетса, кўзларига нуқул ёғли қази-қарта кўринадиганлар оз эмас. Минг йилликлар оша ота-боболаримизнинг асосий улови, ҳаракат воситаси, тирикчилик манбаи, шоирона айтганимизда «жон-у жаҳони» саналиб келган отларга бундай номақбул муносабатдан, албатта, улардан-да кўпроқ бизлар ҳамда келажак авлодларимиз каттароқ зиён кўрадилар ва улканроқ йуқотишга учрайдилар.
Бошқа муҳим жиҳатларини қўйиб турайлик: биргина дунёларга бергусиз – оламларга татигулик шифобахш-сафобахш неъмат – қимизни (маълумки, қимиз инсон вужудияти ва руҳиятига зарар етказмасдан туриб, унинг кайфиятиниям кўтарувчи камёб-ноёб ичимликдир) кўпайтириш учунгина йилқичиликни ҳар жойда ва ҳар қанча ривожлантирса арзигуликдир. Мазкур ўринда таъкидламоқ даркор-ки, сўнгги даврларда отчиликни равнақ топтириш масаласи бот-бот кўтарилаётганлиги кўнгилларга бирмунча таскин бераётир.
Хуллас, юқоридаги далилликлар-у шоҳидликлардан чиқарганимиз муҳим сабоғимиз ушбу турур: «Инсониятнинг манфаатлари учун энг кўп қурбон бўлган, башариятга энг кўп хизматлари сингган жониворлар – отлардир. Демак, оламда шарафига ҳайкаллар қўйишга муносиб, ёдгорликлар ўрнатишга лойиқ-ҳақдор ягона жонзод ҳам-ки – отлар ҳисобланади». Бундан ўтказиб бирор нарса айтиш қийин. Илло, фақат, арғумоқлар — тулпорлар — дулдуллар — жийронлар — бедовларга… худди менингдек назм бағишлаш мумкин, холос!
Инсоният кечиргандан эътиборан онгли ҳаёт,
Унга аксари ҳайвонлар бўлиб келмиш
мадад-нажот,
Бироқ улар орасида бор шундай бебаҳо жонзод,
Одамзод хизматига чандон-чунон
боғлаган қанот –
Беш минг йилдир-ки, инсоннинг энг яқин
йўлдошидир от!
Қутлуғ Қуръон, Шариф Ҳадисда
улуғланмишдир номи,
Эгасига фидойилик-вафодорликдир мақоми,
Соҳибига ўзин бахшида айлаб келмиш мудоми,
Таърифин сўйлайверсанг, зинҳор тугамас давоми –
Эллик асрдир-ки, одамзоднинг
дўсти-қўлдошидир от!
Башар манфаати учун отлар энг кўп топмиш ажал,
Уларнинг садоқатига арзигай кўп қўйса ҳайкал,
Яна отларга қарашсанг – бисёр муаммонг
бўлар ҳал,
Бил, қўш темир «тулпор»дан битта жонли
арғумоқ афзал –
Авлодларга ҳамроҳ бўлсин – аждодларга
эш бўлган от!
Қимизининг ўзи минг битта дардгадир даво-шифо,
Боз устига, кўнглинг яйратгай ҳамда
бергайдир сафо,
Бия сутин истеъмол этсанг – минбаъд
чекмассан жафо,
Доим қимиз ичиб юрсанг – умринг ҳам
айлагай вафо –
Турган-битгани фойдали-фариштали
хилқатдир от!
* * *
Ё насиб-ки, одамзод ҳамда отнинг йўлдошлиги-ю қўлдошлиги,
ҳамроҳлиги-ю ҳамкорлиги, дўстлиги-ю сирдошлиги бундан кейин-да асрлар оша давом этаверсин!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Халкаро журналист Бердиёр Жумаевнинг Одам ва От маколасини укиб, хеч иккиланмай эх Отангизга Рахмат дегим келди. Макола хамма томонлама мукаммал ифода этилган. Хадис, Куръон суралари ва оятларидан тортиб, Адабиёт, Халк фолклори, Огзаки маколаларгача баён этилган. Бизга нима колди? Хеч нарса: 1. От ута нозик хилкат, корамолга солиштирилса. Ана шу туфайли Унга Инфаркт ва Юрак касалликларига моил булади. 2. Албатта чиниктириш учун совитилиши лозим. 3. Юкумли манка касаллиги мавжуд…