Бош муҳаррир И.Хушевга: Мактабдаги ҳижоб можароси
Ассалому алайкум, Исмат ака.
Яхшимисиз, соғлиқларингиз яхшими, ишлар билан чарчамаяпсизми?
Мен сизга Тошкентдан ёзаяпман. Яқинда мактабларда ҳам ўқишлар бошланди. Менинг қизим 10 ёшга яқинлаб қолди, 9 ёшдан бизнинг мусулмончиликда қиз бола бир кунда беш вақт намоз ўқишни ва шариатимиз кўрсатмасига асосан кийинишни бошлаши керак.
Алҳамдулиллаҳ, қизим мана бир йилдан ошибдики кунига беш вақт намозни канда қилмайди. Кийиниш масаласига келсак, 4 ойдан буён бошига рўмол ўрашни бошлади. Лекин афсуски мактабларда бундай кийинишга қатъиян қаршилик қилишади.
Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда қабул қилинган 666-қарорини сабаб қилиб кўрсатишади. Лекин ўша қарор бўйича калта ва тор юбкаларда келиш ҳам тақиқланади (3-боб 6-банди), афсуски, бу бандга ҳеч бир раҳбар эътибор бермайди, сабаби катта-катта мажлисларда фақат “ҳижоб” банди (3-боб 7-банди)га урғу беришади.
Энг қизиғи шуки, шу қарорни талаб қилувчиларнинг аксарияти, ҳатто барчаси десам ҳам бўлади, шу қарорни билишмайди, шунинг учун ҳам фақат “хижоб” банди (3-боб 7-банди) ни ушлаб олишган.
Биласизку, бизларда раҳбарлар ўз курсисидан айрилишдан ва қамалишдан қўрқишади ва ҳаттоки “менинг қизим учун Аллоҳнинг олдида ўзинингиз жавоб берасизми” – деб сўралса, “Ҳа, энди нима қиламиз жавоб берамизда” – дейишади.
Лекин менинг қизим ўранган ҳолда мактабда юрса, тепадаги раҳбарлар олдида бунинг масъулиятини олишдан қўрқишади. Сабаби юқорида айтганимдек раҳбарлик курсисидан айрилишдан, ёки қамалишдан қўрқишгани учун.
Қизи-ға, бу дунёдаги озгина қийинчиликдан қўрқишадию, охиратдаги абадий азобдан қўрқишмайди, нимагаки қалбда иймон йўқ. Лекин қилаётган ишлари мусулмончиликка зид десангиз, буни ҳақорат билиб, “нима деяпсиз биз ҳам мусулмонмиз” дейишади.
Мана бир-неча кундирки қизимни мактабга киритишмаяпти, биз ҳам киритишмагани учун уйга қайтиб олиб кетаяпмиз. Энг қизиғи бизнинг мактабда битта биз шу ҳолатдамиз, лекин бошқа кўп мактабларда 20-30 талаб қиз боллар мактабга қўйилмаяпти ва ота-оналари уларни қайтиб уйига олиб кетишаяпти.
Бу қачонгача давом этади билмадик. Энг ёмони мактаб маъмурияти ҳам, таълим бошқармаси ҳам, маҳалла қўмитаси ҳам бизларни ва биз каби ота-оналарни айблаб, “сизлар қизларингизни травмироват қилаяпсизлар” дейишади. Аслида эса уларнинг ўзлари бизларнинг қизларимизни травмироват қилишаяпти.
Кечагача олийгоҳларда ҳам худди шундай ҳолат эди. Лекин президент қарор чиқаргандан кейин ҳаммаси ўзгарди. Биз ўша қарорда нима дейилганини билмаймиз. Энг қизиғи уша қарорни ҳеч жойдан топа олмаяпмиз.
Биламизки ўша қарорнинг чиқишига сизнинг жуда катта ҳиссангиз қушилган. Агар шу қарорни менга топиб берсангиз жуда хурсанд қилган бўлар эдингиз.
Олийгоҳларда ва коллежларда қизларимизнинг ўранган ҳолда ўқишига эркинлик берилган қарорнинг чиқишига сабабчи бўлиб улкан савобга эга бўлдингиз, энди эса мактабда ҳам шундай эркинлик бўлишига уз ҳиссангизни қўшиб, янада улуғ савобга эришишингиз имконияти келган деб ўйлайман.
Сизга бу хатимни ёзишимдан мақсад мана шу ишда ёрдам беришингизни сўрашдир. Чунки бу масалани фақат сиз шахсан президент Мирзиёевга етказиш имкониятига эгасиз.
Президент портали очиғини айтишим керакки дин масаласида ҳеч қандай кучга эга эмас. У ерга ёзилган хатлар юз фоиз кафолат бераманки президентга етиб бормайди.
Бу масалада фақат сизда, русчасига айтганимизда, ДОСТУП бор.
Шунинг учун сиздан илтимосим Исмат ака шахсан президент Мирзиёевни шу ҳолатдан хабар топишига ва қизларимизни ҳам шариат талаблари бўйича кийиниб эркин таълим олишига эришишимизга ёрдам берсангиз.
Бу масалада менинг исм-фамилиямни ошкор қилишингиз очиғини айтсам хоҳламайман, шунинг учун сир сақлашингизни сиздан илтимосим қиламан.
Ва бу муаммога фақат бизнинг оиламиз муаммоси сифатида қарамаслигингизни илтимос қиламан.
Бу муаммо бутун Ўзбекистондаги мўъмину-мўъминаларнинг муаммосидир.
Биз албатта Аллоҳга дуо қилаяпмиз, лекин динимизда Аллоҳга дуо қилиш билан биргаликда сабабларни ҳам тайёрлаб қўйиш талаб қилинади.
Биз кучимиз етганча курашаяпмиз, ўзимизнинг диний ҳуқуқимизни талаб қилаяпмиз, шу билан бирга сиздек сўзи ўткир журналистларнинг ёрдамидан ҳам фойдаланиш фойдадан ҳоли бўлмайди деган фикр билан сизга хат ёзаяпмиз.
Умидимиз фақат сиздан десам гуноҳ бўлади, албатта мўъминнинг умиди фақат Аллоҳдан бўлиши керак, демакки бизнинг умидимиз ҳам фақат Аллоҳдан, лекин шунча сабабларни тайёрлаб қўйиб Аллоҳга дуо қилсак, дуоимиз иншааллоҳ ижобат бўлади.
Сизга ҳам барча хайрли ишларингизда ривожлар тилайман, Аллоҳ сизни ўз паноҳида сақласин!
Ҳурмат билан,
Ғуломжон Миркомилов.
Тошкент. 12.09.2019й.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Санжар, Узбекистон Россиянинг таьсирида, деб Сизга ким айтди? Хуп, Россиянинг таьсирида булмасак, унда Американинг таьсирида булайликми?
Долзарб мавзуни кутариб чикибсиз!
Румол ураб ораста юрса нимаси ёмон?
Биз агар чин маънода мустакил давлат булсак, Россия таъсир доирасида булмасак ва буюк аллома аждодларимизга мос авлодлар бўлишни олдимизга ростдан қўйган бўлсак, бу масалаларни ижобий ҳал этилишига Президент Ш.Мирзиеёвнинг иродаси етади деб хисоблайман.