А.Орипов: Уйғониш замонинг муборак бўлсин, Азалий шиддатинг, орларинг бордир.
Абдулла Орипов
УЙҒОНИШ ЗАМОНИНГ
Ўкинма, она-юрт, ўкинма ҳалқим,
Десалар, дилингда зорларинг бордир.
Аслида, қўйнингга сирғалиб кириб,
Заҳарлар сочгувчи морларинг бордир.
Ўтган йўлларингга ташласам назар,
Қайрилмас қанотли сорларинг бордир.
Сенга шум ғанимлар қазмасинлар чоҳ,
Ёв келса атаган дорларинг бордир.
Бугун ёлғизман деб бошингни эгма,
Тегрангда дўст ила ёрларинг бордир.
Балли истиқболга кўзни тикибсан,
Аҳир ҳаққа муҳтож ҳорларинг бордир.
Оққан дарёларинг қайтадан оқсин,
Ҳали эримаган қорларинг бордир.
Сен санъат ўлкаси, шеър диёрисан,
Қанча чертилмаган торларинг бордир.
Уйғониш замонинг муборак бўлсин,
Азалий шиддатинг, орларинг бордир.
Мен митти ўғлингман, лекин юкингни
Кўтариб ўтгувчи норларинг бордир.
1991
