Ассалому алайкум, ўғлим!

Бугун саховатли ёзнинг тоза тонгида эрта уйғониб, бандалик ҳаёти неъмати шукронаси учун ибодат қилдим. Оҳиста тепангга келиб, ширин уйқудалигингни кўрдим. Саҳарнинг уйқуси энг жонбахш, тотли уйқу бўлади. Ҳадемай бандалик, эрлик, эркаклик шарафи билан шу ширин уйқудан кечиб, барвақт турадиган пайтларинг келади. Тонгдаги тоза дунё ҳам уйқудан-да гўзаллигини билиб оласан. Ҳозирча, мана, уйқуда жилмайиб, кулиб қўйдинг. Уйқуда бола кулса, бўйи ўсаётган бўлади, дейдилар. Ўсгин, унгин, болам!

Нега оилада ўғил дунёга келса, инсон айрича қувонади?!

Ҳеч нарса бежиз бўлмас. Бунда ҳам бир асос бордир…

Мен Ургутнинг кескин чўққилар пойидаги тоғ қиш­лоғида туғилиб, вояга етганман. Бу ерда ҳамма нарса шу тоғ қирралари каби кескин, ҳатто, сўз ҳам чўрткесар ва бешафқат, чунки ростдир. Ургутда қизми ё ўғилми, деб сўралганда, қиз туғилса: «Гўянда туғилди», ўғил туғилса: «Тобуткаш туғилди»,  дейдилар. Бунинг маъноси, инсон бу дунёни тарк этганда, қизлари дод-войлаб, ота-онасининг меҳрибонлигини айтиб йиғлайди, айтувчи «гўянда» бўлади. Ўғил бола эса «то­буткаш» бўлиб, то­бутни кўтаради, ота-онасини ўз қўли билан қабрга қўяди. «Қиз ҳар кун керак, ўғил бир кун керак», — деган яна бир чўрткесар сўз ҳам шу маънодадир.

Ўғлим! Сен дунёга келгунингча, Тангрим менга учта қиз — Чарос, Раъно ва Шаҳлони берди. Уларнинг ҳар бири туғилганда дунёларга сиғмай қувонганман. Яратганга ҳамду санолар айтганман, адоқсиз фароғат оғушига тушганман. Шуларни берганига ҳам неъматлари учун қарздорлигимни теранроқ ҳис этганман. Бошқа бермаса ҳам, заррача даъвогарликка ҳақим йўқлигини билардим. Халқнинг Холиқ олдида, яратилганнинг Яратганнинг олдида заррача даъвоси бўлмайди. Фақат инсоний орзуим бор эди, умидвор эдим. Кичик қизим ҳам ўн иккига кирганда, ёшим элликка яқинлашганида Аллоҳ сени берди, шукрим бениҳоядир.

Ўғлим, эркакликнинг юксак мартабаси каби юксак масъулияти ҳам бор. Бу номни шунчаки кўтариб юрганлар эркак эмас, бу шарафни буюк аждодларга хос шараф билан оқлаб яшамоқ керак.

Сен туғилганда биринчи бўлиб, тунда отамга хабар қилдим. Оқшомдаёқ тоғдан воҳага тушиб, йўл босиб, тонгда Тошкентга келди. Шифокорларнинг тақиқига қарамай, ёнингга кирди. Пешонангдан ўпди, ерлар таҳоратсиз деб, маҳси билан кўрпачангни устига чиқиб, кўзида ёш билан, овози тит­раб, қулоқларингга азон айтди ва сенга АБДУЛАЗИЗ  деб исм қўйди. Боланинг қулоғига биринчи кирган товуш Азон овози бўлсин, кейин дунё сасларини эшита бошлайди, деди. «…Энди менинг авлодимдан полвонлар эмас, уламолар чиқсин», — деб дуо қилди.

Ўғлим, аёллар бизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларнинг инжиқликларига кенг бўл, эркаклик мартабасини баланд тут.

Ўғил боланинг миясида қиз боланикидан тўрт миллионта кўп ҳужайра бор, аммо тестларда аёллар 3 фоиз кўпроқ натижага эга. Аёлларнинг мия қатламлари бир-бири билан 30 фоиз зиёд нервлар билан боғланган. Аёл бир вақтнинг ўзида кўп масалаларни ечишда давом этади, эркак муайян ишга асосли равишда киришади ва тугал ҳал қилади.

Ўғил бола ва қиз бола ҳатто турлича ухлайди, нейрологлар буни билади: уйқу пайтида эркак миясининг электрон фаоллиги 70 фоиз пастлайди, аёлнинг мияси эса — бор-йўғи 10 фоиз пастлайди, яъни уйни ва болаларни «қўриқлайди».

Эркак миясининг чап ярим шари нутқ ва уч ўлчамли кўриш учун масъулдир. Шу боис, агар эркакнинг чап томони лат еса, у нутқдан қолади. Аёлнинг нутқи учун иккита ярим шари ҳам жавобгардир. Эркакнинг нутқи атамалар ва ранг-баранг сўзларга бой бўлади, аёлнинг нутқида сўз кам бўлса-да, ҳис-ҳаяжон, нола ва оҳанг зиёда. Эркак бир кунда 4000 та сўз айтса, аёл 8000 дан зиёд сўз, 10 000 дан зиёд новербал товушлар чиқаради.

Болам, билгинки, сени Аллоҳ ўғил қилиб яратди ва унинг масъулиятини юклади. Аёллар бизга омонатдир, дедик. Ака бўлсанг – сингилларинг, ука бўлсанг – опаларинг, ўғил бўлсанг – онанг, эр бўлсанг – аёлинг, ота бўлсанг – қизинг сенга омонатдир. Шу шарафингдан келиб чиқиб, уларни асра, авайла ва омонатга хиёнат қилмагин. Бу оиладаги ва хонадонимиздаги мажбуриятимиз, номусимиздир.

Сенга бир дўстим айтган воқеани айтиб бераман:

Бир куни ошхонада овқатланиб ўтирган эдим. Қирқ ёшлар атрофидаги эркак аввал қўл телефонини олиб гап­лашди, кейин ўрнидан туриб:

— Дўстлар, мен уйланиб, ўн саккиз йилдан бери фарзанд кўрмадим. Ҳозиргина туғуруқхонадан шифокор аёл қўнғироқ қилди — ўғиллик бўлибман. Бошим осмон қадар юксалди. Эй, ошхона соҳиби, шу ердаги ҳар бир инсонга иккитадан кабоб келтир. Ҳақини мен тўлайман, — деди.

Ҳаммамиз у эркак учун хурсанд бўлдик.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, ўша — ўғиллик бўлдим, дея ошхонада барчамизни таом билан сийлаган ҳотамтой эркакни кўчада учратиб қолдим. У етти ёшлар атрофидаги болани етаклаб, «ўғлим, юрақол!», деганига гувоҳ бўлдим.

Боласи бор экан-у, деган ўй билан ёнига бориб, ўша кунги воқеанинг сабабини сўрадим. У бўлган воқеани шундай изоҳлади:

— Ўша куни ошхонага тамадди қилишга киргандим. Ўрта ёшлардаги бир эркак аёли билан ошхонага кирди ва шўрвага буюртма беришди. Лекин аёли:

— Шашликнинг ҳиди димоғимга урилди. Шашлик егим келяпти, олиб беринг. Емаганимга ҳам анча бўлди, — деди. Эркак паст овозда:

— Ҳозир пулимиз фақат шўрвага етади, сабр қил, — деди. Кейин мен…

— Ахир, сиз ўша эркак ва аёлнинг ўзигагина олиб берсангиз етарди-ку.

— Йўқ, бўлмасди. Чунки мен шундай қилганимда ўша эркак нафақат аёли олдида, балки бизнинг олдимизда ҳам уялиб қоларди. Унинг номусини ўйладим, — деди.

Эркаклик номуси… Мана, бир эркак бошқа бир юртдоши, миллатдоши бўлган эркакнинг, умуман, бир инсоннинг номусини ҳимоя қилиши кераклигини билдинг. Бу сенинг кўчадаги эркаклик бурч­ларингдан бири.

Миллат олдидаги масъулия­тимиз — шу элнинг тилини юксак ва покиза тутиш, маданиятини асраш, ривожлантириш, асл тарихини тиклаш, маънавиятини юксакка кўтариш, эътиқодига садоқат кўрсатиш, маддоҳликдан қочиш ҳамда ҳамиша ростини сўзлашдир. «Буни оддий бир инсон қила оладими?» — деб сўрарсан. Миллатнинг сендай ўғиллари кўпдир, кўп бўлсин. Лекин, масалан, миллат тили учун бошқа тилларни билиш баробарида она тилингни билсанг, пок сақласанг ва болаларингга ҳам етказсанг — миллатга хизматингдир. Мақтов билан овутмай, рост айтиб, элнинг кўзини очсанг — бу ҳам сенинг миллатга хизматинг саналади.

Шу юртнинг, салтанат ўлароқ, боқийлиги, барқарорлиги, эрки ва бошқа салтанатлардан мустақиллигини асраш, шу заминда келгуси фарзандларимиз ҳақи одил ва фаровон тузум барпо этиш  ўғилнинг Ватан олдидаги номус ва шараф юкидир.

Адолат ўрнатилишига оддий бир хизмат — ҳеч қачон пора бермаслик ва олмасликдир. Ишларни қонуний ҳал қилмоқликдир.

Яхши ўғил бошимизни осмон қадар кўтаради, ёмон ўғил қаддимизни букади, бошимизни ердан ҳам пастга эгади.

Ўғлим, иймон — бу ҳаёдир, деган ҳикмат бор. Шундай яшамоғинг керакки, Ватан, миллат, халқ ва оиланг — ота-онанг, қардошларинг сендан фахрлансин, асло сени деб хижолат бўлмасин.

Нафақат Ватанни, миллатни ва хонадонингни, балки ҳар бир инсоннинг номусини асраган каби ҳар қандай шахсни хижолатдан ҳам асрашинг керак.

Яна бир ривоятни эслатаман. Буюк авлиёлардан бири бўлган Ибн Асома ҳузурларига бир аёл арз билан келади ва гапириш жараёнида унинг қорни қулдураб кетади. Бундан аёлнинг юзи қизаради. Буни сезган Ибн Асома аёлга: «Қаттиқроқ гапиринг, менинг қулоғим оғир, гапингизни эшитмадим», — дейдилар. Тақсирнинг қулоқлари оғир экан, қорнимнинг қулдураганини эшитмабдилар, деб аёл хижолатдан фориғ бўлади.

Шу-шу Ибн Асома атрофидагиларга: «Қулоғим оғир, қаттиқроқ гапиринглар», деб йигирма йил юрадилар. Ҳамма «қулоғи кар Асома» деб лақаб қўяди. Йигирма йил ўтгач, бир куни қаттиқ гапираётган шогирдларига: «Секинроқ гапиравер, эшитяпман», — дейдилар. Шогирдларидан бири: «Эшитмас эдингиз-ку, устоз?!» — деб ҳайрон бўлади. Устоз йигирма йил аввалги воқеани айтиб берадилар ва: «Ҳар доим яхши эшитардим, лекин ўша аёл эшитиб қолса, хижолат бўлмасин деб, ўзимни карга солиб келдим. Кеча ўша аёл оламдан ўтди, жанозаси ўқилди», — дедилар.

Ана шундай, бегона бир инсоннинг хижолат бўлмаслигини ўйлаган аждодларнинг вориси бўлган ўғиллармиз, болам.

Эркаклик, ўғиллик бурчимиз — оиламиз, миллатимиз, давлатимиз ва динимизга соҳиб чиқишимиздир.

Ўғил кўрганимда қувонганимнинг сабаби шудир.

Уйғонгин, унгин, ўсгин, болам.

Карим БАҲРИЕВ

https://bong.uz

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан