Камолиддин Раббимов: Мирзиёевнинг елкасида тарихий масъулият турибди
Камолиддин Раббимов: Шавкат Мирзиёевнинг елкасида тарихий масъулият турибди
Ўзбекистонни 27 йил давомида яккаҳоким бошқарган Ислом Каримовнинг 2016 йил сентябрида вафот этиши Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида туб ўзгаришларга сабаб бўлди.
Ўзбекистонда ҳокимият иерархиясидаги иккинчи шахс, ҳукуматни энг кўп – ўн уч йил бошқарган бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти бўлди.
Де-факто Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги 2016 йил 8 сентябрдан, парламент уни “муваққат президент” этиб сайлаганидан бошланади. Декабрда Шавкат Мирзиёев расман Ўзбекистон президенти бўлди. Ўша давр сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари сабабли, жамоатчилик бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий қарашларидан бехабар эди, чунки бош вазир сояда қолишни афзал кўрар эди. Бу ўша пайтда сиёсий жиҳатдан омон қолишнинг ўзига ҳос йўли эди.
Who is Mr. Shavkat Mirziyoyev ва у аввалги президентдан нимаси билан фарқ қилади? Ушбу саволлар бугун ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг бош вазири бўлган давриданоқ қаттиққўл лекин мураккаб топшириқларини ҳам бажара оладиган ишончли ижрочи имиджига эга бўлган. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни бошқариши аниқ бўлганда, Ўзбекистоннинг либерал жамоатчилиги, қайсидир маънода мамлакат яна қаттиқ авторитаризм йўлини давом этишини кутган эди. Бироқ, кутилмаган ҳолда Шавкат Мирзиёев мамлакатни айнан либераллаштириш бўйича аниқ йўналишни эълон қилди.
Уч йил ўтиб, Мирзиёев айтган ислоҳотлар йўналиши қуруқ гап бўлиб қолиб кетмаганлигини таъкидлаш мумкин. Тан олиш керакки, одамлар баъзи мансабдор шахслар ва давлат идораларига ишона бошлади, мамлакатда сўз эркинлиги нишоналари пайдо бўлди, фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги аста-секин ўсиб борди ва аҳолининг нормал давлат яратишга бўлган умиди қайта пайдо бўлди.
Ислоҳотларнинг асосий ташаббускори Шавкат Мирзиёев олдида тарихий вазифа турибди – 34 миллионлик Ўзбекистоннинг ижтимоий кучини бостирмаган ҳолда, миллий бойликни яратиш, яъни мажбурлашсиз ижтимоий барқарорлик учун шароит яратиш.
Қаттиққўл бошқарувдан узоқлашиш индикаторлари
Мустақилликнинг чорак асрида Ўзбекистонда юмшоқ қилиб айтганда, ривожланишга мойил бўлмаган сиёсий ва мафкуравий муҳит шаклланда деса бўлади..
“Ислоҳотчи-муҳофазакор” дихотомиясида Ислом Каримов статус-квони ўз ҳолича қолдиришни афзал кўрган қатъий консерватор эди. У ёки бу сиёсий инқироздан сўнг Ислом Каримов келажакда бундай вазиятни қайтарилишига йўл қўймайдиган назорат тизимини яратишга ҳаракат қилар эди.
“Барқарорликлик ва мусаффо осмон” иддаосида ҳокимият иложи борича ҳаётнинг барча соҳаларини назорат қилишга интилди. Одамларнинг бир-бирига ва давлатга нисбатан ишончсизлик ва қўрқув одатий ҳолга айланди. Амалдорлар синфи узил-кесил ёпиқ корпорацияга айланди.
Ҳар бир сиёсий раҳбарнинг, илдизи у шаклланган муҳитга бориб тақаладиган ўз ташвишлари ва руҳий эҳтиёжлари бўлади. Ислом Каримовга Горбачёвнинг “қайта қуриш ва ошкоралик” сиёсати, СССРнинг кутилмаганда қулаши, 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларидаги дунёвий ва диний муҳолифатнинг ҳатти-ҳаракати катта таъсир қилган. Чиндан ҳам ўта эҳтиёткор сиёсатчи бўлган Ислом Каримов, Ўзбекистон ташқарисида бетартиблик ҳукм сурмоқда деган тамойилга асосланиб, ташқи ва ички сиёсатини ўзининг шу ишончига мувофиқ қурди.
Шуниси эътиборга лойиқки, президент Мирзиёев ушбу сиёсатни қўллаб-қувватлашдан бош тортмоқда. Аксинча, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон дунёга барча йўналишларда очилиб бормоқда, сўз эркинлиги, фикр эркинлигининг дастлабки белгилари аллақачон мамлакат ичкарисида кўриниб турибди.
Шавкат Мирзиёевнинг янги президент сифатидаги илк қадамларидан бири – ҳукуматнинг барча босқичларида ва республиканинг барча минтақаларида Ўзбекистон учун янгилик бўлган Халқ қабулхоналарини ташкил этиш бўлди. Мирзиёев тез-тез “ҳокимият халқни тинглашини, лекин эшитмаётганлигини” таъкидлайди. У “репрессив машинани” иложи борича тўхтатиш учун жуда кўп иш қилди.
Шуниси ҳам эътиборга лойиқки, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон ҳукумати ва давлат органлари, тизимли равишда, аввалги ахборот сиёсатининг муҳим жиҳатларидан бири бўлган – душман сиймосини яратишдан воч кечиб турибди.
Озроқ бўлса-да рақобатбардош жамиятни қуришга интилаётган Мирзиёев бунга “қўлда бошқарув” ва тотал назоратни ўрнатиш орқали эмас, балким сиёсий элитанинг бир қисмининг сиёсий иштироки орқали эришишни афзал кўради.
Мирзиёев бош вазир бўлганида хавфсизлик кучларининг қаттиқ босими остида бўлганлигини кўплаб аломатлар кўрсатади, бу факт уни “силовиклар” ҳақида гап кетганда жаҳли чиқишини изоҳлайди. Муайян шарт-шароитларда бу факт мамлакатни аста-секин либераллашишига ҳизмат қилиши мумкин.
Прагматист бўлган Мирзиёев ҳалқаро муносабатларда ҳам геоиқтисодиёт фойдасига геосиёсатдан, ҳамкорлик фойдасига изоляционизмдан воз кечмоқда.
Ислом Каримов меросига баҳо бериш ҳақида сўз кетганда, янги маъмурият эҳтиёткорлик ва босиқлик билан иш юритмоқда. Бир томондан, Ислом Каримов “биринчи давлат раҳбари”, “янги Ўзбекистон асосчиси”, “миллий мустақиллик ҳимоячиси” сифатида эъзозланади. Бошқа томондан, Ислом Каримов мероси ўзини оқламаган деб ҳисобланган соҳаларда, масалан, ички сиёсатда “силовиклар”га таяниш, иқтисодиётдаги автаркия, изоляцион ташқи сиёсат ва ҳоказоларда, ҳокимият Ислом Каримовни очиқчасига танқид қилмай, тизимни ўзгартирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлидан қайтмайди. Шу билан бирга, мамлакатнинг биринчи президенти бошқарганда ечими топилмаган бир қатор муаммолар Шавкат Мирзиёевга мерос бўлиб қолди.
Ижтимоий энергияни бошқариш. Мирзиёев маъмурияти олдида турган энг қийин вазифалардан бири – у эълон қилинган ислоҳотларга ишонган одамларнинг умидларини бошқаришдир.
Алексис де Токвил қонунига кўра, ижтимоий тартибсизликлар шароит ёмон бўлганда эмас, балки шароит яхши бўлиб туриб, кескин ёмонлашганда рўй беради. Инсонлар Мирзиёев даврида яхшироқ (ва эркинроқ) яшашни бошладилар. Сўнгги уч йил ичида оммавий онгдаги қўрқув умид билан алмашди. Жамиятда аста-секин, аммо дадил ижтимоий фаоллик кузатилмоқда, ижтимоий тармоқлар ижтимоий фикр марказига айланди, блогерлар ва журналистлар ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни кўтаришга киришдилар. Муаммоларнинг очиқ муҳокама қилиниши шуни кўрсатадики, одамлар Мирзиёевнинг сиёсатига ишонишди ва уларни ҳокимият эшитаётганига умид пайдо бўлди. Инсонлардаги бундай кайфият Ислом Каримов даврига, айниқса унинг бошқарувининг сўнгги даврига хос эмас эди.
Одамлар ишончини синдирмаслик ҳозирда маъмурий ислоҳотларга боғлиқ бўлиб турибди. Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар ўтказиш учун замин тайёр. Бу соҳадаги ислоҳотларнинг ўтказилмасилиги кейинги ўзгаришларга ғов бўлади. Мавжуд маъмурий тизимнинг муаммолари орасида: функцияларнинг такрорланиши, бошқарув аппаратининг ҳаддан ташқари кенгайиб кетганлиги, бошқарув самарадорлигининг пастлиги, кадрлар етишмовчилиги ва ротацияси, мансабдор шахсларни тайинлашда мавҳум мезонлар. Аммо маъмурий ислоҳотларни сиёсий ислоҳот ўтказмай амалга ошириш мумкин?
Айтганча, сиёсий ва маъмурий ислоҳотларни Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бошлаб берган эди. Унинг “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган шиори ҳар қандай маъмурий ва сиёсий ислоҳотнинг асосий тамойили ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев бир неча бор мамлакат парламентини ташаббус йўқлиги, ислоҳотларда депутатлар ва сенаторларнинг ўрни сезилмаётгани, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро алоқалар йўқлиги учун танқид қилган эди. Президент нафақат парламентнинг ўзини, балки сиёсий партияларни ҳам танқид қилган эди.
Тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтиш маъмурий ислоҳотсиз, маъмурий ислоҳот эса сиёсий ислоҳотларсиз имконсиздир. Сиёсий ислоҳот бу парламент, кадрлар, партиялар янгича фаолият юритиши, умумий янгиланишдир. Бу фуқаролик жамияти ва унинг барча институтларининг ривожланишидир. Бу вилоятлар ва йирик шаҳарлар ҳокимларининг сайлов орқали белгиланадиган тизимини жорий этиш, партияларнинг сайловчилар олдидаги сиёсий жавобгарлигини оширишдир.
Дин соҳасидаги давлат сиёсати аввалги маъмуриятни халқаро миқёсда ҳам, аҳоли назарида ҳам обрўсизлантирган асосий омиллардан бири эди. Расмий диний сиёсатда сўнгги ўн йилликларнинг зиддиятли позициясидан диннинг ҳам муайян ўрни мавжуд бўлган секуляризмнинг версиясига ўтиш керак (яъни, французча “жангари” секуляризм моделидан англо-саксон либерал секуляризм моделига).
Дунёвий элита расмий меъёрлар (масалан, жамоат жойларида диний атрибутларни тақиқлаш) билан бирга, норасмий диний амалиётларни, масалан, ўспиринларнинг масжидга киришини тақиқлаш каби масалаларни қайта кўриб чиқиши керак.
Ҳам диний, ҳам дунёвий таълимнинг сифатини ошириш устувор вазифага айланиши керак.
Ўзбекистон энди бошлаган йўлда аллақачон илғорилаб кетган Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, шунингдек, мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил этадиган бошқа давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, юқоридаги факторлар сиёсий режим ва узоқ муддатли ижтимоий барқарорликни сақлаб қолишга муҳим ҳисса қўшади.
——————–
Ўзбек жамияти “тараққий этади ёки йўқ бўлади” тарихий босқичида турибди. Ушбу босқич Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланиш моделида ва унинг негизида турган мафкуравий қадриятларида жиддий ўзгаришларни талаб қилади. Ўзбек жамиятининг ривожланишидаги ушбу ҳал қилувчи босқичда президентнинг ўрни катта. Ўзбекистон конституциясига биноан, мамлакат президенти айни дамда ҳам мамлакатнинг боши, ҳам мияси, ҳам юраги ҳисобланади. Унинг муносабати, дунёқараши, мойиллиги ички ва ташқи сиёсатда кўп нарсани ҳал қилади. Айнан шу сабабли иккинчи президент Шавкат Мирзиёев олдида Ўзбекистонни “нормал давлат”га – қатағонлардан ҳоли, эркин, обод, ҳуқуқий давлатга айлантириш вазифаси турибди. Халқнинг ундан умиди ҳам катта.
Агар Мирзиёев бу вазифани уддаласа, Ўзбекистон иккинчи президентнинг тарихий аҳамияти биринчисиникига қараганда юқорироқ бўлади.
Камолиддин Раббимов
Сиёсатшунос
Муаллифлик мақолаларида билдирилган фикрлар Togri.uz нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
KAMOLIDDINJON! BARCHA SIYOSIY TAHLILLARINGIZ VA KHULOSALARINGINGA QUSHILGAN HOLDA, UMIDLI MUJDALARNI IZHOR ETAMAN: 1. SHAVKAT MIRZIYOEV YOSHLIKDA SHAKLLANISHI KOMILLIKKA INTILUVCHI OILADA TARBIYALANIB SHAKLLANGAN{UCMONKHON ALIMOVNING AMERIKA OVOZIGA BERGAN INTERVIUSI ASOSIDA}, 2. OLIY TALIM MUASSASIDA POK ISHLAGANLIK FAOLIYATI 3. 13 YILLIK BOSH VAZIRLIK DAVRIDAGI ULKAN , BEQIYOS HAYOTIY TAJRIBA, 4. KUCH TIZIMIDAGI ADOLATSIZLIKKA QARSHI TURA OLISH POZISIYASI, 5. ISLOHOTLAAR IJODKORLIGI VA UNI HAYOTGA TADBIQ ETISHDAN CHARCHAMASLIK FIDOKORLIGI, 6. MASALANI CHUQUR URGANIM TAHLIL ETISHI 7. AJOYIB, FIDOKOR, HAQIQIY UQIMISHLI, BILIMDON , KAMTARIN , ZAMONAVIY VA FAROSATLI FARZANDLAR TARBIYALAGANLIGLARI….MANGA ILIHIY, ISLOMIY MUJDA ANGLATADI SIZNI YAKHSHI NIYATLI KHULOSALARINGIZ SHUBHASIZ AMALGA OSHADI INSHAOLLOH. YOMON KUZLARDAN, LAGANBARDOR ‘TAZYIQLARIDAN’ OLLOHNING UZI HIFZU PANOHIDA ASRASIN? KHALQ ISTIQBOLI VA FARAVONLIGI UCHUN KUYIB YONAYOTGANLIKLARI BARDAVOM BULSIN. SIZNING SIYOSIY ILMIY TAHLILLARINGIZGA SINPATIYALI MUNOSABATDA MAN. IKRLAR KHILMA KHILLIGI VA SHARHLAR KELIB CHIQISHIDAGI ISMAT KHUSHEV SAYHIY MEHNATINI QADRLAYMAN VA YUTUQLAR TILAB QOLAMAN.