Наманган вилояти ҳокими: Чорвачиликда имкониятларимиз ҳали жуда кўп
Наманган вилояти ҳокими: Чорвачилик соҳасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятдаги Nestlé компаниясининг сув қадоқлаш ва сутни қайта ишлаш корхоналарини сотиб олган Франциянинг Lactalis компанияси вакиллари билан учрашди.
Lactalis компанияси бош директори Кристиан Хубертс қабул учун вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдириб, компаниянинг бугунги кундаги иқтисодий салоҳияти, истиқболли режалари ҳақида маълумот берди.
– Компаниямиз сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда йиллик 100 миллион евро ҳажми билан Қозоғистонда биринчи ўринда туради, – деди Кристиан Хубертс. – Ўзбекистон бозорининг Қозоғистон бозоридан анча катталиги ҳамда бугун мамлакатингизда яратилган қулай инвестиция муҳити, табиий, ижтимоий-иқтисодий ресурслар бу ерда фаолият олиб боришимизда асосий омил бўлди.
Учрашувда сутни қайта ишлаш корхонасининг ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш ҳамда бу борада чорвачилик фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда вилоят фермер хўжаликларидан кунлик 65-70 тонна сут олинаётган бўлса, Lactalis вакиллари бу миқдорни, шунингдек, қайта ишлаш ҳажмини ҳам икки баробар оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Бу борада фермер хўжаликлари билан эксклюзив асосда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларида фикр алмашилди.
– Пахта ва ғаллачиликда кластер усулини кенг қўллашга ўтилмоқда, – деди вилоят ҳокими Х.Бозоров. – Сут етиштиришда ҳам шундай усул самарали бўлиши мумкин. Вилоятимизда кўп минглаб гектар яйловлар мавжуд, чорвачилик соҳасида ҳали фойдаланилмаган катта имкониятлар бор.
Учрашувда, шунингдек, сутни қайта ишлаш йўналишида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишнинг кўплаб масалалари бўйича фикр алмашилди.
Акромжон САТТОРОВ,
ЎзА мухбири