Эврил Турон: Мунофиқ икки дунёда ҳам лаънатга лойиқ!
МУНОФИҚ ИККИ ДУНЁДА ҲАМ ЛАЪНАТГА ЛОЙИҚ
Ҳар одамнинг ўрни бор юртда
Бул Ватанга лоақал битта
Фидо керак, фидо керак.
Аъзам Обид
Фоний дунёда хато қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Энг буюк кишилар ҳам , ҳатто элчилар ҳам хато қилганлар.
Нафс бор жойда хато бор.
Бундан ёлғиз Тангри айро.
Бундан боқий дунё айро.
Исмат Хушевнинг ҳам хато, камчиликлари етарли. Меники ҳам уникидан озмас. Балки, кўпдир.
Ожиз бандамиз.
Лекин ҳар инсон бировни айбситишдан олдин , уни ўзига қиёс этиб кўрсин. Фақат ундан кир ахтармасдан, холис.
Бироқ, одам боласи шундай нарсаки, ўзидан зўрга тан бермайди, бергиси келмайди. Бильакс уни пана- пастқамларда ёмонлаб юради:
“ Пичоқ сопига ярамайди”,
“Мараз”,
“Бурни осмонда”,
“Саводсиз”…
Аслида унинг ўзи шундай: тубан.
Фақат мард ўзидан зўрга тан беради.
Мард эса оз.
Юраги кир ҳар касдан кир қидиради. Ўзи эса тўғрининг ҳаром тукига ҳам арзимайди.
Ҳар кимни ўз қаричи билан ўлчаш улуғ хато!
Исмат Хуш ким, сен ким?
Қўнғиз сасийверади.
Бахил,
Мунофиқ,
Олчоқ,
Сотқин,
Ялтоқлар ҳам шундай . Сассиқ қўнғизни ўзгартириб бўлмаганидек,
Уларни ҳам ўзгартириб бўлмайди .
Улар ўз бижиган мияларидан келиб чиққан ҳолда
Тозаларни,
Иқтидорларни,
Элсеварларни кунилайдилар. Чунки уларнинг ўзлари бундай фазилатлардан йироқдирлар.
Яратган бермаган бўлса қийин-да.
Ўз ёғингга қоврилиб ўлавер.
Ит ўлди нима, сен ўлдинг нима?
Итга ит ўлим-да.
Ириллаётганлар,
Тўдавозлар,
Тарафкашлар ҳеч қачон Исмат Хуш бўлолмайди. Унинг миллат учун , Ватан учун қилган, қилаётган ишини ҳеч бири қилолмайди. Тангри берган қобилиятга тан бериш учун том маънода эркак бўлиши керак. Эркак кийимларида юрган шилта хотинлар эмас!
Қандайдир , айридиллар, айритиллар эмас!..
Шахсан мен Исмат Хушга тан бераман. Тарозининг бир палласида Исмат Хуш, иккинчи палласида Эврил Турон турса, Она Юртимизга амалий хизмат қилиш жиҳатидан Исмат Хуш тарозини босади. У Ернинг нариги бўлаги ( Канада, Торонта)да мусофирликда яшаса ҳам, Ўзбекэлга буюк хизмат қилаяпти. Хизмат қилаётганлар кўп, бироқ Исмат Хушев даражасида дейиш қийин. У жон, тани билан , борлиғи билан хизмат қилаяпти. Бу менинг нисбий фикрим.
Мен Ўзбек адабиётида ( Шўро замонида) Абдулҳамид Чўлпонни энг юксак ўринда кўраман. Чунки Чўлпончалик “ Ватаним, миллатим!” дея юрак қони билан шеър битган шоир ( менинг назаримда) ҳали ҳам туғилмаган.
Абдурауф Фитратга ҳам , Абдулла Қодирийга ҳам менинг ҳурматим буюк. Чўлпон даражасида.
Қарамлик даврида қайси шоир, ёзар ,олим бу уч даҳодек зулумга қарши мардона курашди?
Қони билан,
Жони билан,
Имони билан…
Қаҳҳорларми, Ғуломларми, Аҳмадларми?
Тангри қолиб, Шўрони куйлашди.
Ўзлик қолиб, “Оға”ни куйлашди.
Ватан қолиб, шимолни куйлашди…
Илдизи турк бўлган( тотар) Достаевский “ Ҳақиқат Россиядан улуғ” деб ёзган. Мен ҳақни айтаяпман. Зулмни осмонга кўтарганларни ҳали ҳам байроқ қилиниши кечирилмас ҳол!
Ўзбекистон Ёзарлар Бирлиги бу кўндаланг масалани ҳеч қандай юз- хотирсиз, узул-кесил ҳал этмас экан, туб ҳақиқат юзага чиқмайди.
Шонли миллатимиз чин ҳақиқатни билиши шарт.
Хоинларни яширганлар хоиндирлар!
Исмат Хушевни ёмонотлиққа чиқариш учун ўлиб- тирилаётганларга ҳам шу гапни баралла айтаман. Исмат Хушев асарларида, сўзларида , фикрларида Ватан , Миллат, Эрк туйғулари устивор. Адабиёт, нашриёт, оммовий ахборот воситаларини ўргумчак тўридек ўраб олган қора тўда ёздиқларида Эрк, Озодлик, Ўзлик туйғулари борми?
Йўқни йўндириш қийин.
Рауф Парфи, Абдулла Ориф, Эркин Воҳид булардан айро.
Шароф Убайдулла , Жаҳонгир Муҳаммад , Абулқосим Мамарасул булардан айро.
Энди, Шуҳрат Барлосга келсам. То шу бугунги кунгача мен уни эътиқоди чин , туркчи инсон , деб билардим. Исмат Хушнинг олтмиш йиллигини тенгсиз Темур, тенгсиз Бедил , тенгсиз Деҳлавийлар юрти- гўзал Кеш ( сўлим Мингчинор)да ўтказганмиз.
Ўшанда Шуҳрат Барлос Исмат Хушни кўкка кўтариб мақтаган эди. Бунга :
Шароф Убайдулла,
Абулқосим Мамарасул,
Тўра Мирза,
Равшан Латиф,
Эврил Турон ва юзлаб кешликлар гувоҳ бўлганлар.
Шундай инсон Ўзлик ҳисидан мосуво – Гулмуроднинг “ Ноғора”сига ўйнаганига ишонмайман. Яна билмадим. Лекин “ Оманат эътиқод “ деган фикр миямга келади. Куфур сўйласам, Тангри кечирсин.
Мен Шуҳрат Барлосни Исмат Хушевнинг шаънини булғаганига инонмайман. Агар чиндан ҳам шундай қилган бўлса, Яратганнинг қаҳрига йўлиқади у .
Мунофиқ икки дунёда ҳам лаънатга лойиқ!
10.09.2019. Тошкент
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ