"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

АҚШнинг Хьюстон шаҳрида Абдулла Ориповнинг уй музейи бор — Фоторепортаж

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт, Ўтганлар ёди | 15/09/2019 00:08-     11518 марта ўқилди

Кеча, Ўзбекистоннинг АҚШдаги мухтор элчиси Жавлон Вахабов, шоиримиз Абдулла Ориповнинг Техас штати, Хьюстон шаҳрида яшайдиган қизларининг хонадонига ташриф буюриб, Абдулла Ориповнинг норасмий музейи билан танишдилар.


Абдулла Орипов

ИНСОН ШАРАФИ

Эскирган ковушни ёки жандани
Қайга ташласанг ҳам, нима фарқи бор.
Тупроққа жо бўлган марҳум бандани
Мармартош маҳлиё этмоғи душвор.

Юксак сағана-ю безаклар бари
Азадор бир зотнинг ҳиммати холос.
Балхда қаровсиздир Беруний қабри,
Бу айни нодонлик жаҳолотга хос.

Замин фарзандидир, шубҳасиз, Инсон,
Ғоялар меваси эмасдир асло.
Ғаними чоҳ қазса унга ҳар бир он,
Дўстлари бошига кўтаргай аммо.

Ва лекин холислик мудом омонат,
Ўзини ҳакам дер салла, бесалла.
Бандаси Аллоҳга ёлворар фақат,
Худога солдим, деб айтар баралла.

Нозим Рус ерида жой топди мангу,
Аммо сатрлари ҳад билмай яшар.
Энг аввал, дунёнинг шоиридир у,
Сўнгра коммунистдир, билиб қўй, башар.

Оламда дахлсиз бир мантиқ мавжуд,
Унга даф қилолмас вақту замона.
Бировнинг хочи бор, бировда-чи бут,
Лекин Яратганга бари парвона.

Миллат деганлари бир дарахтсимон,
Илдизи заминнинг қаърига етган.
Кишилик бошига тушган ҳар туфон,
Унинг ҳам бутоғин синдириб кетган.

Инсонга икки ҳис доимо ҳамдам,
Бири-Отамакон, бириси -Дунё.
Баъзан ўзи чиққан тепани одам
Ҳисоблаб юради олам, деб гўё.

Гарчи ер юзида кўп эрур жонзод,
Турларин санаб ҳам бўлмас, эҳтимол.
Тарихни яратар фақат Одамзод,
Тафаккур уйининг меъмори мисол.

Бу туйғу менинг ҳам умримда ғолиб,
Йўқолмас, сувга от, ташла ўтларга.
Ватан тупроғидан бир сиқим олиб,
Кейин боражакман ўзга юртларга.

2015 йил 24 сентябрь. АҚШ, Хьюстон.


ФАСЛЛАРИМ

Етаклашиб қатор ва қатор,
Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.

У баҳорлар меники эди,
Болам, бари сеники энди.

Йўлдан ўтди ёз билан куз ҳам,
Улар менга бўлганлар ҳамдам.

Иккови ҳам меники эди,
Эгалик қил, сеники энди.

Ортда қолди чаманлар, боғлар,
Йўл сўнгида кўринди тоғлар.

Музликларга бориб етдим мен,
Фақат қишни ола кетдим мен.

Хьюстон, 13.09.2016


ОҒРИҚЛАРИМ

Яна оғриқ забтига олар,
Қисиб келар нафасинг оғир.
Чуғур-чуғур қилар болалар,
Набиралар бир этак, ахир.
Бири дейди: – Тинмасдан асло,
Ер юзида роса елгансиз.
Голландия ёқлардан, бобо,
Бизга пишлоқ олиб келгансиз.
Чиқиб кетай дейди тандан жон,
Ҳамма нарса гўё бемаъни.
Бир набирам сўрар: – Бобожон,
Ҳиндистоннинг мангоси қани?
Оғриқ етар сўнгги дамга ҳам,
Мисли ошим ошамаганман.
Шивирлайман: – Жим тургин, болам,
Мен ҳеч қачон яшамаганман.

Хьюстон, 03.10.2016


ЧИРОҚ

Уйдами, кўкдами – нур сочса порлоқ,
Унинг оти эрур, албатта, чироқ.

Қалбингга яшириб қўйгин қуёшни,
Кўргайсан, қанчалар буркама бошни.

Агар юрагингда бўлса зимистон,
Ҳеч ким ёритолмас, билиб қўй, Инсон.

Яхшиси сўқирдан олгин сен ибрат,
Йўлида чироқдир орзуси фақат.

Ёлғиз битта нур бор, йўқдир қиёси,
У Аллоҳ зиёси, Аллоҳ зиёси!

Хьюстон, 13.09.2016


ФАСЛЛАРИМ

Етаклашиб қатор ва қатор,
Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.

У баҳорлар меники эди,
Болам, бари сеники энди.

Йўлдан ўтди ёз билан куз ҳам,
Улар менга бўлганлар ҳамдам.

Иккови ҳам меники эди,
Эгалик қил, сеники энди.

Ортда қолди чаманлар, боғлар,
Йўл сўнгида кўринди тоғлар.

Музликларга бориб етдим мен,
Фақат қишни ола кетдим мен.

Хьюстон, 13.09.2016


ОҒРИҚЛАРИМ

Яна оғриқ забтига олар,
Қисиб келар нафасинг оғир.
Чуғур-чуғур қилар болалар,
Набиралар бир этак, ахир.
Бири дейди: – Тинмасдан асло,
Ер юзида роса елгансиз.
Голландия ёқлардан, бобо,
Бизга пишлоқ олиб келгансиз.
Чиқиб кетай дейди тандан жон,
Ҳамма нарса гўё бемаъни.
Бир набирам сўрар: – Бобожон,
Ҳиндистоннинг мангоси қани?
Оғриқ етар сўнгги дамга ҳам,
Мисли ошим ошамаганман.
Шивирлайман: – Жим тургин, болам,
Мен ҳеч қачон яшамаганман.

Хьюстон, 03.10.2016



ЧИРОҚ

Уйдами, кўкдами – нур сочса порлоқ,
Унинг оти эрур, албатта, чироқ.

Қалбингга яшириб қўйгин қуёшни,
Кўргайсан, қанчалар буркама бошни.

Агар юрагингда бўлса зимистон,
Ҳеч ким ёритолмас, билиб қўй, Инсон.

Яхшиси сўқирдан олгин сен ибрат,
Йўлида чироқдир орзуси фақат.

Ёлғиз битта нур бор, йўқдир қиёси,
У Аллоҳ зиёси, Аллоҳ зиёси!

Хьюстон, 13.09.2016

✍️ Абдулла Орипов

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Абдулла ОРИПОВ: ТИРИКЛИК ҚИЙМАТИ (Укам Абдуваҳоб Орипов хотирасига)
  2. Абдулла ОРИПОВ ижодидан: БАҲОР ШЕЪРЛАРИ…
  3. Улуғ шоир Абдулла Орипов аёли — Ўзбекистон Ахборот Агентлиги (ЎзА) гурунгида
  4. Абдулла Орипов: «Юзма юз» достонининг тўлиқ нашри («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  5. Норқобил Жалил: Мен ер билан салом алик қиламан…
  6. Баҳром РЎЗИМУҲАММАД: СИЗНИ СОҒИНДИК, УСТОЗ!
  7. Мавлон Шукурзода: Марҳум дўстимизнинг оромгоҳи («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  8. Абдулла Орипов: Имиллама сен ҳам, ғанимим, Ёмонлигинг қилишга шошил…
  9. Марҳумлар гапирмас, лекин номидан – Сайраб юрар экан тирик қолганлар
  10. Улуғ ўзбек шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов — Ўзбекистонда!
  11. Муҳаммаджон РАҲМОНОВ: ҲАЗРАТИ БАШИР ҲИКМАТЛАРИ
  12. Абдулла Орипов: Дунёдан розиман дема ҳеч қачон…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.