Аҳли Расул Муҳаммад: ЎЗБЕКИСТОН — ЧИНДАН ҲАМ КЕЛАЖАГИ БУЮК МАМЛАКАТ!
ЎЗБЕКИСТОН — ЧИНДАН ҲАМ КЕЛАЖАГИ БУЮК МАМЛАКАТ!
«Ўзбекистон — келажаги буюк давлат!» деган шиорнамо тезис чорак аср давомида радио-телевидение орқали қулоқни қоматга келтирарак янграб, кўча-кўйдаги бинолар пештоқида, газета-журналларнинг илк саҳифалари тепасида кўзни қамаштиргудек ярқираб турган эса-да, шундай бўлишига, рости гап, мен ишонмасдим. Чунки ишончимни синдирувчи жуда кўп салбий ҳолатлар қаршимда бўй кўрсатиб турарди. Ҳар гал опам, акам, сингилларим ва жиянларим дийдорини кўриб, Ўзбекистон сафаридан қайтаётганимда, кўнглимни оғриқли ва мунгли, ёқимсиз таассуротлар чулғаб оларди. Ҳар ҳолда, улардан кўра бизда (Тожикистонда) аҳвол бироз бўлса-да, яхшироқ дердим ўзимга ўзим…
Энди-чи?
Президент Шавкат Мирзиёев даври бошлангач, айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида бир юз саксон градус ўзгариш содир бўлди! Президент Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ҳаётнинг барча жабҳаларига тегишли ислоҳотлар олға томон мардонавор одим отиб, Ўзбекистоннинг аввалги заиф ва нотекис юрак уриши ўз соғлом маромига тушмоқда ва юзига қон югурмоқда!..
Президент Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотлар шу қадар кенг кўламли, шу қадар серқирраки, назаримда, бутун ҳаётни, ва ҳатто, ҳаётдан ташқаридаги ҳаётни ҳам қамраб олгандек… Яъни, бу ислоҳотлар фақат бугун ёки эрта-индин учунгина эмас, балки олис келажак учун ҳам ярайдиган, асқотадиган масалалар ечимига қаратилган.
Мен ана шу кенг кўламли ислоҳотларнинг бир бўлаги — таълим-тарбияга оид ислоҳот ҳақида мухтасар тўхталмоқчиман.
Мактабгача таълим муассасаларига берилаётган жиддий эътибор, ўн бир йиллик ўрта умумтаълим мактаб тизимининг қайта тикланиши ва унинг маънавий-моддий жиҳатдан ривожлантирилаётганлиги, айниқса, ўқитувчи-устоз-муаллим ўрнини энг юқори қилиб белгилаш… Шуларнинг ўзиёқ, Ўзбекистон келажагининг чиндан ҳам буюк бўлишига кафолатдир.
«Муаллимнинг обрўси бугундан бошлаб бизда энг баланд бўлиши керак!» — деди президент Шавкат Мирзиёев ва шундай бўлиши учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга кўрсатма берди.
Атоқли шоир-ёзувчиларнинг ижод мактабларини, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида Президент Мактабларини ташкил этишга киришилгани бу — маориф тараққиётини энг юксак босқичга кўтариш билан баробардир.
Ижод мактабларига ўқувчиларнинг, Президент Мактабларига нафақат ўқувчилар, балки чет эллик ва маҳаллий ўқитувчиларнинг ҳам одилона танлов асосида қабул этилаётганлиги бу мазкур ўқув масканларининг юксак мақомини таъминлайди. Мактабгача таълим муассасаси етук бўлса, демакким, умумтаълим мактаблари ҳам юқори пояга кўтарилади, ва демакким, олий ўқув юртлари ҳам чинакам олий масканларга айланади. Демакким, мамлакат келажагини белгиловчи ҳар томонлама баркамол ва етук мутахассислар етишиб чиқади.
Демакким, Ўзбекистоннинг келажаги чиндан ҳам буюк бўлади! Чунки маорифга — таълим-тарбияга сарфланган пул бу мамлакатнинг буюк келажаги учун ётқизилган инвестициядир!
Бу соҳада Ўзбекистонни нафақат қўшнилар учун, балки дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари учун ҳам ибрат қилиб кўрсатса арзийди.
Президент Шавкат Мирзиёев энг тўғри йўлни кўрсатиб, унга даъват этиб турибди. Шу тўғри йўлдан оғишмай тўғри юрсанг бас — марра сеники, Ўзбегим!
Омад сенга ҳамиша ёр бўлсин, Ўзбекистон!!!
Тожикистондан «Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ