Муқимжон Қирғизбоев: Танқид энди ҳунарга айландими? – ЎзА
Танқид энди
ҳунарга айландими?
Ҳозирги даврда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотлари авж олиб бормоқда.
Давлат бошқаруви “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳам принцип, ҳам ғоя асосида ислоҳ этилмоқда.
“Ўзбекистонда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси” асосида давлат ҳокимияти органларини номарказлаштириш ислоҳотлари бошланди. Фуқароларнинг давлат бошлиғи ва бошқа олий органларга мурожаатларини етказишнинг замонавий тизими шакллантирилди. Давлат бошқарув органлари фаолияти фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларни бартараф этишдан иборат бўлиши қоида тусини олди.
Кейинги уч йил ичида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, диний эркинликни ўрнатиш каби сиёсий ислоҳотларни нафақат ривожланган давлатлар раҳбарлари ва экспертлари, балки халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида қурилаётган турар-жой бинолари мисли кўрилмаган даражада ривожлана бошлади.
1919 йилда совет давлати томонидан жорий этилган, мустақиллик даврида ҳам давом этган – мактаб ўқувчилари ва талабаларни пахта йиғим-теримига мажбурий равишда жалб этиш бир асрдан кейин – 2019 йилда Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан бутунлай бекор қилинди.
Асрлар мобайнида пахта хомашъёси етиштириб рўшнолик кўрмаган қишлоқ аҳлининг орзуси амалга ошди – пахта етиштириш майдонлари кескин равишда қисқартирилди, бу соҳадаги ишлар кластер тизимига ўтказила бошланди. Олий таълим тизимига ёшларни жалб этиш йилига 18-20 фоиздан ортиб бормоқда.
Янгидан-янги олий ўқув юртлари, хорижий университетларнинг филиаллари очилмоқда.
Иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ўзгаришларга мутаносиб равишда сиёсий соҳаларда ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аввалги давлат бошқаруви турлари ўз ўрнини давлат хизмат кўрсатиш органларига бўшатиб бермоқ, давлат бошқарувнинг асоси — аҳоли манфаатлари ва миллий манфаатларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш натижасида Марказий Осиёда нафақат иқтисодий-ижтимоий ва маданий, балки руҳий бирлик қадрияти шаклланди.
Минтақадаги давлатлар ўртасидаги ўзаро зиддиятлар ўрнини ўзаро ҳамкорликка интилиш саьи ҳаракатлар эгаллади. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё ёки МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорликка киришди, балки жаҳон ташқи сиёсати ва интеграциясининг фаол субъектига айланди.
Бу ҳолатни Хитой, Жанубий Корея, Россия, АҚШ каби ривожланган давлатларнинг Ўзбекистонга бир неча миллиардлаб доллар миқдорида инвестициялар киритаётганлигидан тасаввур этиш мумкин.
Хуллас, Ўзбекистон кейинги уч йил ичида халқаро ҳамжамият томонидан янгиланаётган давлат сифатида эътироф этилмоқда. Бу янгиланиш нафақат ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида ҳам авж олмоқда. Суд-ҳуқуқ тизими фаолиятининг асослари халқаро тажрибалар асосида бутунлай янгиланди, бу соҳага шаффофлик ва замонавий технологиялар кириб келди. Суд ҳокимияти ижроия ҳокимият таъсиридан холи этилди.
Суд органларининг фуқаролар олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги принципи ўрнатилди. Бу соҳада ҳуқуқий давлатга хос принциплар жорий этилди.
Албатта, ўтган қисқа, тарих учун бир лаҳзалик – уч йил ичида амалга оширилган маъмурий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ислоҳотлар ва маънавий ўзгаришларни бир-иккита саҳифада ифодалаб беришнинг ҳеч бир иложи йўқ.
Мени ажаблантирган, ҳайратга ва таажжубга солган ҳодисалар, бу – шундай туб ўзгаришларни қасддан эътироф этмайдиган ёки уларни била туриб танқид остига олаётган одамлар иддаоларини эшитишдир.
Танқид ўқлари мамлакат ичкарисида ва хорижда яшаётган миллатдошлар томонидан отилиб турибди. Уларни мазмунни билан танишар экансан, халқ ичида тарқалган қуйидаги афоризм эсга тушади: “Ҳеч қачон икки киши олдида сартарошга соқолингни қирқтирма. Улардан бири соқолинг калта бўп қопти, деса, иккинчиси, узун бўп кетипти”, дер экан ёки француз олими Жан де Лабрюйер “Танқид – шу чоққача фан бўлишга эришмаса-да, ақлни эмас, балки бардошлиликни, истеъдодни эмас, балки одатланишни, қобилиятни эмас, балки ҳафсала қилишни талаб қиладиган ҳунарга айланди”.
Уларнинг баъзилари ҳукумат томонидан паррандачилик ва қуёнчиликни ривожлантиришни танқид қилса, бошқалари йирик шаҳарларда қурилаётган ситиларни танқид тиғи остига олади. Яна бири сиёсий партиялар ва парламентни “қўғирчоқ” эканлигини пеш қилса, яна баъзилари “ўтган уч йилда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, ислоҳотлар косметикадан бошқа нарса эмас” деган иддао билан чиқмоқда.
Танқид тиғлари асосан давлат ва ҳукуматга, сиёсий тизимга қарши қаратилмоқда. Бу танқидларнинг ҳеч бирида мамлакатдаги муаммоларнинг ечимлари ёки бирон-бир конструктив таклифлар йўқ. Танқид, танқид устига яна танқид! Ахир танқид бирон муаммонинг ечимини топиш ёки камчиликни бартараф этиш учун хизмат қилганлиги учун эътироф этилади-ку?
Акс ҳолда, у танқид эмас, балки туҳмат тили дейилади. Халқимиз тилида эса мағзава, дейилади.
Бу танқидларга халқимиз эътибор бермаган бўлса-да, уларнинг баъзилари мамлакатимизнинг халқаро имижига салбий таъсир этиши, хорижлик жамоатчиликда юртимизга нисбатан шубҳалар уйғотиши мумкин.
Наҳотки, улар ўзларининг туҳматомуз ёзғилари билан давлат раҳбариятига эмас, балки юзига балчиқ отаётганларини билмасалар! Халқ сайлаган, халқ эътироф этган, халқимиз фаровонлиги учун кундузни кундуз, кечани кеча демай, тер тўкиб меҳнат қилаётган раҳбарга ҳужум – бу ўзбек халқига, Ўзбекистон давлатига ҳужум билан баробардир, чунки “шоҳига урсанг, туёғи зирқирайди”, деган нақл бежиз айтилмаган.
Албатта, уларни тушунса бўлади: баъзиларига мансаб тегмай қолди, баъзилари ўзга юртларда яшашга мажбур бўлиб, ўч олиш ҳислари билан тўлиб тошгандир, яна баъзилари эса танқид воситасида ўз номларини машҳур қилишни истайди. Умуман, сабаблар кўп. Лекин, улар халқимиз яратган бир нақлни эсдан чиқармасликлари лозим: “ит ҳуради, карвон ўтади”.
Танқидчилар ўзбек миллатига мансуб бўла туриб, ўз халқи ва Ватанига тош отсалар, халқаро майдонда уларнинг обрўсини тўксалар, “Ўзбекистонда халқни бирлаштирадиган миллий ғоя йўқ” деб даъво қилиб, ўзлари миллатни бўлиб ташлаш йўлидан борсалар, билмадим, уларнинг оқибати қандай бўлар экан?
Танқидчиларни баъзилари “исломий фуқаролик жамияти қуриш керак”, деган иддаони билдиради. Наҳотки, фуқаролик жамияти динийлик асосига қурилса?
Жаҳондаги аксарият давлатлар ўз конституцияларида дунёвий давлат шароитида яшашлари битиб қўйилган-ку! Ахир ҳар бир шахснинг эътиқоди сифатида намоён бўлади-ку?
Диний эътиқод, диний муносабатлар эркинлиги фуқаролик жамияти шароитида ўз такомилига етаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, диний эътиқод, ва диний муносабатлар жамиятда кечади ва мувофиқлашади.
Давлат диний муносабатлар билан шуғулланмайди, балки ҳар бир шахснинг диний эътиқоди эркинлиги, ҳар бир диннинг эркин яшаши учун қонунлар ва бошқа воситалар ёрдамида шарт-шароитлар яратиб беради. Ҳар қандай ислом динига эътиқод қиладиган мамлакатда яҳудий, христиан, синтоизм, будда ва бошқа динларга эътиқод қиладиган фуқаролар яшайди.
Ҳар бир дин асосида фуқаролик жамияти қурилаверилса, “битта мамлакатда неча фуқаролик жамияти бўлиши лозим?” деган савол туғилади.
Ҳозирги даврда танқид жамият ва давлат бошқарувини такомиллаштириш ва демократлаштириш воситаси сифатида қабул қилинган. Чунки танқид ва мухолифий фикрларсиз ҳеч қандай жамият ривожлана олмайди. Лекин, танқид қилиш учун танқид объекти обдан ўрганилиши, мазкур объект ҳақида фуқароларнинг фикрларини таҳлил этиш, социологик сўровномалар ўтказиш талаб этилади.
Танқидчилардан бири Фейсбукда эълон қилган ўз танқидий фикрларини 20 мингта одам ўз пости ва лайклари билан маъқуллаганлигини пеш қилади.
Албатта, уларнинг аксарият қисми хорижий давлатларда яшаган кишилардан иборат. 32 миллиондан ортиқроқ аҳоли бор мамлакат учун 20-30 минг одамнинг фикри ҳеч нимани англатмайди.
Социология фанининг тадқиқ этиш услубларига биноан бирон фикр ёки муқобил таклифларни тўғрилигини аниқлаш учун муайян ҳудудлар, турли ижтимоий қатлам вакиллари танлаб олади. Улар аниқ ҳужжатлаштирилган анкеталарда ўз фикрини ифодалайди ёки муқобил жавоблардан бирини танлайди.
Фикрни қўлланганлиги ёки маъқулланганлиги ана шу йўл билан аниқланади. Объектдан бир неча минг километр узоқда туриб, ўз кўзи билан кўрмаган, ўзи тўғридан-тўғри мулоқотда бўлмаган, социологик тадқиқ этилмаган ҳолда бирон-бир давлат тузумини баҳолаш сохтакорликдан бошқа нарса эмас.
Ҳар бир инсон учун ер юзида Ватандан муқаддасроқ қадрият бўлмаса керак. Халқимизнинг “Ватан – саждагоҳ каби муқаддасдир” деган пурҳикмат нақли ёки Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Ҳуббул-Ватани минал Имон” (“Ватанни севмоқ Имондандир”) деган каломи бежиз айтилмаган. Кимки “жасурлик” кўрсатиш, “машҳур” бўлиш истагини ўз Ватанини қоралаш йўли билан амалга оширса, албатта охири бахайр бўлмайди. Бу ҳақда биргина Герострат қилмишини мисол келтириш жоиз деб ўйлайман.
Эфес деган антик шаҳарда Зевснинг қизи, Аполлонинг синглиси – маъбуда Артемида номига бунёд этилган муҳташам ва машҳур ибодатхона гўёки бир диний марказ эди.
Милоддан илгариги 356 йил 21 июлда бир мудҳиш ҳодиса рўй беради. Герострат деган бир кимса ўз хатти-ҳаракатлари ва уринишлари натижаси ўлароқ машҳурлик мақомини қўлга кирита олмайди. Ундаги шуҳрапарастлик туйғулари уни жиноятга етаклайди: ярим тунда Артемида ибодатхонасига ўт қўяди. Ибодатхона ёниб кулга айланади. Лекин, Геростратнинг орзуси ушалади – у машҳур (албатта, салбий инсон сифатида) одам сифатида тарихда қолади.
Ҳозир ривожланаётган, тобора гўзаллашиб бораётган юртимизга танқид тошларини отаётган, қурилаётган гўзал ва муҳташам иморатларимизни кўриб талвасага тушаётган кимсаларни манҳуслар дейишдан бошқа сўз топилмайди. Орадан 2375 йил ўтса-да, яна Герострат қабилидаги кимсаларнинг пайдо бўлаётганлиги барчамизни ҳушёрликка чорлаши лозим.
Муқимжон Қирғизбоев,
сиёсий фанлар доктори, профессор,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар
университети кафедраси мудири
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Кластер ҳақида
Кейинги пайтларда президент Мирзияев кластер сўзини кўп ишлатиб ҳамма жойда кластер қиламиз демоқда. Кластер нима ва у Ўзбекистон шароитида нимани англатади?
Клаcтер (Cluster) инглизча “боғлам”,”тўплаб қўйиш” деган сўз бўлиб иқтисодда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган барча қисмларни ишлаб чиқарувчи мустақил компанияларнинг иҳтиёрий бирлашмасига айтилади. Масалан, компютерлар, автомобиллар, самолётлар, электр энергияси ва ҳаказо маҳсулотлар ишлаб чиқариш кластер cиcтемелари. Бунинг яхши томони – ишлаб чиқарувчилар ўртасида молиявий ва банк муносабатларининг соддалашади, умумий мақсад йўлида компаниялар ҳамкорлиги кучаяди, инноваcион проектларга катта йўл очилади. Аммо, кластерларнинг камчиликлари ҳам бор. Масалан, системанинг бирон бўғинида узилиш бўлса унинг барча аъзолари катта зарар кўради, токи шу бўғин ишлаб кетгунича ёки янгисига алмаштирилмагунича.
Ўзбекистонда кластер сўзи модага айланиб энди қишлоқ ҳўжалиги, чорва, ва ҳ. з. кластерлар яратилади дейилмоқда. Аммо, кластер иқтисодий системалари ишлаши учун аввало иқтисодий эркинлик, корхоналар ва компанияларнинг мустақиллиги зарур. Фараз қилинг, бизда кластер – бу эски кўп тармоқли совхоз мисоли ишлайди. Ўзбекистонда иқтисодий муҳитнинг ночорлиги, мустақил компаниялар ва корxоналарнинг йўқлиги ва заифлиги учун, албатта, кластер раҳбарини ҳоким ёки президент таинлайди ва ҳ. з. Шунинг учун ҳам буйруқбозлик ва бюрократия шароитида кластерларнинг эффектли ишлашини кутиш мумкин эмас. Билакс, Ўзбекистон шароитида сунъий кластер ташкил қилишлар махсулот сифатинининг ва меҳнат унумдорлигининг камайишишига олиб келишини, мамлакат иқтисодига салбий таъсир қилишини кутиш мумкин.
Менинг фикримча ва президент Мирзияевга таклифларимиз, Ўзбекистонда кластер тузишга шароит ҳали eтилмади. Бунинг ўрнига, энг биринчи навбатда, сосиалистик ситема ва Каримов режими қолдиқларини тугатиб тўлиқ бозор иқтисодига ўтишимиз зарур. Ишлаб чиқаришни, жумладан, қишлоқ ҳўжалик eрларини ҳам ҳусусий мулкчиликка ўтказишимиз ва саноатни, жумладан металлар ишлаб чиқаришни, айниқса темир ишлаб чиқаришни кўпайтиришимиз керак.
Конструктив танқид президент учун ҳам, xукумат учун ҳам кони фойда
Ўйлаб кўринг, конструктив танқид президент учун ҳам, ҳукумат учун ҳам кони фойда, ҳатто уни тўғрилашга ҳеч бир алтернативa кўрсатилмаса ҳам. Подшоҳларни ва амалдорларни мақташ xунарини эса аллақачон эгаллаб олганмиз. Афсуски ҳукуматни, айниқса президентни танқид қила оладиганлар жуда саноқли, ҳатто чет элларда ҳам. Қимматли вақтларини аямасдан президент ва ҳукумат камчиликларини топиб айтаётганларга раҳмат дейиш керак. Ким уларни Ватанни, президентмизни кўра олмайдиган туҳматчи деса, билингки шунинг айни акси.
Танқид қилишга эса жуда кўп ва жиддий асослар бор:
1. Ўзбекистон иқтисоди ўтган 3 йилда ўсмади. Биз дунё мамлакатлари ичида ҳали ҳам 156 ўриндамиз. Қўшнимиз Қозоғистон 71 ўринда ва киши бошига ишлаб чиқариши биздан 8 марта юқори: $1263-бизда, $9237-Қозоғистонда.
2. Коррупcия камаймади.
3. Амалдорларнинг зўравонлиги йўқолмади.
4. Олий таълим ривожланмади. Чет эл университети филиалларининг асосий мақсади пул ишлаш, асло мамлакат иқтисодига ёрдам бериш эмас.
5. Иш ўринлари яратилмади, натижада иш кучининг ташқарига оқиши давом этмоқда.
6. Ортиқча cити ва янги уйлар қуриш иш ўринлари яратиш эмас, билакс, капитални музлатиб қўйиш демакдир.
7. Мустақил партиялар яратилишига ва эркин сайловларга йўл очилмади.
8. Динга ва эътиқод эркинлигига (жумладан қизларнинг мактабга, университетларга рўмол ўраб боришига ва эркакларнинг соқол қўйишига) эришилмади.
9. Совет давридан қолган Диний қўмита ва Дин Назорати идоралари тугатилмади.
10. Бюджетнинг ва куч ишлатиш идораларинг шаффофлиги таъминланмади.
11. Хитойдан олинган 8 млрд. доллар қарзни, Россиядан фақат атом ЭС учун олинаётган 12 млрд доллар қарзни инвестиcия дейилаётган бўлса – бу инвестиcия эмас, келажак авлод eлкасига уларнинг розилигисиз қўйиб кетилаётган юкдир. Афсуски бу қарзларни ҳозирги ҳукумат аъзолари ва президент эмас, келгусида болаларимиз тўлайдилар.
Шу ва шу каби танқидлар жудаям асосли, барчага кўриниб турибди ва уларга президент ва xукумат халқ олдида очиқ ва xолис жавоб бериши, халққа ёки танқидчиларга бунинг сабабларини тушунтириб бериши керак. Шунинг учун ҳам президентни ва xукуматни xалқ сайлайди. Яъни президент Мирзияев айтганидек “Xалқ президент ва xукумат учун эмас, давлат xалқ учун ишлаши”, уларнинг саволларига қониқарли жавоб бериши, акс ҳолда давлатни халқ учун ишлайдиган инсонларга бўшатиб бериши керак. Айни шу демократиядир, акси эса, яъни танқидчиларни тухматчи дейишлик, уларни таъқиб қилиш эса автократия ёки диктатурадир. Автократия ва диктатура эса мамлакатни ривожланиш йўлига олиб чиқа олмайди.